Читать онлайн книгу «СИЁСАТШУНОСЛИК» автора Муқимжон Қирғизбоев

СИЁСАТШУНОСЛИК
Муқимжон Қирғизбоев

АНДИЖОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ


МУҚИМЖОН ҚИРҒИЗБОЕВ





СИЁСАТШУНОСЛИК

Олий ўқув юртлари талабалари учун
ўқув қўлланма












Тошкент
“Янги аср авлоди”
2013

УЎК: 32(075)
КБК: 66.0
Қ-46
Қирғизбоев, Муқимжон
Сиёсатшунослик: олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув қўлланма / М.Қирғизбоев; Андижон давлат университети. –Тошкент: Янги аср авлоди, 2013. -524 б.

ISBN 978-9943-27-052-7

ўқув қўлланмада мамлакат олий ўқув юртларида ўқитиладиган сиёсатшунослик фанига доир билимлар ва масалалар мужассамлашган. Шунингдек, унда ривожланган мамлакатлардаги турли йўналишдаги сиёсий назариялар, жараёнлар ва муносабатлар таҳлил этилади, улар миллий тажрибалар билан қиёсланади, қўлланмада ифодаланган назарий қарашлар мамлакатда тобора чуқурлашиб бораётган фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотлари билан боғланади.
Қўлланма олий ўқув юртлари талабалари учун мўлжалланган.

УЎК: 32(075)
КБК: 66.0

Тақризчилар:
З.Давронов, фалсафа фанлари доктори, профессор
Р.Жумаев, сиёсий фанлар доктори, профессор



Мазкур ўқув қўлланма Андижон давлат университети Илмий кенгашининг қарорига (2013 йил 28 март, 8-йиғилиш баённомаси) биноан нашрга тавсия қилинди.













Мундарижа
Сўз боши      4
I бўлим. СИЁСАТШУНОСЛИК ФАНИНИНГ

МЕТОДОЛОГИК ЖИҲАТЛАРИ      7
1-мавзу. Сиёсатшунослик фан сифатида      7
2-мавзу. Сиёсий қарашларнинг пайдо бўлиши ва
ривожланиши      27

II бўлим. СИЁСАТ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ ВА

ТАДҚИҚОТ ОБЪЕКТИ СИФАТИДА      58
3-мавзу. Сиёсат – ижтимоий ҳодиса сифатида      58
4-мавзу. Сиёсий ҳокимият      82

III бўлим.СИЁСИЙ ТИЗИМ ВА СИЁСИЙ

ИНСТИТУТЛАР      106
5-мавзу. Сиёсий тизим      106
6-мавзу. Давлат – асосий сиёсий институт      145
7-мавзу. Фуқаролик жамияти      183
8-мавзу. Сиёсий партиялар      213
9-мавзу. Сайловлар      254

IV бўлим.СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАР      279
10-мавзу. Сиёсий элита ва сиёсий етакчилик       279
11-мавзу. Сиёсий жараён ва сиёсий иштирок      316
12-мавзу. Сиёсий ихтилофлар      359
13-мавзу. Сиёсий ривожланиш ва сиёсий
модернизация      387

V бўлим. СИЁСИЙ КОММУНИКАЦИЯ,

СИЁСИЙ МАДАНИЯТ ВА МАФКУРА      416
14-мавзу. Сиёсий коммуникация      416
15-мавзу. Сиёсий мафкуралар ва сиёсий маданият      451

VI бўлим. ЖАҲОН СИЁСАТИ       485
16-мавзу. Халқаро сиёсат      485

Глоссарий      511
Фойдаланилган адабиётлар      518





Сўз боши
Мазкур қўлланманинг асосий мақсади талабаларни замонавий сиёсатшунослик фанининг муҳим масалаларини ўрганишлари учун имконият яратишдан иборатдир. Талабаларнинг ҳозирги замонга хос бўлган дунёқарашга эга бўлиши, ўз атрофидаги ижтимоий-сиёсий воқеликларни мустақил равишда баҳолай олиши ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок эта олиш қобилиятини эгаллаш жараёнида уларнинг сиёсий фанларга нисбатан эҳтиёж сезиши табиий бир ҳолдир. Қолаверса, мамлакатда тобора чуқурлашиб бораётган ислоҳотлар жаҳондаги сиёсий воқеликлар ва ҳодисаларни чуқур англайдиган, ислоҳотлар жараёнида шахсан иштирок этадиган ёш авлодни шакллантиришни талаб қилмоқда.
Қўлланмани ёзишда талабаларнинг мамлакатимизда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнлари, бозор иқтисодиёти муносабатларини шакллантириш ислоҳотларига оид билимларни эгаллашларида билиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек уларнинг сиёсий фанлар назариялари ва тушунчаларини ўзлаштириш фаолияти учун қулай имкониятлар яратишга муҳим эътибор берилди. Мамлакатда сиёсатшунослик мустақил фан сифатида мустақиллик давригача ҳукм сурган яккаҳоким мафкура ақидалари билан суғорилган ижтимоий-сиёсий фанларни ўқитишга барҳам берилганидан кейин – мустақилликнинг илк даврида янги миллий демократик давлат ва жамият руҳига монанд равишда шаклланди. У Шимолий Америка, Европа, Япония, Жанубий Корея мамлакатлари каби ривожланган мамлакатлар қаторида бизнинг Ватанимиз олий ўқув юртларида ҳам ўқитила бошланди. Ўтган 20 йилдан ортиқроқ давр ичида мазкур фанни ўқитишга доир ўзига хос миллий тажрибалар ва ўқитиш салоҳияти шаклланди. Сиёсат ва сиёсий муносабатлар бир жойда қотиб турмаганидек, сиёсатшунослик ҳам доимий равишда ривожланишга мойил фандир. Шунинг учун ҳам бу соҳага доир барча дарслик ва қўлланмаларни муттасил равишда янгилаб бориш – ҳозирги давр талабига айланди.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий фанларга доир ўқув қўлланмаларни яратишда Президент И.А.Каримовнинг қуйидаги фикрларини эътиборга олиш мақсадга мувофиқдир: “Бинобарин, биз давлатимиз келажагини ўз қобиғимизга ўралиб қолган ҳолда эмас, балки умумбашарий ва демократик қадриятларни чуқур ўзлаштирган ҳолда тасаввур этамиз. Биз истиқболимизни тараққий топган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, давлат ва жамият бошқарувини эркинлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, фикрлар ранг-баранглигини ўз ҳаётимизга янада кенгроқ жорий қилишда кўрамиз”1 . Зеро, мамлакатда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий стратегик пировард мақсад сифатида эълон қилиниши талабалар дунёқарашига замонавий гуманитар фанларга оид билимларни кенгроқ ва чуқурроқ сингдиришни тақозо этмоқда.
Қадимги даврда сиёсий фанлар асосчиси номини олишга эришган Аристотель қуйидаги сўзни бежиз айтмаган эди:“…Чамаси, тан олиш керакки, олий фаровонлик, асосан бошқарадиган муҳим фанлар ихтиёрига тегишлидир. Шундай фанни давлат тўғрисидаги (ёки сиёсий) фан ифодалайди. …Бу, чамаси, бошда айтилган фикрга мувофиқ келади: биз давлат ҳақидаги фаннинг мақсади энг олий фаровонлик яратиш, деб фараз қилган эдик. Шунинг учун ҳам бу фан бошқаларидан кўра кўпроқ ўз диққат-эътиборини муайян сифатларга эга бўлган, яъни юксак маънавиятли, гўзал хатти-ҳаракатларни бажара оладиган фуқароларни яратишга қаратади”2 .
Албатта, қўлланма бутунлай янги назарий ишланмалардан иборат эмас. Унда ижтимоий-сиёсий фанларни шакллантиришга ҳисса қўшган классик олимларнинг асарларига нисбатан ҳозирги давр нуқтаи назаридан мурожаат қилинди. Сиёсат тушунчаларини талқин этишга фуқаролик жамияти қуриш талабларидан ёндашилди. Қўлланмага янги мавзулар киритилди. Ишнинг сезиларли қисмини ташкил этган масалалар муаллиф томонидан таҳлил этилди. Муҳими, қўлланмаларга нисбатан давлат стандартлари асосида қўйилган талаблар, ҳозирги давр талабаси эҳтиёжлари ва унинг фанни ўзлаштириш қобилияти даражаси доимо муаллифнинг диққати марказида турди. Мамлакатимиз олимлари томонидан мустақиллик даврида нашр этилган, ривожланган мамлакатлар сиёсатшунослари томонидан яратилган “Сиёсатшунослик” ўқув қўлланмалари ва дарсликлари синчиклаб ўрганилди, улардан тегишли хулосалар чиқарилди.
Умуман, қўлланмани ёзишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2011 йил 17 сентябрдаги 392-сонли буйруқ билан тасдиқланган “Сиёсатшунослик” фанидан намунавий дастур асос қилиб олинди.
Мазкур қўлланманинг кейинги нашрларини янада мукаммал ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадида ижтимоий-сиёсий фанлар соҳасида фаолият юритаётган олимлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар, шунингдек қўлланмани ўқиган барча китобхонлардан қўлланмага доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришларини сўраймиз.






















I бўлим. СИЁСАТШУНОСЛИК ФАНИНИНГ

МЕТОДОЛОГИК ЖИҲАТЛАРИ

1-мавзу. Сиёсатшунослик фан сифатида
1. Сиёсатшунослик фани предмети, объекти ва вазифалари.
2. Ижтимоий фанлар тизимида сиёсатшунослик фанининг ўрни.
3. Сиёсатшунослик фанининг бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорлиги.
4. Сиёсатшунослик ўқув фани сифатида.

Ўзбекистонда мустақиллик даврида жамият сиёсий тизими ва сиёсий муносабатларининг бутунлай янги шакли – демократик қадриятлар асосидаги институтлари шаклланди. Собиқ социализм давридаги давлатчилик ва жамият тизимига барҳам берилди, ягона яккаҳоким мафкурага амал қилиш тўхтатилди. Мустақилликнинг илк давридан бошлаб мамлакатда миллий демократик давлат ва жамият қуриш ислоҳотлари бошланди. Бу туб ўзгаришлар асосан ривожланган мамлакатлар ва миллий анъаналар асосида амалга оширила бошланди.
XXI асрнинг бошларига келиб Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришни асосий стратегик пировард мақсад сифатида эълон қилиниши муносабати билан сиёсатшунослик фанини ўрганишга бўлган зарурият янада кучайди. Президент И.А.Каримов томонидан “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”ни илгари сурилиши, унда дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрувини дeмoкрaтлaштириш, аxбoрoт сoҳaсини ислoҳ қилиш, axбoрoт вa сўз эркинлигини тaъминлaш, мамлакатда сaйлoв ҳуқуқи эркинлигини тaъминлaш вa сaйлoв қoнунчилигини ривoжлaнтириш, фуқaрoлик жaмияти институтлaрини шaкллaнтириш вa ривoжлaнтиришга доир ҳуқуқий асосларни ривожлантириш масалалари3  сиёсий фанларга улкан вазифаларни юклайди. Шу билан бирга, истиқболда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга доир ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнлари сиёсий фанларни жаҳондаги ривожланган мамлакатлар тажрибаси ва миллий мерос асосида янада такомиллаштиришни долзарб вазифа сифатида ҳаёт кун тартибига қўймоқда. Шу муносабат билан сиёсий фанларни ҳам мамлакатдаги воқелик, ҳам замонавий сиёсий назарий қарашлардан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш мамлакатда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш мақсадларининг таркибий қисмларидан бири сифатида намоён бўла бошлади. Сиёсатшунослик фанини аҳамиятини чуқур англаш, унинг амалий жиҳатларини эътироф этиш учун бу фанни бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорлиги, гуманитар фанлар ўртасидаги ўрнини билишга зарурият туғилиши табиий бир ҳолдир.
Маълумки, жамият ҳаёти ўзаро бир-бири билан боғлиқ бўлган кўплаб соҳалардан иборатдир. Уларнинг ичида энг йириклари – бу иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий соҳалардир. Бу соҳаларнинг ҳар бири ўзининг ривожланиш қонуниятлари ва анъаналари асосида такомиллашиб боради, улар ўзларига хос бўлган бетакрор ташкил этиш ва бошқариш усулларига эга бўлган алоҳида-алоҳида тизимларга эгадир. Шунингдек, бу соҳаларнинг ҳар бири ўзига тегишли бўлган фанлар томонидан ўрганилади ва тадқиқ этилади.
Жамиятнинг сиёсий соҳаси иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва бошқа соҳалардан фарқ қилади. У жамиятни бутун бир давлат миқёсидан то унинг энг кичик тузилмаларигача бўлган йўналишларини ташкил этади ва у давлат бошқарувини амалга оширишга доир турли даражалардан иборатдир. Агар жамиятнинг сиёсий тизими кашф этилмаганида эди, унда жамият тартибсиз ҳаракатлар гирдобида ўзининг яшаш фаолиятини тўхтатган бўлар эди.
Сиёсий тизим жуда ҳам йирик ва энг мураккаб бўлган фаолият ва тузилмалардан иборатдир. Унинг доирасида жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган сиёсий жараёнлар пайдо бўлади, кечади ва ривожланади, жамиятнинг яшовчанлигини таъминлайдиган муҳим қарорлар қабул қилинади. Шунинг учун ҳам сиёсий фанлар турли ижтимоий ва бошқа жамиятга доир фанлар билан мустаҳкам ўзаро алоқалар асосида ривожланиб боради. Лекин жамиятнинг сиёсий тизимини фан сифатида фақат сиёсий фанлар ўрганади.
Сиёсатшунослик ёки политология (юнонча “politika” – “давлат ва жамият (ижтимоий) ишлари” ва “logos” – “таълимот” сўзларини ифодалайди) – кенг маънода давлат бошқарувига доир фан, яъни жамият сиёсий тизимига оид фан сифатида эътироф этилади.
Ўз даврида Аристотель сиёсат олами ҳақида фикр юритар экан, уни мазмуни ҳақида қуйидаги аниқликни киритган эди: “1.Уй хўжалиги ҳақидаги фан ҳокимиятнинг уч унсури бўлишини шарт қилиб қўяди: биринчидан, қулларга нисбатан хўжайин ҳокимияти (биз бу ҳақда юқорида гапирган эдик) ; иккинчидан, отанинг болаларга муносабати; учинчидан, эрнинг хотинга муносабати. Дарҳақиқат, хотин устидан, болалар устидан ҳокимият эркин мавжудотлар сифатида юритилиб, бу ҳокимият бир хил тарзда амалга оширилмайди. 2.Хотин устидан эр ҳокимиятини сиёсий арбоб ҳокимияти билан, отанинг болалар устидан ҳокимиятини эса подшоҳ ҳокимияти билан тенглаш мумкин. Эркак ўз табиатига кўра, унинг фақат у ёки бу расо бўлмаган четга чиқишларини мустасно қилганда, хотинларга нисбатан кўпроқ раҳбарлик қилишга мойилдир. Ахир, катта ва етук инсон ёш ва етук бўлмаган одамга нисбатан яхши раҳбарлик қила олади-ку”4 . Мазкур таърифда Аристотель сиёсий муносабатларни фақат тенг ва эркин одамлар ўртасида бўлиши мумкинлигини қайд этар экан, давлатнинг моҳияти тўғрисида қуйидаги фикрни илгари суради: “…давлат эркин одамларнинг муносабатидир”5 . Шу билан бирга, мутафаккир “…инсон ўз табиатига биноан сиёсий мавжудот эканлигини” очиб беради. Албатта, Аристотелнинг бу фикрларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, кўз олдимизда сиёсатшунослик фанининг аҳамияти янада кенгроқ ва чуқурроқ намоён бўлади.
Аристотель сиёсат мавзусини ниҳоятда чуқур таҳлил этиш асносида қуйидаги фикрни илгари суради: “Агар барча фанлар ва санъатларнинг охирги мақсади фаровонлик бўлса, барча фанлар ва санъатларнинг, айниқса, сиёсатнинг энг бош ва устувор мақсади олий фаровонликдир”6 . Мутафаккир бу фикри билан сиёсатни жамият фаровонлигини оширишдаги аҳамиятини очиб бериш баробарида, унинг бошқа фанлар ва санъат билан ўзаро уйғун ҳолдаги мақсадини ҳам аниқлаштириб берди. Шу билан бирга, Аристотель сиёсатни фан сифатида барча фанлар қаторида қайд этиш баробарида унинг асосий бош мақсадига алоҳида урғу беради. Бу ҳолат сиёсатга оид фанларни қадимги даврда ҳам юқори мақомга эга эканлигини англатади.
Сиёсатшунослик энг қадимги даврда шаклланган фан бўлиши билан бирга ёш фандир. Чунки бу фанга бир бутун ҳолда, тизимли таълимот сифатида қарашлар фақат бундан юз йилдан олдинроқ давр ичида пайдо бўлди. Кейинги 1-1,5 аср ичида жамиятда сиёсатшуносликни ўрганишга зарурат жуда ҳам кучайди. Илгариги пайтларда “бу фан билан фақат юқори элита қатламлари шуғулланишлари лозим” деган қарашлар ҳукмрон бўлса, кейинги даврга келиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳокимиятни учга бўлиниш принципини амалга ошириш, кўппартиявийликни ривожлантириш, муқобил сайловларни ташкил этиш, фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокларини таъминлаш каби заруриятлар ҳар бир фуқарони сиёсатшунослик фани асосларини чуқур билишини тақозо эта бошлади.
Шу билан бирга, ўтиш даврини ўз бошидан кечираётган мамлакатларда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотларини бошланиши ҳам бу фанни ўрганишни долзарб вазифа сифатидаги аҳамиятини ошира бошлади. Зеро, сиёсатшунослик фани асосан демократик сиёсий тизимлар, давлат ва жамиятни ривожлантириш қонуниятларини ўрганадиган ва бу соҳада таълим берадиган бирдан-бир фан ҳисобланади. Шу сабабли ҳам сиёсатшунослик яхлит ва мустақил академик фан сифатида ривожланди.
1. Сиёсатшунослик фани предмети, объекти

ва вазифалари

Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, сиёсатшунослик асосан жамиятнинг сиёсий тизими ҳақидаги фандир. Аммо бу этимологик талқин мазкур фаннинг тўлиқ мазмун-моҳиятини очиб бера олмайди, балки у фақат бу фанни тадқиқот объектини ва унинг ўзига хос хусусиятларини ифодалаб бериши мумкин, холос. Шу сабабли ҳам сиёсатшунослик фанининг объекти ва предметини билишга зарурият туғилади. Маълумки, ҳар бир фаннинг объекти сифатида доимо аниқ воқеликнинг маълум бир соҳасини мавжуд бўлиши шарт қилиб қўйилган. Шу билан бирга, ҳар қандай фан предмети маълум тадқиқот натижаларига асосланади, бу жараёнда олимлар маълум бир фан учун тегишли бўлган ўзига хос хусусиятларни ифода этувчи қирраларни ажратиб кўрсатиши, ўрганилаётган объектнинг ривожланиш ва амал қилиш қонуниятларини белгилаб бериши талаб этилади. Аксарият сиёсатшунос олимларнинг бир тўхтамга келган фикрича, сиёсатшунослик фанининг объекти (сиёсий деб номланадиган) ижтимоий ҳаётнинг хусусиятлари, алоқалари ва муносабатларининг бир бутун жамулжамидан иборатдир. Бошқача айтганда, сиёсатшунослик фанининг объекти ижтимоий ҳаётнинг сиёсий соҳаси ҳисобланади. Бу соҳа асосан қуйидагилардан иборатдир:
–жамият ҳаётининг сиёсий соҳаси – бу асосан давлатга оид ўзаро ташкилий алоқалар, хатти-ҳаракатлар ва муносабатлар соҳасидир. Аксарият олимлар сиёсат – инсоннинг давлат ишларида бевосита фаол иштирок этиши, деб қарайди. Албатта, қадимги давлатлар ташкил топганидан буён давлатга “ижтимоий уюшиш шакли”, деб қараш анъанавий русумга кириб, бу соҳага сиёсий ҳаётнинг асоси деб қарала бошланди. Шунинг учун ҳам дастлабки сиёсий фан предмети – бу давлатни ўрганишдир, деган тасаввурлар ривожланди. Қадимги даврда “сиёсат” (“politika”) сўзи юнонча “полис” – шаҳар-давлат маъносини англатганлиги ҳам бежиз эмас эди. Шунинг учун ҳам сиёсий фан отаси – Аристотелнинг “La politika» номли трактатининг номи “давлатга нима тегишли бўлса, шу ҳақда”, деган тушунча маъносини англатиши ҳам табиий бир ҳолдир. Шу билан бирга, Аристотель полисга фақат жуғрофий ва миллий-давлат тузилмаси сифатида эмас, балки фуқаролар фаоллигининг кенг майдони сифатида қараганлиги ҳам бу фикрнинг тўғрилигини исботлайди;
–қадимдан бошлаб давлатни ўрганишдаги асосий йўналишлар – бу давлат тузумини энг яхши шаклини (деспотия, демократия, олигархия ва бошқа) яратиш масаласини ҳал этишга қаратилган эди. Демак, қадимги даврлардаёқ сиёсий ҳаётнинг муҳим соҳаси сиёсат оламининг ўзагини ташкил этувчи ва алоҳида таснифларга эга бўлган ҳокимият ҳақидаги масала эканлиги аниқланиб бўлган эди. Шунинг учун ҳам сиёсатшуносларнинг асосий вазифаси – нафақат ҳуқуқий фанлар предмети бўлган давлатнинг ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил этиш, балки умумий манфаатларни амалга оширишни бош мақсад қилиб олган давлат ва ҳокимиятга оид муносабатларни жамият сиёсий институтлари сифатида тадқиқ этишдан иборатдир. Шу муносабат билан сиёсатшунослик фанининг ўрганиш предмети – бу сиёсий ҳокимият, унинг моҳияти ва тузилмалари, бу ҳокимиятни амалга ошириш ва унинг тақсимланиш механизмлари, ҳокимиятнинг ўзини жамият аъзоларининг кўпчилик қисми томонидан қўллаб-қувватлашига эришишини таъминлаш қобилияти, сиёсий ҳокимиятнинг жамият фаолиятини назорат қила олиш қобилияти кабилардир;
–XIX асрга келиб узоқ даврлар мобайнида шаклланган сиёсий қарашлар тубдан ўзгарди: сиёсий ҳаётга нисбатан ўз шахсий ёки тор гуруҳий манфаатлари йўлида сиёсий муносабатлар ва жараёнларда иштирок этаётган алоҳида индивиднинг эмас, балки ижтимоий бирликларга (ижтимоий гуруҳлар, табақалар, синфлар, миллатлар ва ҳ.к.) уюшган индивидларнинг ўзаро хатти-ҳаракати сифатида қарала бошланди. Ҳар бир ижтимоий бирлик ўзининг ижтимоий манфаатларига эгадир, деган қарашлар русумга кирди. Ижтимоий манфаатлар – бу инсонларнинг ва ижтимоий бирликларнинг англанган ёки англанмаган ҳолатдаги ўз хатти-ҳаракатларида амал қиладиган, шу билан бирга, аниқ рўй берадиган ҳаётий интилишлари бўлиб, улар бу билан жамиятдаги ўз объектив ўрнини аниқлаштириб олади. Мазкур жараёнларда манфаатларнинг ўзаро келишуви рўй беради, шу асосда жамиятда ҳокимиятларнинг бўлинишини амалга ошириш учун шарт-шароитлар етилади;
–жамиятдаги ижтимоий гуруҳлар ва қатламлар ўз ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўзларининг сиёсий ва ижтимоий ташкилотлари – партиялар, касаба уюшмалари, ҳаракатлар, нодавлат ташкилотлар кабиларни тузади. Бу ташкилотлар ва бирлашмалар ўзларининг мафкуравий тизимларини ишлаб чиқади, уларни тарғибот воситасида ўзига тегишли бўлган ижтимоий қатламлар ва гуруҳларга тегишли бўлган кишилар ижтимоий фикрларини шакллантиради. Мафкура ўз ўрнида институционал муносабатларда (турли жамият институтлари вакиллари ўзаро муносабатларида) аҳамият касб эта бошлайди, муайян ижтимоий-тарихий шарт-шароитларда яшаётган одамлар ўртасида сиёсий воқеликни далиллайди, асослайди, оқлайди ёки рад этади. Амалда сиёсат турли мафкуралар ва ғоявий-сиёсий оқимлар илгари сураётган кучлар ўзаро тўқнашувлари майдонига айланади. Шунинг учун ҳам сиёсий ташкилотлар, манфаатлар гуруҳлари, мафкуравий таълимотлар фаолиятини ўрганиш сиёсатшуносликнинг асосий вазифалари сирасига киради.
Умуман, хулоса қилиб айтганда, сиёсатшунослик фанининг предметини қуйидагича таърифлаш мумкин: сиёсатшунослик – бу сиёсий субъектлар, сиёсий институтлар ва сиёсий онг кабилар таркибини ташкил этган сиёсий тизимда амал қилаётган ва ривожланаётган давлат билан ҳамжиҳатликдаги уюшган жамият ҳақидаги фандир.
Сиёсатшунослик фанининг жамият сиёсий тизими тузилмалари ва уларнинг амал қилишини ўрганиш мақсадидан келиб чиқиб қуйидаги асосий вазифалари шаклланди:
–жамият сиёсий тизимини шаклланиш ва ривожланишининг умумий ва ўзига хос хусусиятларини яхлит ҳолда, шунингдек, унинг таркибини ташкил этувчи сиёсий институтлар (сиёсий ҳокимият, сиёсий партиялар, сиёсий етакчилик, сиёсий элита, сайлов тизимлари ва ҳ.к), сиёсий муносабатлар ва жараёнларни тадқиқ этиш;
–сиёсий тизимни яхлит ҳолда ва унинг асосий унсурларини ўзгартириб ва тўғрилаб боришга имкониятлар яратувчи механизмларни яратиш ва уларни такомиллаштириш;
–сиёсий тизимни ривожлантиришда пайдо бўлиши мумкин бўлган инқироз вазиятлари сабабларини аниқлаш ва уларни мувофиқлаштириш тавсияларини ишлаб чиқиш;
–ҳаётда рўй бераётган сиёсий жараёнлар, уларнинг пайдо бўлиш сабаблари, жамиятни ривожлантиришдаги ролини турли далиллар воситасида тушунтириш;
–жамият сиёсий тизимини барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратишга доир назарий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш.
Сиёсатшунослик фанининг функциялари:
-дискриптив функция (сиёсий ҳодисалар ва уларнинг характерли белгиларини ички ва ташқи алоқаларини тўлиқ тасвирлаш учун мўлжалланган функцияси) асосан сиёсий ҳодисаларни ташқи ва ички алоқаларини ва уларнинг характерли белгиларини ҳар томонлама ва тўлиқ равишда тасвирлаш мақсадидаги заруриятдир. Бу функцияни бажариш объектнинг ҳолати билан белгиланувчи, шунингдек сиёсий ўзгаришлар ҳақида аниқ ва ҳақиқий билимлар олишга бўлган жамият эҳтиёжларига, профессионал ижрочилар ва бошқа шароитлар мавжудлигига боғлиқ равишдаги талаблар асосида воқеликларни қабул қилишни англаш жараёнини бойитиш ва ўзгартиришни назарда тутади;
–сиёсатшунослик фани баҳолаш функциясини ҳам бажариб, унда у ёки бу ижтимоий субъектнинг сиёсий объектлар тўғрисидаги нуқтаи назаридан ҳукмлар чиқаришини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор қабул қилиш жараёни амалга оширилади. Бошқача айтганда, сиёсий ҳодисалар олимлар томонидан амал қилиш шарт бўлган ва илмий таҳлилнинг таркибини ташкил этадиган қадриятли баҳолашларга учрайди. Албатта, бунда “тарафкашлик”ка йўл қўйилмайди, балки бу жараён англашнинг ўзига хос йўли сифатида намоён бўлиб, ҳодисаларни сиёсий фактларга айлантирувчи субъектив аҳамиятга молик воқеликларга нисбатлар беришдан иборат ҳолда амалга оширилади;
–сиёсатшунослик қиёслаш функциясини бажаради. Унда турли тенденциялар ва уларни ривожланиши, таснифлашлар, қонуниятлар кабиларга оид хулосалар ва баҳолашларни шакллантиришдан олдин турли сиёсий ҳодисалар (ҳокимиятлар тизимлари, идора этиш режимлари, сиёсий маданият турлари ва бошқалар) ўзаро қиёсланади;
–сиёсатшуносликнинг қайта ўзгартириш функцияси ҳам муҳим аҳамиятга молик жараёндир. У жамият эҳтиёжлари асосида ҳокимият соҳасининг амалий фаолиятига киритиладиган, давлат бошқарувидаги “чиқим ва харажатларни” камайтирадиган, эришадиган натижаларни мақсадларга мувофиқ келишини таъминлайдиган билимларни шакллантиришни назарда тутади. Шу тариқа, сиёсий фан у ёки бу даражада ҳокимият соҳасида амалий ўзгаришлар қилиш билан боғлиқ бўлиб, у турли сиёсий кучларни мақсадлар сари хатти-ҳаракатларига таъсир этиб туради;
–сиёсий фан башорат қилиш функциясини ҳам бажаради. Унга мувофиқ, мақсадларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайдиган, гипотетик тарзда бўлажак ўзгаришларни аниқлашга уринувчи, амалга оширилган хатти-ҳаракатларни эътироф этувчи билимларни ишлаб чиқиш зарурияти асосида истиқболда рўй бериши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида тахминий тасаввурлар шаклланади. Мазкур функцияни амалга ошириш натижасида ҳокимият учун интилаётган кучларнинг долзарб хатти-ҳаракатларини тўғрилаб туриш имконини берувчи сиёсатнинг келажакдаги дастлабки қиёфаси шаклланади;
–сиёсатшунослик фанининг ижтимоийлаштириш функцияси ҳокимият муносабатларида иштирок этадиган кишиларнинг сиёсий онгини шакллантиришга қаратилган. Бу функцияда сиёсий фан у ёки бу даражада сиёсий жараёнларга тортилган индивидларнинг ҳаётий фаолиятларини кузата бориб, уларнинг ҳокимият соҳасида турли ролларни бажаришида, ўз манфаатларини ҳимоялаш учун сиёсий ҳокимиятдан фойдаланиш имкониятларини аниқлашда уларнинг тасаввурларини рационал тарзда шаклланиши учун шарт-шароитлар яратиб беради.7  Бу функция индивидлар сиёсий маданиятини шакллантириш омили сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Сиёсатшунослик фанининг юқорида қайд этилган мақсад ва вазифаларидан кўриниб турибдики, унинг жамият сиёсий тизимини ўрганишдаги тадқиқ этиш, башорат қилиш ва амалий роли бениҳоя каттадир.
2. Ижтимоий фанлар тизимида сиёсатшунослик

