Read online book «ОМОНЛИК ТИЛАЙЛИК 2-жилд» author ТОИР МАҲМУД

ОМОНЛИК ТИЛАЙЛИК 2-жилд
ТОИР МАҲМУД

МАҲМУД ТОИР

ОМОНЛИК ТИЛАЙЛИК
2-жилд

Шеърлар
достонлар




















ТОШКЕНТ-2022


Сўзбоши ўрнида







ЯХШИЛИК САДОЛАРИ

Насрий асар ёзиб юрган адибнинг таниқли шоирнинг янги китобига сўз ёзиши осонмас. Ёш шоирнинг биринчи китобига сўзбоши ёзиш анча осон, қисқача таништириб, сўнг оқ йўл тилайсан, ижодкорнинг руҳини кўтарасан. Мақтов пилигини сал кўтариб қўйсанг, шодликдан осмонларда учиб юради. Кўп китоблари нашр этилган, ҳикматларга бой шеърлари қўшиқ қилиб куйланаётган, мақтовларни, олқишларни хуш кўрмайдиган Халқ шоирини нима деб мақташ мумкин. Оёғи Ердан узилиб осмонларда учишни истамайдиган шоирни қандай қилиб ҳаволатиш мумкин?
Йўқ, бу каминанинг қўлидан келмайди. Шунинг учун янги китобни мақтамайман, балки ундан олган таассуротларимни рўйи-рост, оширмасдан, тоширмасдан, ерга ҳам урмасдан холис баён қиламан.
Маҳмуд Тоирнинг назм мулкига кириб келиши, шеърхонлар қалбидан жой олиши бошқа шоирларнинг йўлидан сал ўзгачароқ бўлган.
«Шарқ юлдузи» журналида ишлаб юрган кезларим эди. Маҳмуджон келиб, бир оз гаплашиб ўтирдик. Кейин: «Бир-иккита шеър машқ қилувдим, ўқиб берсам майлими?» деди. Маҳмуджонни нашриётда ишлашини билардим, бир-икки кўришган эдик, лекин шеър ёзиши каминага номаълум эди. Ўқиган шеърларини эшитиб, таъсирландим: биринчидан, ниҳоятда равон, алоҳида илҳом билан ўқиди. Айрим шоирларимиз гўзал шеърлар ёзадилар, аммо гўзал тарзда ўқиб бера олмайдилар, натижада шеърнинг сеҳри эшитувчи қалбига етиб бормайди. Диққатимни тортган иккинчи сабаб: услуб бошқача, аниқроғи, шеъритимиз учун унут бўлиб бораётган халқона, самимий услуб эди. Мен Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоҳёр, Махтумқули ва ниҳоят халқ достонлари руҳини сезгандай бўлдим. Маяковскийчасига бақириқ-чақириқ шеърият авж олаётган, сиёсий фаоллик, «ижтимоий дард» байроғини баланд кўтариб, партия берган чўлоқ отда назм бўстони топталаётган пайтда қалбни уйғотишга даъват қилувчи шеърларнинг ёзилиши чанг босиб ётган табиатга ёмғир ёққандаги шукуҳни берар эди. Мен шоир журналимизнинг назм бўлимидан рад жавоб олган шекилли деган фикрда: «Шеърларингиз катта шоирларга ёқмадими?» деб сўрадим. «Уларга кўрсатмадим, фақат сизга ўқиб бердим», деди шоир. «Бошқа жойларда чиққанми?» деб сўраб, «Йўқ», деган жавоб олдим. «Нега? Шеърларингиз яхши-ку? Тенгдошларингиздан ҳеч кам ерингиз йўқ», дедим. «Йўқ, ҳали маромига етмаган, кўп ишлашим керак, ҳозир устоз Озод ака илмий ишга даъват қиляптилар. Агар киришиб кетсам, шеър четда қолиши мумкин…»
Орадан қанчадир вақт ўтиб, эшитсам Маҳмуджон Тошкентдаги ишларини ташлаб, Паркентга оналари ҳузурига қайтиб кетибдилар. Район газетасида ишлаб юрганларида тез-тез учрашиб турардик. Мен: «Ижодни ташлаб, газетачиликка бутунлай ўтиб кетибдилар-да», деб ўйладим. Ўн йилнинг нари-берисида шу фикрда юрдим. Бир куни радиода маъноси чуқур бир қўшиқни эшитиб, таъсирландим. Қўшиқ сўнгидаги сатрдаги муаллифни англатувчи «Маҳмуд» исмига диққат қилдим. «Ким экан?» деб суриштирдим. Очиғини айтсам, бу қўшиқ муаллифи ўзим билган Маҳмуджон, шоир Маҳмуд Тоир эканини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Билгач, жуда қувондим. У шеърни ташлаб, журналистикага ўтиб кетмаган экан. Ўзлари айтгандай кўп ишлаб, назм гулшанига қадам босиб кирмасдан илгари ҳар томонлама ўзларини тайёрлаган эканлар. Шунданми шоирнинг бу гулшандаги қадами қутлуғ бўлди, дадил бўлди. Эмаклаб юрмади, қоқилмади, суркалмади.
Ана ўша қўшиқни эшитганимдан бери, Маҳмуд Тоирнинг ижодий парвозини мароқ билан кузатаман.
Шу кунга қадар шоирнинг нашр этилган китобларини ўқир эдим, энди нашрга тайёрланган қўлёзма ҳолатида танишишга тўғри келди. Таъбир жоиз бўлса, янги китобни биринчи бўлиб ўқиш, шоирни янги муваффақият билан биринчи бўлиб табриклаш бахти каминага насиб этди, шукр!
Муҳаррир кўзи билан ўқишни «қилични яланғочлаб» ўқишга ўхшатадилар. Шунга кўра, мен ҳам «қилични яланғочлаб», «Бу китобга тартиб беришдан Маҳмуджоннинг мақсади нима экан?» деган саволга жавоб топиш учун дастлабки сатрларни ўқий бошладим. Дастлабки шеърлариёқ мени шундай сеҳрлаб олдики, қўлимда «қилич» борлигини унутдим. «Тўртликлар»ни ўқишга ўтганимда қилични қинига солиб қўя қолдим. Қилич ўрнига қўлимга табрик гулдастасини олдим. Бу гапларим ортиқча олқиш эмас, фикримни исботлашга уриниб кўраман:
Китобга тартиб беришдан мақсадини очишдан олдин билайлик: у дунёга яхшиликка келган бу дунёга! Аслида бу гапни ҳар бир одам айтиши мумкин. Аслида ҳар бир одам дунёда яхшилик қилиши керак. Аммо гап айтиш осон, яхшилик билан умр кечириш қийин эканини ҳамма билади.

Ўйламангки оламга бахшиликка келганман,
Ниятларим аввали яхшиликка келганман.

Шоир назарда тутган яхшилик нимадан иборат?

Навоий навосидан туғёнларга тўлганман,
Шеъримда шарбат тутиб, яхшиликка келганман.

Шоир «атиргул армонини тикан туғида тутар» замонда, «шайтонфеъл ёлғонини сохта йиғида тутган» даврда, «тақдир отган тошига кўп бор тикка» келган. Лекин чекинмаган, йўлидаги «янтоқдек ёмонликни» юлган. Чунки бу шоирга: «Кўз берган ҳам Ўзинг Аллоҳ! Сўз берган ҳам Ўзинг Аллоҳ!»
Шоир бу савоб йўлни тасодифан танламаган. Раҳматли отаси деганки:

Деразадан тушган нурда, ўғлим, менинг кўзим бор,
Элга қилган савобингда билки, ёруғ юзим бор,
Гар ғафлатдан йироқ эрсанг, вужудингда ўзим бор,
Болам, отам ўлган дема, мен ўзингда яшайман.
Ким ортингдан дуо қилса, мен изингда яшайман…

Бу сатрлардан таъсирланиб, қайта-қайта ўқидим. Худди менинг отам менга гапираётгандай бўлдилар.
Муҳтарам китобхон, сизга ҳам шундай таъсир этганига ишонаман. Фақат отаси вафот этганлар эмас (Аллоҳ мағфират этсин), оталари ҳаёт (Аллоҳга шукр) одамлар ҳам таъсирлангандирлар. Оддий ҳақиқат: ким сизнинг каттами ё кичикми яхшилигингиз учун «Отангга раҳмат, онангга раҳмат!» дедими, демак, уларнинг аъмол номаларига кўп-кўп савоб ёзилди. «Падарингга лаънат!» дейишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Мен бу беш сатрни кўчириб, кўпайтириб, отаси ёки онаси ёки иккови вафот этган танишларимга, айниқса ёшроқ танишларимга бердим ва дедимки: «Бу сатрларни уйингиздаги кўринарли ерга осиб қўйинг ва ҳар куни ўқиб туринг, шунда тўғри йўлдан адашмайсиз».
«Отам (ёки онам) ўлган» деганлар янглишадилар. Улар биздан фақат жисман ажралганлар, вақтинча ажралганлар, иншааллоҳ, улар билан жаннатда юз кўришмоқ орзусида яшаймиз. Демак, ота ва оналаримиз тирик, шоир буни исбот этади:

Дилинг, тилинг бир бўлса, гар мен сўзингда яшайман,
Ҳалол бўлса топган нонинг мен тузингда яшайман…

Бақиришни хуш кўрувчи шоирларга халқона оҳанглар ёқмайди. Улар Яссавийни, Румийни, ҳатто Навоийни ўқимайдилар, руҳланмайдилар. Начора, шу усул уларга маъқул экан, бақираверсинлар, лекин гап шундаки, бақириқларни тўзон учириб кетади. Бақироқ сатрлар халқ қалбига сингмайди. Шеър бўғизда эмас, қалбда туғилади. Қалбдан чиққан сатрлар оҳиста айтилади ва ундаги ҳикмат ўзга қалбга оҳистагина кўчиб, ўрнашиб олади. Бу қалбни яшнатади, янгратади.

Маҳмуд, шеърда сўз айтмоқнинг шарти бор:
Ҳар яхши байт умринг учун сеп бўлар.

Ҳамма билади: ота ва она қизи учун сеп йиғади: «Қизингни бешикка сол, сепини сандиққа сол». Ҳеч бир келин янги уйига сепсиз келмайди. Яна бир ҳақиқат: ҳар бир келиннинг сепи ҳар хил бўлади. Яна бир ҳақиқат: энг қимматбаҳо сеп ҳам эскиради, оқибат ташлаб юборилади. Моддий сепнинг тақдири шунақа. Қизига қимматбаҳо сеп тўплаган ота ва она бундан ўзи фахрланади, ўзи мақтанади, уни ҳеч ким мақтамайди. Кўнгил учун «Яхши» ёки «Зўр» деб қўйиши мумкин. Сандиқда тўпланган сеп – қадрсиз. Лекин маънавий сеп ҳам бор. Матоларни сандиққа солаётган ота ва она қизининг онгига чиройли ахлоқ ва одобни сингдириши керак. Одамлар одоб сепини, ҳаё сепини, ғайрат сепини, вафо сепини… мақташади, мақтайвериб-мақтайвериб чарчашмайди. Бундай мақтовлар оддий сўзлар гулдастаси эмас, дуо кўринишида бўлади ва ота-онага савоб ёзилаверилади. Яна бир ҳақиқат: маънавий оламни бойитувчи сеп фақат қизлар учун эмас, йигитлар учун ҳам зарур.Шеърда ана шундай сеп назарда тутиляпти. Ундан икки маъно уқиш мумкин: ёзилажак ҳар бир байт ҳикматга эга бўлсин, ўқиганга бир кучли бир ҳикматли маъно берсин. У ўзининг «маънавий сепини» шу байт туфайли бойита олсин. Иккинчи маъно: шоир шеъриятдаги хайрли хизмати билан ўзининг охирати учун ҳам сеп йиғишни мақсад қилган. Мавлоно Румий ўлимни никоҳ кечасига ўхшатганлар. Яъни, никоҳдан кейин янги ҳаёт бошланади. Маънавий сеп ана шунда асқотади.

Илкингдан узмасанг покликни Маҳмуд,
Кўзларга тик қараб сўйлатар ҳаёт.

Исломий руҳдаги шеъриятда ҳозир қўполроқ таъбир билан айтсам, «яланғочлик» кўзга ташланади. Бу услубда ҳаваскор ҳам, қалами ўткирлашиб бораётган шоир ҳам ёзяпти. Айрим шоирлар эса ислом илмидан, руҳидан бегона бўлганлари ҳолда ўқувчи меҳрини ўзларига жалб қилиш муддаосида сатрларига бир-икки исломий атама ва ибораларни сингдиришга уриняпти, оқибатда хатоликларга ҳам йўл қўйяпти. Бадиий адабиётни синчковлик билан кузатиб борган шайхур-раис Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу ҳақда ачиниб гапириб турардилар.
Маҳмуд Тоирнинг бу китобга жамланган шеърларида Аллоҳнинг номи ҳадеб зикр этилаверилмайди. Унда шоир ўқувчини «Қандай қилсак, Аллоҳ рози бўладиган даражада яшаймиз, Аллоҳ бандаларида қандай фазилатларни кўришни истайди, қайсиларидан норози бўлади?» каби саволарга биргаликда жавоб топишга ундайди.

Шеърга сиёҳ бўлди бу кўнгил қони,
Шу қалам учинда кўнгилнинг жони.
Такрор айтса дилни эзгайдир тавба,
Балки эрта келмас, бу кун имкони.

Энди бу байтларга эътибор берайлик:

Қора ранг оламга кўмирдан қолган,
Ё кўмир бу рангни одамдан олган.
***
Иғвонинг қозонин қайнатиб толдинг,
Ўзинг ҳам қозоннинг рангида қолдинг.
***
Тилда тилагингга хуш ният ҳамроҳ,
Нечун сенга дилда шайтонинг паноҳ?