фанининг ўрни

Сиёсатшунослик фани ўзининг мақсад ва вазифаларини бошқа ижтимоий фанлар билан ўзаро алоқадорликда ва ўзаро ҳамкорликда, шунингдек бошқа фанлар ютуқларидан фойдаланган ва унга таянган ҳолда амалга оширади. Бошқа ижтимоий фанлар билан ўзаро алоқадорлик асосида жамият ҳаётини ижтимоий тараққиёт жараёни билан чамбарчаслиги ва умумий чатишиб кетиши (иқтисодий, сиёсий, психологик, маданий ва бошқа жиҳатлардан) ётади. Шунинг учун ҳам ҳар қандай сиёсий, ижтимоий ёки иқтисодий назария бу каби ўзаро алоқадорликларга асосланмай иложи йўқ. Жамиятда доимий тарзда муҳим ижтимоий қадриятлар билан боғлиқ бўлган муаммолар пайдо бўлиб турадики, уларни фақат барча ижтимоий фанлар ўзаро бирлигида ўрганиш ва ечимини топиш мумкин. Бу каби қадриятларнинг энг асосийлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин: жамиятнинг моддий фаровонлиги ва унинг барқарорлиги; миллий хавфсизлик; фуқаролар эркинлиги, конституциявий тартибот ва бошқалар.
Ижтимоий фанларнинг ўзаро алоқадорлиги ва ҳамкорлиги яна шунинг учун ҳам зарурки, жамиятдаги ижтимоий ривожланиш муаммолари сабабларини ўзига хос томонларини ўрганиш ва уларнинг ечимларини топиш учун уларнинг турли муҳим (иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий, этикавий, психологик) жиҳатларини ҳар бир фан ўзига тегишли бўлган объектлар ва усуллар воситасида тадқиқ этиб, сўнгра барча ижтимоий фанларнинг тадқиқот натижалари умумлаштирилганида жамиятда пайдо бўлган муаммоларни бартараф этишга имконият туғилади. Шунингдек, аксарият ҳолатларда жамиятдаги муаммоларни тадқиқ этиш сиёсий характер касб этади. Масалан, иқтисодий назария нафақат бозор муносабатлари қонунлари, қонуниятлари, бозорни ўзини ўзи ташкил этиши, ўзини ўзи мувофиқлаштириши, ўзини ўзи тўғрилаб туриши, балки давлат сиёсатининг бутун бир жамият иқтисодий тизими амал қилиши учун қўллайдиган усулларини ҳам ўрганади. Яна иқтисодиёт иқтисодий назарияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш принциплари ва иқтисодий жараёнларни, иқтисодий стратегия ва тактикани давлат томонидан мувофиқлаштириб туриш масалаларини ҳам ўрганади. Бу ҳолат иқтисодий назариялар хулосаларини сиёсий фанлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этадиган жиҳатларини юзага чиқаради, иқтисодий масалаларни ҳал этиш учун сиёсий муаммоларни ўрганишга зарурият пайдо бўлади. Масалан, улардан бири – иқтисодий жараёнлардаги муҳим йўналишлардан бири – жамиятнинг маълум ижтимоий қатламлари сиёсий манфаатларини мувофиқлаштириш масалаларини таҳлил этишдан иборатдир. Ёки мамлакатлар президентлигига ва ҳукуматига бўлган сайловлар кампаниясида номзодларнинг пухта ишлаб чиққан ва фуқаролар учун истиқболга эга бўлган иқтисодий дастурлари уларни сиёсий ҳокимиятни эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратади. Шу билан бирга, сиёсатшунослик фани иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, иқтисодий жараёнларни давлат томонидан мувофиқлаштириш принципларини илмий асослаб беришда муҳим рол ўйнайди.
3. Сиёсатшунослик фанининг бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорлиги
Жамият сиёсий тизимини ривожлантириш масалаларини нафақат сиёсий фанлар, балки сиёсий тарих, социология, ҳуқуқ каби бошқа ижтимоий фанлар томонидан ҳам тадқиқ этиш тақозо этилади. Лекин, шуни эсда тутиш лозимки, мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлган жамият сиёсий тизимини ўрганишдаги бош рол сиёсатшунослик фанига тегишлидир. Яна шуни қайд этиш зарурки, барча ижтимоий фанлар ҳам ўз соҳалари бўйича асосий ролни бажаради.
Таниқли АҚШ сиёсатшуноси Ч.Мерриам сиёсатшунослик фанининг бошқа ижтимоий ва табиий фанлар билан ўзаро алоқадорлигини қуйидагича ифодалаган эди: “Сиёсат тадқиқотчиси учун ижтимоий фанларни табиий фанлар ютуқлари билан интеграциялаш (табиий ва “нотабиий” фанларни бирлаштириш) янада муҳимроқ аҳамият касб этиб бормоқда. Шу нарса янада аниқлашиб бормоқдаки, инсон хулқида рўй берадиган ҳодисаларнинг ижтимоий ва сиёсий оқибатлари тўғрисида сўнгги сўзни айтишда табиий билимларни қўллаш ниҳоятда муҳимдир. Вақтлар ўтиб, инсон хулқини илмий ижтимоий назорат қилиш эҳтимоли жуда ҳам кам эканлигини жамиятшуносларга нисбатан табиий фанлар олимлари яхшироқ ўзлаштиргани маълум бўлмоқда. Биология, психология, антропология, психопатология, тиббиёт, ер ҳақидаги фанлар ўз тадқиқотлари натижаларини ижтимоий вазиятларда фойдаланиш йўлида илгарилаб бормоқда. Уларнинг вакилларини ҳамма ёқда – Конгрессда, марказларда, судларда, бошқарув таркибида учратиш мумкин. Бу янги йўналишларга ўзининг барча даъволари билан сиёсатшунослик фани қандай муносабатда бўлиши мумкин?.. Бошқарув тизимлари ва психологик ҳамда биологик фарқлар ўртасида қандайдир алоқалар мавжудлиги тўғрисидаги масалалардан ҳам қочиб бўлмайди. Табиат ва инсонлар тенглигининг тақсимланиши ҳозирги даврда психологлар томонидан тадқиқ этилмоқда ва шу нарса аниқки, сиёсатшунослик психологиянинг бу каби ривожланиш имкониятларини ўрганишдан ўзини четга торта олмайди”8 .
Шу тариқа, сиёсий фанларни бошқа фанлар билан ўзаро алоқалари шунда намоён бўладики, аксарият сиёсий жараёнларни нафақат сиёсий фанлар, балки бошқа фанлар томонидан ҳам ўрганишга зарурият сезилади. Сиёсатшунослик фанининг бошқа ижтимоий фанлар билан туташуви унинг илмий ишланмалар ишлаб чиқишда фаол таянч вазифасини бажаришидир. Масалан, сиёсатшунослик фани назариялари ва қонуниятлари ҳуқуқий фанларнинг қуйидаги соҳаларидан фойдаланади: сиёсий институтлар, сиёсий жараёнлар, сиёсий муносабатларни ҳуқуқий асослаш, расмийлаштириш ва баҳолаш, уларни бир меъёрда ривожланиши ва амал қилиш кафолатини таъминлаш ва ҳоказо. Сиёсатшуносликнинг объекти ва тадқиқот усулларига давлат-ҳуқуқ фани жуда ҳам яқин келиб, бу соҳада сиёсатшунослик фани сиёсий қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини ҳам ўрганади. Шунингдек, сиёсий ва ҳуқуқий фанларнинг бир-бирлари билан ўзаро чамбарчас алоқалари сиёсий ҳокимиятнинг жамиятда ижтимоий меъёрларни амалий жиҳатдан қўллаш роли билан боғлиқлигидадир. Шу билан бирга, сиёсий ҳокимият ҳуқуқий рассмийлаштиришсиз фаолият юрита олмайди.
Сиёсатшунослик фанининг сиёсатнинг ижтимоий муҳит билан ўзаро хатти-ҳаракатини ўрганадиган сиёсий социология фани билан ҳам алоқалари мустаҳкамдир. Олимлар – Р.Бендикс ва С.М.Липсетларнинг фикрича, “давлатдан келиб чиқадиган ва уни жамиятга таъсирини ўрганадиган сиёсатшуносликдан фарқ қилиб, сиёсий социология жамиятдан келиб чиқади ва унинг давлатга таъсирини, яъни ҳокимиятни бўлиниш ва амалга ошириш хизматчилари бўлган расмий институтларни ўрганади”. Сиёсий социология жамият ижтимоий тузилмаларини таҳлил этади, онг ва ижтимоий манфаатларни, индивидлар ва турли ижтимоий гуруҳлар хулқи мотивларини, ижтимоий фикрларни, уларни сиёсий муносабатларга таъсирини, сиёсий ҳокимиятни ижтимоий табиати кабиларни ўрганади, Шунинг учун ҳам тадқиқот объекти нуқтаи назаридан сиёсатшунослик ва сиёсий социология фанлари бир-бирларига жуда ҳам яқин туради. Лекин англаш предмети бўйича улар ўртасида жиддий фарқланишлар ҳам мавжуддир.
Сиёсий тарих жамият сиёсий ташкилоти принципларини, замонавий сиёсий тизимлар ва уларнинг алоҳида тизим ости унсурларини (сиёсий институтлар, сиёсий муносабатлар, сиёсий жараёнлар ва бошқалар) тадқиқ этиш учун зарур бўлган хулосаларга доир материаллар манбаидир. Бу каби материаллар сиёсатшунослик фанини аниқ ва ишончли бўлишини таъминлайди. Шунинг учун ҳам инглиз тарихчиси Э.Фримэн қуйидаги фикрни билдирганида минг карра ҳақ эди: «Тарих – бу ўтмишдаги сиёсат, сиёсат эса – бу ҳозирги тарихдир». Испан олими А.Гарсиа Тревихано эса бу ҳақда қуйидаги фикрни билдирган эди: «Тарихчи ўтган даврга тегишли иш билан машғулдир. У ижтимоий формацияларни бошланиши, ривожланиши ва тугашини кузатиши мумкин. Сиёсатшунос эса, аксинча, тарихга спектаклни томоша қилгандай қарайди, уни ҳаракат сифатида қабул қилади. Унинг сиёсий таҳлили тарихчи таҳлилидан фарқ қилиб, у ўзида амалиётга қўлламоқчи бўлган сиёсий лойиҳа нуқтаи назаридан онгли равишдаги қизиқишни ифодалайди. Унинг машаққатларини объектив манбаи шундаки, у сиёсий вазият ҳолатини тарихий шаклга кирмасидан олдин, яъни қайтарилмас ҳолатига айланмай туриб аниқ баҳолаши лозим. Бу жараён машаққатларининг субъектив манбаи аксарият ҳолатларда ўзининг шахсий истакларини воқелик билан қориштириб юборишга ундайди”.
Шунингдек, ҳодисалар ва жараёнларни тадқиқ этишнинг фалсафа фани усуллари сиёсатшунослик фанида ҳам қўлланилади. Қадимги даврлардан бошлаб сиёсатшунослик билан фалсафа ўртасида мустаҳкам алоқалар шаклланган. Кейинчалик фалсафани табақалаштириш натижасида бошқа турли фанлар пайдо бўлди. Жумладан, сиёсатшунослик ҳам фалсафадан ажралиб чиққани билан унга методологик асос сифатида қарайди, фалсафа сиёсий ҳодисалар ва жараёнларга доир йўналишларни дунёқарашлар сифатида асослаб беради. Сиёсий фалсафа асосан сиёсатнинг фалсафий асосларини таҳлил этади. Маълум бир маънода сиёсий фалсафани сиёсий воқеликнинг таркибий қисми сифатида эътироф этиш мумкин. Зеро, ҳар қандай сиёсий режим ўзини яшашини фалсафий оқлашга зарурат сезади. Бу каби оқлашлар ва тушунтиришларнинг муқобиллари кўп бўлиб, улар турли ғоявий-сиёсий оқимлар – либерализм, консерватизм, социал-демократизм каби мафкураларда намоён бўлади. Улар фалсафадан фарқ қилиб, воқеликлар ва умуман ҳодисалар табиатини англашга ёрдам беради, сиёсий файласуф эса ўз диққат-эътиборини сиёсий олам табиати – эзгулик ва ёвузлик табиатини таҳлил этишга қаратади. Адолатлилик ёки адолатсизлик, такомиллашиш ва такомилга эришмаслик, сақлаш ва ўзгариш, қўллаб-қувватлаш ёки айблаш кабилар эса сиёсий фанлар томонидан ўрганилади. Сиёсий фалсафанинг моҳиятини АҚШнинг дастлабки президентларидан бири А.Линкольннинг қуйидаги пурҳикмат сўзларидан англаш мумкин: “халқ учун ва халқнинг ўзи амалга оширадиган халқни бошқариш учун”.
Сиёсатшунослик ижтимоий психология билан ҳам яқин алоқада бўлиб, сиёсий вазиятни таҳлил этишда аҳолининг психологик кайфиятини, алоҳида шахслар ва ижтимоий гуруҳларнинг ҳаракатлари мотивларини эътиборга олади. Сиёсий психология кишилар сиёсий кайфиятидаги идроклаш, мотивациялар, орзу- умидлар, эътиқодлар, йўналишлар ва йўл-йўриқлар ролини ўрганади. Шунинг учун ҳам сиёсий психология асосчиси Г.Ласуэлл 1930 йилда “Психология ва сиёсат” номли китобини эълон қилган эди.
Шунингдек, сиёсатшунослик табиий фанлар тадқиқотлари натижаларидан ҳам фойдаланади. Жумладан, жуғрофия, антропология, демография каби фанлар илмий ютуқлари сиёсатшунослик фанини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Антропологиянинг предмети этник ҳамжамиятларда, айниқса ривожланаётган ва примитив жамиятлардаги бошқарув институтлари ва уларни амалий функциялари ҳисобланади. Шунингдек, унинг қизиқиш майдонларидан бири – бу гуруҳлардаги, жамоалардаги ва ҳамжамиятлардаги нисбатан кенг маданиятга эга аҳоли сиёсий хулқини ўрганишдир. Сиёсий-антропологик тадқиқотлар турли сиёсий тизимларни қиёслаш, кишилар сиёсий хулқидаги этник омилларни аниқлаш учун имкониятлар яратади. Сиёсий жуғрофия эса сиёсий жараёнларни турли маконлардаги ҳолатига боғлиқ эканлигини, сиёсатнинг иқтисодий-жуғрофий, иқлим ва бошқа табиий омиллар миқёси билан (океанларга яқинлиги, тоғлик ёки текисликка жойлашганлиги, табиий бойликларга эгалиги ёки уларнинг мавжуд эмаслиги кабиларга) боғлиқ эканлигини ўрганади.
Шу билан бирга, сиёсатшунослик кибернетикадан ҳам кенг фойдаланиб, унинг ёрдамида сиёсий тизимни моделлаштиради, давлат тузумининг нисбатан мақсадга мувофиқ муқобилларини аниқлайди, марказий ва маҳаллий ҳокимиятлар ўзаро нисбатларини ўрганади.
Умуман, хулоса қилиб айтганда, сиёсатшунослик фақат бошқа фанлар билан алоқадорликда ва ҳамкорликдагина давлат сиёсатни ишлаб чиқишга ўзининг самарали ҳиссасини қўша олиши мумкин. Сиёсий фанлар тадқиқотлари асосида сиёсий аҳамият касб этадиган ижтимоий муаммоларни аниқлаш мезонлари ишлаб чиқилади, давлат сиёсатини ишлаб чиқиш жараёни зарурий ахборотлар билан таъминланади, давлатнинг ижтимоий, миллий ва бошқа сиёсатлари ишлаб чиқилади, ижтимоий ихтилофларнинг олди олинади, уларнинг қутблашган манфаатлари ўзаро келиштирилади.
4. Сиёсатшунослик ўқув фани сифатида
XIX–XX асрлар тарихга ҳозирги замонавий сиёсий қарашларнинг шаклланиш ва ривожланиш даври бўлиб кирди. Замонавий сиёсий қарашлар илк бор АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатларида ривожланди. АҚШда сиёсий фанларнинг ривожланиши, сиёсатшунослик фанининг жамият ҳаётидаги ўрнини ошиб бориши бу мамлакатда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятига хос бўлган тарихий тараққиётга боғлиқ ҳолда кечди.
АҚШ сиёсатшунослари Америкада сиёсатшунослик фанини ривожланиш жараёнини тўртта босқичга ажратиб кўрсатади:
1) XIX асрнинг охиридан биринчи жаҳон урушигача бўлган давр;
2) Биринчи ва иккинчи жаҳон уруши ўртасидаги давр;
3) Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр;
4) 1960 йилдан ҳозирги давргача.
Биринчи давр замонавий сиёсатшуносликнинг қарор топган даври сифатида талқин этилади. Бу даврни немис мухожири Ф.Либер (у 1857 йилда Колумбия университетида АҚШда биринчи марта очилган сиёсий фанлар кафедрасига биринчи мудир бўлиб тайинланган эди) бошлаб берди. 1830 йилдан бошлаб сиёсатшунослик фани олий таълим жараёнига киритила бошланди. Бу даврда АҚШнинг йирик университетларида (Колумбия, Йель, Гарвард, Принстон ва бошқа) сиёсий фанлар олий мактаблари ва сиёсий фанлар бўлимлари ташкил этилди. Шу каби мактаблардан бири 1880 йилда Колумбия Университетида ташкил этилган сиёсий фанлар мактабидир. АҚШда бу санани сиёсатшунослик фанининг махсус фан сифатида пайдо бўлган вақти сифатида нишонлаш анъанага айланган. Бу даврда АҚШда сиёсий фанлар анъанавий давлат ва ҳуқуққа оид фанлардан фарқли ўлароқ, давлат билан жамиятнинг ўзаро алоқадорлиги, давлат, ҳукумат, сиёсий ва нодавлат институтлар фаолиятини умумий жиҳатлари таҳлилларига эмпирик ёндашув асосида алоҳида аҳамият бериш анъанаси билан боғлиқ ҳолда шаклланди. Бу даврда Жон Берджес, Теодор Дуайт Вулси, Вудро Вильсон каби олимлар сиёсатшунослик фанини фуқаролар сиёсий қарашларини оширишга кучли таъсир кўрсата оладиган даражага олиб чиқди.
АҚШда 1906 йилга келиб маҳаллий даражада, 1914 йилдан эса федерал даражада сиёсий жараёнларга доир эмпирик тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган янги марказлар ташкил этилади. Бу ўзгаришлар Европа давлатлари ва мамлакат сиёсий ҳаётидаги кескин ўзгаришлар, айниқса, фашистик ва авторитар режимларнинг ўрнатилиши билан боғлиқ ҳолда кечди. Бу даврга келиб, Америка сиёсий фанлари гуманитар ва табиий фанлар билан алоқадорликдаги тадқиқотларни ўтказа бошлади. Бу ҳолат социология фани билан ҳамкорликда яққол сезилди. Шунингдек, АҚШ сиёсатшунослик фани психология фани билан ҳам ўзаро алоқадорликда такомиллашиб борди.
Сиёсатшунослик фани ўзининг иккинчи ривожланиш босқичида (айниқса, 1920–1940 йй.) ўзининг концептуал мазмунига эга бўлди. Сиёсий фанларнинг ривожланишида Чикаго университети катта рол ўйнади. Кейинроқ бу фан Мичиган университетида ривожланиб, унинг қошида “Ижтимоий тадқиқотлар институти”, Мичиган шаҳрида эса “Тадқиқот маркази” очилди. Шунингдек, Колумбия университети қошида “Амалий ижтимоий тадқиқотлар бюроси” ишга тушди. Сиёсий фанлар сиёсий ислоҳотлар воситаларидан бирига айланди.
Биринчи жаҳон урушидан кейинги йилларда (учинчи босқичда) АҚШ сиёсий фанларида туб ўзгаришлар рўй берди. Сиёсий тизим ва сиёсий муносабатларни тадқиқ этиш усули – бихеовиоризм – психология, социология ва сиёсатшунослик фанларининг бирлашган усули сифатида қарор топди. Унинг асосий муаллифи А. Бентли ўзининг «Бошқариш жараёнлари» (1908 й.) асарида сиёсий жараёнларда манфаатдор гуруҳлар хулқ-атворини ўрганишни илгари суриб, биринчи навбатда, бу соҳада сиёсий фанларга муҳим аҳамият бериш лозим, деган ташаббусни илгари сурди. Кейинчалик бу йўналиш Ч. Мерриам, В.Манроу ва Г. Лассвелл кабилар томонидан ривожлантирилди.
Сиёсий фанлар ривожининг тўртинчи босқичида бихевиоризм инқирозга учраб, сиёсий фанларнинг тизимли ва тузилмавий-функционал таҳлил этиш усулларини ривожлантиришга доир назариялар кашф этилди. Бу соҳани ривожланишига Д. Истон, Г. Алмонд, С. Хантингтон, Ж. Фарр, Ж. Пауэлл, Ж. Колеман каби олимлар катта ҳисса қўшди. Сиёсий фанлар бир неча йўналишларга бўлинди: сиёсий фалсафа (Жон Роулс, Ион Элстер, Брайэн Барри, Жон Ганнелл; сиёсатшуносликнинг рационал-фаолиятли (rational-actor) ёндашуви, сиёсий иқтисод, сиёсий назария, когнитив сиёсий фан (Рикер, Ордешук, Тейлор) . Бу пайтда ҳам бихевиоризмнинг асосий мафкурачилари – Д. Истон («Political system») ва Г. Алмонд кабилар ўз тадқиқотларини янада чуқурлаштирди.
Ҳозирги даврга келиб АҚШда сиёсатшунослик турли ривожланиш босқичларини ўз бошидан кечираётган билимларни уйғунлаштириб турувчи фанга айланди. Америка сиёсий фанлар уюшмаси томонидан тасдиқланган ва эътироф этилган қуйидаги сиёсий фанлар янада ривожланиб бормоқда: 1) сиёсий назария ва сиёсий фалсафа (сиёсий фикрлар тарихини ҳам ўз ичига олади) ; 2) Америка бошқаруви ва сиёсати; 3) Қиёсий сиёсатшунослик; 4) Халқаро муносабатлар ва халқаро сиёсат; 5) Ижтимоий бошқарув ва сиёсат.
Шунингдек, сиёсатшунослик фани Европада ҳам тезлик билан ривожланиб борди. Францияда сиёсатшунослик фан сифатида XIX асрнинг охирларидан бошлаб шакллана бошлади. Бу жараён конституциявий хуқуқнинг сиёсийлашуви, шунингдек, унинг таркибига сиёсий масалаларнинг аста-секин кириб келиши, конституциявий хуқуқнинг социология билан яқинлашиши ва баъзи олимларнинг конституциявий хуқуқ доирасини кенгайтиришга интилиши кабилар сиёсий фанларнинг қарор топишига сабаб бўлди. Бу жараённинг авж олишига рус мухожир ҳуқуқшуноси, проф. М. Я. Острогорскийнинг илмий фаолияти («Демократия ва сиёсий партияларнинг ташкил топиши» номли асари 1903 йилда Францияда нашр этилган) кучли таъсир қилди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин сиёсий фанларни жаҳон миқёсида ривожланиши учун шарт-шароитлар етилди. Бу даврда ЮНЕСКО сиёсий фанларни демократик жараёнларда муҳим аҳамият касб этишини эътиборга олиб, уларни ривожлантиришга доир чора-тадбирларни кўра бошлади.1948 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан Парижда сиёсий фанлар масалалари бўйича халқаро коллоквиум ташкил этилди. Коллоквиумда махсус ҳужжат қабул қилиниб, унга биноан сиёсий фанларнинг таркибий унсурлари тизимлаштирилди. Бу унсурлар тўртта блокка бўлинди:
1.Сиёсий назария: сиёсий назария ва ғоялар тарихи.
2.Сиёсий институтлар: а) конституция; б) марказий бошқарув; в) минтақавий ва маҳаллий бошқарув; г) ижтимоий маъмурият; д) бошқарувнинг иқтисодий ва ижтимоий функциялари; е) сиёсий институтларнинг қиёсий таҳлили.
3.Партиялар, гуруҳлар ва жамоатчилик фикри: а) сиёсий партиялар; б) гуруҳлар ва уюшмалар; в) фуқароларнинг бошқарув ва маъмуриятдаги иштироки; г) жамоатчилик фикри.
4.Халқаро муносабатлар: а) халқаро сиёсат; б) сиёсат ва халқаро ташкилотлар; в) халқаро ҳуқуқ.
1949 йилда ЮНЕСКО доирасида Парижда Сиёсий фанларнинг халқаро уюшмаси ташкил этилди. Унинг ҳар йилда ўтказиб туриладиган конференцияси сиёсий тадқиқотларни ривожланишида муҳим рол ўйнади. Лекин бу даврга келиб ҳам жаҳонда сиёсий фанларни ривожлантиришда АҚШ етакчилик қила бошлади. Сиёсий фанларнинг халқаро уюшмасини ташкил этишда ҳам АҚШ олимлари ўзларининг фаол ташаббускорликларини намойиш қилган эди. Кейинчалик АҚШ ҳудудида бир ярим мингдан ортиқ сиёсатшунослик кафедралари фаолият кўрсата бошлади. АҚШ сиёсий фанлар уюшмасининг ўзи 16 минг аъзоларга эга бўлиб, улар АҚШ сиёсий тизимидаги ҳокимият тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтларига хизмат кўрсатади.
ХХ асрнинг 50-йилларидан бошлаб Францияда ҳам сиёсий фанлар тезлик билан ривожлана бошлади. Сиёсий фанлар маркази сифатида Миллий маъмурий мактаб, Париж университети ҳузурида Сиёсий тадқиқотлар институти, Сиёсий фанларнинг Миллий жамғармаси тузилди, кейинроқ Сиёсий фанларнинг Франция уюшмаси ташкил этилди. 1951 йилдан бошлаб «Сиёсий фанларнинг француз журнали»ни нашр этиш йўлга қўйилди. Шунингдек, Францияда 1956 йилдан бошлаб сиёсий фанлар доктори илмий даражаси таъсис этилди. Ҳукумат декрети билан сиёсий фанлар кафедраларидан ташқари яна мамлакатдаги барча университетларда ўқитиш учун «Конституциявий ҳуқуқ ва сиёсий институтлар» курси жорий қилинди.
1950 йилдан бошлаб Буюк Британияда ҳам сиёсатшунослик фан сифатида ривожлана бошлади. Шу йилда «Қўшма Қироллик сиёсий тадқиқотлар уюшмаси» ташкил этилиб, унинг нашри сифатида «Сиёсий тадқиқотлар» журнали чиқа бошлади. Яна «Британ сиёсий фанлар журнали», «Ҳукумат ва мухолифат», «Сиёсий чораклик» каби журналларни нашр этиш йўлга қўйилди. Шу даврда Буюк Британиянинг 40 та университетида сиёсатшунослик фан сифатида ўқитила бошланди.
ХХ асрнинг 60-70-йилларида француз Р. Арон ва М. Дюверже асарларида сиёсий назариялар янада ривожлантирилди, улар Франциянинг ўзига хос хусусиятлари билан бойитилди. Бу ҳолат сиёсий институтлар ва муносабатлар, сиёсий партиялар, сайлов тизими ва сайловлар, ижтимоий бошқарув ва сиёсатга бағишланган тадқиқотларда аниқ сезилди. Француз сиёсатшунослари сиёсий институтларнинг фаолияти у ёки бу даражада сайлов тизимига боғлиқлигига, шунингдек, сайловларнинг сиёсий институтларни демократлаштиришдаги ролини беқиёс эканлигига муҳим эътибор қаратди. Шунингдек, ижтимоий бошқарув, муниципал бошқарув жараёнидаги сиёсий муносабатларга доир қатор асарлар эълон қилинди.
Албатта, сиёсатшунослик фани бошқа Европа мамлакатларида ҳам замонавий талаблар асосида ривожланди. Айниқса, Германия, Буюк Британия, Италия ва яна бошқа ғарб мамлакатларида сиёсатшунослик фани ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти шароитидаги сиёсий жараёнлар ва сиёсий тизимни демократлаштириш назарияларини ривожлантиришда пешқадамлик қилмоқда.
Ўзбекистонда давлат мустақиллигини эълон қилиниши билан сиёсий фанларни ривожлантиришга зарурат пайдо бўлди. Мустақилликнинг дастлабки давридан бошлаб мамлакатдаги барча олий ўқув юртларида сиёсатшунослик фани ўқитилмоқда. Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент Шарқшунослик институтида сиёсатшунослар тайёрлайдиган алоҳида мутахассисликлар жорий этилди. Сиёсатшунослик фани бўйича бакалаврлик иши, магистрлик, номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш русумга кирди.
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш ислоҳотлари янада чуқурлашиб бориши билан сиёсий фанларни ривожлантиришга нисбатан эҳтиёжлар янада кучайди. Сиёсий фанлар ўтиш давридаги сиёсий муносабатларни тадқиқ этиш баробарида Америка, Европа ва Шарқдаги ривожланган мамлакатларда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш, либерал ислоҳотларни амалга ошириш тажрибаларига оид қатор илмий тадқиқотларни олиб боришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўша бошлади.

Такрорлаш учун саволлар:
1. Сиёсатшунослик фанининг предмети нималардан иборат?
2. Сиёсатшуносликнинг ижтимоий фанлар тизимида тутган ўрни қандай?
3. Сиёсатшунослик билан сиёсий тарих фани ўртасида қандай узвий алоқадорлик мавжуд?
4. Сиёсатшунослик ва социология фанлари ўртасида қандай алоқадорлик ўрнатилган?
5. Сиёсатшунослик билан табиий фанлар ўртасида ҳам алоқадорлик борми?
6. Сиёсатшунослик ўқув фани сифатида қандай ривожланди?
2-мавзу. Сиёсий қарашларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши
1. Шарқда шаклланган дастлабки сиёсий таълимотлар.
2. Қадимги Юнонистон ва Римда шаклланган антик сиёсий қарашлар.
3. Сиёсат ва сиёсий муносабатларни христианлик нуқтаи назаридан талқин қилишга уринишлар.
4. Сиёсий фикрларни ривожлантиришда Шарқ мутафаккирларининг роли.
5. Янги ва ҳозирги даврдаги сиёсий қарашлар эволюцияси.
1. Шарқда шаклланган дастлабки сиёсий