Суҳбатларимизнинг бирида Маҳмуджон Қуръони Каримнинг Ёсин сурасидаги шоирликка таалуқли оятдан сўз очдилар. Турли давраларда Ислом динининг санъатга, хусусан, шеъриятга муносабати ҳақида мулоҳазалар билдирилиб турилади. Даврада илмлилар бўлмаса, баъзан билими камроқ одамларнинг «фатвоси» билан «Бу билан шуғулланмоқлик ҳаром, буниси мумкин» деган хато хулосаларга ҳам келинади. Бундай масалаларда бағоят эҳтиёт бўлиш керак. Қайсидир даврада мен Ёсин сурасидаги оятни тилга олиб, «Шеър ёзиш таъқиқланади», деган фикрдан ажабланган эдим. Ояти кариманинг маъноси таржимасида бундай дейилган: «(Муҳаммадга) шеър таълим бермадик ва унга (шоирлик) мумкин ҳам эмас. У (ваҳий) фақат зикр (эслатма) ва аниқ Қуръондир». Шу ояти карима иккинчи таржимон қаламида бу тарзда келтирилади: «(Эй кофирлар, Муҳаммад (алайҳиссалом)ни шоир деманглар!) Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ ва унга шоирлик лойиқ эмас. Балки у ошкора (очиқ-ойдин) Қуръондирки, унда панду насиҳатлар бордир». Яна бир таржима бу тарзда: «Биз (Муҳаммад алайҳиссаломга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир».
Учала таржимада ҳам Аллоҳ Ўз расулига шеър ўргатмаганини зикр этяпти. Гап шундаки, Қуръон Карим нозил бўлаётган даврни араблар «Шоирлар замони», деб аташган. одамлар Каъбанинг деворларига шеърларнинг энг яхши намуналарини илиб кетишар экан. Аллоҳ пайғамбарининг ана шундай шоирлардан эмаслигини билдиряпти. Шайх Алоуддин Мансурнинг бу борадаги изоҳларида тўғри тушунча мавжуд: «Зотан, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таоло томонидан юборилган Пайғамбар эканлар, демак, фақат ва фақат рост сўзламоқлари лозим. Шеърият эса ўз кўтаринкилиги, муболағалари билан (яъни ўз табиати билан тўла маънодаги) ростгўйликни кўтара олмайди. Билъакс, шоирларнинг эътирофларича ҳам шеърнинг энг ширини энг ёлғонидир. Бинобарин, ўз умматларига бир умр амал қилиб ўтишадиган дин арконларини ўргатадиган ва ғайб олами, Охират диёри ҳақида хабар берадиган Пайғамбар шоир бўлиши дуруст эмасдир».
Қуръони Каримнинг Шуаро сурасида ҳам бу мавзу зикр этилган: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, айтинг): «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб; эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончидирлар. Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни ўзгаларга ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини кўрмадингизми?» Мазкур оятлар шайх Алоуддин Мансур томонидан бундай изоҳланади: «Бу оятлар барча замонлардаги Аллоҳдан қўрқмайдиган, устларидаги ҳокимият – сиёсат ўзгариши билан ёзаётган мавзулари, қаҳрамонлари ҳам ўзгариб кетаверадиган, ўзгаларга тўғрилик, эзгулик ҳақида лоф уриб, ўзлари нопок йўллардан юрадиган маддоҳ қаламкашлар ва ўзларининг бор илҳом ва истеъдодларини маъшуқаларининг таъриф-тавсифларига сарф қиладиган назмбозлар ҳақидадир.
Лекин иймонли, эзгу амаллар қиладиган ва доим Аллоҳни ёдда тутадиган шоирлар бундан мустасно эканлиги тўғрисида қуйидаги ояти каримада айтиб ўтилади: «Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни ёдда тутган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом зафар топгач), ғолиб бўлган кишилар (яъни, шоирлар йўлдан оздиргучи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар». Яна бу хусусда Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳам кўп ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бири мана бу ҳадисдир. Саҳобалардан бўлган бир шоир келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга, Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида айтган бу сўзлардан кейин бизларнинг ҳолимиз не кечади, деганларида Ҳазрат шундай жавоб берганлар: «Мўмин киши ҳам тиғи билан, ҳам тили (яъни қалами) билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилур. Яратган Эгамнинг номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткирроқдир».
Улуғ устозлар шеъриятининг минг йиллардан бери яшаб келаётгани айнан ўша ўқнинг ўткирлигида. Айтилаётган сўзнинг тўғрилигида, ниятнинг поклигида. Маҳмуд Тоир шу йўлни танлаб янглишмаганлар:

Яхшининг номидан раҳмат ёғилар,
Оқилнинг комидан ҳикмат ёғилар,
Қаролик ҳам қондан ўтса ёмондир,
Жоҳил жилмайса ҳам зулмат ёғилар.

Дунёда йиғламаган одам йўқ. Чақалоқ дунёга келиши билан йиғлайди. Қанчадир йиллар яшаб, ранжиса ҳам йиғлайди, қувонса ҳам йиғлайди, қўрқса ҳам йиғлайверади… Кераксиз йиғилар жуда кўп. Кераклиси –муножотдаги йиғи, қалб йиғиси. Шоир ижодида шунга эътиборни қаратади:
Шунчаки йиғламоқ аёлга одат,
Шунчаки йиғламоқ бермас саодат.
Шунчаки йиғлаган эркак зотига,
Ҳатто аёллар ҳам қилолмас тоқат.

Негаки, бу ёлғон йиғи, Аллоҳга яқинлаштирадиган кўнгил йиғиси эмас, бўғиз ва кўз йиғиси.

Йиғлашни билмаган кулиб ёлчитмас,
Зоғ қаҳри булбулни тиғсиз сўйибди.
***
Кўнглинг шабнам каби бўлса бокира,
Булбул юзин чаяр кўзинг ёшига.
***
Ёлғиз Аллоҳ кўргайдир дийдамдаги ёшимни…

Шоир мудроқ дилларни уйғотмоқ истайди: «Биз юрган йўлларда журъат уйғонсин», деб хитоб қилади. «Авлодини ўйлаган, бешикларин бўш тутмас», дейди.
«Юлдузларнинг кўзидан то тонгга қадар нур терган» шоир ўз боғидан «узмак бўлиб бир ғунчага қўл урса», «оҳлар уриб бол ари йиғлаб турибди». Нақадар нафис манзара.

Шеър ичра топишмоқ қидирганим йўқ,
Кўнглимнинг тубини сидирганим йўқ,
Балки билганимни билдирганим йўқ,
Билганимдан билмаганим кўп экан.

Шоирнинг шу камтарлиги ўзига илҳом, шеърларига бой мазмун беради. Яна: «Маҳмуд ҳам бир шоир, лек Чўлпон эмас», дейди. Бу сўзда икки маъно бор: Ҳали Абдулҳамид Чўлпон даражасида эмасман ва бунга даъво ҳам қилмайман, демоқчи ва яна ҳозир мақтанчоқ шоирлар (айниқса ёшлар орасида учраб туради) «назм осмонининг юлдузиман», деб юрган кезларда Маҳмуд Тоир ўзини осмон юлдузи эмас, элга холис хизмат қилаётган камтарин бир шоир сифатида танитмоқчи. Чунки у билади: «Гарчи бошинг осмон, оёғинг ерда, Сендан аввалгилар пойингда, гўрда». Ҳар бир одам, касби коридан қатъи назар, бу ҳақиқатни унутмагани маъқул: кибр майдонида от сурганларнинг қанчаси лаҳадда қандай ҳолатда ётибди экан?

Кўргин Маҳмуд, оқиллар кўп сендан кўра,
Вале, не тонг, жоҳиллар кўп сендан кўра,
Улуғликнинг увоғини Ҳақдан сўра,
Ботмон дема, ризқинг қийса, бир дона йўқ,
Бир дона йўқ, агар сенда шукрона йўқ.

***
Қалдирғочни қутла айвонингдаги,
Гардни тўтиё қил чопонингдаги,
Маҳмуд, нурни асра виждонингдаги,
Бу шеърни сўз излаб ёзмадим атай,
Гоҳи-гоҳи мен сўзга сиғмасам нетай?

***
Тирноқ тирнаш учун қўлингда эмас,
Белбоғ безак учун белингда эмас,
Агарки, юрт ишқи дилингда эмас,
Эл ичра эланма, яхши бўлмайсан,
Юз йил соз тутганда бахши бўлмайсан.

***
Ҳайратлан, бироқ ҳеч ҳаволанмагин,
Бахтдан балқисанг ҳам саболанмагин.
Ҳикматгўй хитобни хуш кўрмас, Маҳмуд,
Бемақсад, бемаврид садоланмагин.

Шоир Маҳмуд Тоирнинг киши диққатини тортадиган энг гўзал услуби: шеърларини ҳикматли сатрлар билан бошлаб, кутилмаган хулосалар беради: «Виждонинг олдида ҳеч тиз чўкиб турганмисан?» «Агарчи, ҳасаддан йироқ бўлмайсан, Маҳмуд, ҳеч бир дилга чироқ бўлмайсан».
Шоир яхшиликка келган, унинг саодати нимада? Яхшиликдан толмасликда! Унинг нима учун яшагиси келаверади? «Худойим бахт берса – яшаб тўймассан, яшагинг келаркан яхшини кўриб»!
Биз «Назм гулшани» дейишга одатланганмиз. Шеъриятни нафис гулларга ўхшатамиз. Шеъриятни баланд чўққили залворли тоғга ҳам ўхшатиш мумкин. Шоир эса юриб ўтиш азобли бўлган сўқмоқлардан юриб юқорилаётган алпинистга ўхшайди. Нурли чўққига етиб борувчилар кўп эмас. Ярим йўлга етмай, тўхтайдиганлар кўп. Маҳмуд Тоир назмнинг нурли чўққисига чиқишда ўзига сабр ва шукрни ҳамроҳ қилиб янглишмади:

Бўғзимга тиқилган ул тошларни ютолмадим,
Кўзимга сиғмаган ул ёшларни ютолмадим,
Миннатга дамланган ул ошларни ютолмадим,
Демангиз, мен ўзимга билиб жабр тиладим,
Тиласам гар Аллоҳдан фақат сабр тиладим.

***
Маҳмуд, айтар сўзинг фикрини қилганмисан,
Шеър берганнинг шаънига шукрини қилганмисан?

Сўзимиз аввалида шоирнинг яхшиликка келгани ҳақида айтиб эдик, мавзуни шоирнинг юракдан чиққан самимий сатрлари билан якунласак. Буларни шунчаки шеърий сатрлар эмас, балки шоирнинг ҳаёт йўлидаги шиори ва байроғи деб қабул қилсак тўғрироқ бўлар.

Кўнглингиз гавҳарида кўз бўлгим келар маним,
Кўзингиз дафтарида сўз бўлгим келар келар маним,
Ҳар ҳалол луқмангизда туз бўлгим келар маним,
Маҳмуднинг муроди шу, боғ қилинг боғбон бўлай,
Сизга ногоҳ ел эсмасин, гар келса қалқон бўлай.

Шоирнинг бу китобга тартиб беришдан муддаоси назм ихлосмандлари билан иймонлашишдир. Келинг, шу китоб саҳифларини баргаликда варақлаб, биргаликда иймонлашайлик-да, шоирнинг дунёга келишига сабабчи бўлган, яхши тарбия ва илм берган ота ва оналари, устозлари ҳақига хайрли дуолар қилайлик.

Тоҳир МАЛИК
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
2018 йил













МЕНДАН МЕНИ
СЎРАМА
(2003–2006 йиллар)

Атиргулнинг тикони,
Бекор тилмас қўлингни.
Гулзорга кирмоқ бўлсанг,
Поклаб олгин дилингни.
Парвоз олди оққушлар,
Сувга урар тўшини.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.













ЎТИНЧ

Мени осмонларга олиб чиқмангиз,
Қуруқ ноғорани чалиб чиқмангиз.
Менинг кўнглим ерда, товоним ерда,
Осмондан уялиб қолмайин яна.

Менга амал эмас, ошиқ дард беринг,
Шеърнинг шаробидан чимдим гард беринг,
Ерда майса билан яшагим келар,
Райҳондан уялиб қолмайин яна.

Ерда онам яшар, болам яшайди,
Отам қабрин қучган нолам яшайди.
Онадан қарзини узган бормикин,
Виждондан уялиб қолмайин яна.

Қонимда ошиқлар исён қилади,
Жонимда қўшиқлар гирён қилади.
Шайтон ишвасида жаннат кўрсатманг,
Раҳмондан уялиб қолмайин яна.

Онам дедим, Момо Ерга юкундим,
Кўз ёш бўлдим, яна унга тўкилдим.
Ҳовучим тўлдириб буғдой берди у,
Сомондан уялиб қолмайин яна.

Мен ердан кузатган жоним, офтобим,
Мен ердан термилган ойим, моҳтобим.
Осмонингиз ўзингизга буюрсин,
Иймондан уялиб қолмайин яна.

Мени осмонларга олиб чиқмангиз,
Чиқсангиз, сиз ердан нолиб чиқмангиз.
Худонинг олдида, ернинг олдида,
Инсондан уялиб қолмайлик яна.





ДЎСТИМГА САВОЛ

Бойлик бахтнинг бошимикан, айт,
Бойлик кўзнинг ёшимикан, айт,
Бойлик тақдир тошимикан, айт?
Билсам, сендан сўрамас эдим.

Кулиб чиқиб йиғлаб ботар кун,
Тунда қайда ухлаб ётар кун,
Олов бўлмас нега ҳар учқун?
Билсам, сендан сўрамас эдим.

Тилим бунча узунсан, айтгин,
Дилим бунча маҳзунсан, айтгин?
Онам дейди: ёшимга етгин…
Билсам, сендан сўрамас эдим.