таълимотлар

Сиёсий қарашларнинг шаклланиши ва қарор топишида ўзига хос миллий ва умумбашарий анъаналар бир неча минг йиллар давомида ривожланиб борди. Дастлабки минг йилликларда жамиятдаги сиёсий ҳодисаларга нисбатан турли хил қарашлар шаклланди. Энг қадимги халқлар ҳисобланган – мисрликлар, хитойликлар, ҳиндлар, бобилликлар, яҳудийлар, форслар, юнонлар ва римликлар ўз сиёсий қарашларида жамиятдаги яшаш тартиботларини таъминлаб туришни илоҳий кучларга боғлаганлар. Улар Худони инсон ҳаёти ва жамият фаолиятининг асосий сабаби ва манбаи деб тушунган. Албатта, бу халқларнинг динлари турлича бўлсада, уларнинг сиёсий қарашларга доир умумий қарашлари ҳам учрайди.
Қадимги даврларда Шарқ мамлакатлари ўртасида маданий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда ўзаро муносабатлар ривожланди. Буюк Ипак йўли ва бошқа иқтисодий-маданий алоқалар шаклларининг пайдо бўлиши натижасида қадимги Хитойда адолатли давлат ва жамият бошқарувини барпо этиш, фуқаролар учун инсоний шарт-шароитларни яратиш тажрибаси нафақат Марказий Осиё, балки Европадаги сиёсий қарашлар тарихига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.
Қадимги Хитойда император ер юзидаги тартибларни илоҳий тартиблар билан боғлаб турувчи ягона шахс деб қараш русумга кирди. Давлат ҳокимиятининг турли даражаларида фаолият юритаётган мансабдорлар эса император ҳокимиятининг тартиботларини амалга оширувчилар ҳисобланди. Хитой императори нафақат осмон ўғли, балки у ўз халқининг отаси ҳам ҳисобланган. Хитой мутафаккирлари император ҳокимиятини ота-онанинг оилада болаларга нисбатан мавжуд бўлган ҳокимиятига ўхшашдир, деб талқин этганлар.
Хитойда сиёсий тизим ва сиёсий бошқарув маънавий қадриятлар ва адолат принциплари асосида бўлиши шарт эканлигини илк бор мутафаккир Лао-Цзи (эр.ол.VI аср) илгари сурган эди. У фалсафий ва ижтимоий-сиёсий оқим – даосизм асосчиси бўлиб, унга биноан анъанага айланиб кетган – дао “осмоний (илоҳий) ирода”ни намоён бўлишидир, деган қарашларга зид равишда дао осмоний иродадан ҳоли бўлган мустақил ва табиий қонуният сифатида талқин этилади. Барча нотабиийликлар (маданият, бошқарув соҳасидаги сунъий-инсоний кўрсатмалар, қонунчилик ва бошқалар) даосизмга биноан – бу даосизмдан оғиш ва янглиш йўлдир. Улардан воз кечиш эса табиийликка қайтишдир. Табиийликнинг (жумладан, табиий ҳуқуқни) ижтимоий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётга таъсири даосизм оқимининг асосий ғояси сифатида илгари сурила бошланди. Лао-Цзининг қуйидаги пурҳикмат сўзлари унинг сиёсий қарашларининг айрим жиҳатларини ифодалайди: “Энг яхши ҳукмдор шуки, халқ уни фақат мавжудлигини билади, холос. Бир оз ёмонроқ ҳукмдорлар халқдан ўзларини яхши кўришини ва улуғлашни талаб қилади. Янада ёмонроқ ҳукмдорлардан халқ қўрқади, барчасидан ҳам баттар ёмон ҳукмдорлардан халқ нафратланади. Шунинг учун ҳам агар кимда-ким ишончга сазовар бўлмаса, (кишилар) ишончидан фойдалана олмайди. Агар кимда-ким ўз сўзида мулоҳазали ва вазмин бўлса, ўз ишини муваффақиятли бажаради ва халқ уни табиийликка риоя қилаётганлигини айтади”9 .
Хитойда инсоний адолатли жамият ҳақидаги дастлабки изланишлар мутафаккир Конфуций (Кун-цзи, эр. ил. 551–479 йй.) томонидан амалга оширилди. Ўша пайтда Конфуций замондош бўлган жамият ўз инқирозини бошидан кечирмоқда эди. Шу билан бирга, бу даврда кенг ёйилаётган ўзаро урушлар, ҳокимият учун курашлар илгари шаклланган ахлоқий ва маънавий қадриятларни ҳам қўпормоқда эди. Шунинг учун ҳам Конфуций инсоний қадриятлар меъёрларини излаш учун ўзидан олдинги тарихга мурожаат қилган эди.
Конфуций жамиятда ҳамма нарса мустаҳкам ва барқарор бўлиши учун ижтимоий тартиботларни амалга оширишга қобил бўлган ахлоқий намуна бўла оладиган, ўз ҳуқуқлари ва бурчларини англаган, сиёсийлашган ва маънавиятли инсон образини яратишга интилди. Бу билан у инқирозга юз тутган жамиятни ҳалокатдан сақлаб қолишга уринган эди. У «Ҳукмдор ҳукмдор бўлиши лозим, фуқаро-фуқаро, ота-ота, ўғил эса ўғил бўлиб қолиши лозим» тезисини илгари суради. Конфуций жамиятни аниқ ижтимоий чегараланишлар воситасида барқарорлаштириш мақсадини қўйган эди. Унинг дунёқараши сиёсий қисми марказида халқ фаровонлиги ётади.
Конфуций асарларининг руҳияти ҳукмдорлар ва сиёсатчиларни халқ ва жамият ривожи учун фидойи бўлишга даъват этиш билан суғорилган. Унинг учун «дао» (ҳақ йўл) инсонлар ва уларнинг фаровонлиги учун ғамхўрлик қилиш, улар меҳнатидан фойдаланишда адолатга амал қилишдир. Мутафаккир фикрича, мансабдор учун санъат, бу – «одамлар олдида юриш, улар учун меҳнат қилиш». Донишманд мансабдор «кишиларни нимани яхши кўришини (бойлик ва обрў) , нимани ёмон кўришини (қашшоқлик ва назар-писанд қилмаслик) билиши лозим; у доимо яхшилик ва эзгу ишлар учун интилиши лозим – ана шунда одамлар унинг орқасидан эргашади: шамол қайси томонга эсса, майсалар ўша томонга эгилади».
Конфуций жамият сиёсий тизимини барқарор ишлашини ташкил этишда, давлат бошқарувида маънавият ва ахлоқнинг ўрнини юксакликка кўтаради. У шундай деб ёзган эди: “Агар қонунлар ёрдамида бошқарилса ва тартибот жазолашлар воситасида таъминланса, одамлар жазолашлардан ўзларини олиб қочишга интилади, лекин улар ор-номусни ўзларида ҳис қилмайдилар; агар дэ (маънавий-ахлоқий воситалар) ёрдамида бошқарилса, тартибот қадриятлар ёрдамида таъминланса, одамлар ор-номусни ҳис қиладилар, ҳалол ва софдил бўладилар”10 . Албатта, қадимги Хитой жамияти билан давлат ўртасида чегара ўтказиш қийин бўлса ҳам, Конфуций таълимоти асосан инсоният учун идеал давлат ва жамиятни шакллантириш руҳияти билан суғорилган эди. Шунинг учун ҳам ҳозирга қадар фуқаролик жамиятини шакллантириш билан боғлиқ тадқиқотларда олимлар қайта-қайта Конфуций ижодий меросига мурожаат қилишлари бежиз эмас.
Қадимги Ҳиндистонда жамият ва давлатнинг келиб чиқиши илоҳий кучларга боғлиқ эканлиги эътироф этилади. Масалан, қадимги санскрит матнлар – эр.ил. 1200–800 йилларда яратилган Ведаларда (диний мадҳиялар), шунингдек, эр.ил.800–300 йилларда амал қилинган Упанишадларда (далиллар) дунёвий тартибот илоҳий қонунларнинг ҳукмронлигига ва инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг уруғ-кастачилилигига асосланган ягона ғоя ривожлантирилди. Бу тартиботлар жамиятда асосан маънавий (брахма) ва дунёвий (кшатра) кучлар томонидан (гарчи, улар турли вазифаларни бажарса-да) ўзаро бир-бирлари билан уйғун муносабатларда амалга оширилиши лозимлиги кўрсатилган. Шунингдек, бу даврдаги сиёсий таълимотларга биноан, ердаги тартиблар илоҳий тартиботларнинг бир қисми бўлиб, уларга илоҳий кучлар доимо таъсир этиб туради.
Кейинчалик, яъни, эр.ил.VI аср мобайнида бу ғояларга танқидий муносабатда Будда (Сиддхартха) таълимоти ривожланиб, у Худони маънавий ҳукмдорлиги ва барча қонунлар манбаи эканлигини, шунингдек унинг олий шахслигини инкор этиб, инсоний ишлар одамларнинг шахсий ҳаракати ва тиришқоқлигига боғлиқ, деган ғояларни илгари сурди.
Эр.ил. IV–III асрларга келиб брахманийлик ғояларидан узоқлашиш, шунингдек, рационал дунёвий давлат ва ҳуқуқ тўғрисидаги тасаввурлар муаллифи Каутилья (Чанакья) деб тахмин қилинган “Артхашастра” трактатида ривожланди. Бу трактатнинг номи “Сиёсат фани” (“Давлат тузилиши тўғрисидаги фан”) маъносини бериб, унда қадимги Ҳиндистон жамияти ва давлатининг сиёсий ва хўжалик тузумига доир қимматли маълумотлар мужассамлашган.
“Артхашастра”даги қуйидаги давлат бошқаруви қоидалари унинг ҳозирги даврда ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмаганлигини кўрсатади: “Сиёсат инсоннинг ўз ҳис-туйғулари устидан ғалаба қилишидан бошланади; қониққан одамларни ҳукмдор моддий совғалар ва ўз эътибори билан хурсанд қилсин; норизоларни хуш тавозелар, совғалар ёки баҳслар ва жазолашлар билан бўйсундирсин; донишманд ҳукмдор ўз мамлакатида садоқатли одамларни ва сотқинликка мойил одамларни қўриқласин”11 .
Шунингдек, мазкур трактатда сиёсий муносабатларда ва бошқарув жараёнида бошқарувчилар (сиёсатчилар) учун энг муҳим сифат ва фазилат сифатида ҳис-туйғуларсиз фаолият кўрсатиш эканлиги илгари сурилади. Албатта, бу ҳолат Платон ва Аристотель асарларида ҳам учрайди. Лекин уларнинг асарларида “ҳис-туйғулар ёрдамида бошқариш” мамлакатни қонун асосида бошқаришга нисбатан қарама-қарши қўйилган эди. Бу ғоялар “Артхашастра”да қуйидаги шаклда берилади: “Илм ва тарбия натижасида шаклланган ҳис-туйғулар устидан ғалабага эришиш ҳирс-эҳтиросларни, ғазабни, таъмагирликни, кибру ҳавони, ақлсизликни, такаббурликни жиловлаш воситасида эришилади. Қулоқ, тери, кўз, тил, бурун ва овоз, ҳис этиш, шакл, таъм ва ҳидни ўзаро бир-бирларига уйғун келиши – бу ҳис-туйғулар устидан ғалабадир ёки йўл-йўриқ моҳиятини бажаришдир. Ахир бу йўл-йўриқ – ҳис-туйғулар устидан ғалабадир. Бу йўл-йўриққа (сиёсатга) қарама-қарши бўлган, ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олмаган подшоҳ дунёни тўрт томонини эгаллаган бўлса ҳам кўп ўтмасдан ҳалок бўлади”12 .
2. Қадимги Юнонистон ва Римда шаклланган антик сиёсий қарашлар
Сиёсий қарашларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган энг машҳур юнон мутафаккири Сократдир (эр.ил.469–399 йй.) . Cократнинг фикрича, қонунларсиз полис (шаҳар-давлат) ҳаётини ахлоқий ташкил этиш мумкин эмас. Шунингдек, полисдан ташқарида қонунлар бўлмайди; қонунларнинг ўзи полиснинг пойдевори. Сократ ўз табиатига биноан адолатли бўлган қонунлар ва ҳукмрон бўлган давлат-полиснинг ашаддий тарафдори сифатида танилди.
Сократ ахлоқий фалсафасининг асосий принципига биноан билимли одамларгина қонун чиқариш ва бошқарув билан шуғулланишлари лозим. Унинг фикрича, «халқ иродаси ва давлат қонунларига асосланувчи ҳокимият подшоликдир, халқ иродасига қарши, қонунларга эмас, балки ҳукмдорнинг ўзбошимчалигига асосланган ҳокимият тираниядир. Агар идора этиш қонунлар ижросини таъминловчилар томонидан амалга оширилса, бу аристократиядир; агар идора этиш бойликдан келиб чиқса, унда плутократия, халқ оммаси иродасидан келиб чиқса, демократия дейилади».
Платоннинг «Критон» асаридан келиб чиқилса, Сократ Европа сиёсий-ҳуқуқий фикрлари тарихида биринчи марта давлат билан унинг аъзолари (фуқаролари) ўртасида шартномавий муносабатлар бўлиши лозимлиги масаласини кўтарган мутафаккирдир. Сократнинг ўзига хос ривожланиб борган патерналистик қарашларига мувофиқ фуқаро ва давлатнинг шартномавий алоқалари, Ватан ва Қонунлар ота ва онадан-да юксакликка қўйилган; худди ана шулар фуқаролар учун олий мақомли ота-она, тарбиячи ва ҳокимдир13 . Унинг фикрича, давлат фуқаросига қуйидагилардан бирини танлаш ҳуқуқи берилади: қонуний полис органлари ва мансабдор шахсларнинг адолатсиз қарорлари ва тадбирларини ишонтириш ва бошқа ҳуқуқий куч ишлатилмайдиган воситалар билан бажармаслиги ёки уларни бажариши мумкин. Сократ оқилона ва адолатли қонунлар ҳукмронлиги билан сиёсий эркинлик имкониятини бир-бирига боғлайди. У полис олдидаги индивиднинг бурчлари ҳақида сўзлар экан, бунда оқилона ва адолатли тарзда тартибга солинган полисдаги эркин ва ўзаро тенг фуқароларнинг қонунлаштирилган бурчларини назарда тутади. Унинг фикрича, мана шу йўлдаги эркинлик – «инсон учун ҳам, давлат учун ҳам ажойиб ва улуғвор бойликдир»14 . Албатта, Сократ томонидан илгари сурилган ғоялар ва унинг таълимоти сиёсий фанлар ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Сиёсий таълимотларни ривожланишига катта ҳисса қўшган мутафаккирлардан яна бири, Сократнинг энг яқин шогирди – Платондир (эр.ил.427–347 йй.) . Платоннинг давлат қурилиши, сиёсий муносабатларга доир изланишлари ва таълимоти унинг «Давлат», «Критий» ва «Қонунлар» номли асарларида мукаммал равишда ифодаланган. Лекин антик даврда жамият билан давлат ўртасидаги фарқланишлар ҳали унчалик кескинлашмаганлиги учун бу асарларда асосан сиёсий, қисман жамият ва фуқароларга доир илмий изланишларни кузатиш мумкин. Масалан, у «Давлат» асарида полисни умумий эҳтиёжларга мослашган биргаликдаги яшаш бирлиги сифатида аниқлаб, бу эҳтиёжларни қондиришни энг яхши йўли сифатида давлат фуқаролари ўртасида меҳнат тақсимотини амалга ошириш ғоясини илгари суради.
Платон ўз «Қонунлар» асарида икки хил давлат тузумини бир-бирига қиёслайди: «Мен ҳалокатга яқин давлатни шундай кўраманки, қайсики у ерда қонун кучга эга бўлмайди ва у кимнингдир ҳокимияти остида бўлади. Агар қайси ерда қонун ҳукмдорлар устидан ҳукмрон бўлса, улар эса унинг қуллари бўлса, мен давлатни қутқаришни, барча фаровонликларни кўраман. Бу каби давлатни фақат худолар тортиқ қилиши мумкин»15 .
Баъзи адабиётларда Платонни демократияга мутлақо қарши олим сифатида талқин этилади. Лекин унинг асарларини синчиклаб ўрганилса, у ўз давридаги объектив реалликдан келиб чиқиб ижод этганлигининг гувоҳи бўламиз. Шу билан бирга, у демократияни ҳам ўзига муносиб равишда таҳлил этганлигини тан олиш лозим. Жумладан, Платон «Қонунлар» асарида шундай деб ёзган эди: «Давлат қурилишининг гўё онадек икки тури бор, ҳуқуқан айтиш мумкинки, қолганлари улардан туғилганлар. Улардан биринчиси деб мутлақ ҳукмдорликни ва демократияни иккинчиси деб кўрсатса тўғри бўлади. Мутлақ ҳукмдорлик (монархия) форсларда олий ривожга етиб борди, демократия бизда. Давлат қурилишининг барча қолган турлари, айтиб ўтганимдек, шу иккисининг рангин, омухта бирлашишидан иборатдир. Озодлик ва дўстлик онглилик билан қўшилган ҳолда (биргаликда) мавжуд бўлмоғи (яшаши) учун албатта ҳам у ҳамда бу турга тааллуқли бўлиши зарур. Уларга тааллуқли бўлмаган давлат яхши тартибот (қурилиш) га эга бўлмайди, деб тасдиқ этувчи бизнинг мулоҳазаларимиз шуни талаб этади»16 .
Албатта, Платоннинг асл мақсади давлат ва ҳукмдорларни қонунларга бўйсундириш ва шу йўл билан давлатни жамиятга ҳамда фуқароларга хизмат қилдириш бўлганлигини тушуниш унча қийин эмас. Шунингдек, Платон фикрича, фақат қонунларга амал қилган давлат ва жамият барқарор бўлиши мумкин, шу жамиятда фаровонликка ва тинчликка эришиш имкониятлари туғилади. Платоннинг бу таклифлари давлатни қонунга бўйсундириш воситасида фуқаролар жамиятини шакллантириш сари интилиш эди.
Платон давлатнинг адолатли жамиятнинг яшаши учун таҳдид туғдирадиган муаммолари ечимини топишга ҳам муҳим аҳамият берди. У давлат мансабдорлари юрагидан иккита худбинлик илдизларини юлиб ташлашни таклиф этган эди: мулкка бўлган муҳаббат, оилага муҳаббат. Шунинг учун ҳам у давлатни ота-она ва оиладан-да юқори туришини тарғиб қилган эди17 . Давлат ҳокимияти фаолиятини кенг халқ оммаси томонидан назорат қилиш учун имкон бўлмаган ўша замонларда бу каби муносабат ҳаётий зарурият эди.
Фуқаролик жамияти тўғрисидаги илк тасаввурларни шакллантиришда Аристотель (эр. ил. 384–322 йй.) асарлари муҳим ўрин тутади. У ўзининг «Сиёсат», «Афина политияси», «Этика», «Риторика» каби асарларида жамиятни янада такомиллаштириш ғояларини илгари сурди. Сиёсат ва ҳуқуқ соҳалари учун Аристотелнинг тенглик ва адолатни бараварлаштириш принципларини ривожлантиришга доир тадқиқотлари ҳозирга қадар ўз аҳамиятини йўқотмай келаётир. Мутафаккирнинг фикрича, сиёсий адолат ўзини ўзи қондириш мақсадларидаги ягона бирликка мансуб бўлган эркин ва ўзаро тенг одамлар ўртасидагина яшаши мумкин. Шу тариқа сиёсий адолат ҳокимиятни юритишнинг сиёсий шакли принципи сифатида (жанобнинг қул, отанинг фарзандлари устидан юритадиган ҳокимиятидан фарқли ўлароқ) намоён бўлади.
Аристотель таълимотига биноан, давлат ҳаётий эҳтиёжларни қондириш учун табиий йўл билан пайдо бўлади, аммо унинг яшашидан мақсади – инсонларга фаровонлик келтириш. Давлат (оила ва қишлоқ кабиларга таққослаганда) ўзаро муносабатларнинг олий шакли бўлиб, у туфайли бошқа барча инсоний муносабатлар шакллари ўз мақсадларига ва ўз ниҳоясига эришади. Мутафаккирнинг фикрича, «давлат ўз табиатига биноан, индивиднинг ўтмишдоши» бўлиб, оила ва индивид табиати олдида туради: «бир бутунлик қисмларнинг издоши бўлиши заруратдир»18 .
Аристотель фикрича, давлат мураккаб тушунчадир. У ўз шаклига биноан маълум бир ташкилот тасаввурини бериб, фуқароларнинг маълум бир қисмини бирлаштиради. Бу ерда сўз давлатнинг бошланғич унсурлари бўлган индивид, оила кабилар тўғрисида эмас, балки фуқаролар тўғрисида кетмоқда. Давлат шаклини аниқлаш кимни фуқаро деб ҳисоблашга боғлиқдир. Бошқача айтганда «фуқаро» тушунчасига боғлиқ. Аристотелнинг қарашича, агар кимда ким мазкур давлатнинг қонунчилик мажлиси ёки суд ҳокимиятида иштирок этса, ўша фуқародир. Давлат фуқаролар йиғиндисини ўз эҳтиёжларини етарли даражада қондириш қобилиятига эга бўлиб яшашидир.
Мутафаккир энг тўғри давлат шакли сифатида политияни кўрсатади. Бу билан у умуман давлат тузумини белгилаш тушунчасидан фойдаланади. Политияда кўпчилик умумий фойда манфаатларидан келиб чиқиб идора этади. Полития олигархия билан демократиянинг аралашмаси бўлиб, у ўзида олигархия ва демократиянинг энг яхши томонларини уйғунлаштиради, уларнинг камчиликлари ва заиф томонларидан воз кечади.
Аристотелнинг демократияга доир қуйидаги қарашлари унинг моҳиятини очиб беради: «Демократиянинг биринчи кўринишининг характерли белгиси бўлиб тенглик хизмат қилади. Бу демократиянинг асосий қонунига мувофиқ тенглик шундан иборатки, мулксизлар ҳам, мулкдорлар ҳам ҳеч нарсада бирон-бир имтиёзларга эга эмаслар; олий ҳокимият униси ёки бунисининг қўлида тўпланмаган, шу билан бирга, улар ҳам ва бошқалари ҳам ўзаро тенгдирлар. Агар баъзилар эркинлик ва тенглик демократиянинг муҳим белгилари деб билсалар, бу ҳолат, албатта, ўз амалиётини асосан ҳамманинг давлат бошқарувида иштирок этишида ифодаланади. Халқ демократияда кўпчиликни ташкил этиши сабабли кўпчиликнинг қарори ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу каби давлат тузилиши демократик деб аталади»19 .
Шунингдек, мутафаккир демократиянинг олий ҳокимият қонунга эмас, балки оддий халққа тегишли бўлган шаклини қуйидагича таърифлайди: «Бу шундай пайтда рўй берадики, қачонки бунда қонун эмас, балки халқ мажлиси қарорлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бунга демагоглар воситаси орқали эришилади. Қонун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган демократик давлатларда демагоглар учун ўрин йўқ, бунда яхши фуқаролар биринчи ўринда туради»20 . Кўриниб турибдики, Аристотель бундан 23 асрдан кўпроқ давр илгари тоталитар социалистик жамият билан фуқаролик жамияти учун характерли бўлган унсурларни аниқ ва равшан ҳолда башорат қилган эди.
Демократиянинг барча шакллари ичидан Аристотель бойлар ва камбағаллар тотувлиги ва қонун устунлигига асосланган мўътадил цензли демократияни юқори баҳолайди. Барча норозиликлар ва давлат тўнтаришларининг асосий сабабини Аристотель тенгликнинг йўқлигидан истайди21 .
Мутафаккир фикрича, қонунчилик – сиёсатнинг бир қисмидир, шунинг учун қонун чиқарувчининг санъати мазкур давлат тузумининг ўзига хослигини ва шу йўл билан мавжуд муносабатлар тизимини барқарорлигини моҳирона ва ҳаётга мос тарзда қонунларда ифодалаши лозим, «зеро, тартибот – бу қонундир»22 . Аристотелнинг кўрсатишича, сиёсий бошқарув – одамларнинг эмас, балки бу қонунларнинг бошқарувидир. «Шундай килиб, агарда кимда-ким қонун ҳокимият юритсин, деб талаб қилса, гўёки бу фақат тафаккур ва илоҳиёт бошқаришини талаб қилган бўлади. Агар кимда-ким инсон ҳокимият юритсин деб талаб қилса, бунга у ўз талаби билан ҳайвоний унсурни олиб киришга уринган бўлади. Чунки ҳис-туйғуларга берилиш ҳайвонийликдан бошқа нарса эмас, шунингдек, ҳукмдорларни (агар улар энг яхши одамлардан бўлса ҳам) ғазаб тўғри йўлдан оздиради; аксинча, қонун – вазмин идрокдир»23 . Мутафаккирнинг фикрича, инсонни ҳукмронлиги (идрок ва қонун ўрнига) ҳокимиятни суиистеъмол қилишга, тиранликка олиб келади.
Шу билан бирга, «фуқаролик жамияти» тушунчасининг илдизлари асосан Аристотель изланишларига бориб тақалади. Бу жамиятни Аристотель «politike koinonia», яъни, «сиёсий бирлик/ҳамжамият», деб атаган эди. Бу тушунчанинг лотин тилидаги ифодаси «societas civilis» (фуқаролик жамияти) қабилида қабул қилинди. Бу тушунча полисни аниқлаш учун хизмат қилиб, унинг замирида zoon politikon – «сиёсий мавжудот» сифатидаги инсон «тело»си, яъни мақсади (юнонча) маъноси тушунилган. «Politike koinonia» – бу Аристотель даврида «фуқаролик жамияти» тушунчаси – «сиёсий жамият»нинг муқобили (синоними) сифатида ишлатилган. Зеро, қадим юнон ўлкасида оила, эътиқод, маърифат, маданият, санъат, умуман ҳаётнинг барча-барча қирралари сиёсатлаштирилган эди. Бунинг устига, алоҳида олинган шахс ўзини жамиятдан айрим ҳолда ҳис қила олмас эди24 .
Қадимги Римнинг машҳур мутафаккири Цицерон (эр.ил.106–43 йй.) қадимги юнон сиёсий фикрлари таъсирида ўзининг давлат ва жамият ривожланишига доир таълимотини яратди. Цицерон фикрича, давлат (respublica) халқнинг (res populi) бойлигидир. Шунингдек, у «халқ» тушунчаси тўғрисида қуйидаги фикрларни билдиради: «халқ қандайдир тарзда биргаликда тўпланган ҳар қандай одамларнинг бирлашмаси эмас, балки ҳуқуқ ва манфаатлар умумийлиги масалаларида ўзаро бир-бирлари билан келишишга боғлиқ бўлган кўпчилик одамларнинг қўшилмасидир»25 . Мутафаккир барқарор ва адолатли жамият қуришни орзу қилар экан, унинг марказини идеал фуқаро ташкил этишини чуқур англаб етади.
Идеал фуқаро бурчлари сифатида Цицерен ҳақиқатни, адолатни англаган, руҳияти улуғвор ва одоб-ахлоқ доирасида бўлган, ўз интилишларини фақат эзгуликларга қаратган инсонни тушунади. Фуқаро нафақат бошқаларга зарар келтирмаслиги, бошқалар мулкига кўз олайтирмаслиги лозим, балки, ундан ташқари, адолатсизликка учраган инсонларга кўмаклашиши, умумий фаровонлик йўлида меҳнат қилиши зарур. Фуқаролар фаоллигини доимо қўллаб-қувватлаб келган Цицеронга биноан «фуқаролар эркинлигини ҳимоя қилишда хусусий шахслар бўлмайди»26 . Шунингдек, мутафаккир фуқароларнинг яна бир муҳим бурчи – уларнинг давлат олдидаги, жумладан, аскар сифатида Ватанни ҳимоя қилиш мажбуриятларини бажариш муҳимлигини илгари суради.
Қадимги Хитой, юнон ва Рим мутафаккирлари Конфуций, Сократ, Платон, Аристотель, Цицерон кабиларнинг давлат ва жамият, сиёсий муносабатларга доир таълимотлари фуқаролик жамиятига доир илк тасаввурларни шакллантирди, шунингдек, улар фуқаролик жамиятининг асосий унсурларини чуқур тадқиқ этдилар. Шу билан бирга, мазкур мутафаккирларнинг илмий мероси ўрта асрлардаги араб-мусулмон фалсафасини шаклланиши ва ривожланишида муҳим ўрин тутди ва у ўз ўрнида Европа фалсафий ва сиёсий қарашларини ривожланишига катта ҳисса қўшди.
3. Сиёсат ва сиёсий муносабатларни христианлик нуқтаи назаридан талқин қилишга уринишлар
Рим империясида 313 йилга келиб христианлик империядаги динлар билан тенг ҳуқуқли дин сифатида расман эълон қилинади. 324 йилда эса у давлат дини мақомига эришди. Шу даврдан бошлаб христианлик динининг сиёсат ва сиёсий муносабатларга доир қарашлари ривожлана бошлади. Бу пайтда энг кўзга кўринган олим Аврелий Августиндир (354–430 йй.) . У дастлаб манихей диний оқимига берилади. Унда интеллектуалликни тополмаган Августин скептицизм билан шуғуллана бошлайди. Лекин, у ўзини қизиқтирган муаммоларга неоплатонизмдан жавоблар топади. У охир-оқибатда христианлик неоплатонизмдан назарий жиҳатдан қуйида бўлса ҳам, лекин маънавий жиҳатдан ундан анча баланд эканлиги учун христианлик таълимоти билан шуғуллана бошлайди. Миланда машҳур епископ Амброзия даъватлари асосида ўз умрини черковга бағишлайди. Кейинчалик шимолий Африкага қайтиб, умрини охиригача епископ мансабида ишлайди27 .
Сиёсий фикрлар тарихида христиан диний анъанасининг энг классик кўриниши А. Августин ишлаб чиққан сиёсий назарияларда ўз ифодасини топди. Унинг асарларида христиан черкови давлатдан ҳам устун туришига муҳим аҳамият берилди. Унинг фикрича, “Черковга бўйсунмаган давлат қасоскорлар тўдасидан фарқ қилмайди”. Шунингдек, у одамларни “илоҳий одам” ва “ердаги одам” тоифаларига ажратади. У христианлик билан неоплатонизмни бир-бирига уйғунлаштиради.
Августин асарларида маънавият (дин) ва сиёсат ўртасидаги фарқланишлар яхши очиб берилмаган. Лекин, унинг фикрича, “давлат бевосита маънавий функцияларни бажариши лозим. Давлат ёвузлик устидан авторитар назоратни амалга оширади. Давлат одамларни тўғри йўлдан озишдан сақлайди. Ерга ҳали гуноҳ етиб келмасдан туриб барча одамлар ўзаро тенг бўлиб, улар ўз табиатига кўра ижтимоий мавжудот эди. Лекин одамларни гуноҳ қилишга мойиллиги уюшган давлат тизимини зарурат қилиб қўйди, жазолаш ва мажбурлашни ҳимоялаш ва ҳукмдор билан раиятни ўзаро ҳуқуқларини тақсимлаш унинг асосий вазифасига айланди. Ахир дунёвий давлат одамлардаги гуноҳларни қандай тўғрилаши мумкин? Бунда унга яхши (черков) подшолиги ёрдам беради! Черков ташкилот сифатида руҳни қутқаради, одамларни маънавий ва диний жиҳатлардан тарбиялайди, шунингдек, дунёвий подшолик устидан назорат қилиш ёрдамида гуноҳларни йўқотиб боради”28 . Албатта, бу каби қарашлар дунёвий давлат, диний христианлик давлати, папа ва раиятдан иборат империяни асослашга қаратилган эди.
Фома Аквинскийнинг (1225–1274 йй.) сиёсий қарашлари ўрта асрлар диний анъаналардаги сиёсий қарашларнинг энг ривожланган даври сифатида эътироф этилади. Ф.Аквинский ҳаётлиги давридаёқ Рим католик черковининг “доктори” фахрий унвонини олишга муяссар бўлган. Унинг ижтимоий-сиёсий ва диний қарашлари XIX асрга келиб Рим папаси Лев XIII томонидан “католицизмнинг ягона ва ҳақиқий фалсафаси”, деб эълон қилинди. Ф. Аквинский ҳокимиятни талқин этишнинг илоҳий назариясини кашф этиб, у давлат ҳокимиятининг уч унсурларини бир-биридан фарқини очиб беради: моҳият, шакл (эга бўлиш ва тузилиш) ва фойдаланиш. Ҳокимият ўз моҳиятига кўра илоҳийликнинг ўрнатилишидир. Шунинг учун у инсонларга яхшиликлар ва эзгуликларни олиб келиши лозим. У фақат ҳокимиятнинг аниқ шакли, ҳокимиятга эга бўлиш усуллари, тузилиши ва ундан фойдаланиш жараёнида худонинг ғояларига зид ва адолатсиз бўлиши мумкин, деб ҳисоблаган.
Ф.Аквинский ўз асарларида Аристотель қарашларини католик черков ақидаларига мослаштиришга ҳаракат қилди. Унинг давлат тўғрисидаги тасаввурлари – давлатнинг христианлик доктринаси – Аристотелнинг “Сиёсат” асари асосида ривожланди. Ф.Аквинский Аристотелдан инсон ўз табиатига кўра “махлуқотга мансуб ва сиёсий”дир, деган фикрни қабул қилади. Унинг фикрича, “одамларга азалдан давлатга бирлашиш ва давлат бўлиб яшаш интилишлари инъом қилинган, зеро, индивид ёлғиз ўзи эҳтиёжларини қондира олмайди. Ана шу табиий сабабга кўра сиёсий бирлик (давлат) пайдо бўлади. Давлатчиликни яратиш худони дунёни яратиш жараёнининг бир қисмидир. Яратиш даврида дастлаб буюмлар қандай бўлса, шундай яратилади, кейинчалик уларга дунё тартиботини ички бўлиниши чегарасидаги функциялар тақсимланади. Монархнинг фаолияти худонинг фаоллашувига ўхшаб кетади. Худо дунёга раҳбарлик қилишдан олдин унга қадди-қомат ва ташкиллашишни инъом этади. Монарх ҳам шу каби дастлаб давлатни тузади ва уюштиради, шундан кейин уни бошқаришга киришади. Давлатчиликнинг мақсади – “умумий фаровонлик”, муносиб ва оқилона ҳаётни шарт-шароитлар билан таъминлашдир. Ҳокимиятнинг моҳияти – инсоний иерархия тепасида турган шахс иродасини ҳукмронлик қилиш ва аҳоли қуйи қатламларини ҳаракатга келтириш учун бўйсуниш муносабатларини тартибга солишдир. Бу тартибот худо томонидан киритилган”29 .
Таҳлиллардан кўриниб турибдики, христианлик дунёси олимлари томонидан жамиятнинг сиёсий тизими, сиёсий муносабатлар ва давлатчиликка доир таълимотлар яратишга ҳаракат қилинган. Албатта, бу каби сиёсий қарашлар антик даврдаги қарашларга нисбатан анча орқага чекиниш бўлсада, сиёсий қарашларнинг кейинги ривожи учун муҳим аҳамият касб этди.
4. Сиёсий фикрларни ривожлантиришда Шарқ

мутафаккирларининг роли

Шарқ мутафаккирлари – Абу Наср Форобий, Низомулмулк, Амир Темур, Ҳусайн Воиз Кошифий каби мутафаккирлар томонидан сиёсий муносабатларга ва адолатли жамият қуришга доир илмий тадқиқотларни чуқур ўрганиш, уларнинг натижаларини ва хулосаларини ҳозирги кучли жамият қуриш ислоҳотларига татбиқ этишга муҳим аҳамият бериш – биз қурмоқчи бўлган фуқаролик жамиятида миллий руҳиятимизни кенг ифодаланишини ва унинг ўзига хос миллийлик асосида ривожланишини белгилаб беради.
Адолатли жамият барпо этиш, жамиятнинг сиёсий тизимини халқчиллаштиришга доир улкан илмий мерос қолдирган мутафаккир Абу Наср Форобийдир (873–950 йй.) . Абу Наср Форобийдан бизга жуда бой ва ранг-баранг илмий мерос қолган. У ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий-сиёсий билимларнинг қарийб барча соҳаларини ўз ичига олувчи 160 дан ортиқ асарлар яратган. Форобийнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёт, фозил жамият қуриш, давлатни бошқариш, ахлоқ ва маънавият масалалари «Бахт-саодатга эришиш йўллари ҳақида рисола», «Уруш ва тинч турмуш ҳақида», «Шаҳарни бошқариш», «Фозил шаҳар одамлари қарашлари», «Фазилатли хулқлар» каби асарларида тадқиқ этилган.
Абу Наср Форобий илк бор фозил жамоани вужудга келтиришга доир ўз илмий изланишларини олиб борган эди. Унинг фикрича, мукаммал жамиятда ҳар бир табақа яхлит ижтимоий организмнинг ажралмас қисми сифатида, ўзининг муайян функцияларига эга бўлиб, гўёки шу вазифаларни бажариш учун ихтисослашганлар30 . Фозиллар жамиятининг адолатли бўлиши ва табақалар ўртасида тафовутларнинг сақланишида адолат ҳуқуқий категория вазифасини бажаради. Ана шу жиҳатлардан ёндашганда, Форобийнинг адолат ғоясига нисбатан ишлатган таърифи Платон талқинларига яқиндир.
Форобий маърифат тан олинмаган, ҳукмдори халқпарвар, бошқаруви адолатли бўлмаган, маънавият эътироф этилмаган юртни қуйидагича тасвирлайди: «Аммо баъзи шаҳар (ёки мамлакатлар) лар бўладики, уларда бутун халқнинг фикри-зикри, ақл-идроки бойлик тўплаш, мол-дунё орттиришга қаратилган бўлади. Улардан чиққан раҳбарлар ҳам раҳбарликни мол-дунёни кўпайтиришда деб биладилар. Шунинг учун ҳам улар эрта-кеч мол-дунё тўплаш ҳаракатида бўладилар. Бундай раҳбарларнинг қўл остида ишлаган шаҳар халқларида турли бузуқ одатлар, шаҳвоний нафс, бир-бирларини кўролмаслик, бир-бирини талаш, душманлик, низо-жанжаллар пайдо бўлади. Ана шундай шаҳар халқларидан хислатлари, майллари турлича бўлган авлод туғилади».
Форобий Х асрнинг бошларидаёқ адолатли фуқаролик жамиятининг содда ва оддий модели лойиҳасини қуйидагича таърифлайди: «Маданий жамият ва маданий шаҳар (ёки мамлакат) шундай бўладики, шу мамлакатнинг аҳолисидан бўлган ҳар бир одам касб-ҳунарда озод, ҳамма баб-баробар бўлади, ҳар ким ўзи истаган ёки танлаган касб-ҳунар билан шуғулланади. Одамлар чин маъноси билан озод бўладилар. Бири иккинчисига хўжайин бўлмайди. Одамларнинг тинчлик ва эркинликларига халақит берувчи султон (яъни подшоҳ) бўлмайди. Улар орасида турли яхши одатлар, завқ-лаззатлар пайдо бўлади»31 . Кўриниб турибдики, мутафаккир илгари сурган «маданий жамият»нинг асосий белгиси фуқаролик жамиятининг энг асосий унсурларидан бири – инсон эркинлиги бўлганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Шу билан бирга, «маданий жамият» ва «маданий шаҳар» халқининг эркин равишда ўзлари хоҳлаган касб-ҳунар билан шуғулланишлари ғояси ҳам фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан биридир.
Маълумки, фуқаролик жамияти шароитида сиёсий тизимни демократиялашнинг энг муҳим тамойили сифатида фуқароларнинг эркин сайлов ҳуқуқи билан таъминланиши тушунилади. Улар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, ўз манфаатларини рўёбга чиқариш ва муҳофаза қилиш, ҳуқуқини таъминлаш учун ҳақиқий шарт-шароит, ҳуқуқий заминга эга бўладилар. Бу каби жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинлари ҳар томонлама ҳимоя қилинади. Ҳозирги давр вакиллик демократиясининг ана шу муҳим унсури ҳам Форобий эътиборидан четда қолмаган: «Уларнинг ўзларидан («фуқаролардан», демоқчи) сайланган раҳбар ёки бошлиқлар ҳокими мутлақ бўлмайди. Улар одамлар ичидан кўтарилган, синалган, энг олижаноб, раҳбарликка лойиқ кишилар бўладилар. Шунинг учун бундай раҳбарлар ўз сайловчиларини тўла озодликка чиқарадилар, уларни ташқи душмандан муҳофаза қиладилар. Бундай раҳбарлар ҳаммага баробар муносабатда бўладилар, ҳатто ҳамманинг манфаатини ўзларининг манфаатларидан ортиқ кўрадилар, умумнинг манфаати учун ўзларининг шахсий манфаатларидан кечадилар, халқ манфаати учун ўзларидаги куч-ғайрат ва бойликларни аямайдилар»32 .
Мутафаккир фозил жамият ва шаҳар (давлат) уюшмаси шаклланиши ҳамда қарор топишининг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва маълум даражада иқтисодий масалалари ҳақида фикр юритар экан, бу борада объектив хулосага келиш учун ўз замонасидаги мавжуд жамият ва шаҳарларнинг ташкилий жиҳатларини ҳамда амал қилиш муаммоларини атрофлича тадқиқ қилади. Ушбу шаҳар-давлатлар (полислар) ҳаётий фаолиятига, уларни бошқарув усулларига баҳо берар экан, Форобий ўз тасаввуридаги мукаммал жамият ва давлатнинг олий мақсади – инсонларни том маънода бахт-саодатга эришуви йўлидаги вазифаларидан келиб чиқади.
Жамият сиёсий тизими унсурларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган Шарқ мутафаккирларидан бири Абу Али Ҳасан ибн Али Тусий – Низомулмулкдир (1018–1092 йй.). У ўзининг “Сиёсатнома” асарида давлат ҳокимиятини адолатли жамият қуришдаги ўрнини атрофлича очиб берди. Албатта, Низомулмулк яшаган даврда давлат билан жамият ўртасида чегара ўтказиш мушкул иш бўлса ҳам донишманд мутафаккир жамиятни салтанатдан айри ҳолда тасаввурлай билди. Лекин, у шунга қарамай, жамиятни адолатли бўлишини сиёсий элитага – ҳукмдорга, сарой мансабдорларига, ҳокимларга боғлиқдир, деб билди. Албатта, ўрта асрлардаги феодал муносабатларга асосланган монархия тузумида жамият фаолиятини ташкил этиш вазифаси асосан давлат ҳокимиятининг қўлида эди.
Низомулмулк адолатли жамият қуришни ўз давридан келиб чиқиб давлат ҳокимиятининг вазифаси деб билади. Шунинг учун ҳам у ўзининг “Сиёсатнома” асарида ҳукмдор ва унинг мансабдорларида қуйидаги умуминсоний фазилатлар бўлиши лозимлигини илгари суради: подшоҳ адолат ўрнатишда собитқадам бўлиши керак, камбағал ва бева-бечораларга ёрдам бериш, муҳтожларга давлат хазинасидан нафақалар ажратиш, хайр-эҳсон ҳаракатини қўллаб-қувватлаши лозим. Шунингдек, мансабдорлар фуқароларнинг ҳуқуқларини сақлашлари ва уларни ҳурмат этишлари жоиз. Шунингдек, Низомулмулк шоҳ ва унинг мансабдорлари амалий ҳаёт тажрибасини орттирган, жаҳонгашта ва мўътабар оқсоқоллар, олиму фозил инсонлар билан кенгашган ва улардан маслаҳат олган ҳолда халқни бошқариш талабларини илгари суради. Мутафаккирнинг фикрича, мансабдорлардан зулм ва адолатсизлик кўрган ҳар бир фуқаро ҳокимдан то вазир ва шахсан шоҳга шикоят билан тўғридан-тўғри арз қилиш имкониятига эга бўлиши лозим33 .
Низомулмулк “Сиёсатнома” асарида давлатнинг келиб чиқиши, давлат қуришдан кўзда тутилган мақсадлар масаласига кенг тўхталади. Аввало, у давлатнинг келиб чиқишини илоҳий томонларини очиб бериш билан бир қаторда, унинг асосий вазифаларидан бири адолатли жамиятни ташкил этиш эканлигини турли ақоидлар билан исботлашга уринади: «Аллоҳ одамлардан бир кишига қудратини кўрсатиб, давлат ва иқбол беради. Ҳақ таолодан билим ва ақл топиб, шу билим билан қўл остидагилардан ҳар бирини ўзига тенг билади, ҳар бирига мартабасига мос қадр қилиб, мансаб беради, хизматкорларини халқ ўртасидан ажратиб олади, ҳар бирига бир мартаба ва манзала беради, дин ва дунё заруратию муҳимоти билан уларни таъминлайди, раиятни муҳофазат қилади, токи унинг адли соясида халойиқ роҳат ила яшаб кун кўрсин. Агарда хизматкор ва ё маҳрамлардан бирортаси нолойиқ иш тутсаю, яхшиликдан тушуниб олса, ишга қайта қўйиш керак, агарда ҳушёр бўлмаса-ю (йўлидан қайтмаса), вафо қилмаса, уни бошқа бир лойиқ кишига алмаштириш лозим. Раиятдан бирортаси неъмат ҳақини, омонлик ва тинчлик қадрини билмаса, хиёнат этишни андиша қилса, номардлик кўрсатса, ҳаддидан ошиб кетса, гуноҳга тенг ҳисоблаб, гуноҳига яраша жазо бериб, азл этиб, улардан воз кечиш керак»34 .
Низомулмулк жамият барқарорлиги учун адолатли сиёсий бошқарув заруриятини, бунинг учун подшоҳларнинг маслаҳат ва кенгашлар асосида сиёсат олиб бориши масаласига муҳим аҳамият берди: «Барча ишларни маслаҳат билан амалга ошириш кишининг мустаҳкам иродасидан, оқиллиги ва дунёқарашидан далолат беради. Ҳар бир киши маълум бир нарса ҳақида кўпроқ ё камроқ билади. Бир кишининг назарий билими бўлади-ю, аммо тажрибада уни қўлламаган, бошқа кишининг эса тажрибаси илми ва билимига ўтган бўлади… Шундан келиб чиқиб: «ҳар бир ишнинг тадбирини донолару қариялар ва дунё кўрган кишилар билан ҳал қилиш керак», деб айтганлар. Ва яна бир киши фаҳм-фаросати жиҳатидан ўткир, тадбиркор, бошқа бири эса калтафаҳм бўлиши мумкин. Донолар айтганларки, «Бир кишининг тадбири бир кишичалик кучга эга, ўн кишининг қилган тадбири ўнта мард кучига тенгдир ва қанча кўп бўлса, шунча яхшидир». Бир кишининг кучи икки кишининг кучидан кам, ўн киши иложини топган иш ҳам уч киши тадбиридан кучли бўлар»35 .
Низомулмулкнинг жамият сиёсий тизими фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ давлат бошқаруви тўғрисидаги фикрларидан шундай хулосалар чиқариш мумкин: сиёсат ва давлат бошқарувидаги, шунингдек, инсон ҳаётидаги барча икир-чикирларни билиш ва улардаги ўзаро муносабатларни англаш фақат амалдор ёки ҳукмдоргагина тегишли эмас. Улар барча инсонийлик зотига (яъни, бутун жамият аъзоларига) тааллуқлидир. Шунинг учун ҳам тажрибали, оқил, фозил кишилар билан кенгашлар ва маслаҳатлар асосида сиёсий ва бошқарув қарорлари қабул қилиш воситасидагина бутун бир жамият барқарорлигини таъминлаш ва адолатни ўрнатиш, фаровон ҳаёт қуриш мумкин»36 .
Соҳибқирон Амир Темурнинг (1336–1405 йй.) “Темур тузуклари”да сиёсат, сиёсий тизим ва сиёсий бошқарувга доир қарашлар янада ривожлантирилди. “Тузуклар” давлат бошқаруви ва сиёсий муносабатлар меъёрлари, сиёсий институтларни ўзаро мувофиқлаштириш масалаларини такомиллаштиришга доир принциплар ва қоидалар мажмуасидан иборатдир. Амир Темур унда салтанатнинг марказий органи, ҳарбий қўшин ва маҳаллий ҳокимиятни бошқаришда жамиятдаги ижтимоий қатламлар манфаатларини, уларнинг жамиятдаги ўрнини эътиборга олиб, бошқариш масалаларини мукаммал тарзда очиб берган. Агар “Тузуклар”ни сиёсий ва иқтисодий фанлар нуқтаи назаридан чуқур таҳлил этадиган бўлсак, унда давлатнинг (сиёсий тизимнинг) куч-қудрати ва унинг яшовчанлиги жамиятдаги раиятнинг турли манфаатларини ижтимоий қатламлар ва турли жамият институтлари воситасида қанчалик эътиборга олиниши билан узвий равишда боғлиқ эканлигини кузатамиз. Унда жамиятдаги ижтимоий қатламларнинг қандай манфаатлари мавжудлиги, уларнинг хоҳиш-иродалари билан давлат ҳокимияти ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий муносабатлар яхлит бирликда қаралади.
Амир Темур “Тузуклар”ида давлат ҳокимияти қанчалик кенг ижтимоий қатламлар манфаатларига таянса, қанчалик жамият вакиллари билан кенгашиб, улар фикр-мулоҳазалари асосида давлат сиёсати ишлаб чиқилса, давлат шу даражада кучли ва салоҳиятли бўлиши исботлаб берилган. Жумладан, унда жамиятни 12 та тоифага бўлиб, уларнинг ҳар бирини жамиятдаги ўрни, сиёсий ресурсларининг ҳажми, ўзига хос таснифи, давлат сиёсатига қай даражада таъсир қила олиши ҳар томонлама характерлаб берилган. У тоифаларни қуйидагича таърифлаган: 1) саййидлар, уламо ва шайхлар; 2) билимдон кишилар; 3) дуогўй тақводорлар; 4) амирлар, сарҳанглар, сипоҳсолорлар; 5) сипоҳ билан раият; 6) доно ва ишончли кишилар; 7) вазирлар, саркотиб ва девон битикчилари; 8) ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва муҳандислар; 9) муҳаддислар (ҳадис олимлари ва ровийлар) ; 10) сўфийлар ва орифлар; 11) ҳунар ва санъат аҳли; 12) сайёҳ ва тижорат аҳллари.
Шунингдек, у сиёсий ҳокимиятни бошқаришда вазирлар, амирлар ва ноибларнинг ролига алоҳида эътибор беради. Соҳибқирон Амир Темур бу каби давлат мансабларига ўзига яқин, қон-қариндош, ўзига ёққан одамларни қўйиш тўғрисида умуман фикр билдирмайди, балки бу жиҳатдан давлат ва жамият манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашади: бу каби мансабларга садоқатли, ахлоқий пок, адолатпеша, тинчликсевар ва ташаббускор инсонларни қўйиш лозимлигини уқтиради. У ҳукумат аъзолигига муносиб бўлиш учун вазирларга камида тўрт фазилатга эга бўлишини шарт қилиб қўяди: 1) асллик – тоза наслга мансублик ва улуғворлик; 2) ақлу фаросатга эга эканлиги; 3) сипоҳ билан раият аҳволидан доимо бохабар бўлиб туриши ва уларга ғамхўрлик кўрсата олиши, улар билан инсоний муомалада бўлиш қобилиятига эга эканлиги; 4) давлат ишида сабру бардошли бўлиши, ўз мулозимларига мулойимлик билан муносабатда бўлиши.
Амир Темур ўз тузукларида илгари сурган қудратли давлат қуриш, миллатни бирлаштириш ва халқ фаровонлигини таъминлаб бориш учун ўзининг давлат қуришга доир тамойилларини ишлаб чиқиб, уларни ҳаётда амалга ошира олган буюк зот эди. Фикримизнинг далили сифатида “Темур тузукларида”ги бу тамойилларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз.
–салтанатим ишларини муросаю мадора, мурувват ва сабр-тоқат билан юргиздим. Кўп нарсани билиб турсам ҳам ўзимни билмасликка олардим. Дўсту душман билан муросаю мадора қилдим;
–давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим. Амирлар, вазирлар, сипоҳ, раият ҳар бири ўз лавозим ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади37 ;
–адолат ва инсоф билан тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим. …Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказмадим. Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим;
–раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. …Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушларини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни ёзиб, менга билдириб туриши учун диёнатли, тўғри қаламли кишилардан воқеанавислар (ахборнавис-хабарчилар) белгиладим;38
–яна тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину ойин (қоида) асосида қурилмас экан, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшарким, уни кўрган ҳар кимса назарини олиб қочади”39 .
Кўриниб турибдики, Амир Темур ўз давридан анча илгарилаб кетган ҳолда сиёсий бошқарув, сиёсий тизим ва давлатчиликка доир сиёсий қарашларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Шунингдек, у ўзининг сиёсий қарашларини мустаҳкам ва марказлашган давлат қуриш тажрибаси билан уйғунлаштирган ҳолда ўрта асрларда бутун бир дунё давлатларига намуна бўла оладиган ўз меросини қолдирди.
Ҳиротда яшаган машҳур олим Ҳусайн Воиз Кошифий (1440–1505 йй.) ўзининг «Ахлоқи муҳсиний» номли асарида флоренциялик Никколо Макиавеллидан деярли чорак аср олдин сиёсат тушунчасининг таърифини ишлаб чиқди. У мазкур асарининг бир бобини махсус сиёсат таърифига бағишлайди. Шунингдек, у Н.Макиавелли таърифи бўлган «мақсад воситани оқлайди», деган қоидага бутунлай қарши бўлган – адолатли, ахлоқ ва маънавиятга таянган сиёсатни қўллашни илгари суради. Мутафаккирнинг фикрича, “сиёсат сўзининг асл маъноси кишини ғамга солишдир, Истилоҳ маъноси эса мамлакатни қўлда тутиш ва ҳар кимни ўзига муносиб ўринга қўйишдир. Сиёсат икки хил бўлади: бири ўз нафсига нисбатан сиёсат қилиш, иккинчиси ўзга кишига сиёсат қилиш. Ўз нафсига нисбатан бўлган сиёсат шуки, ёмон сифатларни ўзидан йўқотиш ва яхши хулқларни эгаллашдир. Бошқага нисбатан сиёсат эса яна иккига бўлинади. Биринчиси, ўз аъёнлари ва яқинлари сиёсати ва уларни тартибга солиш. Иккинчиси, умумхалқ сиёсати”40 . Шунингдек, Кошифий Европа олимларидан деярли икки аср олдин сиёсат ва давлат ҳокимиятини келиб чиқиш сабабларини хусусий мулкка боғлаб талқин этади: “Гарчи “ла мулка илла бил-адли” маҳваши дилпазир бўлса-да, аммо “ла адла илло бис-сиёсати” зийнати билан оройиш топмаса, ҳамон ҳусни камолга етмаган бўлади. Биринчи жумланинг маъноси мулк адолатсиз барқарор бўлмайди, демакдир. Иккинчиси эса адолат сиёсатсиз бўлмайди, дейишдир”41 .
Кошифийнинг фикрича, “мамлакатни бошқаришдаги, ушлаб туришдаги асосий восита бу – сиёсат. Агар сиёсат бўлмаса, мамлакатда ҳеч қандай фойдали иш қилинмайди. Халқни хунрезлик тиғи билан эмас, балки одилона, оқилона сиёсат – тинчлик, яхши сўзлилик билан бошқариб, «зулм рангин» йўқотиш лозим. «Адл сиёсатсиз мавжуд бўлмас. Сиёсат йўқ бўлса, сардорлик заиф бўлур демак бўлур. На учунким мулку миллат зийнати, дину давлат мусаллаҳи сиёсатдир”42 .
Кўриниб турибдики, Ҳусайн Воиз Кошифий ўз давридаги жамият ва давлат тизимини таҳлил қилар экан, жамият барқарорлигини, унинг аъзолари ўртасида адолат ва инсонийлик қадриятларини юксалишини ҳукмдор ва давлат мансабдорларининг маънавий бойлиги билан боғлайди. Шу билан бирга, жамиятни кучли бўлиши давлатни кучли бўлишини таъминлашини чуқур англайди. Бу қарашлар ҳозирги давр учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
5. Янги даврдаги сиёсий қарашлар эволюцияси
Янги даврга келиб турли сиёсий қарашларда давлатнинг пайдо бўлиши, қарор топиши ва жамият сиёсий тизимидаги ўрнига доир назариялар янада ривожлана бошлади. “Давлат – жамият – шахс” ўзаро муносабатлари тизимида индивидга, яъни фуқарога алоҳида эътибор бериш русумга кира бошлади. Шунинг учун бу даврда шаклланган сиёсий қарашлар “фуқаролик тўғрисидаги қарашлар” номи билан тарихга кирди. Уйғониш давридаги сиёсий соҳадаги ривожланишларнинг ўзига хос жиҳатидан бири шуки, энди инсон сиёсий муносабатлар марказида талқин этила бошланди. Бу соҳада илк бор Никколо Макиавелли (1469–1527 йй.) тадқиқотлар олиб борди.
У ўзининг “Ҳукмдор”, “Тит Ливийнинг биринчи декадаси тўғрисида мулоҳазалар” ва “Флоренция тарихи” асарларида сиёсий қарашларнинг ўзига хос жиҳатларини чуқур тадқиқ эта олди. Макиавеллининг асарларида илк бор сиёсат ҳокимиятни ушлаб туриш воситаси сифатида талқин этилади, ҳокимиятнинг сиёсатдаги муваффақиятлари ва мағлубиятлари таҳлил этилади. У “Ҳукмдор асарида абсолют монархиянинг ҳимоячиси, “Тит Ливийнинг биринчи декадаси тўғрисида мулоҳазалар” асарида эса – давлатнинг республика шакли ҳимоячиси сифатида намоён бўлади. Унинг “мақсад ҳокимиятни эгаллаш”, сўнгра эса “уни ушлаб туриш”дан иборат ғоялари ахлоқ ва динга зид равишда талқин этила бошланди. Айниқса, унинг “мақсад ҳар қандай воситани оқлайди”, деган қоидаси кейинчалик макиавеллизм оқимининг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Макиавеллининг сиёсий назарияси асосан «бошқарув механикаси» (ёки “бошқарув технологияси”) ҳақидаги таълимотдан иборатдир. Шунингдек, унинг сиёсий қарашларини ташқи кўриниши абсолют ҳукмдорларнинг «дипломатик ўйинлари назарияси» сифатида ҳам танилди. Шунинг учун унинг асарлари Италияда бўлиниб кетган кичик давлатлар ўртасидаги сиёсий можароларни сабаблари ва улар ўртасидаги манфаатлар кураши ҳосиласи ўлароқ дунёга келган эди. Макиавелли сиёсий муносабатларда инсоннинг худбинлигини бўрттириб кўрсатади. Унинг фикрича, одамнинг нарсалар ва ҳокимиятга интилиши чексиздир. Бироқ, инсоннинг интилишлари ресурсларининг чекланганлиги сабабли одамлар ўртасида низолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳам давлатнинг асосий вазифаларидан бири – бу бир индивидга бошқа индивидлар томонидан тажовузкорлик қилишидан ҳимояга муҳтожлигига асосланади. Чунки қонунларни ҳимоя қилиб турадиган куч бўлмаса, жамиятда анархия вужудга келади. Бинобарин, одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун кучли ҳукмдорга зарурият туғилади. Макиавеллининг фикрича, ҳукмдор “ҳамма одамлар ҳам золим одамлардир”, деган қоидага асосланиши керак. Агар ҳукмдор ҳокимиятни сақлаб қолишни хоҳласа ва, бинобарин, одамларнинг ҳаёти ва мол-мулкини ҳимоя қилишни истаса, у ҳолда бераҳм ва сурбет бўлиши мумкин.
Жамиятда одамлар ҳамиша ўзларининг худбинликларини намоён қилиб турсаларда, турли одамларда ахлоқсизлик ҳар хил даражаларда учрайди. Макиавелли ўзининг далиллари ва асослашларида яхши ва ёмон давлат, шунингдек, яхши ва ёмон фуқаролар тушунчаларини қўллайди. У айнан яхши давлат ва яхши фуқароларни ҳосил қилиши мумкин бўлган шарт-шароитларни яратишга қизиқади. Агар давлат ҳар хил худбинликка асосланган қизиқишлар ўртасидаги ўзаро мувозанатни ушлаб тура олса, шу билан бирга, у барқарор бўлса, у ҳолда у яхши давлат сирасига киради. Ёмон давлатда эса турли худбинона манфаатлар очиқчасига ўзаро низоларга киришади. Яхши фуқаро ватанпарварлик ва жанговарлик субъектидир. Бошқача айтганда, яхши давлат – бу барқарор давлатдир. Сиёсатнинг мақсади, антик Юнонистонда ва ўрта асрлардаги қарашлар каби яхши ҳаёт қуриш учун эмас, балки шунчаки ҳокимиятни ушлаб туришдир (ва, бинобарин, барқарорликни ҳам тутиб туришдир) .
Макиавелли ҳокимиятни эгаллашга уринувчилар билан ҳокимиятни тутиб турганлар ўртасига тафовут қўяди. Муайян маънода, ҳукмдор билан фуқаролар ўртасидаги фарқ – барқарор давлатни барпо этиш муаммоси билан ҳокимиятни ушлаб туриш муаммоси ўртасидаги тафовутнинг аксидир. Макиавелли қадимги Рим республикаси ва ўзи замондош бўлган Швейцария барқарор давлат ва нисбатан бузилмаган жамиятлар учун мисол бўла олади, деб фараз қилган эди. Унинг фикрича, бу давлатларда халқ муайян маънода ўзини ўзи бошқаришга қодир. Бу ерда мустабидликка эҳтиёж йўқ. Лекин бу даврда Италияда марказлашган давлатни барпо этилиши вазифаси кўндаланг бўлиб турарди. Италия учун қудратли ва бераҳм ҳукмдор зарур эди. Албатта, Макиавелли ахлоқсиз жамиятда сиёсатчининг ҳокимият учун курашларда қандай ютиб чиқишига доир назарияларнинг муаллифи сифатида кўпроқ машҳур бўлди.
Назариётчилар Макиавеллини иккиюзламачиликда айблашади. Ҳукмдор халқдан ахлоқли бўлишни ва саховатпешаликни талаб қилади, айни бир пайтда, унинг фаолияти ҳокимиятни муваффақиятли тарзда эгаллаш йўлида ахлоққа таянадими ёки таянмайдими, деган савол қўйилганида унга жавоб топиб бўлмайди. Фуқаролар учун бир ахлоқ, ҳукмдор учун эса бошқача ахлоқ. Бошқача айтганда, Макиавелли ахлоқни сиёсатга бўйсундиради. Макиавелли сиёсатда қўлланиладиган сиёсий воситаларни уларнинг ахлоқий жиҳатдан қўлланишга маъқул ёки маъқул эмаслигидан қатъи назар уларни таҳлил этишга ҳаракат қилади43 .
Бу даврда мақсадлар билан воситаларнинг бир-бирига кескин қарама-қарши қўйилиши нисбатан янги бир ҳолат эди. Юнон файласуфлари ва христиан теологлари айрим амалларни («воситаларни») уларнинг керакли мақсадларга олиб бориши ёки бормаслигидан қатьи назар номақбул деб қарашган эди. Ўғирлик ва қотиллик бунга мисол бўлади. Макиавелли мақсад ва воситаларнинг бир-бирига кескин қарама-қарши қўйилиши асосида натижа воситаларни оқлайди, деган фикрга келган эди44 .
Макиавелли кучли давлат ҳокимиятининг аҳамиятини тушунади. Лекин аввало уни соф сиёсий ўйин кўпроқ қизиқтиради. Шунингдек, у ҳокимиятни амалга оширишнинг иқтисодий шарт-шароитларини нисбатан яхши англамайди. Макиавелли фикрича, инсон табиати ўзгармасдир; бинобарин, бундан олдинги даврлардаги сиёсий воқеа ва ҳодисаларни ўрганиш ёрдамида ҳам ҳозирги сиёсий вазиятни бошқариш тўғрисида хулосалар чиқариш мумкин. Албатта, Макиавелли қарашлари муайян маънода сиёсатнинг «моҳияти»ни тушунишга эмас, балки қандай қилиб бўлсада ҳокимиятни қўлга киритиш «технологияларига» мувофиқ келади. Лекин Макиавеллининг қарашлари ўзига хос бўлган бошқача муҳитда шаклланган эди. Қолаверса, Макиавелли ўзининг «Ҳукмдор» асарини сиёсий тутқинлик шароитида ёзган бўлиб, бу пайтда унинг ягона мақсади яна сиёсатга қайтиш эди. Албатта, бунинг учун Рим папасига ёқадиган асар ёзиши лозим эди. Лекин унинг бахтига қарши папа унинг «Ҳукмдор» асарини варақлаб ҳам кўрмайди. Бу асар деярли 70 йилдан ортиқроқ даврдан кейингина оммага танилади. Аслида, Макиавеллининг энг юксак орзуси – қадимги Рим республикасига айнан тўғри келадиган давлат тузумини қарор топтиришдан иборат эди.
Никколо Макиавеллининг ижтимоий-сиёсий қарашларининг муҳим томони шундаки, у ўз замонаси учун ўта дадил, ғоят мардонавор фикрни – давлат ишларини черков ишлари билан аралаштириб, қўшиб олиб боришга қарши кураш зарурлиги, черковни давлатдан ажратиш зарурлиги тўғрисидаги ғояни дадиллик билан илгари сурган эди.
Европада жамият сиёсий тизими ва сиёсий муносабатларга доир ғоялар ХVII аср ўрталарида Томас Гоббснинг (1588–1679 йй.) «Табиий ва сиёсий қонунлар унсурлари», «Фуқаро ҳақида», шунингдек «Левиафан ёки Материя, черков ва фуқаролик давлати шакли ва ҳокимияти» номли асарларида ўз ифодасини топди. Т.Гоббс даставвал инсондаги табиийликни унинг ижтимоий сифатларига қарама-қарши қўяди. Бу пайтдаги қарашларда бошқарилиб бўлмайдиган, носиёсий, шу сабабли ҳам ижтимоийлашмаган, яъни жамият ва давлат қонунларига ёки ҳокимият, шунингдек сиёсатга бўйсунувчи ижтимоий борлиқдан айрим кенгликлар ҳам борлиги жой олган эди45 .
Т.Гоббс давлатнинг моҳиятини инсон табиатига узвий равишдаги боғлиқлик асосида таҳлил этади. У инсонларнинг табиатан худбин, шуҳратпараст, ҳасадгўй ва қўрқоқ бўлишини таъкидлаш баробарида инсонни фақат ҳасадгўйлар ва душманлари қуршовида яшашини алоҳида далил сифатида илгари суради. Шунинг учун ҳам Гоббс инсониятнинг табиий ҳолатини «ҳамма ҳаммага қарши уруш эълон қилган даври», деб атайди. Шу билан бирга, ўлимдан қўрқиш ва ўзини ўзи ҳимоялаш инстинкти инсоннинг барча ҳис-туйғуларидан устун бўлиб чиқади. Айнан, инсонни ана шу ўзини ўзи асраш ҳис-туйғуси уни табиий ҳолатдан чиқишга ундайди. Шу тариқа инсон тинчликка интилади. Гоббс инсонлар яшашини таъминлаш учун зарур бўлган 19 та табиий қонунларни таклиф этади. Уларнинг мазмун-моҳияти битта умумий қоидада ўз ифодасини топади: «ўзингга раво кўрмаган нарсани бировга ҳам раво кўрма».
Шунингдек, Т.Гоббснинг фикрича, монархия шаклидаги ва ижтимоий шартномага таянадиган давлатдаги мутлақ ҳокимият инсонлар ўртасидаги тинчлик ва келишувлар учун кафил бўла олади. Қирол ҳокимияти барча одамларни табиий ва фуқаролик қонунларига итоат этишга мажбур қилади. Мутафаккир ҳайвоний ҳис-туйғуларни жиловлаб туриш мақсадида диндан фойдаланиш лозимлигини, шу билан бирга, черковни давлатга бўйсундиришни таклиф этади. Шунингдек, у халқ фаровонлиги – давлатнинг олий қонуни бўлиши лозим, дейди. Гоббс давлат манфаатлари ҳам ахлоқнинг олий мезони асосида амалга оширилиши лозим, деган ғояни илгари суради.
Фуқаролик жамияти қуришга доир илмий изланишлар олиб борган Франциядаги маърифатпарварлар “катта авлоди”нинг йирик намояндаси Шарль Луи Монтескьедир (1689–1755) . Унинг “Форсларнинг мактублари” номли китоби биринчи марта 1721 йилда нашрдан чиқди. Монтескье Францияга келиб кетган иккита форснинг ёзишмалари ниқоби остида абсолют монархия режимини жуда усталик билан қаттиқ танқид қилди. Орадан 27 йил ўтгач, 1748 йилда унинг асосий асари – “Қонунлар руҳи” номли китоби ёзилди. Бу асар “Форсларнинг мактублари”га нисбатан анча мўътадил оҳангда ёзилди: феодал тартиблар билан муросага келиш ғояси бу даврдаги Монтескье учун ёт эмас эди46 . Монтескьенинг идеали – Англиядаги сиёсий тузум, яъни конституциявий монархия бўлиб, бу монархия Монтескье назариясига кўра француз миллатининг руҳига жуда мос тушар эди. Монтескьенинг фикрича, ҳар бир миллатнинг руҳи мамлакатнинг географик шароитлари билан белгиланади. Монтескье фикрича, сиёсий хиёнатларнинг бўлмаслигини таъминлайдиган восита, бу – уч ҳокимиятнинг: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг ўзаро тўла тақсимланиши ва бир-бирларини чеклашидир47 . Давлат ва жамиятни халқчиллаштиришга доир бу ғоялар француз буржуа инқилоби даврида қабул қилинган қонунларга катта таъсир кўрсатди.
Жамият сиёсий тизимини демократлаштиришга салмоқли назарий ҳисса қўшган Франция мутафаккирларидан бири – Алексис де Токвилдир (1805–1859 йй.) . Токвиль асосан демократиянинг назарий ва амалий жиҳатларига кўпроқ қизиқди. Бу соҳани у ўз даврининг энг аҳамиятли воқелиги, деб қаради. Шунингдек, Токвиль демократияни кенг талқин қилди. У феодал тузумга қарама-қарши бўлган, шунингдек, олий ҳамда қуйи табақалар ўртасидаги (табақавий ёки анъаналар асосида шаклланган) чегарани тан олмайдиган ижтимоий тузумга ўтиш ғояси билан яшади. Бу ғоя мазкур ижтимоий тузумни ифодалайдиган сиёсий шахс билан ҳам боғлиқ эди. Демократиянинг негизи – тарихда қарор топиши кутилган тенглик принципларидир. «Тенгликнинг аста-секинлик билан қарор топиши юқоридан ҳукм этилган ва четлаб ўтиб бўлмайдиган заруриятдир. Бу жараён қуйидаги асосий белгилар билан аниқланади: у бутун дунёвий ва узоқ муддатли характер касб этади ва ҳар бир кун оз-оздан ривожланиб борсада, унга эришиш кишилар иродасига боғлиқдир… Шундай узоқ давом этган ижтимоий жараёнларни бир авлоднинг хатти-ҳаракати билан тўхтатиб қолиш ақлга сиғадими? Наҳотки, кимдир феодал тизимини йўқотган, қироллар устидан ғалаба қозонган демократия энди буржуазия ва бойлар олдида орқага чекинади, деб ўйлайди? Демократия шунчалик қудратга эга бўла туриб, унинг душманлари эса кучсиз бўлгани ҳолда, у тўхтаб қолиши мумкинми?»48 .
Жамият сиёсий тизимини демократлаштиришга доир муаммоларни таҳлил этишда Токвиль Франция ва АҚШ тарихий тажрибаларига таяниб иш олиб борди. У шу нарсани аниқладики, демократия ва эркинликни таъминлашга ҳалал берувчи ҳолат – бу давлат ҳокимиятининг ҳаддан ортиқ марказлашувидир49 . Франция ана шундай марказлашувларни синаб кўрган эди. Токвилнинг фикрича, демократик қадриятлар асосидаги қатор сиёсий-ҳуқуқий усуллар жамият ва индивид фойдасига ишлайди, уларни мустаҳкамлайди. Ана шундай усуллар тоифасига ҳокимиятнинг бўлиниши, шунингдек, маҳаллий (жамоавий) ўзини ўзи бошқариш органлари кириб, улар халқ суверенитетининг манбаидир. Лекин Токвилга биноан, бу суверенитет ҳам чегарасиз эмас, халқнинг устуворлиги ҳам ҳаддан ошиб кетмаслиги лозим. Агар бу чегаралар бузилса, тирания пайдо бўлади, кўпчилик тиранияси ҳам ҳукмдор тиранлигидан ҳеч бир кам эмас.
Ҳозирги даврда Шарқий Европа, Лотин Америкаси, Осиё ва МДҲ мамлакатларида давлатларнинг фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатга ўтиш даврига доир сиёсий қарашлар ва назариялар ҳам шаклланди. Уларнинг ичида Президент И.А.Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва илгари сурилган Ўзбекистон давлатининг собиқ социалистик жамиятдан фуқаролик жамиятига ўтишга доир назариялари ўзининг амалий натижаси ва замонавийлиги билан ажралиб туради. Айниқса, унинг янги жамиятга тинч ва босқичма-босқич равишда ўтишга доир қарашлари турли мамлакатлар етакчилари ва назариётчиларини қизиқтирмоқда. Чунки янги жамият ва давлат қуришнинг “Ўзбек модели” қисқа давр ичида ўзининг жаҳондаги бошқа мамлакатлар учун намуна бўла олиш жиҳатларини кўрсатди. Айниқса, жамиятни ижтимоий портлашларсиз ва турли кескин сиёсий тўқнашувларсиз ривожланишини таъминлаш тарихда камдан-кам мамлакатларга насиб этилган.
Юқоридагиларни эътиборга олиб, қўлланманинг 6-16-мавзуларида Президент И.А.Каримов томонидан илгари сурилган янги назарий қарашлар ва амалий ислоҳотлар эволюцияси сиёсий муносабатлар ва жараёнларнинг алоҳида йўналишлари бўйича мавзуларнинг махсус қисмлари тариқасида берилди. Чунки сиёсий ривожланишнинг “Ўзбек модели” ҳозирги даврда шаклланганлиги учун ҳам унга доир материаллар замонавий мавзулар билан уйғун ҳолда таҳлил этилди.

Такрорлаш учун саволлар:
1. Дастлаб Шарқда давлат ва жамиятга доир қандай сиёсий қарашлар шаклланди?
2. Қадимги Юнонистон ва Римда қайси олимлар сиёсий фанларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшдилар?
3. Сиёсий қарашларнинг христианча талқинларига кимлар асос солди?
4. Сиёсий қарашлар тарихида Шарқ мутафаккирлари қандай ўрин тутади?
5. Янги даврда сиёсий фанлар ривожига ҳисса қўшган олимлар тадқиқотларини таҳлил қилиб беринг.
6. Ҳозирги даврда сиёсатшунослик фани қандай ютуқларга эришди?
II бўлим. СИЁСАТ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ ВА