Ўзингда йўқ – оламда йўқми,
Лек ўзингдан, айт, кўнглинг тўқми?
Юрак қайдан оларкин чўғни,
Билсам, сендан сўрамас эдим.

Сувдек сероб бўлмоқ не ўзи,
Бахтдан бетоб бўлмоқ не ўзи,
Қандай шароб шоирнинг сўзи?
Маҳмуд, билсам, сўрамас эдим.












КЎРГАН БОРМИ?

Ким учириб юборса
Қўлидаги қушини.
Овчилардан орланмай,
Сувга айтсин тушини.
Йиғлаб келиб дунёга
Бўзлаб кетган зотлар кўп.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.

Ўтиннинг умри қисқа,
Мўл юрса қаловгача.
Кўпчиб турган хамир ҳам,
Боргайдир оловгача.
Омбир билан олдирар,
Одам оғриқ тишини,
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.

Кўрган борми, айтинглар,
Ўз кўнглининг кулини.
Ким бошга ёстиғ қилар,
Виждон сотиб пулини.
Айб ундамас, ёронлар,
Шайтон олган хушини,
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.

Онам дейди: – Сенга ҳеч
Насиҳат кор қилмайди.
Онасин ерга қўйиб,
Бўзламаган билмайди.
Кеч очилган кўзингни,
Ким артади ёшини.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.

Атиргулнинг тикони,
Бекор тилмас қўлингни.
Гулзорга кирмоқ бўлсанг,
Поклаб олгин дилингни.
Парвоз олди оққушлар,
Сувга урар тўшини.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.

Қайси дорбоз лангарсиз,
Дор устида ўйнайди.
Қорин тўяр бир зумда,
Кўзлар нечун тўймайди.
Кимга сотар қассоблар,
Ҳеч суяксиз гўштини.
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.

Худойимга қай кимса,
Кўз ёш қилса ёлғондан.
Омаднинг оқ тулпори,
Тушиб келмас осмондан.
Қурт еркан азалдан,
Дарахтнинг ҳам бўшини,
Чидаганга чиқарган,
Бу дунёнинг ишини.





















ОНАМ БИЛАН КЕТМОН ЧОПГАН АЁЛЛАР

Борга боқмай, йўқни йўқлар хаёллар,
Онамдек бокира, офтобжамоллар,
Кўргим келиб тўрт тарафга термилдим,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Бир туп райҳон қошида юз тиз буккан,
Йиғи келса, ялпизларга дил тўккан.
Қўлингиз гул, райҳон эккан, гул эккан,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Пешонангиз тери томган Момо Ер,
Қайда қолди фариштадек момом, дер,
Қалдирғочлар қўлингиздан таом ер,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Бу дунёнинг кори сира битмаган,
Тақдир сизга не юмушлар тутмаган,
Дилингиздан, айтинг, нелар ўтмаган,
Онам билан кетмон чопган аёллар?

Сочларингиз қорлардан ҳам оқ бугун,
Кўнгил ярим, кўнгил бунча тоқ бугун,
Ўнингиздан тўққизингиз йўқ бугун,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Ёмон ёвдан ҳатто йўлбарс ўкирар,
Битта кетмон бир эркакни чўкирар,
Изингиздан не чаманлар гуркирар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Бир ўғилмиз, мингта ўғил, хўш нима,
Кўрмаганмиз бизлар ахир қўш нима,
Гоҳо ойлаб кўрмаганлар гўшт нима,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Сиз Ватаннинг юзидаги ёғдуси,
Сиз Тангрининг тўкилмаган туйғуси,
Кетмон бетин куйдирган гоҳ қайғуси,
Онам билан кетмон чопган аёллар.

Шойи сотиб алп йигитлар шод келар,
Маҳмуд каби кўп шоирлар мот келар,
Дил тубидан билмам қандай дод келар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.























ҚАЙТАЙИН

Тишлатмангиз тилимни,
Билганимни айтайин.
Кўнглингизнинг кўзини
Кўргим келса, қайтайин.

Деманг буни нолиш-да,
Офтоб мендан олисда.
Бахт балқиган болишда,
Бўлгим келса, қайтайин.

Ғунчанинг ҳайронлиғин,
Булбул дил вайронлиғин,
Манов сут айронлиғин,
Сизга қандоқ айтайин?

Кўҳна тоғлар чўкмасми,
Арча хазон тўкмасми,
Қувонч ғамдан қўрқмасми,
Билгим келса, қайтайин.

Чақмоқдаги чиройни,
Ҳеч доғи йўқ бир ойни,
Кўзлари тўқ гадойни,
Кўргим келса, қайтайин.

Қўл тафтини қўл билар,
Қор қақшаса, дўл бўлар,
Шоир бунча гўл бўлар,
Кулгим келса, қайтайин,
Билгим келса, қайтайин.








ОРИЯТ УСТУНИ ЭДИ

«Озод Шарофиддинов дунёдан ўтибди!» Бу совуқ хабар бир зумда қалбларни қалқитиб, юракларни чақмоқдек тилиб ўтди. Назаримда, Ўзбекистонимизнинг энг чекка қишлоқларида истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз дилидан ҳам «Озод Шарофиддинов ким эди?» деган савол ўтгани йўқ. Озод акани ҳамма биларди, танирди, ҳурмат қиларди. Чунки Озод ака том маънода халқ фарзанди эди. Озод акани зангори экранда кўрганлар ҳақиқатнинг овозини эшитгандек бўларди. У кишидан фақат одилликни, ёлғон яшамасликни, оддий халқ дардига шерик бўлишни, Ватанга муҳаббатни, китобга муҳаббатни ўрганиш мумкин эди.
Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳордек буюк алломалар кўзига қараб рост сўзни айтолган Озод Шарофиддиновнинг сўзи бошқа ҳар қандай шоир ёки ёзувчи томонидан қонундай қабул қилинарди. Чунки бир қарашда содда кўринган бу инсоннинг тафаккур тиғи қиличдек кескир эди. Агар Озод ака кечирмаса сохталикни, ёлғонни кечирмасди.
Мен олий ўқув юртида шу инсондан сабоқ олганимдан, Миртемир домланинг «Излаганим» тўпламига ёзган диплом ишимга раҳбар бўлганидан, у кишининг тавсияси билан шоир Миразиз Аъзамнинг «Севаман» шеърий тўпламига ёзган илк тақризим «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилганидан учиб юрган кезларим ҳамон эсимда.
Кейинчалик устоз менинг шеърларим ҳақида самимий фикрлар билдириб, «Отамнинг ўкинчи» достонимга сўз боши ёздилар. Қишлоқда яшаб, ижод этаётган мендек шоир учун бу олий мукофот эди.
Озод аканинг рост сўзларини, ўгитларини, кези келганда койишларини ҳам эшитганман. Камтарин ижодим давлатимизнинг юксак унвонига муносиб топилган куннинг эртасигаёқ устоз ҳузурига дуоларини олгани бордим. Шодон кайфиятда қарши олдилар. Қучоқ очиб қутладилар. Бир муддат суҳбатлашиб ўтирдик. Гап айланиб Паркент узуми, меваларига тақалди.
– Қизиқ, – дедилар устоз самимий жилмайиб, – шу пайтгача олмага олма, узумга узум деб қараб келган эканман. Одам тўрт мучаси соғ бўлиб, чопиб юрганда кўзига ҳамма нарса оддий кўринар эканми?.. Қўлимга олиб қарасам, олма мўъжиза экан. Ундаги тарам-тарам изларни ким чизган, битта олма ичига шунча муаттар ҳидни ким жойлаган?.. Узум ҳам бир мўъжиза-ку. Нега шуни аввалроқ англаб етмадим. Сизга кулгили туюлмасин-ку, баъзан миямга келган фикрдан ўзим уялиб кетаман. Наҳот энди кетиб қоламан… Наҳот ана шу мўъжизалар ҳаммаси қолиб кетади?
– Ундай деманг, устоз, – дедим, – аямни олиб, Паркентга чиқинг. Бироз ҳаво олиб келасизлар.
– Албатта чиқамиз, – дедилар юзлари ёришиб.
– Аянгизни ҳам қийнаб юбордим. Озгина ҳордиқ чиқарса, яхши бўларди.
Афсус, бу орзу армонга айланди. Илоҳим, охиратлари обод бўлгай. Бу шеър эса шогирдлар соғинчининг нидосидир:
Тўкилмоқ йўқ тўлмай қолганга,
Гулзорлар бор сўлмай қолганга,
Бир ўлмоқ бор ўлмай қолганга,
Осмон бугун паст келди, устоз,
Кетганингиз рост келди, устоз.

Азал қалбан озод эдингиз,
Қадди доим шамшод эдингиз,
Рост сўз айтиб сиз шод эдингиз,
Видо билан қайтгим йўқ, устоз,
Алвидо деб айтгим йўқ, устоз.

Дард бўлганга дард ҳам пушаймон,
Армонликдан лол қолар армон,
Эй дарёдил, эй метин инсон,
Жонни ўтга солдингиз, устоз,
Оташ бўлиб қолдингиз, устоз.

Оёқингиз кесган дўхтирлар,
Сиздан эмас, ўздан қўрқурлар,
Сабрингизга таҳсин ўқурлар,
Тош ҳам гоҳо толаркан, устоз,
Сизга ҳайрон қоларкан, устоз.

Шафоатли Шарофат ая,
Садоқатли Шарофат ая,
Бошингиздан минг ўргилди-я,
Ая сизга тоғ бўлди, устоз,
Бағрингизда боғ бўлди, устоз.

Адабиёт – одил сўз, деган,
Қадрига ет, қаро кўз, деган,
Ёлғон ёзган қўлни кес, деган,
Сиз тўғри сўз тумори, устоз,
Тутар шу сўз хумори, устоз.

Қуёш бу кун сизсиз юз очди,
Қабрингизга куз баргин сочди,
Соғинч милт-милт мижжамдан тошди,
Ўлиб ўлмай яшайсиз, устоз,
Сиз тирикка ўхшайсиз, устоз.


ҒАНИМ

Кўкардим, кўрдинг-у, босиб ўтдинг сен,
Қуёшга юз тутсам, тўсиб ўтдинг сен,
Қаҳрингдан дор ясаб, осиб ўтдинг сен,
Гулга умр берса, сўлдиролмайсан,
Аллоҳ жон олмаса, ўлдиролмайсан.

Элнинг эъзозидан баландроқ тоғ йўқ,
Меҳр қўрғонидан гўзалроқ боғ йўқ,
Оқибат юзидан ёруғ чироқ йўқ,
Минг йил яша, йўқни йўндиролмайсан,
Бу дунё камини тўлдиролмайсан.

Куймаган кўнгилда ўт ёқиб бўлмас,
Ниятинг нохушдир тик боқиб бўлмас,
Чоҳни чамаласанг, хуш оқиб бўлмас,
Ситам-ла сабримни синдиролмайсан,
Сойнинг суронини тиндиролмайсан.

Булбул дилим қафасларга сиғмаган,
Онам мени қул қилиб ҳам туғмаган,
Мендан нари юрсин мени уқмаган,
Менга чирмандангни чалдиролмайсан,
Аллоҳ жон олмаса, ўлдиролмайсан.













НАБИРА
(Набирам Муаззамга)

Орзулар кўзида жилмайган зиё,
Қартайган қувончга тутилган асо,
Жоним жарангида, эй янги наво,
Яратган бизга ҳам айлади карам,
Боболик бахтини берган набирам.

Йўлларингни кутиб толганди момонг,
Аллани соғиниб қолганди момонг,
Сени қўлларига олганда момонг,
Аллага айланди бу кўҳна олам,
Момолик бахтини берган набирам.

Бағрим баҳорида очилган ғунча,
Куртак кулгусидек ширинсан бунча,
Онанг минг тўлғонди кундек кулгунча,
Бизни қутлаганлар биздан-да хуррам,
Шодлик шаробини тутган набирам.

Ой бизга эгилди, қайрилди қуёш,
О мулки малагим, о жажжи дилдош,
Ширин бўлар экан севинч тўккан ёш,
Кулбамиз сен билан қасрдан кўркам,
Сен асли кўнглимиз кўрки, набирам.












БИР КАМЛИГИ ЁЛҒОН ДУНЁНИНГ

Бир ошиқ самога учган кун,
Бир қўшиқ оламни қучган кун,
Шодликни шаробдек ичган кун,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!

Ҳасадни хазондек ёқсалар,
Ҳавасдан чақмоқлар чақсалар,
Кўзингга беминнат боқсалар,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!

Дўст тутганинг туморинг бўлса,
Дилингдаги дилдоринг бўлса,
Тинглашсалар гар зоринг бўлса,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!

Етим бола ердаги майса,
Сув тилаган майса жилмайса,
Офтоби бор кўнгил кўпайса,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!

Учраштирмай унашмасалар,
Кундузи ҳам тунашмасалар,
Синдиргунча синашмасалар,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!

Ортга боқиб, ёруғ из кўрсанг,
Эл алқаган ўғил-қиз кўрсанг,
Юртни озод, элни хуш кўрсанг,
Бир камлиги ёлғон дунёнинг!









ВАФО

Мен қўшиқда Ватан кўрдим,
Ватан кўрдим аллаларда.
Қизғалдоқлар қирга олов
Ташлаган хуш паллаларда.

Ватан бордир, аё дўстлар,
Юрт соғинчин сабосида.
Ўлмайдиган ўзбек яшар,
Маъмуржонлар навосида.

Ватан асли вафога эш,
Қўшиқ кўнгил вафосида.
Жонга малҳам қўшиқ бордир,
Онажонлар дуосида.

Қўшиқ қилсам, қўшилиб ён,
Ошиқларнинг жафосини.
Саҳролар ҳам соғингайдир,
Комилжонлар садосини.