ТАДҚИҚОТ ОБЪЕКТИ СИФАТИДА

3-мавзу. Сиёсат – ижтимоий ҳодиса сифатида
1. Сиёсатнинг келиб чиқиши ва табиати.
2. Сиёсатнинг тузилиши.
3. Сиёсатнинг функциялари.
4. Сиёсатнинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари билан ўзаро муносабатлари.
1. Сиёсатнинг келиб чиқиши ва табиати
“Сиёсат“ тушунчаси биринчи мавзуда келтирилганидек, қадимги Юнонистонда (юнонча polis – шаҳар) пайдо бўлиб, у давлат бошқарувининг турли шаклларини англатган. Сиёсатга доир илк назарий қарашлар ҳам қадимги Юнонистонда Аристотелнинг “La Politika” (“Давлатга нима тегишли бўлса – у ҳақда”) асарида яратилган. “Сиёсат” тушунчасини аниқлаштириш, уни мазмун-моҳиятини очиб бериш ва тадқиқ этиш узоқ даврлар мобайнида монархия, республика ва давлатнинг бошқа шаклларини тадқиқ этиш, жамият ва давлатни бир-биридан ажратиш (Н.Макиавелли), черков институтлари (христианлик анъаналари) ва фуқаролик жамияти (Ж.Локк), давлатни иқтисодий ва ижтимоий тузум билан ўзаро алоқадорлигини аниқлашга доир (А.Смит) илмий изланишлар жараёнида ўз такомилига етди.
Қадимги даврлардан бошлаб шаклланган анъаналарга мувофиқ сиёсат мазмунини давлат қудратининг манбаи – ҳокимият билан узвий равишда боғлаб келинди. Умуман, у даврлардаги давлатларда сиёсатнинг мазмуни ҳокимиятнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ресурсларини аниқлаш билан боғлиқ ҳолда талқин этилди. Шунингдек, сиёсат акторларининг ҳокимиятга доир хулқини ўрганиш, бошқаришнинг легитимлиги ва қонунийлиги мезонларини ўрнатиш, ҳукмдорлар ва уларга бўйсунувчилар ролларини ижро этиш хусусиятларини англаш (Парсонс) , ҳокимиятнинг гуруҳий асосларини ёритиш (Бентли) асносида сиёсатнинг моҳияти янада ойдинлаша бошлади.
Сиёсатни ўрганишнинг турли-туман усуллари ва ёндашувлари ичида функционал – мақсадли усул кенг тарқалди. Бу усул жамиятдаги ижтимоий ҳаётда яшашнинг у ёки бу маъноларини изоҳлаб беришга асосланди. Бу жараёнда сиёсат тушунчаси қандайдир этикавий мақсадларни амалга оширишнинг шакли сифатида таърифлана бошланди (масалан, “англаб етилган адолатга мувофиқ бошқариш ёки фаровонликни ривожлантириш” (Платон); ёки “рационал тафаккурлашни амалга ошириш” (Гегель); “жамиятдаги кучларнинг ижтимоий мувозанатини ўрнатиш ва жамиятнинг бир бутунлигини ушлаб туриш ёки айрим кишиларнинг бошқалар устидан ўз ҳукмронлигини сақлаш воситаси” (Дебре); “қадриятларни тақсимлаш шакли” (Ласвелл) ёки “умумий иродаларни амалга ошириш” (Руссо) ва ҳоказо50 .
Сиёсат ҳақида немис олими М.Вебер ҳам ўзига хос талқинларни амалга оширган. Унинг қуйидаги фикри сиёсатнинг моҳиятини очиб беришга ёрдам беради: “Шу тариқа, сиёсат атрофлича муҳокама қилганда, давлатлар ўртасидами, давлат ичидами, одамлар гуруҳлари ўртасидами, ҳокимиятда иштирок этишга интилиш ёки ҳокимиятни тақсимлашга таъсир кўрсатишга интилиш демакдир51 .
Инсониятнинг дастлабки ривожланиш даврида, яъни ҳали жамиятдаги турли манфаатларни кескин бир-бирига қарама-қарши қўйиш, ишлаб чиқаришда ўзини ўзи ташкил этиш, маҳсулотларни тақсимлаш механизмлари пайдо бўлмаган, диний ақидапарастлик, урф-одатлар ва хулқий муносабатлар ҳукмрон бўлган даврда кишилар ўз манфаатларини қондириш жараёнларини табиий ҳолатдан келиб чиқиб мувофиқлаштирган эди. Лекин моддий ишлаб чиқаришнинг ривожланиши, ижтимоий ва демографик сафарбарликнинг кучайиши, жамиятда ижтимоий, этник ва диний дифференциациянинг ўсиши натижасида бу табиий мувофиқлаштириш ўз қобилиятини йўқотиб қўйди. Турли-туман инсоний алоқалар ва муносабатлар натижасида жамиятни бузиш хавфини келтириб чиқарувчи ўзига хос ихтилофлар, ўзаро келиша олмайдиган манфаатлар мажмуалари пайдо бўлди. Шу билан бирга, бу даврда гуруҳий манфаатларни қондиришга интилишлар шароитида жамиятнинг бутунлигини сақлаш энг катта ва хавфли муаммолардан бирига айланди.
Ана шу тарихий заруратлар оқибатида жамиятда ўзига хос ижтимоий институтлар шаклланиб борди. Бу институтлар аҳоли барча табақалари ижтимоий ҳуқуқлари шаклларини пайдо бўлган заруратлар даражасига кўтарилган умуммажбурий асосдаги итоатда туриб тутиш воситалари функцияларини бажара бошлади. Давлатга хос ошкора ҳокимият тартиботларининг пайдо бўлиши билан гуруҳлараро муносабатларни мувофиқлаштиришнинг сифат жиҳатдан юқори поғонаси – ижтимоий ҳокимият шаклланди. Шу тарзда идора қилувчи гуруҳлар ва уларнинг ижтимоий уюшмалари таркиб топди. Бу жараёнлар ўз ўрнида ижтимоий муносабатларнинг сиёсий даражасини яратди. Натижада, жамиятнинг бир бутунлигини уруғчилик асосида ташкил этишга уринишларга чек қўйилди.
Сиёсатнинг жамиятда намоён бўлиши учун алоҳида шахсларнинг манфаатлари бир бутун гуруҳда ифодаланиб, бу манфаатлар бошқа гуруҳлар манфаатлари билан зиддиятга киришиши лозим эди. Ана шунда бу икки гуруҳлар ўртасидаги муносабатларга учинчи гуруҳ – давлат ҳам тортилади. Давлат воситасида ижтимоий муносабатлар мувофиқлаштирилади, шу туфайли жамиятда сиёсий муносабатлар намоён бўлади. Ана шу тарзда сиёсат гуруҳий муносабатларнинг бир тури сифатида пайдо бўлади. Агар қайси ерда ижтимоий табақалар, миллатлар ёки бошқа ижтимоий гуруҳлар ўз манфаатларини амалга ошира бориб, аҳолининг бошқа табақалари ижтимоий имкониятларини ўзгаришига таъсир қилса, ўша ерда давлат ҳокимияти ижтимоий муносабатларни мувофиқлаштиришга тортилади, беихтиёр сиёсий муносабатлар жараёни рўй бера бошлайди.
Ижтимоий табақалар ва гуруҳлар давлатдан ташқари бўлган ҳолатида ўзларининг мувофиқлаштириш ресурсларини тугатган бир пайтда давлатга воситачилик қилиш учун “ижтимоий буюртма”лар беришга эҳтиёж сезади (масалан, иқтисодий ўз-ўзини бошқариш, инсоний кооперациялар, ахлоқ меъёрларига таъсир ва ҳ.к.) . Шунинг учун ҳам ижтимоий гуруҳларнинг доимо ҳам сиёсий фаолият кўрсатиши шарт эмас. Кўпинча, бундай ҳолат ижтимоий хулқ-атворнинг ўзига хос, кутилмаган шакли сифатида рўй бериши мумкин. Бу ўз ўрнида гуруҳлараро муносабатларнинг сиёсий даражаси ҳар қандай ижтимоий тизим учун ҳам шарт эмаслигини англатади.
Ижтимоий муносабатларнинг сиёсий характери гуруҳлар ва ижтимоий бирликларни ҳокимиятга тааллуқли манфаатларини баҳолаб боришни тақозо этади. Бошқача айтганда, хатти-ҳаракатнинг сиёсий мотивацияси фақат гуруҳ томонидан умуман (сиёсий дастурлар, мақсадлар, мафкуралар даражасида) , ёки унинг ҳар бир вакиллари билан алоҳида (маълум бир гуруҳга тааллуқли эканлигини англаш йўли билан, яъни сиёсий ўз-ўзини айнанлаштиришни аниқлаш) амалга оширилаётган манфаатларни ўзига хос тарзда англаб етиш жараёнида шаклланади.
Ижтимоий эҳтиёжларни сиёсий англаб етиш моҳияти манфаатларни гуруҳий характерини тушунишдан, уни бошқа гуруҳий субъектлар сўровлари билан қиёслашдан, шунингдек, бу бирликлар даъволарини татбиқ қилиш ва келишиш жараёнларига давлат аралашувининг даражалари ва воситаларини аниқлашдан иборатдир. Бошқача сўзлар билан ифодалаганда, манфаатларни сиёсий англаб етиш – унга давлат ҳокимияти аралашувисиз амалга ошириб бўлмайдиган мазмунларни ажрата олиш қобилиятини шаклланганлиги деганидир.
Шу тарзда сиёсий онг гуруҳларнинг бошқа субъектлар ва ҳокимият институтлари билан мулоқотларда иштирок этиши учун уларнинг ижтимоий эҳтиёжларини расмийлаштиради ва бир тизимга солади. Сиёсий ҳаёт субъектларининг бундай онгли равишдаги тайёргарлиги зарурияти принципиал характерга эгадир. Таниқли АҚШ сиёсатшуноси Роберт Даль “сиёсий” ва “носиёсий” қатламларни бир-биридан ажратиб кўрсатиб, бу билан субъектларнинг ҳокимият институтлари билан ўзаро характери даражаларини ўзаро фарқланишларини ҳам аниқлаган эди52 .
Сиёсатнинг замонавий талқинлари Р.Арон асарларида янада такомиллашди. У сиёсат тушунчасини жамиятнинг барча жабҳалари билан алоқадорликда таҳлил қилишга ҳаракат қилди. У “сиёсат” тушунчасини бир-биридан фарқланишини чуқур тадқиқ этиб, қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Биринчи фарқланиш шу билан боғлиқки, “сиёсат” сўзи инглиз тилига ҳар бири ўз мазмунига эга бўлган иккита сўзга таржима қилинади. Инглизлар амалда сиёсатни “policy” ва “politics” сўзлари билан ифодалайди – французлар унисини ҳам, бунисини ҳам “сиёсат” деб атайди. Policy – концепция, ҳаракат дастури, бу ҳолда у ҳаракатда, бир одамнинг, одамлар гуруҳининг, ҳукуматнинг хатти-ҳаракати… Шу тариқа, “сиёсат” сўзи ўзининг биринчи аҳамиятига биноан – бу дастур, хатти-ҳаракат усуллари ёки одам ёки одамлар гуруҳи томонидан бирон-бир муаммо, ҳамжамият олдида турган муаммолар йиғиндисига нисбатан амалга ошаётган хатти-ҳаракатнинг ўзидир. Сиёсат иккинчи маънода (инглизча “politics”) турли сиёсий йўналишларда қарама-қарши курашаётган ёки рақобатлашаётган (policy аҳамиятига молик равишда) ижтимоий ҳаёт соҳасига тааллуқлидир. Сиёсат соҳаси – бу шахсий “policy”га эга бўлган, яъни ўз мақсади, манфаатлари ва ўз дунёқарашига эга бўлган, ичида шахслар ва гуруҳлар ўзаро курашаётган жамулжамликдан иборатдир”.
Шу билан бирга, Р.Арон сиёсатни инсонга, инсонлараро муносабатлар мавжуд бўлишига, инсонларни ҳамжамиятга уюшиб яшашига боғлиқ ҳолда талқин этади: “Инсонлар ўртасидаги ҳар қандай ўзаро хатти-ҳаракат ҳокимият мавжуд бўлишини тақозо этади; шу тарзда, сиёсатнинг моҳияти ҳокимиятни амалга ошириш ва идора этувчиларни танлаш йўлидан иборатдир. Сиёсат – ҳамжамиятнинг бош характерли белгисидир, зеро, у инсонлар ўртасидаги ҳар қандай ўзаро хатти-ҳаракатлар шарт-шароитларини белгилаб беради. Сиёсат – авваламбор, юнонча “politeia” сўзининг таржимасидир. Бу сўз юнон тилида полис режими, деб аталиб, у бутун бир ҳамжамиятни уюштиришнинг ажралиб турадиган белгиси, раҳбарликнинг ташкил этиш йўли мазмунини англатадиган тушунчадир. Агар сиёсат ўз моҳиятига кўра ҳамжамият тузуми ёки уни уюштириш йўли бўлса, унинг тор ва кенг маънолардаги характерли белгилари намоён бўлади. Сиёсат тор маънода – бу идора этувчиларни ва ҳокимиятни амалга оширишни белгилаб берадиган ўзига хос тизимдир; лекин, шу билан бир вақтда, у ҳар бир ҳамжамият ичидаги шахсларнинг ўзаро хатти-ҳаракатларининг рўй бериш тарзидир. Сиёсатнинг иккинчи белгиси биринчисидан келиб чиқади. Ҳар бир жамиятнинг ўз режими мавжуд, лекин жамият режимларнинг турли-туманлигини, шунга мутаносиб равишда турли-туман муаммоларнинг пайдо бўлишини тан олмаса, ўзини ўзи англай олмайди. Энди сиёсат – хатти-ҳаракат дастури ва сиёсат – соҳа ўртасидаги фарқлар ойдинлашади. Сиёсат ўзининг биринчи аҳамиятига биноан ўзини турли йўллар билан намоён этади: ўз қўлида ҳокимиятни тўплаган ва уни амалга ошираётган R сиёсати; ҳокимиятга эга бўлмаган, лекин унга эга бўлишдан умудвор бўлганлар сиёсати; ўз сиёсий мақсадларини амалга оширишга интилаётган ва ўз шахсий усулларини қўллашга мойил бўлган шахслар ёки гуруҳлар; ва ниҳоят, тузумни ўзини ўзгартиришга интилаётганлар сиёсати. Буларнинг барчаси – гап режимнинг ички вазифалари тўғрисида ёки унинг ўзини яшаши билан боғлиқ мақсадлари тўғрисида кетишига боғлиқ ҳолдаги тор ёки глобал хатти-ҳаракатлар дастуридан бошқа нарса эмас. Мен юқорида қайд этиб ўтганимдек, сиёсат нафақат ижтимоий жамулжамликнинг бир қисмини, балки ҳамжамиятнинг бутун қиёфасини характерлайди”53 .
Ҳозирги даврга келиб сиёсатшунослик фанида сиёсат тушунчасига турли нуқтаи назарларни ўрганиш асосида аниқлик киритиш назарияси шаклланди. Бу каби турлича талқинлар Буюк Британиянинг Уэбст луғатида “Сиёсат нима?” деган савол асосида қуйидаги таърифлар келтирилган:
Сиёсат – ахлоқнинг давлат ва жамиятга дахлдор қисми бўлиб, ҳукуматнинг шахс олдидаги ахлоқий-маънавий мажбуриятларини ўз ичига қамраб олади.
Сиёсат – сиёсий хатти-ҳаракатлар йиғиндиси ва сиёсий амалиётдир.
Сиёсат – бир-бири билан рақобатдаги манфаатлар гуруҳлари ўртасидаги мусобақадир.
Сиёсат – нодавлат ташкилотларнинг ҳукумат устидан назоратни кенгайтириш мақсадидаги хатти-ҳаракатларидир.
Сиёсат – жамиятни бошқариш билан боғлиқ фаолиятдир.
Сиёсат – алоҳида шахснинг сиёсий тамойиллари, маслаклари, мулоҳазалари ёки майллари мажмуасидир.
Сиёсат – жамиятдаги инсонлараро ўзаро таъсир қилиш ва низоли муносабатлар йиғиндисидир.
Сиёсат – етакчилар ва уларга эргашувчилар ўртасидаги муносабатдир.
Ўзларининг сиёсий ҳокимият воситасида қондирадиган манфаатларини англаб етиш учун қобилияти бўлмаган кишилик бирликлари ўз хусусий элиталарининг мутеларига ёки бошқа сиёсий субъектлар манфаатларини қондириш воситасига айланади ва уларнинг устомонлиги қурбони бўлади. Собиқ иттифоқ даврида ишчилар синфи ана шундай қурбонлардан бирига айланган эди.
Манфаатларни сиёсий англашнинг мазмунли муносабатлари давлат ҳокимиятидан фойдаланиш воситалари ва мақсадларини ишлаб чиқишда (ёки ҳокимиятга таъсир этишда), иттифоқчилар ва мухолифат билан ўзаро муносабатлар меъёрларида ёки, қисқача айтганда, гуруҳлар ижтимоий эҳтиёжларини татбиқ қилишга қаратилган сиёсий иродани шакллантиришда ифодаланади.
Сиёсий хатти-ҳаракатнинг шаклланиши босқичида манфаатларни баҳолаш жараёнлари рўй бериб, унда субъектнинг ўзбошимчалик қилиши имкониятларининг пайдо бўлиши хавфли ҳолатдир. Ижтимоий имкониятларни ошириб ёки камайтириб кўрсатиш, гуруҳий иродаларни шакллантиришдаги хатолар, мухолифат имкониятларини тўғри баҳоламаслик кабилар инсон эҳтиёжлари сиёсий қиёфасини жиддий бузиб кўрсатиши мумкин. Агар гуруҳий манфаатларни баҳолашда давлат хатоликларга йўл қўйса, бу ҳолат сиёсий мувофиқлаштириш объектларини ўзбошимчалик билан танлашда ёки бошқаришнинг тўғри келмайдиган воситалари ва усулларини қўллашда кўринади. Эҳтиёжлар ва уларни сиёсий баҳолашлар ўртасидаги фарқланишлар қанча катта бўлса, сиёсий мувофиқлаштиришдаги сунъийлик шунча юқори бўлади, сиёсий мақсадларни идеаллаштиришга ҳам кенг йўл очилади.
Сиёсий аҳамиятга эга манфаатларни англаш характери бевосита сиёсий соҳа чегаралари билан боғлиқдир ёки, бошқача айтганда, сиёсат онгли равишда давлат-ҳокимият мувофиқлаштирадиган объектлар сонини кўпайтириш ёки озайтириш имкониятларига эгадир. Шунинг учун ҳам француз олими Г.Эрме шундай деб ёзган эди: “… энг яхши ҳукмдор – бу давлатнинг ўзича жамият манфаати деб фуқаролар иродасига зид равишда амалга оширадиган ниятларидан фуқароларни ҳимоя қиладиган ҳукмдордир”54 .
Шу тарзда сиёсатни ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларига кириб бориши (яъни, инклюзивлик хусусияти) сиёсий онг характери ва сифатига боғлиқдир. Бошқача айтганда, сиёсат уларга боғлиқ ҳолда инсоний муносабатларнинг бошқа ижтимоий мувофиқлашувчи соҳаларига ҳам ўз ўрнини бўшатиб бериши мумкин. Шунинг учун ҳам демократик жамиятлар доимо сиёсатнинг ижтимоий ҳаётга сунъий равишда кириб келишига йўл қўймаслиги, сиёсий ироданинг манфаатлар ва соғлом фикрлашдан устувор бўлишидан сақланиш муаммоларини ҳал қилишга мажбурдир.
Гуруҳлар ўзаро сиёсий ҳаракатларининг онгли тарзда рўй бериш табиати, мураккаб иродаларни тизимларга солишнинг объектив эҳтиёжлари ўз функцияларини амалга оширишда кўпроқ сиёсий элиталар билан боғлиқ бўлган сиёсатнинг ўзига хос субъектлари бўлишини тақозо этади. Функционал нуқтаи назардан қараганда элита профессионал фаолият эвазига ижтимоий жараёнларни мувофиқлаштирувчи бошқарувчилар қатламидир (стратасидир) .
Кўпчилик назариётчилар элитанинг сиёсий курсни шакллантириш, гуруҳлар ўзаро ҳаракатларини, кишиларни давлат билан алоқаларини ташкил этиш соҳасидаги ўрнини тан олган ҳолда сиёсатни жамиятга раҳбарлик қилиш ва бошқариш “санъати” соҳасига мансуб деб биладилар. Лекин сиёсат табиатини холисона тушуниш учун элита томонидан амалга оширилаётган функциялар қанчалик муҳим бўлмасин, унинг фаолияти бу соҳадаги барча зарурий ролларни ўйнашни қамраб ололмайди.
Элитар концепциялар тарафдорлари, “вакиллик тизими”, шунингдек бошқа назарияларнинг идора этувчи гуруҳларни ноёблигини даъво қилувчи фикрларига қарама-қарши ҳолда шуни айтиш лозимки, сиёсий жараён учун электоратнинг функциялари ҳам элитаникидан қолишмайдиган муҳим заруриятдир.
Аҳоли гуруҳларидан бири жамиятни бошқаришга доир махсус функцияларни амалга ошириши (элита ёки лидерлар), бошқаларининг функцияси эса нафақат бўйсунишдан иборат бўлиши, балки уларнинг элита доираларини танлашига ва бу элитани амалга ошираётган фаолияти мазмунига катта таъсир қилиши (омма, электорат) сиёсатни фақат бошқарувчилар ва бошқарилувчилар ўзаро ҳаракати ва ўзаро иштироки уйғунлиги шаклида рўй беришини характерлайди55 .
Сиёсат нафақат онгли, балки стихияли ҳаракатлар, нафақат рационал, балки иррационал ҳодиса ва сиёсий хатти-ҳаракат шаклларида ҳам рўй бериши мумкин. Сиёсатни ташкил этувчи бу “моддиётлар”нинг ўзаро муносабатлари ва мувофиқ келиши омманинг ўзгарувчан омилларга эгалиги сабабли ҳам кўплаб шарт-шароитларга узвий равишда боғлиқдир.
Ҳозирги даврга келиб фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат шароитида сиёсий тизимларнинг тубдан демократиялашуви ва глобаллашувининг авж олиши, давлат ҳокимияти органларини номарказлаштириш, сиёсий муносабатларни либераллаштириш натижасида сиёсатнинг мазмун-моҳияти ва унга амал қилишга доир қатор янги назарий қарашлар шаклланди. Ривожланган мамлакатларда сиёсатнинг асосий мақсади ва вазифаси шахсга, унинг манфаатлари ва фаровонлигини таъминлаш асносида белгилана бошланди. Бу янгилик асосига фуқароларнинг сиёсий жараёнлар ва сиёсий қарорлар қабул қилишдаги кенг иштирокини таъминлаш эҳтиёжларини пайдо бўлиши ҳам сабаб бўлди.
Таниқли инглиз сиёсатшуноси Эндрю Хейвуднинг фикрича, умуман “сиёсат шундай бир жараён бўлиб, унинг доирасида одамларнинг ўз хусусий ҳаётлари меъёрларини ташкил этиш, сақлаш ва бойитиш амалга оширилади. Сиёсат конфликт (conflict) ва ҳамкорлик (cooperation) каби ҳодисалар билан узвий равишда боғлиқдир. Шунинг учун ҳам, бир томондан, жамиятда мавжуд бўлган фикрлар, эҳтиёжлар ва манфаатларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги ўзаро келишмовчиликларга айланади, бошқа томондан, ҳаммага маълумки, бу ҳолатни ўзгартириш учун ёки жуда бўлмаса, уни сақлаб туриш учун ҳамкорликка зарурият туғилади. Бундан Ханна Арендт таклиф этган сиёсий ҳокимиятнинг “ҳам-фаолият” қабилидаги таърифи келиб чиқади. Бу каби барча сабаблар туфайли сиёсатнинг моҳиятига аксарият ҳолатларда конфликтларни ҳал этиш жараёни – манфаатлар ва фикрлашлардаги келишмовчиликларни яраштириш жараёни сифатида қаралади. Шунингдек, сиёсатга нисбатан кенг ёндашувда уни фақат конфликтларни ҳал этиш, деб эмас, балки уларни ҳал этиш йўлларини излаш деб ҳам қараш керак. Чунки жамиятдаги барча конфликтлар ҳал этилади ёки ҳал этилмайди. Шундай экан, муқаррар равишда бир томондан, ижтимоий турли-туманлик (одамлар бир-бирларига ўхшамайди) , иккинчи томондан, ижтимоий ресурсларнинг тақчиллиги (ҳеч қачон барча нарсалар барчага етмайди) туфайли ҳам сиёсат инсоний жамиятнинг ажралмас таркибий қисмидир.
…Ҳозирги кунга қадар энг обрўли арбоблар ҳам сиёсий фан предмети нима эканлигига доир ўзаро келиша олмай яшаб келаётганлиги мураккаб муаммога айланди. Сиёсат турлича йўллар орқали талқин этилмоқда – ҳокимиятни юбориш, жамоавий қарорлар қабул қилиш, тақчил ресурсларни тақсимлаш, манипуляция тизими ва ҳоказо. Бизнинг ишимизда эса сиёсатнинг, хусусан, ҳаётнинг умумий тарзини яратиш, сақлаш ва бойитиш сифатидаги таърифига устуворлик берилади”56 .
Э.Хейвуд ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, сиёсатга нисбатан қуйидаги йўналишларнинг ҳар бирини атрофлича талқин этади:
–сиёсат давлат бошқаруви санъати сифатида;
–сиёсат ижтимоий жараён сифатида;
–сиёсат келишув ва консенсус сифатида;
–сиёсат ҳокимият ва ресурсларни тақсимлаш сифатида.
Кейинги мавзуларда бу йўналишларнинг моҳияти ва аҳамиятига доир турли назарий қарашлар таҳлил қилинади.
2. Сиёсатнинг тузилиши
Жамият ҳаётининг сиёсий соҳаси жамиятнинг бир бутунлигини сақлаш, унда пайдо бўлиб турадиган зиддиятларни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадидан келиб чиққан ҳолда мажбурлаш воситасида ижтимоий куч ишлатиш қобилиятига эга бўлган, шу билан бирга, давлат ҳокимиятининг бошқа институтлари аралашувини тақозо этадиган ижтимоий ва миллий бирликлар ижтимоий аҳволи ва ҳолатига дахл қиладиган гуруҳлар манфаатларини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнларда пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам сиёсат – асосан гуруҳлар ўртасидаги ижтимоий аҳамият касб этадиган талаблар ва эҳтиёжларни амалга ошириш учун ҳокимият институтларидан фойдаланишга доир мақсадларга йўналган муносабатлар соҳасидир.
Сиёсат маълум тузилишга эга бўлиб, у қуйидаги таркибий қисмлардан иборатдир:
1) Сиёсий муносабатлар. У жамиятдаги ижтимоий гуруҳлар ва ҳокимият институтлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг барқарорлиги характерини ифодалайди. У ўз мазмунига биноан элиталар ва электорат, элиталар ва аксилэлиталар, етакчилар ва турли қўллаб-қувватлаш гуруҳлари, ижтимоий ва миллий бирликлар, турли манфаатлар гуруҳлари ва сиёсий институтларнинг турли-туман шакллардаги ўзаро ҳаракатларини характерлайди. Сиёсий ҳаётнинг муҳим кўрсаткичларини ифодалашда давлат ҳокимияти соҳасида устунлик қилишни ифодаловчи қуйидаги сиёсий муносабатлар характерлидир: сиёсий ҳукмронлик учун муросасиз кураш ёки давлат авторитети ва итоат эттиришдан оптимал фойдаланиш мақсадларидаги барча ижтимоий табақалар интилишларининг онгли равишдаги ҳамкорлик учун ўзаро уюшуви, фуқаролар тинчлиги ёки уруш, барқарорлик ёки инқирозлик ҳолати;
2) Сиёсий онг. У кишиларнинг ҳокимият аҳамиятига молик бўлган манфаатларини англаб етган ҳолатидаги муносабатларини сиёсий ҳаёт билан узвий боғлиқлигини ифодалайди. У ҳокимиятнинг мувофиқлаштирувчилик самарадорлиги ва кучини аниқлаб борувчи барча асосий ва аҳамият касб этадиган сиёсий муносабатларни ифодаловчиларни, шунингдек, субъектларнинг ҳокимият масаласидаги ўзаро боғлиқлигини характерлайди. Сиёсий онгнинг ўрни ва роли нуқтаи назаридан қараганда, ҳар қандай сиёсат сиёсий қарашлар ва идеаллар, дастурлар ва мақсадлар, кишилар хулқидаги меъёрлар ва кўрсатмалар, ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органлари, элитани рекрутлаштириш механизмларини муттасил равишда мужассамлашуви ва институтлашувидан бошқа нарса эмасдир;
3) Сиёсий ташкилот. У ҳокимият институтларининг ижтимоий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш марказлари сифатида характерланадиган ролидир. Турли ижтимоий табақалар ва жамият сиёсий манфаатларини ифодаловчи қонун чиқарувчи, ижроия, суд ҳокимиятлари органлари мажмуи, партиявий ва ижтимоий-сиёсий институтлар, турли таъсир кўрсатиш гуруҳлари ва бошқа бўғинлар сиёсатнинг ташкилий қобирғаси ҳисобланади. Сиёсий ташкилотлар аҳолининг ҳокимиятга доир иродаларини мужассамлаштиради, уни бошқарув қарорларида ифода этади, шу тариқа, барча сиёсий жараёнлар учун маълум бир йўналишлар бахш этади57 .
Сиёсатда бундай тузилмавий унсурларниннг ўзаро хатти-ҳаракати ва уларнинг мавжудлиги уларнинг ички бир бутунлигини таъминлайди, шу билан бирга, сиёсатни жамиятда маълум функцияларни бажариши учун шарт-шароитлар яратади.
3. Сиёсатнинг функциялари
Сиёсий фанларга мувофиқ сиёсатнинг турли-туман функциялари мавжуддир. Олимлар бу функцияларни турлича таърифлайдилар. Ҳозирги давр сиёсатшунослигида шаклланган характерли нуқтаи назарларни умумлаштирганда, сиёсатнинг функциялари қуйидагилардан иборатдир:
–жамиятнинг барча ижтимоий табақалари ва гуруҳларининг ҳокимиятга боғлиқ манфаатларини ифода этади. Бу маънода сиёсат кишиларга ўз эҳтиёжларини қондиришлари ва ижтимоий мақомларини ўзгартиришлари учун қўшимча имкониятлар бериш воситасидир;
–сиёсат фуқаролар манфаатларини фаоллаштириш, зиддиятларни очиб бериш, мақсадларни қўлга киритиш жараёнини кузатиб бориш натижасида жамиятда пайдо бўлган зиддиятларни ўзаро мувофиқлаштиради ва келиштиради, уларни давлат ва фуқаролар ўртасидаги маърифий ва маданий мулоқотлар оқими сари йўналтиради. Шунинг учун ҳам Платон сиёсатни “биргаликда яшаш санъати” деб бежиз айтмаган;
–сиёсат ижтимоий мажбурлаш воситасидан фойдаланиш имкониятини назарда тутган у ёки бу аҳоли табақалари ёки барча социумнинг бир бутун манфаатларидан келиб чиқадиган ижтимоий ва сиёсий жараёнларга раҳбарлик қилиш ва бошқариш, яъни зиддиятларни мувофиқлаштириш ва келиштиришга доир ўзига хос функцияни бажаради;
–сиёсий ва ижтимоий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш асносида аҳоли турли табақаларининг манфаатларини бир бутун манфаатлар тизимига келтиришнинг устуворлигига муҳим аҳамият бериш асосида уларни интеграция қилишни мўлжаллайди. Сиёсат ижтимоий тизим бир бутунлигини, ижтимоий тартибни (ҳаттоки идора этиш режимлари ўзгарганида ҳам) таъминлайди;
–сиёсат шахсни ижтимоийлаштиришнинг муҳим воситаси, уни ижтимоий муносабатларнинг мураккаб оламига олиб кирувчи омилдир. Сиёсат соҳасида шахснинг ижтимоий фаоллигининг устувор мотиви – бу унинг муҳитга мослашуви эмас, балки шахснинг ўзгариш ва такомиллашиш эҳтиёжларидир. Шу тариқа, инсон сиёсат воситасида ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш, ҳозирги замон дунёсини реал тасаввурлаш қобилиятига эга бўла олади. Ана шу сабабли ҳам сиёсат ўзига хос бўлган инсонни камолотга етказиш функциясини ҳам бажаради. У шахсга ўзини мустақил ижтимоий фаол мавжудот сифатида ривожланиш имкониятларини яратиб беради;
–сиёсат фуқароларнинг индивидуал мақсадлари ва гуруҳий манфаатларини амалга оширишга имкониятлар яратиб, жамият ва шахснинг ижтимоий ривожланишини янгиланиб туришини (инновациясини) таъминлайди. Бошқача айтганда, жамият сиёсий мувофиқлаштириш усулларидан фойдаланган ҳолда ҳаётни ижтимоий ташкил этишнинг янги шаклларини барпо этади, инсон ва табиат, халқлар ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш учун шарт-шароитларни яратади.
Албатта, юқорида келтирилган фикрлар сиёсатнинг энг асосий функцияларига доирдир. Чунки сиёсат нафақат аниқ кўзга ташланиб турган, очиқ ифодалаган функцияларни, шунингдек, латент (яширин) функцияларни ҳам бажариши мумкинлигини АҚШ олими Р.Мертон қайд этган эди. Тирик организмларда бўлгани каби у ёки бу жамиятларда сиёсатнинг маълум функциялари ривожланмаган характер касб этиши мумкин. Масалан, жамиятнинг у ёки бу соҳаларига давлат аралашувининг ижобий натижаларини тасаввур қила олмаслик ҳолати сиёсатни ижтимоий жараёнларни бошқариш имкониятларидан бутунлай ёки тўла маҳрум қилиб, уни юз бераётган ҳодисаларга нисбатан доимо кечикиб муносабат билдирадиган ҳолатга солиб қўйиши мумкин58 . Шунинг учун ҳам сиёсатнинг асосий функцияларини амалга ошиш (ёки амалга ошмаслик) характерининг етуклиги ва ривожланганлиги тўғрисидаги тасаввурга эга бўлишга зарурият туғилади.
4. Сиёсатнинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари билан ўзаро муносабатлари
Сиёсат табиатини тушуниш уни жамият ҳаётининг бошқа соҳалари билан алоқаларини ўрганишни тақозо этади. Сиёсат иқтисод, ахлоқ, ҳуқуқ, руҳшунослик, бадиий маданият кабилар таъсирини ҳис этади, шунингдек, унинг ўзи ҳам ана шу ва бошқа инсон фаолиятига доир соҳаларга таъсир қилади. Сиёсат ўзининг тузилмаси ва моҳиятини тўла очиб берадиган маълум белгилар ва хусусиятларга эгадир.
Маълумки, сиёсий фикрлашлар жараёнида сиёсатни жамият ҳаётининг бошқа соҳалари билан боғлаш секинлик билан англаб етилган. Қадимги Грециядан то янги давргача сиёсатни ижтимоий организм бир бутунлигини таъминловчи ўзига хос социум ва инсон ўзаро муносабатларининг барча шаклларини қамраб олувчи, инсон фаоллигининг умумий универсал шакли сифатидаги қарашлар ва шарҳлашлар ҳукмрон бўлиб келди. Фақат Н.Макиавелли, Ж.Локк ва Т.Гоббс асарлари билан боғлиқ ҳолдагина сиёсатни фуқаролик жамиятидан ажратган ҳолда ва уни ҳаётнинг бошқа соҳалари билан боғлиқ тарзда тушуниш даври бошланди.
Сиёсий фикрлашнинг турли йўналишлари ва мактаблари сиёсатнинг бошқа ижтимоий соҳалар билан муносабатлардаги ролини турлича талқин этиб келди. Баъзи мутафаккирлар сиёсатнинг етакчи соҳасини “инсоний ҳаёт фаолияти” билан (Моска) боғлайди; бошқалари уни “иқтисодга боғлиқ бўлган иккинчи даражали ҳодиса”, деб билади (Маркс) ёки уни “ҳуқуқ” (Гоббс) , “ахлоқ” (Аристотель) ёки “дин” (диний-теологик анъаналар), деб билади; учинчи йўналиш эса сиёсатни инсон фаолиятининг барча бошқа турлари билан қориштириб, шу тариқа, бошқа ижтимоий соҳалардан айри эканлигини билиб бўлмайди, деган фикрда қолади (Фрёнд) ; тўртинчи йўналиш вакиллари эса уни нисбатан автоном бўлган, ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари билан тенг ҳуқуқли йўналиш сифатида талқин этади.
Сиёсатнинг бошқа ижтимоий соҳалар билан муносабатларини аниқлаш ва тушуниш икки томонлама характер касб этди. Жумладан, реал ҳаётда сиёсатнинг иқтисод, ҳуқуқ, дин ва ҳаётнинг бошқа соҳалари билан ўзаро муносабатлари сабаб-оқибатли ва функционал характер касб этди.
Сиёсатнинг сабаб-оқибатли характери воситасида сиёсий жараёнларнинг детерминаллашганлиги, унинг келиб чиқиши ёки оқими характерининг қандайдир носиёсий (иқтисодий, мафкуравий, маданий ва бошқа) омиллар билан боғлиқлиги очиб берилади. Масалан, давлат ҳокимиятини фуқароларнинг мулкий ва ижтимоий аҳволига боғлиқ эканлиги тўғрисидаги ғояни дастлаб Аристотель илгари сурган эди. Асрлар давомида бу ғоя бошқа олимлар томонидан ривожлантирилди. Масалан, Адам Смит сиёсий муносабатлар иқтисодий тузумга мувофиқ бўлиши лозимлиги ғоясини ишлаб чиқди.
Марксистик доктринадаги иқтисодий детерминизм ғояси сиёсатнинг мазмунини саёзлаштириб ва унинг шаклини моддий муносабатларнинг бошқача тури, деб билади, сиёсат функцияларини гўёки ундан устунлик қилувчи иқтисодий уклад ривожланишини таъминлаш билан чеклайди. Иқтисодни шу тарзда детерминациялаштиришнинг мутлақлаштирилишини шу билан изоҳлаш мумкинки, марксизм кишиларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокларининг идеал мотивларини материалистик талқин қилишга ҳаракат қилиб, нафақат бошқа ижтимоий соҳаларнинг (маънавий, диний, ҳуқуқий ва бошқ.) таъсирини инобатга олмади, балки сиёсий иштирокнинг индивидуал ва социомаданий механизмлари тўғрисидаги тасаввурларни ҳам кескин тарзда сийқалаштирди.
Марксизм детерминацияловчи алоқаларни сунъий тарзда бўрттириб, ошириб кўрсатиш ва илмий фикрлашда сиёсатни иқтисодга боғлиқ қилиб қўйиш билан бир қаторда, бу масалада яна бошқа томонга оғади – сиёсатни ўз ўзини детерминацияловчи ҳодиса сифатида талқин қилиб, сиёсатнинг ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларига таъсир кучини йўққа чиқаради. Бундай ёндашувлар “идора этувчи синф”да ёки элиталар хусусиятларида “сиёсийликнинг” бош манбаларини кўрадиган элитар концепцияларга ёки “ифлос” сиёсат ва “тоза” ахлоқнинг принципиал бир-бирига қўшилмаслигига доир баъзи назарияларга хосдир.
Ўз навбатида, сиёсатнинг ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари билан ўзаро функционал алоқалари ва муносабатлари уларнинг ўзаро бир-бирлари билан боғлиқлигини ифодалайди, шу билан бирга, улар ижтимоий жараёнларни мувофиқлаштиришнинг нисбатан мустақил тизимларидир. Бошқача айтганда, турли соҳаларнинг функционал муносабатлари жамиятдаги мавжуд ахлоқий, сиёсий, ҳуқуқий ва бошқа инсоний конфликтларни бошқариш, гуруҳий муносабатларни мувофиқлаштириш, жамият бирлигини таъминлаш воситаларининг ўзаро алоқадорлигини намойиш этади.
Бу регулятив тизимлар бир вақтнинг ўзида тарихий вазиятларга боғлиқ ҳолда, шаклланган менталитет ва яна бошқа кўплаб сабаблар туфайли хулқ ёки хатти-ҳаракатлар талаб этган рағбатлантириш шакли, улар таклиф этган меъёрлар ва санкциялар турли хил самарадорликларни намойиш этиши мумкин. Шу тариқа, жамиятнинг инсоний зиддиятларни ахлоқий ёки сиёсий, иқтисодий ёки ҳуқуқий регуляторларидан фойдаланиши ижтимоий ҳаёт соҳасидаги муносабатларга ўзига хос устуворликларни юклайди. Улар ўртасида вақтинчалик ўрнатилган бу алоқалар характери ижтимоий ҳаётнинг у ёки бу соҳасининг роли ошганлиги ёки пасайганлигини билдиради.
Одатда, барқарор демократик жамиятларда сиёсатнинг бошқа ижтимоий соҳалар билан функционал алоқаси мустаҳкам ва динамик характер касб этади. Бу сифатлар ижтимоий муносабатларни мувофиқлаштиришнинг сиёсий усуллари ролининг пасайиши, диний ва ахлоқий меъёрлар авторитетини, иқтисодий ҳаётни ўз-ўзини ташкил этиш усулларини кучайтириш тамойилларини мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, ўтиш даври шароитларида ёки авторитар тамойилларнинг ўсиш даврида ижтимоий жараёнларни мувофиқлаштиришнинг сиёсий усулларининг роли кучаяди. Тоталитар режимларда эса бошқаришнинг сиёсий усуллари воситасида идора этиш иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий омиллар таъсири ва қадрини тушириш ҳисобига амалга оширилади. Бунда элита мафкуравий мулоҳазалардан келиб чиқиб ахлоқий меъёрларни писанд қилмайди, шунингдек, иқтисодий мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб, инсон қадр-қимматига оид тушунчаларни назарга илмайди. Ҳокимиятларнинг фуқаролар шахсий ҳаётига аралашуви, уларнинг шахсий ва жамиятдаги ҳаёти тўла назорат қилиниши натижасида сиёсат бошқа ижтимоий соҳаларни ютиб юбориши жараёнлари содир бўлади. Шунинг учун нафақат сабаб-оқибатли, балки ижтимоий ҳаёт соҳалари ўртасидаги функционал алоқаларини мутлақлаштириш сиёсат табиатини жиддий салбий ўзгаришига олиб келади.
Сиёсат ва иқтисод. Сиёсат билан иқтисод ўртасидаги муносабатларда сиёсий ҳокимиятни шаклланиш жараёнларида иқтисоднинг сезиларли детерминациялаш ролини кузатиш мумкин. Иқтисоднинг бундай детерминациялаш ролини девелопменталистик ((фр. developpement – ривожланиш) ёндашуви мисолида кўриш мумкин. Бу ёндашув тарафдорлари сиёсатнинг иқтисодга боғлиқ эканлигини мутлақлаштирмаган ҳолда иқтисоднинг кучсиз ривожланиши ҳокимиятнинг марказлашуви ва авторитар тамойилларнинг кучайишига зарурият ва эҳтиёж сезади, деб билади. Шунингдек, улар жамиятдаги иқтисодий ўсиш, жон бошига ўсувчи ялпи ички маҳсулот плюралистик демократиянинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратади, деган ғояни ҳам илгари суради.
Таниқли олим Б.Рассет қатор ижтимоий-иқтисодий (О.Холининг аҳоли жон бошига кўрилган фойда, маълумотлилик даражаси, мактаб таълими билан қамраб олинганлиги, оммавий ахборот воситаларининг тарқалиши ва ҳоказо) ва турли сиёсий (давлатнинг бошқаруви учун харажатлар, сайлов тизимининг характери ва ҳоказо) кўрсаткичларни тўплаб, улар асосида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш типларига мувофиқ келадиган жамиятларнинг турларини ажратиб кўрсатади: анъанавий, примитив жамият; анъанавий цивилизация; ўтиш жамияти; саноат инқилоби жамияти ва юксак оммавий истеъмол жамияти59 .
Албатта, “иқтисод доимо ҳаётнинг сиёсий соҳасини аниқлайди” қабилидаги қарашлар – бу уни ҳаддан ошириб кўрсатишдир. У ёки бу давлат, синф, миллат, гуруҳ сиёсатининг асосий манбаларини иқтисодий детерминизмга боғлаш ҳам тўғри эмас. Аммо, шу билан бирга, сиёсатнинг иқтисодга бутунлай боғлиқлигини тарихий ривожланиш тажрибаси ҳам инкор қилади. Сиёсат ҳокимияти – давлатнинг итоат эттириш шаклига ўтиши билан хўжалик муаммолари ижтимоий аҳамият касб эта бошлайди, шунингдек, давлат иқтисоднинг бутун бир жамият манфаатлари билан боғланган жиҳатлари учун ўзининг мувофиқлаштириш қобилиятини сақлайди. Лекин бундай таъсир уч хил бўлиши мумкин: позитив, негатив ёки нейтрал.
Иқтисодни номонополлаштириш ва номилитарлаштириш, макробошқарувни такомиллаштириш, фаол ижтимоий сиёсат олиб бориш, коррупцияга қарши кураш каби ҳозирги замон ижтимоий тараққиёти эҳтиёжларига боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилиш давлатнинг иқтисодий мувофиқлаштириш маркази сифатидаги ролини оширишни талаб этмоқда. Масалан, Ғарбдаги ҳам либерал, ҳам консерватив мафкурага берилган доиралар давлатнинг регулятив қобилиятини талаб қилувчи объектив ижтимоий жараёнлар таъсирида давлат органларининг иқтисодий жараёнларга аралашувига нисбатан муросасиз нуқтаи назарларидан воз кечмоқда.
Бошқа томондан ёндашганда эса тадбиркорлик, кичик ва оилавий бизнес, фуқароларнинг хўжалик ташаббуслари кабиларга боғлиқ ҳолда жамият ижтимоий тузилмаларидаги илгари силжишлар учун давлатнинг хўжалик-иқтисодий ҳаётини бошқаришдаги иштирокини кенгайишига қарама-қарши ўлароқ, иқтисодий жараёнларни ва ўз-ўзини ташкил этиш тамойилларини кучайтириш фойдалидир. Лекин аниқ бир мамлакат миқёсида фикр юритганда, сабабли ва функционал муносабатларни ўрганиш талаб этилади. Умуман, сиёсат билан иқтисод бир-бири билан бевосита эмас, балки билвосита – ижтимоий муносабатлар орқали ўзаро боғлиқдир.
Иқтисод инсонлар ҳаёт фаолиятининг моддий асосларини олдиндан белгилаб, бу билан жамият ижтимоий дифференциацияси характерини аниқлайди. Турли хил гуруҳлар ўз ижтимоий манфаатларини иқтисодий мазмунларига мувофиқ ҳолда қондиришни давлат фаолиятининг у ёки бу характерига ёки ҳокимият институтларининг ўз манфаатларини қондиришга ундайдиган сиёсий шаклларга мурожаат қилишлари табиий бир ҳолдир.
Давлатнинг қатламлар ва гуруҳлар ижтимоий сўровларига у ёки бу шаклда акс-садо бериши сиёсатни иқтисодий ҳаёт сўровлари ва талабларини концентрациялаш, уларни қабул қилинаётган ҳокимият органлари қарорлари мазмунига айлантиришга мажбурлайди. Лекин бу манфаатлар давлат сиёсатида янги йўналишлар бўлишига олиб келадими ёки ҳокимият ўз сиёсий йўлини радикал модернизация қилишга мажбурлайдими (яъни, янги сиёсатни шакллантиришни шарт қилиб қўйилиши, давлатнинг ўз ваколатларини амалга оширишнинг янги йўналишларига зарурият сезиши) ёки жамият у ёки бу гуруҳлар такрор ишлаб чиқаришини таъминлашнинг носиёсий воситаларидан фойдаланишни афзал кўрадими ёки маълум страта ва табақалар мақсадларига эришиши учун тўсиқлар қўядими – буларнинг ҳаммаси аниқ тарихий вазиятга боғлиқдир. Шунингдек, иқтисод билан сиёсат ўртасидаги муносабатлар характери турли-туман бўлиши мумкин.
Сиёсат ва ҳуқуқ. Ҳуқуқий соҳа амалдаги қонунчиликда у ёки бу кучлар сиёсий ҳукмронлигининг асосий принципларини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, ҳуқуқий меъёрлар ўткир ва кескин сиёсий талабларни юмшатади, бу билан нафақат сиёсий йўл тарафдорлари талабларига, балки давлатнинг барча фуқароларига мослашади, партиявий иштиёқлари мавжудлиги ёки йўқлигидан қатъи назар уларга умуммажбурий талаблар қўяди. Ҳуқуқ жамиятнинг табиати олдиндан белгилаб қўйган, кишиларнинг ҳамкорликда яшаш талаблари тизими бўлиб, бу талаблар амалдаги қонунларда мустаҳкамлаб қўйилганми ёки йўқми, ундан қатъи назар, ҳамкорликка йўғрилган кишилар бирликлари бу тизимсиз яшай олмайдилар. Шунинг учун ҳам ҳуқуқ у ёки бу қатлам, миллат, давлатнинг сиёсати етуклигининг ўзига хос мезонидир. Шу туфайли ҳам ҳуқуқ жамиятдаги фуқароларнинг фаровонлик ва маълум тартиботда яшашига нисбатан ижтимоий ўзаро талабларининг қуйи чегараси бўлиб, усиз жамиятнинг ҳам, индивидларнинг ҳам бир-бирларини ижтимоий ва сиёсий фаолиятларига зиён келтирмайдиган ҳолатдаги кишилик ҳаёти ва ҳокимият жараёнларидаги иштирокларини амалга ошириб бўлмайди.
Ҳуқуқий шаклда (позитив ҳуқуқ) фуқаролар ижтимоий ва сиёсий хулқи ва хатти-ҳаракатини ҳуқуқий мувофиқлаштиришнинг ифодаланиши – бу инсон индивидуал хулқининг йўл қўйилган чегараларда алоҳида ўсиш характерига эга эканлигидир. Шу тарзда ҳуқуқ идора этувчи тузилмаларнинг, шунингдек, мухолифатнинг ҳам фаолият имкониятлари ва чегараларини аниқлаб беради. Шунинг учун ҳокимият доираларининг ҳуқуққа бўйсуниши – сиёсий режимнинг легитимлиги ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун яратилган жиддий шарт-шароитлардан бири ҳисобланади.
Албатта, аниқ сиёсий тизимларда сиёсат билан ҳуқуқ ўртасидаги муносабатлар зиддиятли, шунингдек, бир хил аҳамият касб этмаслиги мумкин. Нафақат тоталитар ёки авторитар, балки маълум даражаларда демократик мамлакатларда ҳам кўпинча сиёсий лояллик қонундан юқори қўйилади, бунинг натижасида эса қонуннинг ҳуқуқий мувофиқлашуви кучсиз кечади.
Собиқ иттифоқ давридан маълумки, партия ва давлат номенклатураси нафақат қонунларга бўйсунмади, аксинча, ундан ўз сиёсий мухолифатларини йўқ қилиш учун унумли фойдаланди. Бу даврда сиёсий қатағонга учраганлар “жиноятчилар”, деб эълон қилинди. Давлат репрессив аппаратининг барча кучи уларга қарши қаратилди.
Сиёсат ва ахлоқ. Сиёсат билан ахлоқнинг ўзаро мутаносиблиги муаммолари бир неча минг йиллардан буён мутафаккирлар ижодида муҳим ўрин эгаллаб келди. Ғарб дунёсидаги сиёсий фикрлар тарихида бу масалани ечишнинг уч хил ёндашуви шаклланди.
Биринчи гуруҳ мутафаккирлар – Макиавелли, Моска, Михельс, Бентли, Бёрнхем, Г.Кан кабилар сиёсатда ахлоқнинг ролини инкор қилиш нуқтаи назарига яқин турди. Платон, Аристотель, Э.Фромм, Л.Мэмфорд, Ж.Хаксли кабилар эса аксинча, сиёсий ёндашувларни ахлоқий-этикавий баҳолашлар билан қориштириб, ахлоқнинг устуворлиги талқинини мерос қилиб қолдирди. Учинчи гуруҳ вакиллари – А.Швейцер, М.Ганди, А.Эпштейн кабилар эса ахлоқ воситасида сиёсатнинг фазилатларини ошириш тарафдори бўлди.
Амалий ҳаёт кўрсатдики, ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби сиёсатда ҳам дастлабки даврлардан бошлаб манфаатларни шакллантириш ва уларни амалга ошириш жараёнлари инсонда ахлоқ устуворлиги, унинг ҳокимиятга даъвогарлик қилишдаги адолатга амалга қилишга доир тасаввурлари давлатга нисбатан йўл қўйилган ва тақиқланган муносабатлардаги эркинлик ва тенглик чегараларида кечиши анъаналари шаклланди, сиёсий институтлар билан боғлиқ бўлган муносабатларда ўзаро масъуллик каби қадриятларга амал қилиш бошланди. Бошқача айтганда, сиёсат дастлабки даврлардан бошлабоқ ўзида икки хил ўлчов – инсоннинг давлат ҳокимияти билан бўлган муносабатларидаги баҳолаш ва мўлжал олиш тизимларини акс эттирди: фойда ва ахлоқ. Агар сиёсий онг инсонни мақсадга эришиши самарали ёки самарасиз, зарарли ёки фойдали ҳодисалар сифатида баҳолашга мажбурласа, ахлоқ бу масалаларни эзгулик ва ёвузлик, мавжудлик ва зарурият каби ўзаро муносабатлардан келиб чиқиб ҳал қилади ва бу билан баҳолаш ва мезонлаш тизимидан юқорида туради.
Албатта, сиёсатнинг ахлоқийлиги нисбий ўлчовдир. Барқарор демократик режимларда ахлоқ халқ билан элита ўртасидаги ўзаро ҳурматли мулоқотнинг муҳим манбаларидан биридир. Шу билан бирга, у ёки бу мамлакатлардаги айрим сиёсий жараёнлар (урушлар, инқирозлар, инқилоблар, модернизациялар) сиёсий хатти-ҳаракатларнинг ахлоқий йўл қўйилган чегараларини бузишга мойил бўлиб қолмоқда. Баъзи ҳолларда эса ахлоқий қадриятлар сиёсий ҳаёт чегараларидан бутунлай чиқариб ташланмоқда.
Сиёсий жараёнларнинг барча кенгликлари ҳам ахлоқий ва сиёсий ёндашувлар зиддиятларини ўзларида тенг равишда ифодаламайди. Элиталар бошқарув фаолиятининг фақат касбий тоифага тегишли соҳалари ёки инсондан ахлоқий танлашни талаб қилмайдиган фуқаролар мажбуриятларини амалга оширувчи технологиялар, одатда, ахлоқий рефлекциянинг (жавоб таъсир) минимал даражасига эгадир, холос. Шу билан бир вақтда, бу зиддиятлар субъектнинг сиёсий нуқтаи назари ишлаб чиқилаётган жараён – қарорлар қабул қилишда уларга эришиш мақсадлари ва воситалари мутаносиблиги рўй бераётган пайтларда анча кескинлашади.
Масалан, Германияда фашистлар ҳокимият учун курашаётган даврда ишчилар ҳуқуқи ва қадрини ҳимоя қилиш, улар институтларини сақлашга ваъда беради. Лекин улар бир вақтнинг ўзида (1933 йил баҳорида) ишчиларнинг касаба уюшмалари, хазиналари, газеталари таҳририятларини ўз биноларидан ҳайдаб чиқариб, уларнинг ўрнига фашистлар бошчилигидаги “Немис ишчилар фронти” касаба уюшмасини тузди. Большевиклар доҳийларининг сиёсати ҳам худди шу каби ахлоқсизлик асосида амалга оширилди. Улар ҳам ишчилар манфаатларини ҳимоя қилувчилар сифатида инқилоб уюштирдилар, кўп ўтмасдан ўз репрессив аппаратини ишчиларга қарши қарата бошлади60 .
Ахлоқ ва сиёсат ўртасидаги зиддиятларни, ҳар қандай шаклдаги ижтимоий мажбурлашни, ҳаттоки куч ишлатишни ўз табиатига кўра ахлоқсизликдир, дейиш ҳам қийин ҳолатдир. Аслида субъект томонидан қўлланаётган сиёсий усуллар ва воситаларни ахлоқий баҳолаш конкрет вазиятларга боғлиқдир. Масалан, агрессор хатти-ҳаракатига қарши ёки инсоннинг яшаш меъёрларини очиқ равишда бузувчи кишилар (ва гуруҳлар) фаолиятини тўхтатиш билан боғлиқ куч ишлатиш ахлоқий жиҳатдан эътироф этилади. Социолог Р.Доузнинг фикрича, куч ишлатиш монополиясига эга бўлган давлат ўз легитимлигини таъминлай олса, яъни халқнинг ахлоқий туйғулари расмий ҳокимият ахлоқий меъёрларига тўғри келгандагина бу кучдан самарали фойдалана олиши мумкин61 .
Немис олими Макс Вебер талқинича, “дунёдаги ҳеч бир этика, кўпчилик ҳолатларда, “яхши” мақсадларга эришишда ахлоқий жиҳатдан шубҳали ёки, ҳеч бўлмаганда хавфли воситалардан фойдаланиш ва ортиқча ножўя ва хунук оқибатларга олиб келиш эҳтимоллари билан боғлиқ заруриятлар билан алоқадорликда бўлиш фактини четлаб ўта олмайди”62 . Шунинг учун ҳам сиёсат олдида доимо ахлоқий талаблар учун бегона бўлмаган “озгина ёвузлик”ни танлаш муаммоси, яъни конфликтларни мувофиқлаштиришда пайдо бўладиган, муқаррарлиги аниқ, инқирозлик вазиятларини юмшатувчи каби мақсадга эришиш воситаларидан фойдаланиш вазифаси туради; ўз хоҳиш-иродасига эришишда мақсадларни пастроқ ижтимоий баҳоларда амалга оширишга интилиш барқарорлик ва фуқаролик муросасозлигини сақлаш сиёсатига хос бўлган белгилардир.
Ахлоқий рефлексияга эга бўлмаган характердаги режимлар сурбетлик, мунофиқлик, инсонга нафрат билан қараш каби иллатларни ҳокимият ва бошқаришнинг устувор меъёрларига айлантиради. Натижада, коррупция, криминал тарзда идора этиш ва ниҳоят, сиёсат аҳолининг турли гуруҳлари ўртасида бир-бирига нафрат уйғотиш, жамият бирлигини бузиш манбалари ва воситаларига айланади. Ноахлоқий сиёсат шахс устидан куч ишлатиш, диктатура ифодаси бўлиш, бу ёвузликларни тўғридан-тўғри рағбатлантириш воситасидир.
Сиёсий ва ахлоқий мезонларнинг зарурий мувозанатини сақлаш мураккаб ишдир. Бундай ишни уддалаш кучли ахлоқий фазилатларга эга, турли хил сиёсий иштирокларда бевосита тажриба орттирган сиёсий етакчиларга насиб этади. Ахлоқий принципларга эга бўлмаган етакчилар ўзининг ҳокимиятга доир мақомини ошириш ёки уни сақлаш учун турли воситалардан фойдаланишда ички чегараларни осонлик билан бузадилар; қарорлар қабул қилишнинг сиёсий масъулияти оғирликларини ўзида синаб кўрмаган етакчилар кўпинча ҳокимиятнинг ҳаммани жалб қилувчи танқидларига берилиб кетиб, бу билан аҳолининг эҳтирос ва ҳис – туйғуларини жунбушга келтиради.
Сиёсий ва ахлоқий ёндашувлар ўртасидаги мувозанатларни сақлашнинг қийинлиги сабабларидан бири – бу сиёсий онг тузилишининг мураккаблигидир. Сиёсий онгнинг индивидуал компонентлари, одатда, шаклланган эътиқодга берилишни сақлаш, шахснинг ҳаётда маълум бир фикрлар таъсири остида бўлиш қобилиятларини характерлайди. Гуруҳий ахлоқ эса инсонни у ёки бу бирликка қўшилганлиги, унинг қўйилган жамоавий мақсадларни айнан ўзлаштиришини, гуруҳ аъзоларига айнанлашишини (идентивлик) характерлайди. Шу билан бир вақтда, ахлоқий тасаввурларнинг умуминсоний мазмуни инсонга унинг умуман бутун бир инсониятга тааллуқли эканлигини англашга кўмаклашади. Шунингдек, бу жараён ҳар бир инсонга мустақиллик бахш этиб, сиёсий курашларда унинг атрофидаги кишилар сафдоши ёки мухолифати эканлигининг ҳеч бир аҳамияти йўқ. Кишиларда фақат умуминсонийлик, универсал меъёрлар, қадриятларнинг уйғунлашувигина шахснинг ахлоқий онгини талаблар даражасига кўтара олади.
Сиёсат мавжуд экан, унинг зиддиятли муносабатларини ахлоқий жиҳатлардан ҳал қилиш қийин жараён бўлиб қолаверади. Лекин, шунга қарамай, бу ихтилофларга цивилизациявий шакл беришнинг имкониятларини топиш мумкин. Бунинг учун авваламбор, элита ёки қандайдир ижтимоий (миллий, диний) ёки сиёсий гуруҳларнинг имтиёзли турмуш тарзига йўл бермайдиган, инсонийликка йўналтирилган сиёсат юритиш ҳокимиятнинг ҳар бир жабҳаларининг вазифалари бўлиб қолиши лозим бўлади. Ҳокимият фуқаровий тинчлик, сиёсий кучлар ўртасида муттасил муроса учун изланишга асосланган сиёсат олиб бориши керак63 .
Шу билан бирга, бундай сиёсат йўли элита ва етакчилар танлаш механизмлари, улар фаолияти устидан жамоатчилик фикрининг демократик назоратини кучайтириш билан тўлдирилиб борилиши зарур. Бу жараёнларда инсоннинг ўзи ҳам ахлоқий масъуллик юкини у ёки бу партия, давлат ёки ишончли вакилларини сиёсий танлаши устига ортишга интилмаслиги лозим. Ана шундагина ахлоқ сиёсий ривожланишнинг ишончли манбасига айланади, сиёсат эса ахлоқ қадриятлари ва универсал меъёрлар мақомини мустаҳкамлаш воситаси сифатида майдонга чиқади.