Ватан сўзин ёзгин, Маҳмуд,
Вафо деган имло билан.
Мардларининг номини эл,
Тилга олур вафо билан.












ҲИКМАТ

Мен келдим-у, мен бўлди дунё,
Сен келдинг-у, сен бўлди дунё,
Дунё ёшдир, дунё кўҳнадир,
Сену менга тенг бўлди дунё.

Одамзотнинг ёшин сўрама,
Мингга кирмас ахир бандаси.
Қайғулари ернинг остида,
Биз дунёни янги хандаси.

***
Бир мисра шеър битсам, қани, онажон,
Оппоқ сочларингиз толасидай хуш.
Соғинч саҳросида тизилган маржон,
Ашки қувончингиз жоласидай хуш.

Аллоҳ илҳом берур баҳорий бир тонг,
Меҳримни бир шеърда зуҳур этурман.
Турналар қувончдан уришганда бонг,
Бойчечак баргида сизга тутурман.














ОМОНЛИК ТИЛАЙЛИК

Кун ўтар аслида бурда нон бўлса,
Эл ичра қаддинг тик, чимдим шон бўлса,
Барчаси топилгай бош омон бўлса,
Омонлик тилайлик бир-биримизга.

Кулиб кўришсангиз, кўзлар ёришгай,
Юз йил умр тиланг, юзлар ёришгай,
Хуш ният янграса, сўзлар ёришгай,
Омонлик тилайлик бир-биримизга.

Бахтим боқий деган беклар кетдилар,
Эгилиш билмаган тиклар кетдилар,
Чиройда дунёга кўрклар кетдилар,
Омонлик тилайлик бир-биримизга.

Сувга ташна одам булоқ топгандек,
Тунда адашганлар чироқ топгандек,
Мезбон меҳмонига зар тўн ёпгандек,
Омонлик тилайлик бир-биримизга.

Яхшилик ярашар ёмонларга ҳам,
Омонлик ярашар осмонларга ҳам,
Хуш боқинг кун ботган томонларга ҳам,
Омонлик тилайлик бир-биримизга.

Бахт излаб келганмиз асли дунёга,
Бахт тилаб кетайлик биз ҳам дунёга,
Маҳмуд, таваллолар қилиб Худога,
Омонлик тилайлик бир-биримизга.









ЎЗГА УЧУН

Ҳар афсона остонасида,
Бир ҳақиқат гуллаб ётади.
Жодугарлар тошойнасида,
Ёлғонини пуллаб ётади.

Гул рангида кўрсанг дунёни,
Ғунчалардек хушрўй боққайсан.
Нур рангида кўрсанг дунёни,
Гугуртсиз ҳам чироқ ёққайсан.

Бу дунёнинг томи кўп баланд,
Излаганинг пойингда ётар.
Кимлар учун янги тонг отса,
Кимлар учун сўнгги кун ботар.

Гар яхшилик йўлдошинг бўлса,
Ёдинг билан яшар одамлар.
Қиш поёнлаб, кўкда кун кулса,
Қордан қўрқмай гуллар бодомлар.

Бу дунёнинг бозорларидан
Нима топдинг жонингдан ортиқ?
Бу дунёнинг мозорларида
Кимга қилдинг жонингни тортиқ?

Ўзга учун яшадим, дема,
Хуш кўрмагай яратган Эгам.
Биздан ўзни рози кетсин деб,
Яралган-ку, бу кўҳна олам.









ЯШАШ БАХТ

Қувонч қўшиғидек кўз очди куртак,
Шодлик шакли бўлиб туғилди гўдак,
Дийдорга талпинар интизор юрак,
Яшашдан яхшиси йўқ экан билсам.

Гулларин тўкса ҳам умринг баҳори,
Чимчилаб қўйса-да қишнинг озори,
Ҳикматинг нуридир сочларинг қори,
Яшашдан яхшиси йўқ экан билсам.

Тўқсон-ла тўқнашган момолар айтар,
Юз билан юзлашган боболар айтар,
Бурда нон сўраган гадолар айтар,
Яшашдан яхшиси йўқ экан билсам.

Қушга излаб топган бир дони ширин,
Ҳар гулга ўзининг боғбони ширин,
Асли одамзотга ўз жони ширин,
Яшашдан яхшиси йўқ экан билсам.

Ҳар битта бандасин ёрласин Худо,
Ёруғ манзилларга чорласин Худо,
Маҳмуднинг сатридан сачрар бир садо,
Яшашдан яхшиси йўқ экан билсам.












ХУШ ОНЛАР

Бу кўнгил кўзининг очилмоғи хуш,
Қувончнинг тўрт томон сочилмоғи хуш,
Мушкулнинг бир осон ечилмоғи хуш,
Хуш онлар муборак, дўсту ёронлар.

Қаҳр қалбимизда қишламасин ҳеч,
Меҳр бармоғини тишламасин ҳеч,
Ҳасад баримиздан ушламасин ҳеч,
Бахт тилаб очилсин қўллар, забонлар.

Ой биздан олислаб кетмасин сира,
Тонглар бокирадир, қуёш бокира,
Аллоҳга йиғласанг, кўз ёш бокира,
Бизни тарк этмасин ёруғ имконлар.

Ишқ учун ишратдан тонганлар гўзал,
Соғинч дийдорига қонганлар гўзал,
Лоладек ловуллаб ёнганлар гўзал,
Тутсангиз ярашсин гулу райҳонлар.

Биз умр боғида бир фасли гулмиз,
Бир фасли хазонмиз, бир фасли кулмиз,
Қадрига етайлик, токи булбулмиз,
Маҳмуд, ярашмайди шеърга ёлғонлар.












БИЗ КУТГАН БАҲОР

Орзиқиб кутганим – кўкламим келди,
Кимни соғинтирмас, айтинг, бу баҳор?!
Мен сизни, ўзимни қутлагим келди,
Ҳам тилда, ҳам дилда айтайлик такрор,
Бизга бахт келтирсин биз кутган баҳор.

Бол сўрар баҳордан боғи бор одам,
Ошиқдир дилида оҳи бор одам,
Паст кетмас кўксида тоғи бор одам,
Куртаклар кулгиси топмасин озор,
Бизга бахт келтирсин биз кутган баҳор.

Жомларга сиғмайди шодлик шароби,
Баҳор қўлларида гулнинг гулоби,
Хуш келдинг бошларга ором офтоби,
Қайси остонага ярашмас гулзор,
Бизга бахт келтирсин биз кутган баҳор.

Ҳар майса – Худонинг ерга саломи,
Қайтган қалдирғочлар – кўклам каломи,
Яшашга чорлайди яхшилар номи,
Хуш ният хуш ёқар айтсанг ҳам юз бор,
Бизга бахт келтирсин биз кутган баҳор.













ДУНЁ БЕВАФО

Бошлар эгик, бошлар хам бугун,
Тўрт елкада бир одам бугун,
Кўчаларга сиғмай боришар,
Водариғо, барча жам бугун.

Бир-бирини билмаганлар бор,
Тиригида кўрмаганлар бор,
Тобутини тутганлар ичра,
Ҳатто кўзга илмаганлар бор.

Меҳр, айтгин, қандоқ юз очдинг,
Қаҳр, сен-эй, қайларга қочдинг,
Ўлган шунча азиз бўлурми,
Кўз ёшингдан ҳасад, дур сочдинг?!

Бошлар эгик, бошлар хам бугун,
Тиловатдан тошар ғам бугун.
Бир қабрнинг қошида маҳзун,
Тиз чўкканлар, барча жам бугун.

Кўнгил кўзин очаркан Худо,
Барча ўйлар: “Дунё бевафо”.
Ваҳ, ҳамманинг кўзи олдида,
Бир тобутга сиғди бу дунё.












ЖУМБОҚ

Узун тунлар эртагин,
Ойга сўйлатганмисан?
Оқшом кўкка термилиб,
Юлдуз йиғлатганмисан?

Лола терсанг, илдизин
Эркалаб қўйганмисан?
Райҳонзорлар ичинда
Ифорга тўйганмисан?

Боларини бир бора
Бармоғин ушладингми?
Тонглар хушвақт турганда
Худони хушладингми?

Кетдим, деб керилганда,
Қайтишни билурмисан?
Тошларга ҳам бир қўшиқ,
Айтишни билурмисан?

Айт, кўнгилнинг рангидан
Қайси бир ранг зиёда?
Тиловатдан тотлироқ
Оҳанг борми дунёда?

Маҳмуд, айтар сўзингнинг
Фикрини қилганмисан?
Шеър берганнинг шаънига
Шукрини қилганмисан?









ЙЎЛГА ЧИҚҚАНМАН

Айт, дийдорнинг дудоғи қайда,
Соддаликнинг сабоғи қайда,
Яхшиликнинг яроғи қайда,
Шуни излаб йўлга чиққанман.

Кўп экан-ку, мендан яхшилар,
Борми, айтинг, сиздан яхшилар?
Кўринмайди Комил бахшилар,
Уни излаб йўлга чиққанман.

Отдан тушган кўп экан бунча,
Отга минмоқ осонми шунча,
Ким туради дунё тургунча?
Уни излаб йўлга чиққанман.

Сўзни сўзга тўти ҳам қўшар,
Гоҳи булбул зоғга пар тўшар,
Сукут ичра ким селдек жўшар,
Уни излаб йўлга чиққанман.

Боқий бахтнинг булоғи қайда?
Айт, жаннатнинг чироғи қайда?
Ёмонликнинг адоғи қайда?
Шуни излаб йўлга чиққанман.












ЯХШИ КЎРАМАН

Қишнинг қировлари қошимдан кетди,
Ел ўпган майсадек қалқиб тураман.
Соғинч шарбатидан менга жом тутди,
Баҳорни бунчалар яхши кўраман.

Кўзимдан юмалаб юзимга тушар,
Баримдан узилиб изимга тушар…
Баҳор ёмғирлари ерга бахт тўшар,
Баҳорни бунчалар яхши кўраман.

Олисдан боқмайди энди офтоб ҳам,
Япроқлар юзига сеп ёяр шабнам,
Кўк чучвара тугар айвонда онам,
Баҳорни бунчалар яхши кўраман.

Ирмоқлар созанда, еллар хонанда,
Раққоса капалак – синглим чаманда,
Барқарор бахт боқий бундай Ватанда,
Баҳорни бунчалар яхши кўраман.

Ҳар гулнинг дийдори дурлардан азиз,
Қайтган қалдирғочлар ҳурлардан азиз,
Лолалар ловуллар нозлари лазиз,
Баҳорни бунчалар яхши кўраман.

Лаб очган ғунчалар висолга чорлар,
Булбулнинг бўғзида сим узар торлар,
Маҳмуд шукур қилар қуёшдек порлаб,
Баҳорни бунчалар яхши кўраман.









НИМА БОР БИЗГА?

Қуёш куйиб кул бўлмас экан,
Ой узилиб гул бўлмас экан,
Бу юлдузлар тил билмас экан,
Осмонида нима бор бизга?

Йўлга чорлар ишқдан узоқлар,
Булбулман дер гулдан йироқлар,
Кўз очмаса янги булоқлар,
Карвонида нима бор бизга?

Йиқилмаган йигитдек сархуш,
Кекса полвон кўриб ётар туш,
Бир белбоғсиз буюрса юмуш,
Майдонида нима бор бизга?

Меҳмон кўрмай ўтган нокаснинг,
Қалби қўрсиз, тутун нафаснинг,
Қалдирғочни қувган ул каснинг
Айвонида нима бор бизга?

Оғир юкнинг ороми қайда,
Енгилидан бормикан фойда,
Бир ҳовуч буғдойи йўқ жойда,
Сомонида нима бор бизга?

Бекорчига боқмас бу дунё,
Ёлғончига ёқмас бу дунё,
Маҳмуд, агар ёр бўлса Худо,
Армонида нима бор бизга?









ЭЛДА БЎЛСИН

Кимдир хушнуд давлатининг донғи билан,
Кимлар сархуш ибодатли тонги билан,
Одам азиз бу дунёда онги билан,
Хуш ният қил, дилда бўлсин, тилда бўлсин,
Тилаганинг энг аввало элда бўлсин.

Ўз ерингни ёмон десанг, яхшинг қани?
Қадрлагин пойингдаги гул, чаманни,
Шу Ватан-ку, азиз қилган сану мани,
Тупроғин ўп дала, дашту чўлда бўлсин,
Қут-барака энг аввало элда бўлсин.

Бегоналар боғларингда боғбон бўлмас,
Нолиш билан мушкулларинг осон бўлмас,
Юз йил тилан, тер тўкмасанг, тўрванг тўлмас,
Аллоҳ берсин, сенда бўлсин, менда бўлсин,
Дуо қилгин, энг аввало элда бўлсин.

Қадринг учун қўлни қўлга боғлаб яша,
Эркинг учун ўзни жангга чоғлаб яша,
Юз йил яша, душман кўнглин доғлаб яша,
Элим деган мард яроғи қўлда бўлсин,
Тинч-омонлик энг аввало элда бўлсин!













БОЛАЛАР ТАБАССУМИ

Дунёга дунё берган,
Болалар табассуми.
Ҳар уйга зиё берган,
Болалар табассуми.

Жон ичра жон чироғи,
Қувончнинг қўнғироғи.
Хуш кўриб Худо берган,
Болалар табассуми.

Бахт кулган кундай гўзал,
Ой тўлган тундай гўзал.
Қатордаги қалқонинг,
Бор бўлсин шундай гўзал.

Тилларга наво берган,
Болалар табассуми.
Дардларга даво берган,
Болалар табассуми.

Яхши тилак, хуш дуо
Ота-онадан раво.
Болаларга табассум
Ато эт, ўзинг Худо.

Чеҳрангга жило берган,
Болалар табассуми.
Ватанга зиё берган
Болалар табассуми.