Такрорлаш учун саволлар:
1. Сиёсатнинг келиб чиқиши ва амал қилиши учун қандай ижтимоий-сиёсий шарт-шароитлар шаклланган бўлиши лозим?
2. Сиёсат қандай таркибий қисмлардан иборат?
3. Сиёсат қандай функцияларни бажаради?
4. Сиёсат ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари билан қандай тарзда ўзаро муносабатларда бўлади?
5. Сиёсат билан иқтисод ўртасида қандай муносабатлар рўй беради?
6. Сиёсат ва ахлоқ ўзаро муносабатларидаги муаммолар қандай ҳал этилади?
4-мавзу. Сиёсий ҳокимият
1. Ҳокимият тушунчаси ва унинг табиати.
2. Сиёсий ҳокимиятнинг тузилиши, унинг субъекти ва объекти.
3. Ҳокимият ресурслари.
4. Бўйсуниш табиати.
5. Сиёсий ҳокимиятнинг ўзига хос хусусиятлари.
6. Ҳокимиятнинг легитимлиги.
1. Ҳокимият тушунчаси ва унинг табиати
Ҳокимият тушунчасига доир дастлабки қарашлар қадимги Юнонистонда шаклланди. Қадимги юнон тилидаги “архэ” (arche) тушунчаси қуйидагича талқин этилади: 1) бошланиш, олдин, даставвал; 2) бошчилик, ҳукумат, ҳокимият, ҳукмронлик; 3) бошқариладиган. У яна қуйидаги маъноларни ҳам англатган – келиб чиқиш, аввали сабаб, бош, бошланиш, принцип, асос. Лекин “архэ” тушунчаси иккита асосий аҳамиятни англатган – бошланиш ва ҳокимият. Бунда ҳокимият иккинчи ўринга қўйилган. Бундан фараз қилиш мумкинки, идора этиш, бошқариш имконияти ва қобилияти бошлаш, бошда туриш, биринчи бўлиш, бош бўлиш, ташаббускор бўлиш, бошлаб бериш, яъни бошланғич хатти-ҳаракатни амалга ошириш, куч манбаи бўлиш кабиларга нисбатан натижани англатган. Идора этиш – авваламбор, бошлаш, ташаббус кўрсатиш, фаоллаштириш, қўзғаш, яшаш учун чорлаш, ҳаётни бериш сифатида идрок этилган. “Архэ” сўзи ўзагидан қуйидаги юнон сўзлари ташкил топган – манба, асос солувчи, бошлашга хизмат қилувчи, аввал боши, дастлабки, қадимги, бош, илк образ, асиллик, ҳақиқийлик. Албатта, бунда сўз одамлар ўртасидаги муносабатлар тўғрисида эмас, балки турмушдаги ўзига хос аҳволи ва ўзига хос мавжудлиги аниқ-равшан ифодаланган иштирок, юқори мақом, бетакрор роллар, алоҳида аҳамият касб этиш, аҳамиятли бўлиш ҳақида кетмоқда.
Ана шу тушунча лотин тилида тахминан “Potestas” қабилада ифода этилиб, у қуйидаги маъноларни англатади: 1) куч-қудрат, хатти-ҳаракат, ниманидир қилиш кучи, қандайдир фаолиятни амалга ошириш учун етарлича куч-қудратга эга бўлиш; 2) ҳокимият, ҳукмронлик, кимнидир ҳаёти ва ўлимини идора этиш ҳуқуқи; 3) қобилият, имконият (имкониятга эга бўлиш ва имконият бериш) .
Инглиз тилида “power” тушунчаси эса қуйидагиларни англатади: 1) куч, қудрат, энергия, унумдорлик; 2) қудратлилик, ҳокимият, таъсир, қувват; 3) ваколат; 4) давлат, олий ҳокимият; 5) қобилият, имконият. “powerful” эса: 1) кучли, қудратли, қувватли; 2) қудратли, таъсирчан; 3) кучли таъсир этувчи; 4) вазмин, салмоқли, аҳамиятли.
Ҳокимият тушунчаси дастлаб Аристотель томонидан чуқур тадқиқ этилди. У ҳокимиятни нафақат инсонлар ўзаро муносабати сифатида, балки сиёсий ҳокимият сифатида ҳам теран таърифлаб берди. Аристотелнинг таъкидлашича, сиёсат – бу социал “бутунлик” ва унинг алоҳида “қисмлари” ўзаро муносабатларини уйғунлаштириш таъсир кучи билан “сиёсийлашган”, қайсики албатта мувофиқлаштирувчи омил ёки ҳокимият механизми иштирок этадиган одамлар ўзаро муносабатларини йўлга солишдир. У ўзининг “Сиёсат” асарида бу ижтимоий муносабатлар механизми ҳақида қуйидаги фикрларни билдиради: “Илгари тарқоқ бўлган ёки бири бошқа бири билан узлуксиз боғланган, бир неча қисмлардан тузилган ҳамма нарса бир бутунликни ташкил этади ва унда ҳокимият юритиш сабаби, бўйсуниш сабаби намоён бўлади. Бу табиатнинг умумий қонунидир, шунинг учун ҳам унга кўтаринки руҳий моҳият бўйсундирилгандир”64 .
Лекин, шу билан бирга, Аристотель «ҳукмронлик қилувчи ҳокимият»нинг оддий муносабатларидан (жанобнинг қул билан, эрнинг хотин билан, отанинг болалар билан) фарқли ўлароқ, жамиятдаги ижтимоий ҳокимиятни бошқаларга нисбатан мукаммаллиги ва мураккаб тузилмаларга эга эканлигига муҳим аҳамият беради. Бундай ҳокимият эса одамлар ўзаро иродавий муносабатлари кечадиган жамиятга хосдир. Ҳокимият заруриятдир, деб таъкидлайди Аристотель. Чунки, авваламбор, барчани ягона иродага бўйсундирмай, унинг бир бутунлиги ва ҳамжиҳатлилигини таъминламай туриб, жамиятни уюштириш ва бирлаштириш ақлга сиғмайдиган бир ҳолдир65 .
Ҳокимият табиати ва моҳиятини очиб беришда инглиз мутафаккири Жон Локкнинг хизматлари бениҳоя каттадир. У биринчилардан бўлиб ҳокимиятни инсонпарварлаштириш ва маънавиятга бўйсундириш ғоясини илгари суради. Унинг ҳокимиятни фаровонликка эришиш воситаси эканлигига доир қуйидаги таърифи бу тушунчани чуқур англашга имкон беради: “… Сиёсий ҳокимият – бу шундай ҳокимиятки, қайсики, ҳар бир одам бундай ҳокимиятга табиий ҳолатда эга бўлиб, уни жамият қўлига, ҳукмдорларга шунчалик ҳолда берадики, яъни жамият ўз зиммасига аниқ ифодаланган ёки сўзсиз ишончли тарзда шуни таъминлашни ўз зиммасига оладики, у бу ҳокимиятдан фақат жамият аъзолари фаровонлиги ва уларнинг мулкларини сақлаш учун фойдалана олсин. …Шу тариқа, бу ҳокимиятнинг мақсади ва мезони – ҳокимият табиий ҳолатда ҳар бир одамнинг қўлида бўлган бўлса, унга тегишли ҳамма нарса энди унинг жамиятида, яъни бутун бир инсониятда сақланиши билан хотималанади. Бу ҳокимиятнинг имконияти мансабдор шахс қўлида бўлганида, ҳокимият жамият аъзоларини сақлаш, демак, уларнинг ҳаёти, эркинликлари ва мулкларини сақлашдан бошқа ҳеч қандай мақсад ва мезонга эга бўлмайди. Ва, бинобарин, бу ҳокимият уларнинг ҳаёти ва бойликларига дахл қиладиган деспотик ва мутлақ бўлиши мумкин эмас, улар имкон қадар сақланиши лозим; аксинча, бу ҳокимият бир бутунликни сақлашни, ундан фақат ва фақат бузилган, бир бутунлик ва соғломликка хавф соладиган, унингсиз ҳеч қандай шафқатсизлик қонуний бўлмаган қисмларни узиб олиб ташлашни қўллаб-қувватлайдиган қонунлар яратадиган, уни бузишларга қарши жазолашларни кўзда тутадиган ҳокимият бўлиши лозим. Ва бу ҳокимият фақат шартнома ва битимлардан, ҳамжамиятни ташкил этувчиларнинг ўзаро келишувларидан келиб чиқади”66 .
Кўриниб турибдики, демак, биринчидан, ҳокимият юритиш – бошлаш ва бошчилик қилиш. Яъни, олдиндан ҳозир бўлиш ва сўзсиз устунлик қилиш, устуворлик қилиш, устун бўлиш, афзал бўлиш. Иккинчидан, ҳокимият юритиш – демак, ҳукмронлик қилиш, яъни эга бўлиш, тасарруф этиш, ушлаб туриш, ўз мулкига эга бўлиш. Учинчидан, ҳокимият юритиш – демак, ҳукмронлик қилиш, идора этиш, бошқариш, эга бўлиш, фойдаланиш, раҳбарлик қилиш, амру фармон бериш, буйруқ бериш, ўз ихтиёрига эга бўлиш. Бундан шундай хулоса чиқадики, ҳокимият феномени фақат одамларга тааллуқлидир.
Ҳокимият ҳаётда кўпқиррали ҳодиса сифатида намоён бўлади. Ҳокимият феномени ва нотенглик, уларнинг одамлар, ижтимоий гуруҳлар ва давлат институтлари ўртасида тақсимланиши узоқ даврлардан бошлаб турли шарҳлар, асослашлар ва уларга нисбатан шубҳалар туғилишига сабаб бўлди. Бертран Рассел ҳокимиятни барча ижтимоий фанларни тушунтириб берадиган тушунча сифатида талқин этиб, уни физикадаги энергия тушунчасига ўхшатади. Ҳокимият феномени турли инсонлар мақсадларининг ўзаро келиша олмаслиги ёки уларнинг муваффақиятга эришиш воситаси бўлгани учун ҳам пайдо бўладиган ижтимоий ихтилофлар вазиятида учраганлиги сабабли жуда мураккаб ҳодиса сифатида намоён бўлади. Баъзан ҳокимият тушунчасини нохуш ҳужумларга учраши сабабларидан бири – бу унинг мажбурлаш, зулм қилиш, куч ишлатиш ёки адолатсиз ҳукмронлик қилиш сифатида кишилар хотирасида авлоддан-авлодга ўтиб келаётганлигидир. Лекин аксарият ҳолатларда ҳокимият ҳодисаси ижобий талқин этилади, уни қонуний раҳбарлик қилиш, авторитет, эътироф этилган етакчилик, таъсир қилиш, тарбиялаш, манфаатларни келиштириш, гуруҳий ҳамкорлик каби ҳолатлардаги энг зарурий ҳодиса эканлиги тан олинади.
Шу билан бирга, ҳокимият тушунчасини ифода этишга доир юзлаб талқинлар шаклланганки, улар мантиқий жиҳатдан бир-бирларини тўлдириб боради:
1) кимнидир ўз иродасига бўйсундириш ҳуқуқи ва имконияти, кимнидир хатти-ҳаракатини идора қилиш (Ушаков луғати) ;
2) хатти-ҳаракат эркинлиги устидан идора этиш ҳуқуқи, кучи ва иродаси; бошчилик қилиш, бошлиқ ёки бошлиқлар. Барчага ўз эзгуликлари устидан ҳокимият юритиш берилган. Қонун ҳар бир мансабдор шахснинг ҳокимиятини белгилаб беради, олий ҳокимият эса қонундан юқоридир. Олий ҳокимият Худодандир. Ҳар қандай ҳокимият Худодан (Даль луғати) .
3) ҳокимият ижтимоий муносабатлар билан мустаҳкамланган ўз айтганини ҳар қандай қаршиликлар бўлишига қарамасдан, амалга ошириш имкониятидир (Макс Вебер) ;
4) ҳокимият кўзланган натижаларга эришиш сифатида тавсифланиши мумкин (Бертран Рассел) ;
5) “менинг ҳокимият тўғрисидаги тасаввурим тахминан қуйидагича: А ни В устидан ҳокимиятга эгалиги унинг В ни ўз ихтиёри билан қилмайдиган хатти-ҳаракатини қанчалик мажбурлаб қилдиришга тенгдир” (Р.Э.Даль) ;
6) “b нинг а устидан ҳокимиятини b ни а га максимал куч билан таъсиридаги муносабатидан… ва а томонидан эса максимал қаршилик кўрсатишидан келиб чиқиб аниқлаш мумкин” (Курт Левин) .
Ҳокимият жамиятнинг барча жабҳаларида намоён бўлади. Жумладан, уни оила, иш жойи, турли ташкилот ва муассасаларда, бутун давлат миқёсида кузатиш мумкин. Ҳокимият социологик нуқтаи назардан қуйидагича талқин этилади: “Ҳокимият – ижтимоий гуруҳлар ва синфлар, инсонлар хулқи, улар характери ва фаолияти йўналишларига иқтисодий, мафкуравий ва ташкилий-ҳуқуқий механизмлар, шунингдек, авторитет, анъаналар, куч ишлатиш воситасида таъсир этиш қобилиятини характерловчи ижтимоий муносабатлар шаклидир”67 .
Шунингдек, сиёсат билан ҳокимиятни яхлит ҳодиса деб бўлмайди. Сиёсат ҳокимиятсиз ҳам сиёсат бўлиб қолавериши мумкин. Лекин ҳокимият бутун сиёсий жараённинг асосий ўқи (ёки мақсади) ни ташкил этади. Баъзан биз турли ҳокимиятларнинг (ҳокимиятнинг турли марказларининг) тўқнашувларини кузатамиз, баъзан уларнинг ўзаро келишувига гувоҳ бўламиз. Яна бошқа ҳолатларда эски ҳокимиятга қарши ҳокимият учун курашни кўрамиз. Бу каби муқобиллар кўп учрайди. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳокимиятга тегишлидир, улар бевосита ёки билвосита унинг қадриятлари ва кучига боғлиқдир68 .
Ҳокимият турли соҳаларга доир илмий адабиётларда турлича талқин қилинади. Ҳозирги даврда ҳокимият тушунчаси турли хил йўналишларда қуйидагича таърифланмоқда:
1.Телеологик (мақсад нуқтаи назардан) жиҳатдан аниқланишича, ҳокимият қўйилган мақсадларга эришиш ва кўзланган натижаларни олиш қобилияти сифатида талқин этилади. Б.Рассел “Ҳокимият мўлжалланган мақсадларни амалга ошириш сифатида ҳам талқин этилиши мумкин”69 , деган фикрни билдиради. Телеологик талқинлар ҳокимиятни фақат инсонлар ўртасидаги муносабатларда рўй бериши билан чегараламасдан, балки уни инсонни ўраб турган ташқи дунё билан ўзаро муносатларига доир талқинларга ҳам кенг эътибор беради.
2.Бихевиористик талқин ҳокимиятни инсон хулқининг алоҳида тури сифатида таърифлаб, унга биноан, баъзи кишилар буйруқ беради, бошқалари эса унга бўйсунадилар. Бихевиористик ёндашув ҳокимиятни субъектив мотивлаштиришга муҳим аҳамият бериб, ҳокимиятни тушунишни индивидуаллаштиради, уни аниқ шахслар ўзаро хатти-ҳаракати даражасидаги ҳодиса сифатида таърифлайди. Бу йўналишнинг йирик вакили Г.Лассуэлл фикрича, ҳокимиятнинг пайдо бўлиши учун дастлабки импульсларни индивидлар учун хос бўлган ҳокимиятга интилиш (ирода) ва “сиёсий энергия” беради. Инсон ҳокимиятни “ўз ҳаётини яхшилаш” воситаси деб билади: бойликка эга бўлиши, обрў-эътибор, эркинлик, хавфсизлик ва ҳоказо. Шу билан бирга, ҳокимият бу – асосий мақсаддир, унга эга бўлиш эса инсонга завқ беради, хузур бағишлайди. Сиёсий ҳокимият турли хил иродаларнинг ҳокимият учун тўқнашувларининг ўзаро мувозанати, бошқача айтганда, сиёсий кучларнинг мувозанати сифатида шаклланади.
3.Ҳокимиятни бихевиористик талқин этиш билан уни психологик талқин қилишлар бир-бирига яқин туради. Ҳар иккала йўналишнинг умумий томонлари шундаки, улар индивидуал хулқни ҳокимият манбаи, деб ҳисоблайди. Бихевиористик оқим вакилларидан бири Г.Лассуэлл иродани ҳокимият манбаи сифатида эътироф этиб, у ироданинг психологик асосларини аниқлашга интилади, шу билан бир вақтда, у психоанализ ва бошқа психологик усулларга ҳам мурожаат қилади. Психоанализ доирасидаги ҳокимиятга интилиш эса тушкунликка тушган, трансформацияга учраган сексуал характердаги майлнинг (З.Фрейд) ёки умуман психик энергиянинг (К.Г.Юнг) дабдурустдан тикланиши, уйғониши, деб талқин этилади.
Ҳокимиятга интилиш, хусусан унга эга бўлиш жисмоний ёки маънавий норасоликни субъектив жиҳатдан қоплаш функциясини бажаради, деган қарашлар ҳам шаклланди. Ҳокимият иродаларнинг ҳокимиятга интилишидаги ўзаро хатти-ҳаракатлар сифатида пайдо бўлади – иродаларнинг бир қисми “кўнгилли қул” бўлишга, бошқалари эса уларни бўйсундиришга тайёр турадилар. З.Фрейднинг фикрича, инсон психикасида уни ҳукмдорга нисбатан меҳр билдириши ёрдамида шахсий ҳимояланиб ва тинчланиб туриши учун эркинликдан кўра мутеликни устувор қилувчи тузилмалар ҳам мавжуддир.
Психологик бўйсуниш сабабларини талқин этишда олимлар турлича фикр билдиради. Уларнинг баъзилари психологик бўйсунишни (С.Московиси, Б.Эдельман) доҳийлар билан оломоннинг ўзаро муносабатларида мавжуд бўлган ўзига хос гипотик таъсир, деб талқин этса, бошқалари уни (Ж.Лакан) инсон онгининг тилда ифодаланадиган тимсолларга нисбатан алоҳида таъсирчанлигидир, деган фикрни билдиради. Умуман, психологик ёндашув ҳокимиятни буйруқ бериш – бўйсуниш сифатидаги мотивизациялари механизмларини аниқлашга кўмаклашади.
4.Бихевиористик ва психологик ёндашувларга қарама-қарши бўлган тизимли (системали), шунингдек, структуралистик талқинлар ҳам мавжуддир. Агар бихевиоризм ва психологизм ҳокимиятни тушунишда индивидлардан жамиятга қараб, яъни пастдан юқорига қараб юришини талаб этса ва унинг кўринишларини эмпирик тажрибалар ҳамда реал кузатувлар воситасида ифодаласа, тизимли усул ҳокимиятни амал қилишини индивидуал муносабатлардан эмас, балки ижтимоий тизимдан излайди ва уни хусусийлик билан умумийликнинг ўзаро муносабатларидан келиб чиқиши ғоясини илгари суради.
Жамиятнинг тизимли назарияси асосчиларидан бири Т.Парсонс ҳокимият – “тизимнинг жамоавий мақсадларини амалга оширишга қаратилган, қабул қилинган мажбуриятлар унсурлари ижросини таъминлаш тизимининг қобилиятидир”70 , деб таърифлайди. Тизимли ёндашувларнинг баъзи бир вакиллари (К.Дойч, Н.Луман) ҳокимиятни жамиятни интеграция қилишни таъминловчи ва гуруҳий ихтилофларни мувофиқлаштиришга имкон яратувчи ижтимоий муомалалар (коммуникациялар) воситаси, деб талқин этади.
5.Ҳокимиятни структуравий – функционал (тузилмавий-мақсадли) жиҳатдан ўрганиш вакиллари уни бошқариш ва бўйсуниш функцияларининг бўлинишини мақсадга мувофиқлигига асосланади. Улар ҳокимиятга инсоний бирликнинг ўз-ўзини ташкил этиш усули сифатидаги ижтимоий ташкиллашиш хусусиятидир, деб қарайди. Ҳокимиятсиз инсоннинг жамоавий яшаши, шунингдек, кўплаб инсонларнинг ҳамкорликдаги ҳаётий фаолиятини амалга ошириш мумкин эмас. Жамиятнинг ўзи иерархияли тарзда тузилган бўлиб, у бошқарув ва ижроия ижтимоий нуқтаи назарлар ва ролларни дифференциялайди. Ҳокимият – ресурслар ва таъсир этиш воситаларини назорат қилишга имкон берувчи ижтимоий мақомлар (статуслар), ролларининг хусусиятидир. Бошқача ифодалаганда, ҳокимият инсонларга позитив (ижобий) ва негатив (салбий) санкциялар, шунингдек, мукофотлаш ва жазолашлар ёрдамида таъсир қилишга имкон берувчи раҳбарлик қилиш муносабатларини эгаллаш билан боғлиқдир.
6.Реляционистик (фр.”relation» – муносабат) талқинларга биноан ҳокимият икки шерик (агентлар) ўртасидаги муносабатлар бўлиб, унда улардан бири иккинчисига ҳал қилувчи таъсир ўтказиб туради. Бундай ёндашувга биноан, ҳокимият унинг субъекти ва объектининг ўзаро ҳаракати бўлиб, унда субъект маълум бир воситалар ёрдамида объектни назорат этади. Ҳокимиятни бу тарзда тушуниш унинг тузилмаларини очиб беришга, шунингдек, бу тузилмаларнинг турли тавсифларини бир бутунликда ўрганишга имкон беради71 .
Таниқли инглиз сиёсатшуноси Эндрю Хейвуд сиёсий ҳокимиятнинг турли “қиёфалари”ни чуқур тадқиқ этиб, қуйидаги хулосаларга келади: “Айтиш мумкинки, ҳокимият А Б ни бошқа ҳар қандай ҳолатда ҳам у хоҳламаган ниманидир қилишга зўрлаган пайтда намоён бўлади. Бунда А Б га нисбатан ҳар қандай усуллар билан таъсир қилиши мумкин. Бу ҳолат ҳокимиятни турли кўринишлари ёки “қиёфалари” тўғрисида сўзлашга имкон беради.
Ҳокимият қарор қабул қилиш сифатида. Ҳокимиятнинг бу қиёфаси аниқ бир мақсад сари хатти-ҳаракатига боғлиқ ҳолда, яъни қабул қилинадиган қарорлар моҳиятидан келиб чиқиб таърифланади Ҳокимиятнинг бу мумтоз таърифини Роберт Далнинг “Ким бошқармоқда? Америка шаҳридаги демократия ва ҳокимият” (1961 й.) номли асарида топиш мумкин. Унда муаллиф турли ижтимоий гуруҳлар афзал деб билган мақсадлар ва қарорларни таҳлил этиб ҳокимиятни кимга тегишли эканлигини аниқлаш мақсадини топишга ҳаракат қилган эди. Лекин кишилар қарорларга турли усуллар билан таъсир этишлари мумкин эканлиги эътибордан четда қолмаслиги лозим. Таниқли олим Кит Боулдинг ўзининг “Ҳокимиятнинг уч қиёфаси” (1989 й.) асарида шу муносабат билан боғлиқ ҳолда кучдан фойдаланиш ёки қўрқитиш (“қамчи”), ўзаро манфаатли бўлган турли муносабатлар (“битишиш”), шунингдек, ўзаро мажбуриятлар, турли ўзаро мойилликлар муносабатларига асосланган алоқалар (“ширин кулча”) каби усулларни ажратиб кўрсатиб беради.
Ҳокимият сиёсат кун тартибини аниқлаш сифатида. Олимлар – Бахрах ва Барацнинг (1962 й.) аниқлашича, ҳокимиятнинг иккинчи қиёфаси у ёки бу сиёсий кучнинг қарор қабул қилишга қаршилик кўрсата олиш қобилиятини акс эттиради. Бунда сўз сиёсий кун тартибини ким назорат қилаётганлиги тўғрисида кетмоқда – ким аввалдан ҳал этиб келган, қандай масалалар муҳокама этилади, қандайлари кўриб чиқилмайди. Шу муносабат билан айтиш мумкинки, қандайдир хусусий корпорация ўз ҳокимиятини амалга ошириши мумкин: биринчидан, айтиш мумкинки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунга қарши чиққан ҳолда (“ҳокимиятнинг биринчи қиёфаси”); ёки шунингдек, партиялар ва сиёсатчилар бу масалани умуман очиқ муҳокамага олиб чиқмаслиги учун турли чора-тадбирларни амалга оширишлари мумкин (“ҳокимиятнинг иккинчи қиёфаси”).
Ҳокимият онгни назорат қилиш сифатида. Ҳокимиятнинг учинчи “қиёфаси” – бу одамларнинг хоҳишлари, фикрлари ва эҳтиёжларига таъсир этиш қобилиятидир (Луке, 1974 й.) . Бунда ҳокимият руҳий назорат қилишда ёки “онгни мафкуравий ювиш” деб аталадиган жараёнда ифодаланади. Бунга мисол тариқасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир янги қонунни корпорацияларнинг ўзлари аксарият муаммоларни ҳал этганлиги учун ҳозирча зарур эмаслигига ишонтиришга қаратилган рекламалар индустриясини келтириш мумкин. Сиёсий ҳаётдаги ҳокимиятнинг бу шакли тарғиботдан кенг фойдаланишда, умуман, мафкуравий таъсир кўрсатиш жараёнида намоён бўлади72 .
2. Сиёсий ҳокимиятнинг тузилиши, унинг субъекти

ва объекти

Ҳокимият таърифи Аргентина сиёсатшуноси Торкуато С.Ди Телла таҳрири остида нашр этилган “Ижтимоий ва сиёсий фанлар луғати”да ўзига хос тарзда талқин этилган: “Ҳокимият мавжуд фаол субъектнинг назарда тутган қандайдир объект хулқига қандайдир жисмоний (моддий) ёки ғоявий (руҳий) усуллар воситасида таъсир этиш қобилияти ёки имкониятидир. Ижтимоий фанлар нуқтаи назарига биноан одамларга субъектлар ва объектлар сифатида қаралади. Ҳокимият субъектнинг ҳукмронлик қилишга маълум ирода ёки хоҳиш (ният) билдиришини назарда тутади ва объектни (бошқа одамни) маълум муносабатни қабул қилишини ва уни ўзи хоҳламаган хулққа эргашишини талаб қилади. Бунда объект бу вазиятни англаши шарт бўлмайди, яъни у ўзини мажбурланганлигини англамаган ҳолда муайян белгиланган йўлни давом эттиради. Бошқача айтганда, ижтимоий фанлар нуқтаи назаридан қараганда ҳокимият – бу (субъект ва объектларнинг ўзаро) “ҳокимиятлилик муносабати”дир”73 .
Ҳокимият тузилиши (структураси) – бу унинг уларсиз мавжуд бўла олмайдиган таркибий қисмларидир. Ёки улар ҳокимиятнинг субъекти, манбалари ва ресурсларидир. Ҳокимият фақат ҳокимият субъекти ва объекти ўзаро хатти-ҳаракати натижасидагина амалга ошади. Субъект ўз иродасини объектга нисбатан амалга оширилмай қолишини санкциялар бериш хавфига дучор бўладиган буйруқлар, топшириқлар, фармойишлар бериш воситасида ифодалайди.
Ҳокимият субъекти манбаси (бошланғич ҳокимият) субъектнинг кучи, жозибаси, бойлиги, авторитети воситасида намоён бўлиши мумкин. Ва ниҳоят, ҳокимият субъект учун турли ресурсларни талаб этиш ва улардан фойдаланиш ҳодисалари анъаналар (болалар устидан ота-она ҳокимияти, оқсоқоллар ҳокимияти ва бошқ.) натижасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Ҳокимиятнинг ўзига хос бўлган манбалари сифатида билимлар, қандайдир ахборотларга эга бўлишни келтириш мумкин. Масалан, қадимги Миср коҳинлари қуёш тутилишидан ўз ҳокимиятларини мустаҳкамлашда фойдаланганлар. Илгари афсунгар ва шомонлар бу каби ҳокимиятларга эга бўлган бўлса, ҳозирги даврда олимлар, сиёсатчилар ва бошқа илму фан вакиллари ҳокимият манбалари сифатида намоён бўлмоқда.
ХХ асрга келиб ҳаётнинг маълум бир соҳасида ноёб билимларга эга бўлган экспертларнинг ҳокимият манбаси сифатида намоён бўлиши, уларнинг ҳокимиятга таъсири ошиб бориши натижасида ҳокимиятнинг экспертократия ва меритократия деган янги шакллари пайдо бўлди. Таниқли олим Э.Канеттининг фикрича, ҳозирги даврда ахборотлар ва махфий билимларни монополия қилиб олиш мутлақ ҳокимиятнинг асосига айланиши мумкин. Чунки ўтган аср тарихи кўрсатдики, махфийлик ва унга сиғиниш тоталитар ҳокимиятларни қўллаб-қувватлаши мумкин. Э.Канеттининг кўрсатишича, диктатураларни бўшаштириш ва демократияни ривожлантиришда махфий ахборотларни кўпчилик ўртасида тарқатиш муҳим аҳамият касб этади. Ҳокимият билан билим ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалалари олим М.Фуко томонидан ҳам чуқур ўрганилган. Унинг фикрича, ҳокимият билимларни ишлаб чиқаради, билимлар эса янада кўпроқ ҳокимиятга эга бўлишни таъминлайди.
Ҳокимиятнинг асосий таркибий қисмларидан бири – субъект ҳокимиятнинг фаол ва йўналтирувчи қисми ҳисобланади. Субъект алоҳида олинган инсон, ташкилот, кишилар бирлиги, халқ, халқаро ташкилот кабилар бўлиши мумкин.
Инсоният жамияти тарихи шуни кўрсатдики, ҳокимиятга доир муносабатлар пайдо бўлиши учун субъектнинг қатор сифатларга эга бўлиши тақозо этилади. Даставвал, буйруқлар ва фармойишлар кўринишидаги ҳокимлик қилиш, ҳокимиятга интилиш иродаси мавжуд бўлиши лозим. Маълумки, аксарият кишилар ҳокимиятга эга бўлишдан психологик ҳузурланмайди, яъни бу каби кишилар учун ҳокимият қадрият ҳисобланмайди. Ҳокимиятга мойил ва унга интилаётган кишилар психологик ва ижтимоий масъулият билан боғланган бошқарув муносабатларидан ўзларини четга тортмаганлигининг сабаби – ҳокимият турли хил бойлик ва имтиёзлар учун кенг имкониятлар яратиш манбаи бўлганлигидир. Жумладан, ҳокимият юритишда иштирок этишда келадиган катта фойда, обрў-эътибор, фойдали алоқалар ва бошқа имтиёзлар. Бу турдаги кишилар учун ҳокимиятга интилиш воситадир, яъни, ҳокимиятга эга бўлиш бошқа мақсадларни амалга ошириш учун восита бўлиб хизмат қилади.
Ҳокимият субъекти бошқаришга интилишидан ташқари, компетентли бўлиши, бошқарув фаолияти ва мақсади моҳиятини, ўзига бўйсунган одамларнинг хулқи-атворини яхши билиши, ўзи авторитетли бўлиши, ҳокимият ресурсларидан моҳирона фойдалана олиш қобилиятини эгаллаган бўлиши талаб этилади74 .
Сиёсий ҳокимият субъектлари кўп даражали характер касб этади: унинг биринчи даражасини индивидлар, иккинчи даражасини сиёсий ташкилотлар, энг юқори даражасини сиёсий элита ва етакчилар ифодалайди. Ҳокимият субъектлари бошқа мезонлар асосида ҳам бир-бирларидан фарқланади. Шунингдек, ҳокимият субъектлари уларнинг оммавийлиги ва жамият учун ошкоралиги нуқтаи назаридан ҳам характерланади.
Ҳокимият объектнинг бўйсунишисиз яшай олмайди. Объектнинг субъектга бўйсуниши бир неча омилларга боғлиқдир:
–субъект эга бўлган таъсир этиш воситалари (ресурслари), ихтиёрий бўйсунишни қўзғашга қодир бўлган мотивациянинг мавжудлиги;
–субъектнинг ўз хавфсизлиги учун қўрқуви, бирон-бир манфаат ёки бойликдан махрум бўлиш ваҳимаси;
–бўйсунишга ўрганиб қолиш (анъаналар асосида);
–апатия;
–бўйсунишни зарурият эканлигига доир эътиқодга эга бўлиш;
–бўйсунишдан манфаатдор бўлиш;
–бурч ҳис-туйғулари;
–ҳокимият субъектининг авторитетга эга бўлиши.
Манфаатлар ва эътиқод асосига қурилган ҳокимият ўзининг барқарорлиги, яъни ортиқча нохуш санкцияларсиз ҳокимият фармойишларини ихтиёрий равишда бажариши билан ажралиб туради. Ҳокимият учун энг қулай бўйсуниш мотивацияси – бу ҳокимият субъектининг авторитетидир. Ва, аксинча, қўрқув ва мажбурлашга асосланган ҳокимият объектни ўзидан қочиришга мойиллик уйғотади.
Ҳокимият объекти. Агар инсоннинг ўзи устидан ўзи ҳокимият юритишини ҳисобга олмасак, гарчанд, бу ҳокимият ижтимоий феномен сифатида эмас, балки психологик жиҳатдан унинг тафаккурлашига хулқининг бўйсуниши, яъни, инсоннинг бир бутундан иккига – онги ва хулқига бўлиниши тарзида рўй бериши табиий бир ҳол бўлишига қарамай, бошқа ҳолатларда ҳокимият ҳеч қачон ягона ҳаракат қилувчи шахс (орган) муносабати ёки хусусияти сифатида учрамайди. Ҳокимият – доимо икки томонлама, ассиметрик, субъект ва объектлар ўзаро муносабатларида ҳокимият эгасининг устунлиги тарзида рўй берувчи жараёндир. Объектнинг бўйсунишисиз ҳокимиятнинг бўлиши мумкин эмас. Агар ҳокимият учун интилаётган субъект аниқ ифодаланган ҳокимлик қилиш иродаси ва бўйсундиришнинг кучли воситаларига эга бўлса-да, лекин бўйсуниш рўй бермаса, ҳокимият ҳодиса сифатида содир бўлмайди. Объектда қанчалик ҳокимият иродаси бўлмасин, лекин унинг танлаган йўли бўйсуниш эмас, балки ҳалокатга юз тутса ҳам қаршилик кўрсатишдан иборат бўлса, унда ҳокимият воқелиги рўй бермайди.
Сиёсий ҳокимиятнинг амал қилиши халқнинг бўйсунишига узвий равишда боғлиқ эканлиги ғарбда кенг тарқалган фуқаролик бўйсунмаслик ҳаракатида ўз ифодасини топган. Шунингдек, бу ҳаракат куч ишлатмасдан қаршилик кўрсатиш воситаси сифатида ҳам яшаб келмоқда. Бундай воситалар Ҳиндистондаги мустабид инглиз ҳокимиятига қарши оммавий бўйсунмаслик кампаниялари (гандизм) сифатида мамлакатнинг миллий мустақилликка эришишини таъминлади.
Субъектнинг ҳокимият юритишига нисбатан объектнинг муносабатлари чегараси қаттиқ қаршилик кўрсатиш, йўқотиб юбориш учун курашдан то субъектга бўйсунишни ихтиёрийлик ва кўтаринкилик билан қабул қилишгача бўлган ҳудудгача чўзилади. Умуман, бўйсуниш ҳам бошқаришдек инсоният жамияти учун табиийлик касб этади. Объектнинг бўйсунишга тайёр туриши қатор омилларга боғлиқдир: объектнинг ҳокимият жараёнидаги шахсий сифатлари; унга нисбатан қўйилган талабларнинг характери; субъект эга бўлган ҳаракат қилиш воситалари ва вазият; субъектнинг объектга таъсир этиши учун унинг авторитети борлиги (ёки йўқлиги) 75 .
Сиёсий ҳокимият юритиш объектининг сифатлари, авваламбор, аҳолининг сиёсий маданияти даражаси билан белгиланади. Субъектга кўпроқ бўйсунишни таъминлаб бериш имкониятини яратиш асосан сиёсий маданиятнинг патриархал ва тобелик турларига амал қилган аҳоли фаолиятида учрайди. Жамиятда бўйсунишга одатланган, “қаттиққўл”ликни хоҳловчи кишилар кўп бўлса, авторитар ва тоталитар режимлар пайдо бўлиши учун қулай муҳит шаклланади.
3. Ҳокимият ресурслари
Бир гуруҳ кишиларнинг бошқа гуруҳ кишиларга бўйсунишининг муҳим ижтимоий сабаблари ҳокимият ресурсларининг нотекис тақсимланганлигидир. “Ресурс” тушунчаси кенг ва тор аҳамият касб этади. Ҳокимият ресурслари кенг маънода “индивид ёки гуруҳнинг бошқаларга таъсир қилиши учун фойдаланиш мумкин бўлган ҳамма нарсадир”76 .
Ҳокимият ресурсларини бу каби тушуниш анча умумий характер касб этгани учун ҳам у ҳокимиятнинг турли унсурларини дифференциялаш асосида тушуниш имконини бермайди: ҳокимиятнинг субъекти, объекти ва воситалари ўзаро муносабатларини очиб бера олмайди. Ваҳоланки, ресурслар имкониятдаги барча омилларни ўз ичига олган ҳолда у ёки бу тарзда ҳокимиятга ижобий таъсир этиш қобилиятига эгадир: субъектнинг шахсий сифатлари (компетентлиги, уюша олиши ва ҳоказо) ; объектнинг баъзи бир хусусиятлари мавжуд бўлишининг шартлиги (масалан, унинг сиёсий ишонувчанлиги, бўйсунишга одатланганлиги ва бошқалар) ; субъектни ҳокимиятни амалга ошириши учун қулай вазиятнинг етилиши (иқтисодий юксалиш, мухолифат гуруҳларидаги ўзаро курашлар натижаси, қулай халқаро аҳвол ва бошқалар) , шунингдек, таъсир этишнинг моддий ва бошқа воситаларига эга бўлиши.
Ҳокимият ресурсларини кенгроқ тушунишда эса ҳукмронлик қилиш ва бўйсундиришнинг муҳим ижтимоий омили сифатидаги ҳокимият агентлари ва хизматчиларининг бевосита ўзаро ҳаракатларининг нисбатан мустақил, одатда моддийлашган бўғинлик эканлигига доир хусусиятларини намоён бўлишини тасаввур этиб бўлмайди.Шунинг учун ҳам ҳокимият ва унинг тузилишини ўрганиш учун ресурсларни тор маънода талқин этиш, уни субъект мақсадларига мувофиқ ҳокимият объектига таъсир қилишни таъминлаб берувчи барча воситалар, деб тушуниш тақозо этилади.
Ресурсларнинг ҳокимият асоси сифатидаги муҳим аҳамият касб этиши “ижтимоий алмашув” назариясида очиб берилган (П.Блау ва бошқалар) . Бу назарияга мувофиқ, ҳокимият асосида камёб ресурсларнинг нотекис тақсимлаш ҳолати ётади. Ресурсларга эга бўлмаган кишилар уни ресурсларга эга бўлган кишилар буйруқлари ижросини амалга ошириш эвазига (алмашиб) олади. Шу тарзда бир гуруҳ кишилар иккинчи гуруҳ кишиларга боғлиқ бўлганлиги учун уларга бўйсунадилар.
Ресурслар ижобий (фаровонлик бахш этиш) ва нохуш (фаровонликдан маҳрум этиш) санкциялари сифатида ҳам таъсир этиши мумкин. Ресурслар субъект томонидан сафарбар қилиш жараёнида туб ўзгаришларга учраб, ҳокимиятга айланиши мумкин. Бу ҳолатда маълум бир ресурсларни ўзаро бир-бирига боғлиқ агентлар тизимига таъсир қила олиш қобилиятига эга эканлигини кўрсатади.
Ҳокимият ресурсларининг бир неча таснифлари шаклланган. Ф.Этциони ресурсларни утилитар, мажбур қилувчи ва меъёрий (норматив) турларга бўлади77 . Утилитар ресурслар – кишиларнинг кундалик манфаатлари билан боғлиқ бўлган моддий ва бошқа ижтимоий бойликлардир. Баъзан айрим сиёсатчилар давлат ҳокимияти ёрдамида бутун бир аҳолини ўзларига хайрихоҳ қилиб олиши мумкин. Бу каби ресурслар айрим кишиларни мукофотлаш, шунингдек, жазолашда фойдаланилади. Мажбурлаш ресурсларига маъмурий жазолашлар кириб, улардан асосан утилитар ресурсларни қўллаш натижа бермаган пайтларда фойдаланилади (масалан, иқтисодий санкциялардан қўрқмаган иш ташловчиларга нисбатан суд жазоларини қўллаш).
Меъёрий (норматив) ресурслар инсон хулқи меъёрлари, унинг қадриятлари ва ички дунёсига таъсир қилиш орқали намоён бўлади. Бу ҳолатда бўйсунувчиларни раҳбар ва ижрочиларнинг манфаатлари бир хил эканлигига ишонтириш, ҳокимият субъекти ҳаракатини қўллашга эришиш, унинг талабларини ихтиёрий бажариш рўй беради. Агар олдинги иккита ресурслар турида реал ҳолатларга, унинг воситасида кишилар хулқига таъсир этиш ётса, учинчи ресурс тўғридан-тўғри инсон онгига таъсир этади78 .
Ҳокимият ресурслари деганда ҳокимият субъектини бошқаларга таъсир этишда фойдаланадиган кучи ва салоҳиятини оширадиган барча нарсалар тушунилади. Таъсир этишнинг очиқ ва яширин турлари мавжуд.
Ҳокимият очиқ таъсир этишда қуйидаги ресурслардан фойдаланади:
–куч билан мажбурлаш – қандайдир бойлик ва манфаатларнинг амалга ошишидан маҳрум этиш, тан жазоси бериш (қийноқларга солиш, қамчилаш, концлагерга қамаш ва бошқ.) , ўлим жазоси, эркинликни чеклаш, жарималар солиш, лавозимдан бўшатиш ва ҳоказо. Ҳокимият мутлақ характер касб этган сиёсий тизимларда жазолашлар шафқатсизларча амалга оширилади. Бу каби жазолашлар мақсади – жамиятда қўрқувни ушлаб туриш, тизим учун хавфли бўлган хатти-ҳаракатларни такрорланмаслиги учун қонунбузарликка мойил одамларни ваҳимага солиб туриш;
–қонун; анъаналар, урф-одатлар;
–рағбатлантириш – ҳокимият объектлари ҳокимият субъектлари талаб этган хулқ-атвор эвазига мукофотланадиган моддий ва бошқа бойликлар сифатидаги рағбатлантириш воситалари. Мукофотлаш ресурсларидан ота-оналар, ўқитувчилар, ташкилотлар раҳбарлари ва сиёсатчилар кенг фойдаланади.
Ҳокимият яширин таъсир этишда ишонтириш усуллари, яъни оқилона далиллар ёки ихлос туғдириш ва панд-насиҳатлардан фойдаланиш ресурсларидан фойдаланади. Ҳокимият субъектлари қандай ресурслардан фойдаланишига боғлиқ равишда ҳокимият юритишнинг учта усулининг мавжудлиги кузатилади – ҳукмронлик қилиш, таъсир қилиш ва рағбатлантириш.
Шунингдек, ҳокимият ресурсларининг бошқа таснифлари ҳам мавжуд. Жумладан, ресурслар ҳаёт фаолиятларининг соҳаларига боғлиқ ҳолда ҳам турларга бўлинади:
–иқтисодий ресурслар – ижтимоий ишлаб чиқариш ва истеъмол учун зарур бўлган моддий бойликлар, пул, унумдор ерлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар;
–ижтимоий ресурслар – ижтимоий ва демографик тузилмалар, ижтимоий инфратузилма: таълим, тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий таъминот ва бошқалар;
–маданий-ахборот ресурслари – билимлар ва ахборотлар, шунингдек, уларни олиш ҳамда тарқатиш воситалари: фан институтлари, таълим, ОАВ ва бошқалар. Мазкур институтлар воситасида жамоатчилик фикрининг шаклланиши назорат қилинади. Айниқса, ОАВ сиёсий ҳаётда катта рол ўйнайди. Ҳозирги даврга келиб “ким ОАВни назорат этса, ўша ишонтириш ресурсларига эга бўлади”, деган афоризмнинг туғилганлиги бежиз эмас;
–маъмурий-ҳуқуқий ресурслар – бошқарув тизими, ҳокимиятга оид муассасалар йиғиндисидир:
–куч ишлатиш ресурслари – улар жисмоний мажбурлаш қуроллари ва органлари мажмуи (армия, полиция, махсус хизмат, ички қўшинлар, суд ва прокуратура ва уларнинг моддий атрибутлари: бинолари, қурол-яроғ ва аслаҳа-анжомлари) .
4. Бўйсуниш табиати
Инсонни ҳокимиятга бўйсунишини мотивлаштириш мураккаб масалалардан биридир. У санкциялар олдидаги қўрқувга асосланиши ҳам мумкин: узоқ давр ичида тобеликка одатланиш; фармойишларни бажаришдан манфаатдорлик; бўйсунишнинг заруриятлигига доир эътиқод; бўйсунувчилар устидан ҳокимият юритувчилар авторитетининг мавжудлиги; ҳокимият субъекти билан объектининг бир-бирига айнан ўхшашлиги. Шунингдек, мазкур мотивлар ҳокимият кучига у ёки бу даражада таъсир этади ёки, бошқача айтганда, бу жараён ҳокимият субъектини объектга таъсир қилиш қобилияти мавжудлигини англатади.
Қўрқувга асосланган, шунингдек санкциялар қўллаш хавфини келтириб чиқарувчи ҳокимият кучи жазолашлар оғирлашиб боришига тўғридан-тўғри мутаносибдир, бўйсунмаслик ҳолатларида эса ундан бўйинтовлашга нисбатан тескари мутаносибдир. Бундай ҳокимият шу каби нохуш ҳис-туйғули ҳолатлардан табиий равишда қутилишга интилиши оқибатида унинг кучсизланиш ҳолатлари бошланади.
Бўйсунишга одатланган анъаналар шароитида ҳокимият кишилар томонидан нисбатан ихтиёрий тарзда қабул қилинади. Анъанавий жамиятда бўйсунишга одатланиб қолиш давлатга бўйсунишнинг етакчи мотивларидан бири сифатида намоён бўлади. Бундай ҳокимият жамият ҳаёти талаблари билан зиддиятларга киришмаган давр ичида ҳокимият барқарорлигининг ишончли омили сифатида яшаши мумкин. Агар бу каби зиддиятлар чуқурлашиб кетса, одатланиш асосида бўйсундиришга ўрганган ҳокимият кўп ўтмасдан инқирозга юз тута бошлайди. Чунки бу жараёнда кишилар ҳокимиятнинг кучсизлигини тезлик билан пайқаб қолади, бу ҳокимиятнинг даври ўтиб кетганлиги ва ҳокимият вакилларига бўйсуниш номуносиб эканлиги очиқ-ойдин кўриниб қолади.
Одамлар манфаатларини эътиборга олган ҳолда амалга ошириладиган ҳокимият нисбатан барқарорликка эга бўлади. Шунингдек, ҳокимиятга бўйсунишдан шахсий манфаатдор бўлишга асосланган фармойишларни бўйсунувчилар ихтиёрий равишда бажаради. Шунингдек, уларга нисбатан ортиқча назоратлар ва нохуш санкциялар қўллашнинг ҳожати бўлмайди. Бу каби ҳокимият кишиларда эътиқод, авторитет, айнанлашиш асосидаги бўйсуниш мотивлари турларини ривожлантиришга шарт-шароитлар яратади.
Ҳокимиятга эътиқод асосида бўйсуниш ижтимоий-сиёсий онгнинг чуқур қатламларига нисбатан мотивлашган таъсирларга боғлиқдир: менталитет, муҳим ва аҳамиятли йўналишларни мўлжал қилиб олган йўл-йўриқлар каби шахснинг “иккиламчи табиати”ни ташкил этувчи (шахснинг “бирламчи табиати” асосан биологик эҳтиёжлар ва унинг кундалик ҳаётий манфаатлари асосида шаклланади) омилларга боғлиқдир. Кишиларнинг давлатга ва бошқа ҳокимият институтларига ўз шаклланган эътиқодларига биноан бўйсуниш зарурияти бошқа муҳим – бевосита индивидуал манфаатлар ва мақсадларга нисбатан юқори бўлган олий мақсадлар (ватанпарварлик, ахлоқий, диний ва бошқа) учун бўйсунишлари – ҳокимият кучини оширишнинг муҳим манбаидир.
Ҳокимият учун учун қулай ва жозибали кўринишга эришиш мотивацияси – бу авторитетдир. У ҳокимият объектлари ва субъектларининг умумий манфаатдорлиги мавжудлигига ва раҳбарнинг алоҳида шахсий сифатларга эга бўлишига нисбатан бўйсунувчиларнинг ишончи ва эҳтиёжлари пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолда шаклланади. Шунингдек, авторитет субъект билан объектларнинг муроса қилишларига ҳам асосланади. Авторитет кўпинча ҳокимият объектларининг раҳбар шахсига (ёки ҳокимият институтига) ҳурмат ва ишончини пайдо бўлиши натижасида ҳам туғилиши мумкин79 . Бундай ҳолатда, ҳокимият ўзининг яшовчанлиги ва самарадорлигини ошириш учун янги шарт-шароитлар яратилишига эришади.
5. Сиёсий ҳокимиятнинг ўзига хос хусусиятлари
Сиёсий ҳокимиятнинг ўзига хос хусусияти индивидлар, гуруҳлар ва улар ташкилотларининг ўз манфаатлари ва иродаларини сиёсий-давлат бошқаруви ва назорати воситасида амалга ошириш қобилияти билан узвий равишда боғлиқдир. Сиёсий ҳокимият давлат ва ижтимоий ҳокимиятларга бўлиниб, улар давлат органлари, сиёсий партиялар, ижтимоий ташкилотлар, ОАВ кабилар фаолиятида ифодаланади. Шунингдек, сиёсий ҳокимиятнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагиларда намоён бўлади:
–сиёсий ҳокимият шахслараро муносабатлардан фарқли ўлароқ, йирик ижтимоий гуруҳлар, давлатлар, ҳамжамиятлар, жамоатчилик ташкилотлари ўзаро муносабатларида рўй беради;
–давлат миқёсида куч ишлатилганида унинг қонуний бўлиши;
-бошқа ҳокимият турлари учун қарорларнинг устувор ва мажбурий бўлиши;
–сиёсий ҳокимият турли бирликлар манфаатларини сиёсий соҳада тақдим этиш учун маълум ташкилий ва расмий маросимларни амалга оширишга (сиёсий манфаатларни давлат, сиёсий партиялар ва бошқа институтлар воситасида), институционал расмийлашувига зарурият сезади;
–турли (иқтисодий, мажбурлаш, ахборот ва бошқа) ресурслардан фойдаланиш имкониятларига эга эканлиги;
–ягона марказга эга эканлиги, яъни қарорлар қабул қилишнинг ягона марказининг мавжудлиги (бозор муносабатлари шароитида ҳокимият субъектлари плюрализмига амал қиладиган иқтисодий ҳокимиятдан фарқли ўлароқ) ;
–унинг ошкора ва умумий бўлиши, яъни у шахсий, тор гуруҳий ҳокимиятдан фарқ қилиб, бутун жамият номидан намоён бўлади ва хуқуқ ёрдамида барча фуқароларга қаратилади;
–ҳокимият муносабатларининг иерархияга асосланиши;
–ҳокимият субъектларининг бажариш масъулиятини ўз зиммасига оладиган бошқа субъектларга ҳокимият ваколатларини бир қисмини узатиши (масалан, марказий ҳокимият маҳаллий ҳокимиятга, маҳаллий ҳокимият ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат ташкилотларга) ;
–мафкуравийлашганлиги.
Сиёсий ҳокимиятнинг ижтимоий вазифаси бир хил бўлмайди, балки у жамиятни интеграция қилиш ёки дезинтеграция қилиш омили сифатида ҳам намоён бўлиши мумкин. Биринчи навбатда, ҳокимият ёрдамида жамоатчилик тартиботи таъминланади, турли ихтилофлар барҳам топади, иккинчидан, бир ижтимоий гуруҳнинг иккинчи ижтимоий гуруҳ устидан ҳукмронлиги таъминланади.
6. Ҳокимиятнинг легитимлиги
“Легитимлик” тушунчасини (лотинча “legitimare” – “қонуний деб эълон қилиш” маъносини берувчи сўздан олинган) кенг маънода “қонунийлик”, “тўғрилик”, “адолатлилик” маъноларида ишлатиш русумга кирган. Легитимлик жамиятда ҳокимият органларига авторитет бағишлайди, ҳокимият органлари фармойишларини “қўрқув учун эмас, балки виждон учун” принципи асосида ҳамма учун бажарилиши шартлиги ва мажбурийлигини таъминлайди. Легитимликни ҳуқуқий феномен “қонунийлик” тушунчаси билан аралаштириб бўлмайди; қонунийлик муносабатлари давлат ёки ҳукуматга алоҳида фуқаро ва жамият томонидан ҳурмат билан қарашни кафолатлаб бера олмайди. Сиёсий фалсафага мувофиқ, легитимлик деганда фуқароларнинг бўйсунишини талаб қилувчи давлат ҳуқуқининг маънавий жиҳатдан ёки мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан ҳар томонлама асосланиши тушунилади. Сиёсатшунослар легитимликни социологик талқинларда – бошқарувнинг у ёки бу тизимида кишиларнинг бўйсуниши қандай тахлитда амалга оширилишига боғлиқ бўлмаган ҳолдаги бўйсунишга тайёрлиги сифатида эътироф этади. Макс Вебер айтганидек, бу шундай ҳолатки, унда давлат легитимми, деган эмас, балки унинг легитимлигига фуқаролар ишонадими, деган моҳият муҳимроқ аҳамият касб этади80 .
Легитимлик сиёсий ҳокимиятнинг асосий ўзига хос хусусиятларидан бири бўлиб, у ўзида ҳокимиятга куч бағишлайди, уни қўллашнинг қонунийлигини оқлайди, ҳокимиятни ёки унинг институтлари хатти-ҳаракатларини амалга оширишга янги имкониятлар яратиб беради.
Машҳур немис олими М.Вебер ҳокимиятнинг легитимлиги манбалари, аҳамияти, истиқболларига доир чуқур тадқиқотлар олиб бориши натижасида бу тушунчанинг мукаммал равишдаги таърифларини шакллантирди. У легитимлик тушунчасига фуқароларнинг ҳокимиятга бўйсунишлари сабабиятлари ва аҳамияти нуқтаи назаридан ёндашиб, қуйидаги фикрларни билдиради: “Давлат, ўз тарихий ўтмишдоши бўлган сиёсий иттифоқлар сингари легитим (яъни, легитим деб ҳисобланадиган) куч ишлатишга таянувчи восита сифатида одамларнинг одамлар устидан ҳукмронлиги муносабатлари, демакдир. Шу тариқа, унинг яшаши учун ҳукмронлиги остидаги одамлар илгари ҳукмронликка даъвогарлик қилган, энди эса ҳукмронлик қилаётган авторитетга бўйсунишлари лозим. Улар қачондан бошлаб ва нега бундай қилади? Ҳукмронликни оқлашнинг қандай ички асослашлари ва қандай ташқи воситалари унга таянч бўлиб хизмат қилади?81 .
Маълумки, ҳокимият субъектларининг имкониятлари турлича эканлиги бошқарув тизимини қўллаб-қувватлашда ҳокимият легитимлигининг ҳам турлича бўлишини тақозо этади. Сиёсий фанларда М.Вебер томонидан илгари сурилган ва бўйсуниш мотивацияси нуқтаи назаридан таснифлаштирилган легитимлик турлари ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. У қуйидаги учта легитимлик турини бир-биридан ажратиб кўрсатади:
-анъанавий легитимлик – бунда кишиларнинг “ҳокимиятга бўйсуниш зарурият, унга бўйсунмасликнинг иложи йўқ”, деган анъаналарга мувофиқ одатланиб қолишлари натижаси ўлароқ, жамиятда сиёсий институтларнинг анъанавий бўйсундириш мақомига эришиши тушунилади. Легитимликнинг бу тури бошқарувнинг меросий турида, жумладан, монархия давлатларида учрайди. Бу легитимлик ҳокимиятни анча адолатли ва барқарор бўлишини таъминлаши мумкин. Бу ҳақда М.Вебер қуйидаги фикрларни билдиради: “Қоидага биноан ички оқлашларнинг, яъни легитимликнинг учта тури мавжуд (улардан бошлаймиз). Биринчидан, авторитетнинг “абадий ўтмишга” мансублиги: аҳамияти азалдан муқаддаслашган ва уларга сўзсиз амал қилиш одатдаги урф-одатга айланган авторитет – “анъанавий” ҳукмронлик, уни қандайдир тарзда амалга оширган патриарх ва эски тоифадаги якка бошлиқ князь”82 .
-рационал (демократик) легитимлик – кишиларнинг рационал ва демократик жараёнларнинг нисбатан адолатли кечиши ва шу асосда ҳокимият тизимини шаклланиши натижасида сиёсий маданиятларининг ошиши самараси натижаси ўлароқ шаклланади. Бу каби легитимликда кишилар ижтимоий-сиёсий жараёнларда ҳокимиятни ифодалайдиган шахсларга эмас, балки қонунлар, қоидалар ва низомларга амал қилади. М.Вебер легитимликнинг бу тури ҳақида қуйидаги таърифни илгари суради: “Ва ниҳоят, “легаллик”, легал қоидаларни (Satzung) мажбурийлигига, ишчанлик “компетентлигига” ишонч туфайли эришилган, рационал тарзда яратилган қоидаларни асосланган ҳолда бажаришда бўйсунишга амал қилиш асосида ўрнатилган ҳукмронлик – замонавий “давлат хизматчиси” амалга ошираётган ва бошқа барча ҳокимият соҳиблари фаолиятига ўхшаш тарздаги ҳукмронликдир. Ҳеч бир шубҳасиз айтиш мумкинки, бўйсуниш ҳақиқатда ҳаддан ташқари қўрқув ва умидларнинг қўпол мотивларини – сеҳрли кучлар ёки ҳукмдор олдидаги қўрқув, нариги дунёдаги ёки бу дунёдаги мукофотларга умидларни – ва шунингдек, бошқа турли манфаатларни юзага чиқишини шарт қилиб қўяди”83 .
–харизматик легитимлик – кишиларнинг сиёсий етакчининг ноёб сифатларини эътироф этишлари натижасида пайдо бўлади. Бу ҳақда М.Вебер қуйидагиларни ёзган эди: “Ва одатланишдан бошқа яна шахсий истеъдод (Gnadengabe) (харизма), қандайдир одамда доҳий сифатлари жозибасига нисбатан бўлган тўлиқ шахсий садоқат ва шахсий ишонч: теран идрок, қаҳрамонлик ва бошқа сифатлар, харизматик ҳукмронлик, пайғамбар уни қандай амалга оширмоқда ёки сиёсат соҳасида – атоқли князь-ҳарбий бошлиқ, ёки халқчил ҳукмдор, таниқли демагог ва сиёсий партия доҳийси”84 .
Ҳозирги даврга келиб ҳокимиятни қўллаб-қувватлашга доир янада универсал легитимлик турлари илгари сурилмоқди. Жумладан, инглиз тадқиқотчиси Д.Хелд юқоридаги уч хил легитимликлар қаторида “куч ишлатиш хавфи остидаги розилик”ка асосланган ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш ҳодисаси ҳам мавжуд эканлигига эътибор қаратди. Бунда аҳоли ўз атрофида ўзининг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган, лекин ҳали бу каби таҳдид содир бўлмаган ҳолатда ҳокимиятга хайрихоҳ бўлмаса ҳам унга амал қилишни қўллаб-қувватлайди; шунингдек, яна ҳокимиятни прагматик (воситавий) қўллаб-қувватлаш легитимлиги ҳам илгари сурилиб, унда аҳоли ҳокимиятни турли ижтимоий бойликларни олишга доир ваъдалар бериши натижасида қўллаб-қувватлашга розилик билдиради; ҳокимиятни норматив (меъёрий) қўллаб-қувватлаш – аҳоли билан ҳокимият органлари амал қиладиган сиёсий принципларнинг ўзаро мос келиши натижаси ўлароқ рўй беради; ва ниҳоят, олий норматив қўллаб-қувватлашда бу каби сиёсий принципларнинг тўлиқ равишда бир-бирига мос келиши эътиборга олинади85 .
Кўриниб турибдики, ҳокимиятнинг легитимлиги унинг ўз функцияларини бажаришида муҳим рол ўйнайди, сиёсатни мақсадга мувофиқ равишда амалга оширишга имкониятлар яратади, сиёсат жамиятда фаровонликни ва барқарорликни таъминлаш омилига айланади, жамият билан давлат ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилиши натижасида самарали ҳамкорлик ривожланади.
Шунингдек, сиёсий ҳокимиятни демократик нуқтаи назардан таҳлил этиш, унинг моҳиятини чуқур англаб етиш, сиёсий ҳокимиятни фуқаролик жамияти қуриш мақсадларига мувофиқ модернизациялаш ҳозирги даврдаги долзарб вазифалардан биридир. Сиёсий ҳокимиятнинг демократик талқинлари, уни амалда қўллаш, жамият сиёсий тизимида сиёсий ҳокимиятнинг амал қилиш муаммоларини ҳал этиш масалалари билан амалий машғулотларда янада батафсил ўрганилади.