СИЗ ТУҒИЛГАН КУН
Шарифа Салимовага

Баҳор кўксин очган сиз туғилган кун,
Қуёш меҳрин сочган сиз туғилган кун.
Қувонч қаримайман, дея ҳайқирган,
Қайғу дилдан қочган сиз туғилган кун.

Болари болининг шарбатин тутган,
Райҳонлар ранг тўкиб, ҳимматин тутган,
Дуогўй боболар, отин момолар,
Худони хушлашиб, иззатин тутган.

Бахтга бека бўлган онангиз у чоғ,
Тахтга эга бўлган отангиз у чоғ,
Тунга тумор бўлган ойдайин хушрўй,
Беланчак бошида сиз ёққан чироқ.

Гўзаллик минг йилга ёшариб кетган,
Хуш тилак бўй чўзиб офтобга етган.
Шундай мунаввар кун сиз туғилган кун,
Бахт деган сўзни ҳам бахтиёр этган.















ЯРАШМАС ЭНДИ

Қуёш бизга қўшилса керак,
Ой арқондек эшилса керак,
Нега юм-юм йиғлайсан юрак,
Кўз ёш бизга ярашмас энди.

Қорсиз тоғлар қора тош экан,
Тилло ҳам бир сара тош экан,
Иккимизда кўнгил ёш экан,
Кўз ёш бизга ярашмас энди.

Тунни кўрмай, чироқ ёқмаймиз,
Биров берган бахтга боқмаймиз,
Биз ёқмасак, зоғга ёқмаймиз,
Кўз ёш бизга ярашмас энди.

Гул ҳақида куйлаганлар кўп,
Кул ҳақида куйлаймизми, хўб?
Кўзимизга солсалар ҳам чўп,
Кўз ёш бизга ярашмас энди.

Бу дунёнинг беки бўламиз,
Бинафшанинг кеки бўламиз,
Ўлдирсалар Ҳақ деб ўламиз,
Кўз ёш бизга ярашмас энди.

Умиди бор увол кетмасин,
Дили борга завол етмасин.
Биз булбулмиз, гул унутмасин,
Кўз ёш бизга ярашмас энди.









ЙИҒЛАГИМ КЕЛДИ
(Аёллар қамоқхонасида ўтказилган
учрашувдан кейин ёзилган шеър)

Бу даргоҳга боқмайди ойлар,
Бу дилларда оқмайди сойлар,
Тош деворга увол чиройлар,
Сизлар учун йиғлагим келди.

Сиз гуноҳга, гуноҳ сизга дўст,
Бугун аччиқ фироқ сизга дўст,
Бўлсин энди Аллоҳ сизга дўст,
Сизлар учун йиғлагим келди.

Йўл кутади ҳар кун онангиз,
Кўз ёшлари дарё болангиз,
Дилни эзар тавба, нолангиз,
Сизлар учун йиғлагим келди.

Табассумга бегона юзлар,
Табассум-чун туғилган сизлар,
Сиз йўқотган бахт қайда бўзлар,
Сизлар учун йиғлагим келди.

Болишимга деманг ғам ботар,
Қаро кундан кейин тонг отар,
Кўр ҳассасин бир бор йўқотар,
Сизлар учун йиғлагим келди.











ШУКРОНА

Меҳр отлиғ майсанинг юзин очди кўкламой,
Гул бўлсин деб куртаклар кўзин очди кўкламой,
Бошимиздан булбулнинг сўзин сочди кўкламой,
Дилларнинг хуш дуога тўлганига шукрона,
Бизлар етган кўкламнинг келганига шукрона.

Сизиб чиқар кўзлардан тўкилмаган туйғулар,
Эриб кетган қор каби қочиб кетди қайғулар,
Дийдалардан дур тўкиб хуш келдингиз кулгулар,
Саболарни соз чалиб елганига шукрона,
Бизлар етган кўкламнинг келганига шукрона.

Ой экан, офтоб экан осмоннинг ишонгани,
Дунёга келсанг арзир бир гулни тушунгани,
Бойчечак кулгисига бир нафас бойланг мани,
Ҳовучларим ёмғирга тўлганига шукрона,
Бизлар етган кўкламнинг келганига шукрона.

Ўтган кунинг – кетган қуш, қанотини кўрсатмас,
Пойингдаги майса ҳам фарёдини кўрсатмас.
Қалдирғочлар ҳеч қачон ҳеч кимсани қақшатмас,
Айвонларинг шу қушга тўлганига шукрона,
Бизлар етган кўкламнинг келганига шукрона.

Қутлуғ куннинг қадрини қутлаганлар билгайлар,
Бир мискиннинг бағрини бутлаганлар билгайлар,
Кўклам юзин кўрганлар куртаклардек кулгайлар,
Толеимиз ҳур элда кулганига шукрона,
Бизлар етган кўкламнинг келганига шукрона.









ФИКРИ ОЖИЗ

Ким тиконни талашур,
Суяк итга ярашур.
Фикри ожиз дунёда,
Боши йўқлар бош қашур.

Биз нимадан тўйганмиз,
Бизлар кимдан куйганмиз?
Сув кўрмайин гоҳида,
Этик ечиб қўйганмиз.

Осмон ерга тушмайди,
Ер осмонга чиқмайди.
Аро йўлда юрганлар,
Ҳақиқатни уқмайди.

Қошинг қаро ўзингга,
Сўзинг қаро – юзингга.
Бахтдан бетоб ётганда,
Кимлар боққан кўзингга?

То ҳаётмиз, йўлчимиз,
Терин шилса, кўнчимиз.
Тиригида тикону
Қабристонда гулчимиз.

Айтаверсак, армон кўп,
Армонлардан толғон кўп.
Эл кўтарган элакдан
Сўзи тушиб қолғон кўп.









ИФТИХОР
Адолатнинг туғи осмон танламайди,
Кўҳна дунё улуғларин ёдлаб яшар.
Етти аср не бўлибди, Темур бобо,
Яхши одам ўлмай туриб мингдан ошар.

Одам яшар, олам яшар, яшайди у,
Руҳи яйраб дуоларнинг парвозида.
Тангри тутган тулпорида турибсиз-ку,
Она юртим, кўҳна Шошнинг эъзозида.

Кўнгил ўлчар садоқатнинг салмоғини,
Бибихоним руҳлари ҳам бедор бу кун.
Гул қилдингиз Туркистоннинг тупроғини,
Номингиз ҳам мардлар учун мадор бу кун.

Кўҳна Кешнинг осмонига чиққан ойдан,
Неча аср тунларининг юзи ёруғ.
Оқ тилаклар қанот қоққан Оқсаройдан,
Олам узра Темур номи солиб довруғ.

Одамзотни адолати улуғлайди,
Пойингизда турибману, бошим осмон.
Бу дунёнинг бекларига бўй бермайди,
Сиздек улуғ фарзанди бор Ўзбекистон.










ЯШАШ ШИРИН

Яшаш қийин, дўстинг кулиб,
Ёвинг ёғин ялаб турса.
Ётлар эмас, туғишганлар
Етти пуштинг талаб турса.

Яшаш қийин, ит итлигин
Даста гулга ўраб турса.
Тонгда эшик очган қўшнинг,
Қоқилишинг сўраб турса.

Яшаш ширин, бир ғунчанинг
Гул бўлганин кўриб турсанг.
Оломонга инсоф бериб,
Эл бўлганин кўриб турсанг.

Яшаш ширин, бир беморга
Доридан хуш дармон бўлсанг.
Бахтдан тўйган бахтиёрга,
Олдда турган армон бўлсанг.

Яшаш яхши, бошинг етмай
Тупроқ тутган болишларга,
Нуқта қўйиб улгуролсанг,
Бу дунёдан нолишларга.












ОЧИЛГАН КЎЗЛАР

Шунчаки ёзгим йўқ қоғоз қоралаб,
Юракни тарс ёриб чиқар бу сўзлар.
Мен кўрдим, борурсиз гулзор оралаб,
Сизни соғингандим, очилган кўзлар.

Қон қақшаб пойгакда жон берди ёлғон,
Тавбага тиз чўкди титраган тизлар.
Юзларинг шунчалар ёруғми, иймон,
Сизни соғингандим, очилган кўзлар.

Офтобдан доғ излаб оввора бўлган,
Офтобга қаролмай уялган юзлар.
Ҳечдан кўра кеч… жиққа ёшга тўлган,
Сизни соғингандим, очилган кўзлар.

Бахтсиз бўлай демас дунёда ҳеч кас,
Сўнгги нафасда ҳам саодат излар.
Энг аввал ўзини таний олса, бас,
Шомнинг адоғида очилган кўзлар.
Мен сизни соғиндим, очилган кўзлар…















КЕТГАНЛАРДАНСАЛОМ ЙЎҚ

Бир йигит меҳнати бор,
Чироқнинг чиройида.
Қуёш кулдан қилмас ор,
Саҳронинг саройида.

Ҳар кўнгилнинг дунёси
Бу дунёдан топилмас.
Савобингиз сабоси
Очган эшик ёпилмас.

Кутган одам кўзига
Гуллар экар, билмайсиз.
Шоир нондек сўзига
Ёғ суртмаса, кулмайсиз.

Аччиқни аччиқ кесар,
Ширинга ширин қайда?
Гулнафас еллар эсар
Яхшилар юрган жойда.

Келган шошмас кетишга,
Деманг, бунда ором йўқ.
Минг йил етмас кутишга,
Кетганлардан салом йўқ.












АЗИЗ БЎЛАРМИДИ

Жонинг чаманида гулинг сўлмаса,
Гулюз гулоб қуйса, жоминг тўлмаса,
Кексайгинг келмаса, кетгинг келмаса,
Азиз бўлармиди дунё бунчалар?

Умид уммонида кеманг чўкмаса,
Қувонч қадаҳ тутса, андуҳ тўкмаса,
Бир дўсти жонажон сени уқмаса,
Азиз бўлармиди дунё бунчалар?

Меҳрингга ташналар йўлинг кутмаса,
Оқибат болангга қондан ўтмаса,
Қартайсанг, набиранг асо тутмаса,
Азиз бўлармиди дунё бунчалар?

Зийнатинг зиёда, халқинг дуода,
Қўлларинг меҳнатда, дилинг Худода,
Юрмасанг ўзингдан рози дунёда,
Азиз бўлармиди дунё бунчалар?















МЕНДАН МЕНИ СЎРАМА

Мен тошларни тилиман,
Мен кўнгилнинг гулиман,
Бу дунёнинг гилиман,
Мендан мени сўрама.

Тиллоси йўқ бой надур,
Эгилмаса ёй надур,
Сув оқмаса сой надур,
Мендан мени сўрама.

Офтобга эргашмасанг,
Ер билан йиғлашмасанг,
Тиғ билан тиллашмасанг,
Мендан мени сўрама.

Сен етмаган йўлдаман,
Сув кирмаган чўлдаман,
Бир майсаман, дўлдаман,
Мендан мени сўрама.

Ҳар дарёнинг боши бор,
Ҳар кўзнинг ўз ёши бор,
Ҳам табибман, ҳам бемор,
Мендан мени сўрама.

Тўкилмасам, тўлмайман,
Қор қўйнида гуллайман,
Мен шунчаки ўлмайман,
Мендан мени сўрама.

Кундан тунни сўрама,
Қўрдан кулни сўрама,
Мендан дунё сўрайвер,
Мендан мени сўрама.





ЯШАДИНГМИ ЎЗИНГ УЧУН

Мен туғилдим, ғоз-ғоз юрдим,
Жонинг тикдинг сўзим учун.
Кеч сўрарман, она, узр,
Яшадингми ўзинг учун?!

Булут кўкда, сув сойдадур,
Қаро тунда кўз ойдадур,
Жоним онам, жон қайдадир,
Яшадингми ўзинг учун?!

Юк кўтардинг, йиғламадинг,
Жонимизни тиғламадинг,
Ўтган умринг илғамадинг,
Яшадингми ўзинг учун?!

Бемеҳрмас фарзанд аҳли,
Кеч кираркан фақат ақли,
Айтгин, она, дилим доғли,
Яшадингми ўзинг учун?!

Сочларингнинг қори билан,
Жафоли жон зори билан,
Сен мамнунсан бори билан,
Яшадингми ўзинг учун?!

Ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам,
Армонларга дил тўлса ҳам,
Яша энди, жоним онам,
Қолган умринг ўзинг учун.









ТОЛМАСИН

Айтинг, дунё беш кунликми, ўн кунлик,
Кимдир юпун, кимдир бўлди зар тўнлик,
Биздан кетган сизга етса, не ажаб,
Яхшиларга ярашмайди дилхунлик.

Кўзгуларнинг кўзи бўлсак, қанийди,
Хуш кўнгилнинг юзи бўлсак, қанийди,
Мен Худога етарманми, дегунча,
Ҳалол таом тузи бўлсак, қанийди.

Улуғларнинг увоғи ҳам тош босар,
Ғам одамнинг кипригига тош осар,
Хижолатнинг хиёбони бунча тор,
Нечун менинг кўзларимни ёш босар?

Ажаб дунё чархипалак чарх экан,
Худойимдан қўрқмагандан қўрқ экан,
Абадият уммонида сузар ким,
Ким қувончнинг қумғонида ғарқ экан.

Ўйлаб топган сўзинг уввос солмасин,
Қариганда қўлда юкинг қолмасин,
Ёмонлар ҳам яратганнинг бандаси,
Яхши одам яхшиликдан толмасин.












ҚАНДАЙ ЯШАЙСАН?

Остона ортида кўчалар хандон,
Остона ичини ўртайди армон,
Нечун Худодан ҳам қўрқмайсан, ёлғон,
Яхшини ёмонлаб қандай яшайсан?

Кўзларинг кўрки-ку, кўкарган майса,
Сен булут бўласан офтоб жилмайса,
Аввал ер яйраркан яхши кўпайса,
Яхшини ёмонлаб қандай яшайсан?

Тоғларнинг тошини ким адо қилур,
Кўзларнинг ёшини ким пайдо қилур,
Тупроқнинг тагида ким тилло қилур,
Яхшини ёмонлаб қандай яшайсан?

Оёқинг остида титраган хазон,
Елдек ўтиб кетган умридан ҳайрон,
Айтгин, сен инсофга келасан қачон,
Яхшини ёмонлаб қандай яшайсан?

Тошдан яралса-да, кўкрак қафасинг,
Қайтиб чиқарасан олган нафасинг,
Маҳмуд, дилда бўлса зарра ҳавасинг,
Яхшини ёмонлаб қандай яшайсан?












МУКАРРАМ БЎЛИНГ
Нўъмон НАСИМОВга

Гул гўзал минг турфа ранги бор учун,
Тун нурли ортида тонги бор учун,
Вале одам азиз онги бор учун,
Тилагим – азизу мукаррам бўлинг!

Бир бора келгаймиз дунёи дунга,
Тунни омон тутинг қуёшли кунга,
Аллоҳ ҳамроҳ қилсин бағри бутунга,
Тилагим – азизу мукаррам бўлинг!

Бахт боғда кўкармас оқил боғбонсиз,
Тахт кўкка бўйламас доно сарбонсиз,
Ҳар кун шукрин қилинг тинчсиз, омонсиз,
Тилагим – азизу мукаррам бўлинг!

Офтоб озоридан осмон ўкинмас,
Жилға жамолига тошлар тўкилмас,
Дилда иймон устун, тик қад букилмас,
Тилагим – азизу мукаррам бўлинг!

Ҳасадгўй ҳар тунда ёмон туш кўрар,
Саҳий дил тубида бир беҳишт кўрар,
Йўқни йўқлаб туринг, Тангри хуш кўрар,
Тилагим – азизу мукаррам бўлинг!

Ўзига ишонмай яшаш ёлғондир,
Қуёшга қўл чўзинг, нури нарвондир,
Хуш ният ёр бўлса дунё омондир,
Тилагим – азизу мукаррам бўлинг!








ЁРИШГАН ЙЎЛ СЎРАЙМАН

Қувончимнинг қатида кўкарган гул истарам,
Армонимнинг ортидан йиғлаган дил истарам.
Диллар ичра бир кимса юрмаган йўл истарам,
Кўзни юмсам, кўз очган дил сўрайман, Аллоҳим,
Юрган сари ёришган йўл сўрайман, Аллоҳим.

Сен деб йўлга чиққанни йўлга ташлаб кетмайсан,
Яхшиларни янтоқдек чўлга ташлаб кетмайсан,
Саждангда сарғайганга оби зам-зам тутгайсан,
Кўнгил берсанг кўкига тоғ бергайсан, Аллоҳим,
Жисм берсанг жонини соғ бергайсан, Аллоҳим.

Бу дунёнинг бағрида қадам етмас жойлар кўп,
Умр бўйи оҳ урсам, нолам етмас жойлар кўп,
Ўз доғидан ўзлари ор қилгувчи ойлар кўп,
Офтобинг алқаганга нур бергайсан, Аллоҳим,
Қалб тубига кул бўлмас қўр бергайсан, Аллоҳим!

Бу дунёни бозор деб келгувчи ҳам кўп экан,
Бу дунёни мозор деб ўлгувчи ҳам кўп экан,
Ла илаҳа иллаллоҳ, дея олса хўб экан,
Беҳишти муборакдан гул тиландим, Аллоҳим,
Қабримга ҳам бир чимдим нур тиландим, Аллоҳим.













ЖОНИМ ИЧРА ЯШАР ЯХШИЛАР

Мен орзуман армондан ғолиб,
Ҳақиқатман ёлғондан ғолиб,
Мен рост сўзни асраб юрурман,
Кўзларимнинг тубига солиб.

Ташаккурдан томган болдайин,
Ёноқдаги ёруғ холдайин,
Жоним ичра яшар яхшилар,
Юрагимнинг ёдида қолиб.

Кулиб турган боладай ширин,
Узилмаган лоладай ширин,
Кутсанг, баҳор келади албат,
Ҳар майсага туморлар олиб.

Қувонч ҳам қайғуга зормикин,
Умрим узун, деган бормикин,
Билиб-билмай ўйга чўмурман,
Тош кетмасми яшашдан толиб?

Бу олам ҳайронлиғ бозори,
Бу олам вайронлиғ мозори,
Билолмайман келарми, Маҳмуд,
Қиёматда гуноҳдан ғолиб.












СЕНДАН ЙИРОҚДА

Бу дунё томидан тош ташламангиз,
Ярашмаса, йиғлаб кўз ёшламангиз,
Ҳар кўнгил кўкида юлдуз бор, ой бор,
Чиқмаган қуёшга дил ғашламангиз.

Аллоҳ ярлақаса, назарда тутгай,
Ҳасадчини эли ҳазарда тутгай,
Бахт деган бир сўзнинг ботмон юки бор,
Бемеҳр бахтни ҳам озорда тутгай.

Офтоб керилмайди, чироқ чиранар,
Fафлат сархуш юрса, тузоқ чиранар,
Олам томошаси тугамас сира,
Йиртиқ кийим кўрса, қуроқ чиранар.

Узилиб кетмаса, арқон ардоқда,
Соғинчнинг савлати мунгли фироқда.
Дунё бевафо деб нолима, Маҳмуд,
Сендан яхшилар кўп сендан йироқда.















ОЛСАНГ
Набирам Илёсга

Яхшиман, дейишдан ҳеч қилмайман ор,
Беайб Парвардигор, қусурим ҳам ёр.
Шундан хижолатман, бир ўтинчим бор,
Олсанг, фазилатим олгин, болажон.

Йўл юрсанг, йўл кўпдир, қўл урсанг, юмуш,
Тўрвасин тўлдирмас бу кўҳна турмуш,
Урушсанг, дунёда шайтон-ла уруш,
Олсанг, фазилатим олгин, болажон.

Бу ҳаёт ҳар куни тўрга чорламас,
Ўзини билганни мудом хорламас,
Одамлик шарафин оқлай билсанг, бас,
Олсанг, фазилатим олгин, болажон.

Кўп гапдан кўпирма, оздан орланма,
Нафсинг тиғ тутса ҳам ётга зорланма,
Ўзгалар хатосин қилмайин таъна,
Олсанг, фазилатим олгин, болажон.

Боқийлик бахти бир Худога ёрдир,
Бошдан баланд сакраб кўплар афгордир,
Неники тиласанг, Аллоҳда бордир,
Олсанг, фазилатим олгин, болажон.

Рост яшаш дунёда бўлмаган осон,
Кетгунча шошади бандаси ҳамон,
Вале охиратда ўтмайди ёлғон,
Олсанг, фазилатим олгин, болажон.








ОМАДИН ОЛМА

Кўнгилнинг тубини кўзгу кўрсатмас,
Қизарган йигитни кўзгуга солма.
Худойим, омад бер ҳар бир йигитга,
Отини олсанг ҳам омадин олма.

Яйраса ярашар йигит зотига,
Қувонч қувиб юрсин, дуодан толма.
Тоғни толқон қилсин элнинг корида,
Сочлари оқармай қоматин олма.

Муҳаббат меросдир Одам Атодан,
Момо Ҳаволарим қайғуга солма.
Севилиб яшасин, севиб яшасин,
Жонини олсанг ҳам жононин олма.

Ҳар фарзанд умрнинг узун йўлидир,
Ўзбегим бешиги сира бўш қолмас.
Йигит тиззасида ўғли ўтирсин,
Элга мардлар керак, полвонин олма.

Аллоҳим, кўзини тўқ қил йигитнинг,
Бир нафси йўлида юз кўйга солма.
Бергувчи ўзингсан, олгувчи ўзинг,
Орини олмагин, омадин олма.












ЗОРИМ БОР

Келсам, кет демас дунё,
Кетсам, кел демас дунё.
Хайёмдек ҳайрон бўлдим,
Тўрга ўт демас дунё.

Дил қани, дилдош қани,
Сир қани, сирдош қани?
Ай дунё, бозорингда
Сотур банда бандани.

Тарозинг, тошинг кўпдир,
Кўзингда ёшинг кўпдир,
Бечора қўл чўзганда
Пишмаган ошинг кўпдир.

Қайнамас қумғон ўзинг,
Ушалмас армон ўзинг,
Чўп тушиб чарчамади,
Очилмас икки кўзинг.

Нолисам, нодон дема,
Шоирим шодон, дема.
Меҳмонинг ғамнок бўлса
Ўзингни мезбон дема.

Тил бердинг, сўзлайдирман,
Дил бердинг, бўзлайдирман.
Ҳақ мени бандам деган,
Ҳаққимни излайдирман.

Куйдим, куймадинг, дунё,
Кулдим, кулмадинг, дунё.
Зорим бор, зўрим йўқдур,
Дўстим бўлмадинг, дунё.





БУЛБУЛ

Шеърга ўхшаш садодан қўрқдим,
Гарчи қўрқсам, Худодан қўрқдим.

Ёзмай туриб ёнди сўзларим,
Сукут ичра қанча бўзладим.

Юрагимга санчдим қаламни,
Мен бағримга босдим аламни.

Ит итлигин қиларкан ҳар вақт,
Мен итлардан тиланмадим бахт.

Гарчи олис офтобга боқдим,
Кўнгил отлиғ дарёда оқдим.

Қарғаларга қўшса ҳам тақдир,
Булбул бўлиб яшамоқ бахтдир.

















КЎРГАН ЯХШИ

Бугун ёлғон бозорларин берк кўрдим,
Хиёнатнинг озорларин тек кўрдим,
Ҳақиқатнинг юзларида кўрк кўрдим,
Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Тунни тонгдан қочганини кўрдим мен,
Офтоб юзин очганини кўрдим мен,
Шабнам шодлик сочганини кўрдим мен,
Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Бу дунёда кўрган даминг дам экан,
Оҳ, қувончни қувиб юрган ғам экан,
Манов гулни, бу янтоқни ким эккан,
Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Остонаси тилло уйда тош кўпми,
Ўксик дилда, ғариб кўзда ёш кўпми,
Кўзларингга ким солмоқчи, айт, чўпни,
Эшитгандан кўрган яхши деганлар.

Орзу тўла осмони бор қўл етмас,
У бир дилбар – минг йил юрсанг, дил етмас,
Агар сенинг жонинг бўлса ўқ ўтмас,
Эшитгандан кўрган яхши, деганлар.

Тўрт унсурдир, тўрт фаслдир бу олам,
Бир кўргани келар асли ҳар одам,
Йўл берсангиз, кўриб кетсин Маҳмуд ҳам,
Эшитгандан кўрган яхши деганлар.









БИЗ

Биз ғафлат боғидан хазон супурдик,
Очилмайин сўлган ишқнинг барглари.
Ерга ярашмаган супурги йиғлар,
Киприкларни эгар ҳасрат гардлари.

Биз кўнгил кўзидан чимдим нур сўрдик,
Юракнинг тубидан бўйлади зорлар.
Талаб қирғоғидан туриб ҳайқирдик,
Ақл арқонига осилди орлар.

Биз ишққа илашма дедик бепарво,
Жонга пичоқ солди шу он бир чақмоқ.
Бир сўзлаб ўн бора адашган қулмиз,
Ўзингдан бегона қилмагин, Аллоҳ!



















БОЛАЛИК

Сен қайдасан, жонинг омонми,
Пойингда ер, бошда осмонми,
Қайтмаслигинг, айтгин, ёлғонми,
Мени ташлаб кетган болалик.

Кўкрагимда кўкарган лолам,
Кипригимга тош осган жолам,
Оппоқ гулим, ай ширин нолам,
Мени ташлаб кетган болалик.

Юзи офтоб, кўзи мунчоғим,
Жонимдаги мендан йироғим,
Қайлардасан, хуш овунчоғим,
Мени ташлаб кетган болалик.

Қирга чиқсак, қирлар хуш-хандон,
Кўкка боқсак, куларди осмон,
Бугун дилда улғаяр армон,
Мени ташлаб кетган болалик.

Сен кўргандек кенгмас бу дунё,
О, барчага тенгмас бу дунё,
Кимдан мерос қабоҳат, риё,
Мени ташлаб кетган болалик.

Эртакларда эланган жоним,
Мардга мадад тиланган жоним,
Товонимдан олган тиконим,
Мени ташлаб кетган болалик.

Ортга боқмай кетган ирмоғим,
Эй ёдимда ёнган чироғим,
Соғинчлардан куяр қароғим,
Мени ташлаб кетган болалик.





ЯЙРАСАНГ ҚАНИ

Кийимга ярашмас ямоқ бўлади,
Ёмон сўз кўринмас тўқмоқ бўлади,
Кўкламнинг кулгиси чақмоқ бўлади,
Сайрасанг, булбулдек сайрасанг, қани,
Ёшингга ярашса, яйрасанг, қани.

Чумоли чумчуқни қувиб етмаган,
Ҳасад саҳросидан дарё ўтмаган,
Айт, кимнинг баридан армон тутмаган,
Ношуд қандоқ минсин учқур саманни,
Ёшингга ярашса, яйрасанг, қани.

Дард туртиб турмаса, жонлиги ёлғон,
Қуш қайтиб келмаса, донлиги ёлғон,
Бизни соғинганлар бўлсинлар омон,
Бахтнинг бозоридан изламанг мани,
Ёшингга ярашса, яйрасанг, қани.

Юлдуз юзидаги доғи кўринмас,
Ахтарма ошиқнинг соғи кўринмас,
Беморнинг ҳеч вақти чоғи кўринмас,
Ўзи куйганмикан куйдирган сани,
Ёшингга ярашса, яйрасанг, қани.

Орзу аримайди, деган кўп экан,
Кўнгил қаримайди, деган кўп экан,
Нафсидан надомат еган кўп экан,
Маҳмуд, шеърдан улуғ инсоннинг шаъни,
Ёшингга ярашса, яйрасанг, қани…









БУЛБУЛ БЎЛСАНГ

Осмон узоқ, ер қаттиқ,
Аро йўлда нима бор?
Тундан тонгга етгунча,
Қаро йўлда нима бор?

Кўкси тўла юлдузи,
Керилмайди бу осмон.
Юз йил йиғлаб йўқласанг,
Эгилмайди бу осмон.

Дунё тўла сир экан,
Ечилмаган тугун кўп.
Яшаб турган одамга,
Эрта-индин, бугун кўп.

Чириб битар хазонлар,
Тегиб кўклам жонига.
Тош отишар тортинмай,
Майсаларнинг шонига.

Машҳурларга, ўғлим, ҳеч,
Бўлаверма ҳавасда.
Булбул бўлсанг, қишда ҳам
Куйлатаркан қафасда.












РИЁКОРГА

Сиз ёлғоннинг юзига ёғлар суртиб сўзлайсиз,
Ростни қонлар қақшатиб, тикон тузда тузлайсиз,
Тобут билан курсининг эгаси йўқ дунёда,
Ел тегса курсингизга бечорадек бўзлайсиз.

Уялишни ўрганиш яхшиларнинг мероси,
Оҳимни қандоқ тортсин тошсиз қолган тарози?!
Керилганда кекириб юрганларнинг ёнида,
Кун кўрмаса, не ажаб, ожизлар қилган орзу.

Бу осмоннинг нарвони Яратганнинг қўлида,
Нолалар уммони бор мажнунларнинг чўлида,
Оқаётган дарёнинг тўғонин ҳолига вой,
Ит ҳамиша ҳургайдир зўр карвонлар йўлида.

Сизга ёлғон ярашар, тилингиз ўзингизда,
Инсофнинг увоғи йўқ вале бир сўзингизда,
Шундай яшаб ҳам балки юз йил умр кўрарсиз,
Лек қарғишлар қумғони қайнагай изингизда.















СИЗГА БАРИБИРМИ?

Азизим, бағримни тиғлайди соғинч,
Мен кимга тўкилай лиммо-лим тўлсам.
Жонимда чарх урар ушалмас илинж,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам?

Ҳовучим хапқирар қувонч ёш тўкса,
Не қилай қаршимда андуҳ тиз чўкса,
Алам қилар экан дўстдан ўқ тегса,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам?

Бўйладим, бўйладим дорга етмадим,
Қаторда керилган норга етмадим,
Ўз кўнглимдан бўлак зорга етмадим,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам?

Тошларни чиритиб бўлмас экан-ку,
Ой доғин аритиб бўлмас экан-ку,
Қуёшни қаритиб бўлмас экан-ку,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам?

Омонат дунёга ғанимат меҳмон,
Мен чиндан сўрасам эгилгай осмон,
Ой ўтар, йил ўтар, эй дўсти нодон,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам?












ҚУШ ДУОСИ

Ёмон сўзлар дилга ёмон ботганча бор,
Дил оғриса, кўнгиллар муз қотганча бор,
Хуш ниятга дарвозангиз очиқ турсин,
Кутилган тонг бирам ёруғ отганча бор.

Баҳор кутган қиш қўйнида гуллаб яшар,
Куртакларга гулдан умр тилаб яшар,
Яхши одам яхшиликдан толиқмайди,
Ҳар майсани нигоҳида силаб яшар.

Зулмат қочур тунда ёққан бир шам билан,
Кўклам кўрки унга етган одам билан.
Сув сўрасанг, сен тоғларнинг умрин тила,
Ҳовуч тўлмас тонглар тутган шабнам билан.

Баҳор боғин бағри кенгдир олам қадар,
Турфа гуллар бир-бирига зеру забар,
Кўзларингга сиққунча кўр кўклам кўркин,
Икки дунё мусаввири Аллоҳ чевар.

Тўрт фаслга дарвозани кўклам очур,
Кўкдан очур, гулдан очур, кўркам очур,
Ҳар майсанинг умрин тилаб тиз чўк, Маҳмуд,
Кўкда қуёш дуосини нурдан сочур.












МЕНИНГ ОРЗУЛАРИМ

Ойнинг ўроғига осилган илинж,
Тонггача талпиндим қўлим етмади.
Қуёш қўрғонида юз очган севинч,
Кун бўйи йўл юрдим, йўлим етмади.

Менинг орзуларим – менинг армоним,
Етдим деганимда етмиш йил нари.
Менинг орзуларим – ширин ёлғоним,
Сиз қайга борурсиз мендан илгари?

Менинг орзуларим – оппоқ қушларим,
Бахтнинг осмонида бегонангизман.
Бир кун ўнгдан келур ёруғ тушларим,
Бугунча шоири девонангизман.



















ҲАЙРОНЛИҚ

Биз кўрган тераклар баргин тўкибди,
Илдизлар титрашиб дардин тўкибди.
Кузакнинг ҳайронлиғ боғида, эй воҳ,
Хазонлар Худога тизлар чўкибди.

Келганлар кетишин хасдан сўранглар,
Тоғларнинг чўкишин пастдан сўранглар,
Кўнгилни осмонда кўрмоқ бўлсангиз,
Дуога очилган дастдан сўранглар.

Ким дунё томига нарвон қўйибди,
Қўл етмас мулк нархин арзон қўйибди.
Йиғлашни билмаган кулиб ёлчитмас,
Зоғ қаҳри булбулни тиғсиз сўйибди.

Гул қучган ғунчалар бахтга пайваста,
Кесилган теракнинг илдизи хаста.
Тўнканинг бошида гар болта ҳоким,
Жаллоднинг қўлида болта шикаста.

Ким гулзор оралаб гоҳ чўлга ўтар,
Ўнгдан юролмаган нақд сўлга ўтар.
Армон осмонидан ерга туш, Маҳмуд,
Бу дунё у қўлдан бу қўлга ўтар.












ЗОМИН ЁШЛАРИ

Ҳар кўнгил бир дарё, оқмоқ истаса,
Ҳар дилда бир чўғ бор, ёқмоқ истаса.
Истаса, шеър отлиқ чақмоқ истаса,
Дилбар дил аҳлининг биз дилдошлари,
Хуш кўрдик, хуш кўрдик, Зомин ёшлари.

Нима бор демангиз Зомин тоғида,
Поклик қайнаб ётур ҳар булоғида,
Қуёш қалам йўнар ой ўроғида,
Шеър битса, дафтардир ҳатто тошлари,
Қалам қўлингизда, Зомин ёшлари.

Мажнунтол тагида Миртемир гувоҳ,
Баъзан шеър бўларкан биттагина оҳ,
Абдулла Орифнинг изидаги ирмоқ,
Соғу омон бўлсин олтин бошлари,
Ватан чироғидир Зомин ёшлари.

Ой доғин терарлар ойдин тунлари,
Зулфия момонинг оппоқ гуллари,
Эй назм боғининг хуш булбуллари,
Ҳамид Олимжоннинг дил қуёшлари,
Қувонч қўнғироғи – Зомин ёшлари.

Ҳар ким ҳўплолмагай кўнгил чашмасин,
Шундай шеър ўқингки, тошлар гулласин,
Муҳаммад Юсуфнинг руҳи қўлласин,
Ўзбакий рангдадир кўзу қошлари,
Зомин ёшлари, Зомин ёшлари!









САБР

Бўғзимга тиқилган ул тошларни ютолмадим,
Кўзимга сиғмаган ул ёшларни ютолмадим,
Миннатга дамланган ул ошларни ютолмадим,
Демангиз, мен ўзимга билиб жабр тиладим,
Тиласам гар Аллоҳдан фақат сабр тиладим.

Туҳматчининг тилагин тарози тортмас экан,
Орият осмонининг қуёши ботмас экан,
Қадрини қалқон билган, пойгакда ётмас экан,
Бандаман, гоҳ-гоҳида манам надир тиладим,
Тилагимнинг сўнгида қўрқдим, сабр тиладим.

Гул истаб, гулзор ичра тиконни тилаб олдим,
Нафсимнинг надоматин гоҳида куйга солдим,
Кўз нечун тўйдим демас, қандайин кўйга қолдим,
Кўнглимнинг осмонига наҳот абр тиладим,
Тонгда уялдим нурдан, яна сабр тиладим.

Нафсининг қули бўлди қилганда илк бор хато,
Жаннатнинг чаманидан қувилди Одам Ато,
Бу қандай дард эрурки, бандаси топмас даво,
Демагин, қодир Эгам, сендан қаҳр тиладим,
Ожизман остонангда, қулман, сабр тиладим.

Шайтони лаин қонда жилмаяди алдамчи,
Муҳаммад Мустафодек ким солур унга қамчи…
Жойнамоз жамолида кўз ёшим томчи-томчи,
Маҳмуд ошиқи дилга савти садр тиладим,
Умри жонга барака, Ҳақдан сабр тиладим.









ЎЗБЕКИСТОНҒАЛЛАСИ

Ғалланг бўлса, қўшиғин аввал онанг айтаркан,
Иссиқ ноннинг исидан сархуш боланг айтаркан.
Қувонч қучса кўзингни, оққан жоланг айтаркан,
Деҳқон учун бу дамлар умрининг хуш палласи,
Кафтидаги дуридир – Ўзбекистон ғалласи.

Худо берса, хирмонга донинг сиғмай қоларкан,
Дастурхонга қут тўкса, нонинг сиғмай қоларкан,
Ҳақ қўлласа, дунёга шонинг сиғмай қоларкан,
Буғдойдайин бошоқлар дилда деҳқон ялласи,
Қўшиқларга қўр берар Ўзбекистон ғалласи.

Черта билсанг, кўнгилнинг торига нима етсин,
Аҳдига вафолининг орига нима етсин,
Майли, оқ нон, қора нон, борига нима етсин?!
Қурир ҳатто қушнинг ҳам саратонда силласи,
Деҳқонига дармондир Ўзбекистон ғалласи.

Ун элайди оналар оқ тилакдек улғайиб,
Келинчаклар нон узар, нон исига юз чайиб,
Бошдаги боқий бахтдек қуёш турар жилмайиб,
Ҳар бошоқ ҳур элимнинг ерда кулган тилласи,
Тилладан хуш товланар Ўзбекистон ғалласи.













ЧЕЧА
(Халқ оҳангида)

Чеча-чеча, чеча-ёв,
Не бўлар бу кеча-ёв?
Чимилдиққа чорлайсиз,
Табассумдан порлайсиз.

Келин нега сузилар,
Менинг ичим узилар.
Юрагимда от чопар,
Қочиб кетса, ким топар.

Чеча-чеча, чеча-ёв,
Не бўлар бу кеча-ёв?
Бунча хандон отасиз,
Дилга тошдек ботасиз.

Йўлимдан нари қочинг,
Келин юзин сал очинг.
Юзи ойдеккинами,
Сўзи мойдеккинами?

Чеча-чеча, чеча-ёв,
Не бўлар бу кеча-ёв?
Қувончим қувиб келар,
Жисмимда чақмоқ елар.

Ёстиғим ёнса керак,
Ваҳ, кимга олов керак.
Сўзимга сиғмай қолдим,
Ўзимга сиғмай қолдим.

Чеча-чеча, чеча-ёв,
Не бўлар бу кеча-ёв?
Худойимга шукрим бор,
Бўлди менга ўзи ёр.

Қўйнимдаги дилдорим,
Қайтиб кетмас баҳорим.
Қулоғига шивирлай,
Жонида бир жимирлай.
Чеча–чеча, чеча-ёв,
Не бўлар бу кеча-ёв?
ИСМ
«Менинг исмим шеърга ярашмайди», – деди ўксиниб Жумагул отли аёл.

Майли, алам қилсин, майли кулсинлар,
Улар аввал сиздек гўзал бўлсинлар.
Қуёшдек қувониб, ойдек тўлсинлар.
Мен дил боғингизга кирмаган булбул,
Ай, жоним Жумагул, жоним Жумагул.

Сочингиз сабоси сархуш қилибдур,
Нозли нигоҳингиз бехуш қилибдур.
Сизни кўрган кунлар бир туш бўлибдур.
Изингизни излаб юргувчи мен қул,
Ай, жоним Жумагул, жоним Жумагул.

Сизни суқ кўзлардан беркитиб бўлмас,
Рашк деган балони рад этиб бўлмас.
Сизга кўз билан ҳам гул тутиб бўлмас,
Сиз гулдан гўзалроқ кўнглимдаги гул,
Ай, жоним Жумагул, жоним Жумагул.

Соғинсак қақшайди икки кўзимиз,
Йўлларин йўқотган ошиқ ўзимиз.
Сизга етармикан бизнинг бўзимиз,
Маҳмуддек Мажнунни унутманг буткул,
Ай, жоним Жумагул, жоним Жумагул.












ҚАЙНОНА
(Ҳазил)

Бу қўшиқда ҳазил бор,
Қизлар етар манзил бор.
Жиндек зил ҳам йўқ эмас,
Ҳар кимда ҳам кўнгил бор.

Ёт уйда етимдайин,
Ҳаётин бошлар келин.
Қайнона ёмон бўлса,
Кўзларин ёшлар келин.

Ойлар ўтар, йил ўтар,
Келин бирдан ўт олмас.
Қайнонасин қаҳрига,
Кун келади чидолмас.

Бошланар гап отишлар,
Бошланар гап сотишлар.
Ўртада сарсон куёв,
Тонггача терс ётишлар.

Қайнонажон, қайнона,
Келин сизга парвона.
Гар сиз қовоқ уйсангиз,
Етти олам вайрона.

Келин ҳам бир онанинг,
Жондан чиққан чашмаси.
Ўнг кўз билан қаранг сиз,
Ёмон эмас ҳаммаси.

Ҳой келинчак, келинчак,
Жилмайиб кўринг жиндак.
Қайнона ҳам тош эмас,
Иккингизга жон керак.

Қайнонажон, қайнона,
Келин сизга парвона.
Гар сиз қовоқ уйсангиз,
Етти олам вайрона.

БИЛМАСАНГ

Ҳаммаси ўткинчи, хўш нима ўтмас,
Бу дунёда, айт, қўлдан нима кетмас,
Нимани кўз кўриб ва ё қўл тутмас,
Гар билсанг, тортинма, айтавер, шоир.

Тоғларни бўйига бўй қўшгувчи ким,
Оқилнинг ўйига ўй қўшгувчи ким?
Саволлар кўп вале жавоблари жим,
Гар билсанг, тортинма, айтавер, шоир.

Кичик тош улғайиб катта бўлурми,
Ойнинг етовига қуёш кўнурми,
Билмай яшасанг ҳам кўнгил тўлурми?
Гар билсанг, тортинма, айтавер, шоир.

Кўрганим қурсин, дер кўрмаган одам,
Қандоқ қайтар экан келмаган одам,
Осмондан тушарми ўлмаган одам,
Гар билсанг, тортинма, айтавер, шоир.

Тилсимлар қошидан қайтавер, шоир,
Тушларинг сувларга айтавер, шоир.
Дунё сирларининг тубин ахтарма,
Билмасанг, билганинг, айтавер, шоир.












ОНА

Бу дунёнинг бозорида бахт борми,
Худойимдан тилаганинг нақд борми,
Оёқингга бошим қўйсам дил осмон,
Она, сенинг товонингда тахт борми?

Тулпорларга тушов уят, тушов ор,
Бедорларнинг болишида ҳикмат бор,
Минг додимда бир оҳингнинг гарди йўқ,
Она, сенинг олқишингда оят бор.

Осмон узоқ, ер қаттиқ, деб кўп айтдинг,
Йўллар кутиб дарвозага дард айтдинг,
Она, юзинг табассумлар талашсин,
Ажинларинг чеҳрангдаги шоҳ байтинг.

Онасини бевақт берган бахтсиз кўп,
Оҳ, онасиз тахтда турган тахтсиз кўп,
Отанг кетса, дардинг тўксанг онанг бор,
Онанг кетса, чиқмас экан кўздан чўп.

Ором сўзин осмони ҳам онадир,
Қадр сўзин қўрғони ҳам онадир,
Шеърингни қўй, Маҳмуд, онанг кўнглин топ,
Жаннатларнинг посбони ҳам онадир.












БЕФАРҚЛАРДАН ҚЎРҚ

Агар қўрқсанг, душмандан қўрқма,
Душманлиги ўзингга аён.
Ҳар ковакка қўлингни суқма,
Пайтин топса, чақади чаён.

Дўстлардан ҳам қўрқмоқ бекордир,
Тубанликка бормайди ахир.
Дўстларнинг ҳам турфаси бордир,
Нари борса, бўлади бахил.

Агар қўрқсанг, бефарқлардан қўрқ,
Лоқайд, беғам, томошаталаб.
Дунёни сув босса сукутда,
Ўт кетса ҳам тургайдир қараб.



















КЎП ЭКАН

Қувонч қанот ёзса, осмон чорлайди,
Қайғу бўй кўрсатса, замин зорлайди,
Хиёнат ўзидан қачон орлайди,
Билганимдан билмаганим кўп экан.

Шунчалар узоқми уйқусиз тунлар,
Ўзига етказмай чопади кунлар,
Менга бўй кўрсатинг, бағри бутунлар,
Кўрганимдан кўрмаганим кўп экан.

Ер ости узоқми, ё осмон йўли,
Қай бирига етар бандасин қўли?
Сен қайдан ёғасан, туҳматнинг дўли,
Билганимдан билмаганим кўп экан.

Чаённи чиройли демади ҳеч ким,
Сарқитни хуш кўриб емади ҳеч ким,
Гул кўрса, кўзини юммади ҳеч ким,
Кўрганимдан кўрмаганим кўп экан.

Шеър ичра топишмоқ қидирганим йўқ,
Кўнглимнинг тубини сидирганим йўқ,
Балки билганимни билдирганим йўқ,
Билганимдан билмаганим кўп экан.














АҲЛИ МУҲАББАТ,
ҚАЙДАСИЗ?
(2006–2007 йиллар)

Қизғалдоқнинг армонини қўшиқ қилдим,
Қалдирғочнинг ошёнини қўшиқ қилдим.
Битта баргнинг узилгани минг дард экан,
Мен шу дарднинг дармонини қўшиқ қилдим.


















ОТА УЙ
Абдусалом Дилкашга

Ота уйнинг файзи бўлак,
Ҳар қаричда нури бор.
Онанг кутиб олмаса ҳам,
Дуоларнинг дури бор.

Ота уйнинг файзи бўлак,
Қадам босиб тўймайсан.
Онанг кутиб олмас, аммо
Ўлганига кўнмайсан.

Ота уйнинг файзи бўлак,
Отанг каби улуғ уй.
Онанг кутиб олмаса ҳам,
Вафоларга тўлиқ уй.

Ота уйнинг файзи бўлак,
Гувалакдан қилма ор.
Онанг кутиб олмаса ҳам,
Ўғил-қизинг бошлаб бор.

Ота уйнинг файзи бўлак,
Бўлмаса ҳам кошона.
Онанг кутиб олмас, вале
Руҳи бўлар парвона.

Ота уйнинг файзи бўлак,
Болаликнинг танчаси.
Ота уйни қўмсар юрак,
У Ватаннинг парчаси.








СОДДА ҲАҚИҚАТ
Туркум

Одамнинг яхшиси содда бўлади,
Яхшилар эл ичра ёдда бўлади,
Ёлғонини юз йил йўргаклаган ҳам
Оқибат бир куни додда бўлади.

Содда ҳақиқат бу, содда ҳақиқат,
Биз кетсак ҳам қолар ёдда ҳақиқат,
Содда сатрларга кўзи тушган, дўст,
“Омийн” де, қолмасин додда ҳақиқат.

***
Кўнглимдан гўзал гул кўзламадим мен,
Кўнглимдан баланд тоғ изламадим мен.
Худога бир тўйиб йиғлагим келса,
Кўнглимдан ўзгага тизламадим мен.

Оҳим ортмоқлаган бечора кўнглим,
Сабр саҳросида садпора кўнглим.
Бери кел, деганда, нари кетгувчи,
Икки дунё аро оввора кўнглим.

***
Бемеҳрлар тошга ўхшайди,
Курмаги бор ошга ўхшайди.
Мен онамга қиёс ахтарсам,
Кўзимдаги ёшга ўхшайди.

Кўзгу онам кўзида экан,
Ёғду онам юзида экан.
Мен термилиб, термилиб билдим,
Аллоҳ онам ўзида экан.







***
Етмишга чиқмоқ ҳам олий бир ҳавас,
Етмиш йил текинга олурсан нафас.
Етмишга ҳар кимса етгайдир ҳар хил,
Шоирга меҳрдан ясарлар қафас.

Иззати, икроми жойида бўлур,
Олқишлар шодаси пойида бўлур,
Битта тўғри сўзи ёқмай қолган кун,
Бечора қаҳрнинг ёйида бўлур.

***
Бахиллар бахт излаб қайга борурлар,
Заминга сиғмагач ойга борурлар.
Ойнинг доғи билан чиқишолмагач,
Охири тош излаб сойга борурлар.

Тошнинг кўзи тошга тушгани ёмон,
Тошларни қанотсиз учгани ёмон.
Бахиллар бағрига кириб қолган зот,
Тилагим – илоҳо чиқиб ол, омон.

***
Ё Раббим, оқилни озорга қўйдинг,
Юзсизни яйратиб бозорга қўйдинг.
Тиригида жойи бошқа-бошқа-ю,
Ўлгач, иккисин бир мозорга қўйдинг.











ВАТАН ДИЙДОРИ

Қизғалдоқнинг армонини қўшиқ қилдим,
Қалдирғочнинг ошёнини қўшиқ қилдим.
Битта баргнинг узилгани минг дард экан,
Мен шу дарднинг дармонини қўшиқ қилдим.

Ер соғинди, кўкдан тушинг, бургутларим,
Майсаларнинг мироблари булутларим.
Кўз ёшимда кўлоблатиб суғорайин,
Хазон бўлманг, хаёллардан унутларим.

Олиб келинг ошиқларнинг беморини,
Териб олсин райҳонларин ифорини.
Соғинганлар кўрманасин бериб кўрсин,
Онамдек хуш бу Ватаннинг дийдорини.

Булоқларим – юзи тиниқ кўзгуларим,
Оппоқ-оппоқ гуллайверинг, орзуларим.
Мен ҳурликнинг меҳробига тизлар чўксам,
Оятдайин оқар тоза туйғуларим.

Мен қадрнинг қалқонини қўшиқ қилдим,
Эл орини, эл шонини қўшиқ қилдим.
Тинчлик тилаб ой-қуёши кулиб турсин,
Момо Ернинг осмонини қўшиқ қилдим.












НАВОИЙ НУРИ

Қишнинг қабоғида кўклам кўринди,
Келмаган кўклам ҳам кўркам кўринди.
Ҳазрат Навоийни бир йўқлаб эрдим,
Кўз юмсам кўнглимда олам кўринди.

Кўринди, ҳикматда юз очган кўнгил,
Туркийда беназир сўз очган кўнгил.
Шеърият самосин офтоби бўлиб,
Жумлаи жаҳонга нур сочган кўнгил.

Кўнгилки, дарёсин тошқини тинмас,
Беш аср наридан ёлқини тинмас.
Шоирки, элини як қалам қилмиш,
Минг аср ўтса ҳам қалами синмас.

Инсонлар ичинда инсон бўлмоқ хуш,
Шоирлар ичинда султон бўлмоқ хуш.
Умрида ўзбекни кўрмаганлар ҳам
Вале Навоийни кўриб ётар туш.

Сатрлар садоси самодан келган,
Гоҳ дийдор, гоҳида вафодан келган.
Шоирни жунунваш деганлар билмас,
Ҳақ сўз Навоийга Худодан келган.












УСТОЗЛАР

Айтсам, баҳор яшар экан куз учун,
Яшаяпмиз болдек ширин сўз учун,
Навоий ҳам отдан тушган сиз учун,
Миллатимиз қароғисиз, устозлар,
Маърифатнинг чироғисиз, устозлар.

Ҳар боланинг кулгусидан яйраган,
Ҳур булбулсиз ўзбек бўлиб сайраган,
Меҳр – булоқ қалбингизда қайнаган,
Садоқатнинг сўроғисиз, устозлар,
Яхшиликнинг ёноғисиз, устозлар.

Бўз кийиб ҳам бўзламаган инсонсиз,
Нақшбандий боғларига боғбонсиз,
Амир Темур таъзим қилган сарбонсиз,
Зиё мулкин байроғисиз, устозлар,
Кўнгилларнинг ардоғисиз, устозлар.

Бир кўзгусиз юзларида доғи йўқ,
Шогирдларнинг сиздан юксак тоғи йўқ,
Олов ўчса, келиб сиздан сўрар чўғ,
Тафаккурнинг ўчоғисиз, устозлар,
Қадру қиммат бармоғисиз, устозлар.

Онам берган тилни бурро қилган зот,
Ватан сўзин дилга имло қилган зот,
Авлодларга жонин фидо қилган зот,
Сиз рост сўзнинг салмоғисиз, устозлар,
Сиз офтобнинг қучоғисиз, устозлар.









ЭЛЛИКҚАЛЪА
Неъматилла ХУДОЙБЕРГАНОВга

Ҳар қарич ерида боболар хоки,
Тиз чўксанг, сўкилар кўнгилнинг чоки,
Кўзимнинг қораси, кўзимнинг оқи,
Тупроғин туз дема, тиллодан сара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Ҳар битта қалъаси ҳикмат меҳроби,
Унда порлаб ётар руҳлар офтоби,
Ватанга муҳаббат битган китоби,
Сен фақат кўнгилнинг кўзи-ла қара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Бу не хароба, деб қилмагин таъна,
Бу Тупроққалъадир, бу Аёз қалъа,
Қирққиз қалъасига жонинг қил пана,
Ҳам яна зулфини сен нурда тара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Таърифи минг достон сатрига сиғмас,
Насими баҳорнинг атрига сиғмас,
Амуни кўрмаган мени ҳеч уқмас,
Шунчаки мақтовдан баланд минг карра,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Шимол шамолида «Бўстон» яратган,
Демангиз жаннатни осон яратган,
Аслида бу халқни армон яратган,
Қўлингдан келса гар кунига яра,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Отажон ҳофизи шонини тиккан,
Муҳаммад Юсуф ҳам жонини тиккан,
Меҳмонига тузу нонини тутган,
Улуғ Қорақалпоқ кўзи-ла қара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.




АЁЛ ОМОН БЎЛСА ДУНЁГЎЗАЛДИР

Аёлсиз бахт сўзи тилда турмагай,
Аёл ошиқ оҳи, битмас ғазалдир.
Аёлсиз гул ранги гулда турмагай,
Аёл омон бўлса, дунё гўзалдир.

Чашмаи ҳаёт у жонлар жомида,
Меҳрин ояти бор хуш каломида,
Новвот бор, наво бор унинг комида,
Аёл омон бўлса, дунё гўзалдир.

Аёл тиғ, тошларни мумдек тилгувчи,
Аёл нур, қалбларни ёқиб киргувчи,
Қуёшга бас келар битта кулгичи,
Аёл омон бўлса, дунё гўзалдир.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/pages/biblio_book/?art=69386152) на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.