Такрорлаш учун саволлар:
1. Ҳокимият деганда нимани тушунасиз?
2. Сиёсий ҳокимият нима?
3. Сиёсий ҳокимият субъекти ва объекти деганда нимани тушунасиз?
4. Ҳокимият ресурслари қандай вазифаларни бажаради?
5. Ҳокимиятга бўйсуниш табиатини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бера оласизми?
6. Ҳокимиятнинг легитимлиги деганда нимани тушунасиз?
III бўлим. СИЁСИЙ ТИЗИМ ВА СИЁСИЙ

ИНСТИТУТЛАР

5-мавзу. Сиёсий тизим
1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг талқинлари.
2. Сиёсий тизим назариялари ва уларнинг ривожланиши.
3. Жамият сиёсий тизимининг тузилмаси ва функциялари.
4. Сиёсий тизимларни таснифлаштириш.
5. Сиёсий режим.
6. Сиёсий режимларни таснифлаш.
1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг

талқинлари

Сиёсатшунослик фанида жамият сиёсий тизимининг пайдо бўлиш, ривожланиш ва амал қилиш масалаларини ўрганиш муҳим амалий аҳамият касб этади. Айниқса, ҳозирги фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотларини чуқурлаштириш даврида жамият сиёсий тизимини демократик принциплар асосида модернизациялаш жараёнини ўрганиш, ёшларда шахс, жамият институтлари ва давлат органлари ўзаро муносабатларини замонавий назария ва амалиёт асосида кечиши тасаввурларини шакллантириш ҳозирги даврнинг долзарб вазифаларидан биридир.
«Сиёсий тизим» тушунчасига илк бор ўз аҳамиятини қаратган мутафаккирлардан бири – бу француз олими Кондильякдир. У 1749 йилда «Тизимлар ҳақида трактат» асарини ёзади. Унда Кондильяк «тизим» тушунчасига аниқлик киритар экан, қуйидаги таърифни илгари суради: «Ҳар қандай тизим қандайдир амалий фаолият ёки фаннинг барчаси бир-бирларини ўзаро қўллаб-қувватлайдиган, охиргиси биринчисини далиллайдиган турли қисмларининг маълум бир тартибда жойлашувидан бошқа нарса эмас. Унинг бошқа қисмларини далиллайдиган қисмлари эса принциплар деб аталади»86 .
Кондильяк ўз давридаги сиёсий тизимнинг идеал намунасини қуйидагича таърифлайди: «Дворянлар, магистратура аъзолари, руҳонийлар, савдогарлар, молиячилар, ёзувчилар ва турли хил ҳунармандлар – улар фуқароларнинг турли қатламларидир. Уларни ким бошқараётган бўлса, унинг тизимига мувофиқ равишда ҳамма иложи борича шунчалик бахт-саодатли бўлсинки, ундан барчанинг умумий фаровонлигига зарар етмасин. Бундай ҳолатда давлат тузуми янада мустаҳкамланади. Бундан иккита нарса кўзланади: бошқарувчиларнинг халққа ва шунингдек, қўшни давлатларга нисбатан муносиб хулқ-атвори шаклланади. Халқни бошқариш учун барча қатламларнинг ўзаро мукаммал мувозанатини қўллаб-қувватлайдиган ва ҳар бир фуқаро манфаатини жамият манфаатларидан топишга мажбур қиладиган интизомни ўрнатиш лозим. Шундай қилиш керакки, фуқаролар турли ниятлар билан хатти-ҳаракат қилган ҳолда, уларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида тизимини ташкил этсин ва уни умумий тизим мақсадлари билан мувофиқлаштиришни зарурият деб билсин»87 .
Кўриниб турибдики, сиёсат янги даврнинг биринчи ярмида фақат давлат тузилмалари фаолиятига хос деб саналарди, ҳокимият муносабатларида бош субъект сифатида намоён бўлиши кузатилар эди. Маълум бир даврга қадар бу каби талқинлар сиёсий ҳаётга мувофиқ ҳолда яшаб келди. Лекин фуқаролик жамиятининг шаклланиши, ўз ҳуқуқ ва эркинликларига эга бўлган шахсларнинг пайдо бўлиши фуқароларни нафақат бўйсунувчи объект, балки сиёсий ташкилотлар воситасида давлат фаолиятига таъсир қила оладиган кишиларга айлантирди. Ҳокимият давлат монополияси сифатидаги даврини тугатди, ҳокимиятга доир муносабатлар мураккаб тус ола бошлади, унда энди фаол фуқаролар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат ташкилотлар ҳам иштирок эта бошлади. Институтционал ва бихевиориал ёндашувлар пайдо бўлган даврга келиб ҳокимият муносабатларининг тобора мураккаблашиб боришига боғлиқ равишда сиёсатни талқин этишни қайтадан кўриб чиқишга зарурият туғилди. Энди сиёсат мураккаб масалаларни ечиши лозим эди: нобоп ташқи муҳит шароитларида жамият барқарорлиги ва яшовчанлигини таъминлашга қодир бўлган универсал қонуниятлар ва механизмларни излаб топишга эҳтиёжлар пайдо бўлди.
ХХ асрнинг 20-йилларида бу соҳа ривожланишига туртки бўладиган ҳодиса юз берди: биология фани соҳасида тизимлар назарияси яратилди. “Тизим” тушунчасини илмий муомалага биринчи бўлиб немис биолог олими Л. Фон Берталанфи (1901–1972 йй.) киритди. У ташқи муҳитга боғланган тизимни кашф этиш мақсадида ҳужайрани “ўзаро бир-бирларига боғлиқ бўлган йиғинди” сифатида тадқиқ этди. Ундаги унсурлар бир-бирлари билан шундай тарзда ўзаро боғланган эдики, ҳаттоки тизимнинг битта унсури ўзгариши натижасида барча унсурлар, бутун бир йиғинди ўзгариб кетар эди. Тизим ташқаридан бўлган сигналларни ҳам, ўз ички унсурлари талабларини ҳам ҳис қилар, уларга акс-садо берар эди88 .
Бу ҳолатдан руҳланган сиёсий фанлар соҳасидаги олимлар ҳам янги кашфиётлар сари юзлана бошлади. Л.Фон Берталанфи ишлаб чиққан тизимларнинг умумий назариясига таянган ҳолда АҚШ олими Т.Парсонс жамиятда ниҳоятда мураккаб бошқарувдан иборат нисбатан автоном (иқтисодий, сиёсий ва маънавий) тизимлар мавжуд эканлигига эътибор қаратди. Бу тизимларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида функциясига эга бўлиб, улардан бири – сиёсий тизим Т.Парсонснинг фикрича, умумий мақсадларни ишлаб чиқиш, интеграциялаш ва амалга оширишни таъминлаб беради. Т.Парсонснинг сиёсий тизимга доир ғояларини яна бир АҚШ сиёсатшуноси Д.Истон ҳар томонлама чуқурлаштирди ва ривожлантирди. Шунинг учун ҳам у тарихда сиёсий тизим назарияси асосчиси, деган номга эга бўлди. Д.Истон ўзининг «Сиёсий тизим» (1953 й.) ва «Сиёсий таҳлил меъёри» (1965 й.) асарларида сиёсий тизимни «ташқаридан келадиган импульсларга – буйруқларга фаол акс-садо берадиган, ривожланувчан ва ўзини ўзи мувофиқлаштирувчи организм» сифатида таърифлади.
Сиёсий тизимни бихевиорал ёндашув асосида тизимли ва тизимли-мақсадли таҳлил этиш усулларининг ривожланиши натижасида Т.Парсонс тизимли таҳлилнинг биологик назариясига асосланган ҳолда ижтимоий тизимлар назариясини ривожлантириши туфайли сиёсатшунослик фанида сиёсий тизимлар назариясини ўрганиш одатга кирди. Т.Парсонснинг тизимли тадқиқ этиш усулининг пойдевори – бу ҳар қандай тизимнинг яшаши ва сақланишини таъминловчи тўртта асосий қоидасининг мавжудлигидир: 1) адаптация, 2) мақсадга эришиш, 3) интеграция,

4) моделни қўллаб-қувватлаш.
Ижтимоий тизим даражасидаги жараёнда адаптация функциясини иқтисодий остки тизим, мақсадга эришиш функциясини – сиёсий, интеграция функциясини ҳуқуқий институтлар ва урф-одатлар, моделни қўллаб-қувватлаш функциясини – эътиқодлар тизими, ахлоқ ва ижтимоийлаштириш органлари (оила, таълим институтлари ва бошқалар) таъминлайди. Шу тарзда, сиёсат ва жамиятнинг бошқа остки тизимларини ана шу асосий функциялар билан уйғунликда тасаввур қилинади. Шунингдек, бихевиорал ёндашувга биноан, сиёсат – бу фуқаролар ҳаракатини таъминлаб турувчи асосий омиллар – турли хил институтлар ва тузилмалар эмас, балки кишиларнинг сиёсий ҳаётдаги хатти-ҳаракатларидир. Сиёсий тизимни тадқиқ этишда бихевиорал усулнинг ютуқлари асосан қуйидагилардан иборат бўлди:
1) “сиёсий хулқ”га тадқиқотнинг асосий объекти сифатида қараш;
2) статистик ва сонларга доир формулалардан максимал равишда фойдаланиш;
3) сиёсий ҳодисаларни янада чуқурроқ билиш қобилиятига эга назариялар ишлаб чиқиш.
Сиёсий тизимни ўрганишнинг тизимли таҳлили усулига биноан, ҳар қандай тизим, жумладан, сиёсий тизим ҳам қуйидаги таснифларга эгадир: 1) тизим кўп қисмлардан иборат; 2) барча қисмлар бир бутунни ташкил этади; 3) тизим ўз хатти-ҳаракатини маълум чегаралар доирасида амалга оширади.
Шунингдек, сиёсий ҳаётда фаолият кўрсатувчи ҳаракатдаги тизим, яъни сиёсатнинг турли хил жиҳатлари ва сиёсий воқеликлар ўртасида нисбатан барқарор бўлган ўзаро алоқадорликлар ҳам мавжуддир. Тизимли тадқиқ этиш усули назариясига биноан, ўзаро ҳаракатлар жараёнлари уч циклга бўлинади: кириш (input), конверсия – ўзгариш, айланиш (conversion), қайта ўзгартириш ва чиқиш (output). Сиёсий тизимнинг чегараси торайиб ёки кенгайиб туриши мумкин. Индивидуумлар жамиятда қатор тизимлар ва кичик тизимлар субъектлари сифатида иштирок этишлари, уларнинг амалда сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа ўзаро муносабатлар ва боғлиқларга эга бўлганлиги туфайли кўп шаклли тизимлар турли-туман ролларни ижро этади.
Индивидуумлар сиёсий тизимда дастлаб фуқаро-сайловчи ролини бажаради. Сайлов кампанияси даврида сиёсий тизим чегаралари кенгаяди, яъни фуқаролар ўзларининг бевосита ишларини камайтириш эвазига сиёсий тизим чегараси чизиғини “босиб ўтадилар”. Шунингдек, уруш пайтларида ҳам сиёсий тизим чегаралари сезиларли даражада силжийди: кишиларнинг кўпчилиги ҳарбий хизматга жалб этилади, турли хил ташкилотлар, корхоналар фаолияти мувофиқлаштирилади, ички хавфсизликни сақлашнинг янгидан-янги тадбирларини амалга оширишга зарурият туғилади.
Ҳозирги даврга қадар сиёсий фанларда сиёсий тизимнинг умумлашган универсал таърифи яратилмаган бўлса ҳам “сиёсий тизим” тушунчаси билан бевосита боғланган ҳокимият ва сиёсатни аниқлашга доир турли хил ёндашувлар шаклланди. Шу билан бирга, сиёсий тизимнинг барча талқинлари учун умумий бўлган тавсифи шаклланди: сиёсий тизим жамиятда қонунлаштирилган жисмоний итоат эттиришни қўллаш билан боғлиқ ҳолда талқин этилади. Ҳар бир талқинда сиёсий тизимнинг қонуний ҳуқуқи жазолаш, мажбурлаш ва бўйсундиришдир, деб қайд этилади. Лекин масалага чуқурроқ кириб борилса, сиёсий тизимнинг куч ва мажбурлаш билан боғланмаган хатти-ҳаракатлари ҳам кўзга ташланади. Унинг бу каби хусусиятлари фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларига монанд ҳолда янада кўпайиб бормоқда89 .
Сиёсий тизим жамият ҳаётининг институтционал-ҳокимият асоси, уни уюштирувчи ва йўналтирувчи омили сифатида намоён бўлади. Сиёсий тизим сиёсий ҳаётни характерловчи асосий тушунчаларни бир бутун ҳолда тасаввур этиш имкониятини яратади. Сиёсий тизим сиёсат субъектларининг аниқ тарихий шаклларини ўзида ифодалаб, уларнинг ўзаро сиёсий муносабатларини маълум даражада жамлаб, қатъий равишда тартибга солади, расмийлаштиради ва сиёсий фаолиятнинг маълум чегараларини белгилаб беради. Сиёсий тизим мураккаб тузилмадан иборат бўлиб, у жамиятни ягона организм сифатида яшашини таъминлаш ва сиёсий ҳокимиятни марказлашган тарзда бошқариш, шунингдек ҳокимиятни амалга ошириш ёки уни эгаллаш ва ундан фойдаланиш воситасида сиёсат субъектларининг умумий ва гуруҳий манфаатларни амалга оширишини таъминлайди90 .
Жамиятнинг сиёсий тизими – бу аниқ олинган жамият сиёсий режими кўрсатмаларига, тарихий анъаналарига, сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий, мафкуравий, маданий меъёрлар кодексларига бўйсунган жамият сиёсий ташкилотлари принциплари, сиёсий институтлар, сиёсий роллар, муносабатлар, жараёнларнинг яхлит ва жамулжам ҳолдаги йиғиндисидир.
Сиёсий тизим сиёсий ҳокимиятни, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларни ташкил этишни ўз ичига олиб, шу билан бир вақтда, у институтлаштириш, сиёсий фаолият ҳолати, сиёсий ижодкорлик даражаси, сиёсатда иштирок этиш характери, ноинституционал сиёсий муносабатларни ўз ичига олган сиёсий жараёнлар оқимини характерлайди. Сиёсий тизим жамиятнинг барча унсурларини интеграциялашувини, шунингдек, жамиятни сиёсий ҳокимият томонидан марказлашган ҳолда бошқариладиган яхлит организм сифатида яшашини таъминлайди. У сиёсий институтларни (давлат, сиёсий партиялар, ташкилотлар ва ҳаракатлар) қонунлар тизими, анъаналар ва сиёсий коммуникациялар воситасида ижтимоий қатламлар ва гуруҳлар, миллий-этник ва бошқа инсоний бирликлар билан ўзаро алоқадорлигини таъминлайди, кишилар сиёсий фаолияти асосий йўналишлари ва сиёсий жараёнларни назорат қилади.
Баъзи адабиётларда “жамиятнинг сиёсий тизими” ва “жамиятнинг сиёсий ташкилоти” бир хил маъноларни англатади, деб ёзилган. Лекин уларнинг ўртасида катта фарқланишлар мавжуд. “Жамиятнинг сиёсий ташкилоти” – бу сиёсий институтлар ва сиёсий-ҳуқуқий меъёрлар жамланмасидир. “Сиёсий тизим” тушунчаси эса унга нисбатан кенг маънога эга бўлган тушунча бўлиб, сиёсий жараёнлар ва муносабатларда у ҳокимият ташкил этувчи етакчи омил сифатида намоён бўлади, шунингдек, жамият сиёсий тизими доирасидаги тузилмалардан ташқари, у ўз ичига сиёсий онг, сиёсий маданият, сиёсий коммуникация, сиёсатда иштирок этиш кабиларни ҳам олади.
Жамиятнинг сиёсий тизими – бу унинг алоҳида қиёфага эга бўлган сиёсий яшаш фаолиятидир. У ўзида сиёсий фаолиятни амалга оширадиган муайян тарихий шаклни акс эттиради91 . Сиёсий фаолиятнинг мазмуни фақат давлатнинг ҳокимиятга доир фаолияти билан чекланмайди. Унинг доирасида мақсадлари бир-биридан фарқ қиладиган ва бир-бирига қарама-қарши бўлган субъектларнинг турли-туман сиёсий иштироклари шакллари намоён бўлади; сиёсий фаолият жамиятда ҳокимиятни амалга ошириш тизимини ҳимоя қилиш ёки унга қарши чиқишни таъминлаш ва ўзгартиришларни амалга оширишга қаратилган мақсадларга мувофиқлаштириш билан боғлиқ сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш жараёнларини ташкил этади.
2. Сиёсий тизим назариялари ва уларнинг

ривожланиши

Истон сиёсий тизим модели.Сиёсий фанлар нуқтаи назаридан сиёсий жараёнларни тадқиқ этишнинг тизимли ёндашувини илк бор қўллаган таниқли АҚШ олими Дэвид Истондир. У ўзининг “Сиёсий тизим” (“The Political System”, 1953 й.) , “Сиёсий таҳлил учун концептуал структура” (“A Framework for Political Analysis”, 1965 й.) , “Сиёсий ҳаётнинг тизимли таҳлили” (“A Systems Analysis of Political Life”, 1965 й.) номли асарлари билан машҳур бўлди. Д.Истон сиёсий фанларга ўзининг эмпирик йўналишга доир назариялари билан улкан ҳисса қўшган олим ҳисобланади.
Д.Истон ўзининг биринчи китобида сиёсий фанлар соҳасида ҳам умумий назарияларга нисбатан зарурият мавжудлиги ғоясини илгари сурди. Кейинги китобида эса сиёсий фанларнинг назарияларини концептуал тузилмаси ишлаб чиқилди, унда асосий категория ва тушунчалар таҳлил этилиб, улар воситасида ўз назарий қарашлари моҳиятини очиб берди, шу билан бирга, янги назарий қарашларни ҳам илгари сурди. Унинг бу асари чуқур ва долзарб назарий хулосалар мажмуаси сифатида машҳур бўлди. Д.Истон ўзининг учинчи китобини ўз шахсий концепцияси тузилмасини қўллашга бағишлади. Шунингдек, Истон бу асарида эмпирик вазиятларда қўллаш мақсадида янги тушунчаларни илмий муомалага олиб кирди.
Д.Истон сиёсий тизимни жамиятдаги қадриятларнинг (моддий ва маънавий) авторитетли тарзда тақсимлашнинг ўзаро ҳаракатларидаги восита сифатида таърифлади. Шу билан бирга, ана шу ўзаро ҳаракатларда жамият аъзолари ва турли қатламлари ўртасидаги ўзаро ихтилофлар барҳам топиб боришини далиллаб берди. Д.Истон сиёсий тизимнинг иккита асосий функциясини ажратиб кўрсатди:
1) сиёсий тизим жамиятдаги қадриятларни тақсимлай олиш ҳолатида бўлиши лозим;
2) сиёсий тизим ўз фуқароларини бу тақсимлашни муқаррар равишда қабул қилиши учун ишонтира олиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Истоннинг фикрича, бу иккита функция сиёсий тизимни ижтимоий тизимларнинг бошқа турларидан алоҳида равишда ажратиб туришга имкон беради.
Д.Истон ҳар қандай тизимнинг асосий жараёнлари схемаларидан (“кириш”, “конверсия”, “чиқиш”) четга чиққан ҳолда у “кириш” омилларига талаб ва қўллаб-қувватлашни, “чиқиш” омилларига эса қарорлар ва хатти-ҳаракатларнинг тааллуқли эканлигини исботлаб берди.
Д.Истон “талаб” – бу ҳокимият субъектлари томонидан муқаррар равишда тақсимланишнинг ҳақиқийлиги тўғрисидаги фикрнинг ифодаланиш шакли, деган аниқликни киритди. Шунингдек, у талабни сиёсий тизимга ташқи муҳитдан келувчи ва ички тизимнинг ўзидан келувчи қисмларга бўлади. Талаб ўзига хос моҳиятидан келиб чиқиб, содда бўлиши, норозилик ва ноҳақликларни муайян хатти-ҳаракатлар ёки ҳодисалар орқали тўғридан-тўғри ифодалаш имкониятига эгадир. Масалан, мамлакатда жиноятчилик ёки коррупциянинг ўсиши талабни янада рағбатлантириши мумкин. Д.Истон талабни қуйидаги турларга бўлади: 1) бойлик ва хизмат кўрсатишни тақсимлашга доир талаблар; 2) хулқни мувофиқлаштиришга доир талаблар; 3) коммуникация ва ахборотга доир талаблар.
Сиёсий тизимни ишлаш ҳолатида сақлаб туриш учун талабдан ташқари яна қўллаб-қувватлашга ҳам зарурат туғилади. Истон қўллаб-қувватлашни ўзгарувчан атроф-муҳит билан боғлаб турувчи тизимнинг бош йиғиндиси, деб ҳисоблайди. Қўллаб-қувватлаш шакллари турли-туман бўлиши мумкин: моддий қўллаб-қувватлаш, яъни солиқлар ва бошқа йиғимлар, тизимга хизмат кўрсатиш, қонунлар ва директиваларга амал қилиш, сиёсий жараёнларда иштирок этиш, расмий ахборотлар ва ҳокимиятга нисбатан эътибор билан қараш ва уларни ҳурмат қилиш. Д.Истон қўллаб-қувватлашнинг учта объектини келтиради: “сиёсий жамият” – сиёсатдаги фаолияти тақсимланиши туфайли бир-бири билан бир тузилмага боғланган кишилар гуруҳи; “режим” – асосий компонентлари қадриятлардан (мақсадлар, принциплар) иборат деб ҳисобланувчи ҳокимиятнинг меъёр ва тузилмалари; “бошқариш”– ўз фаолияти учун масъулликни эътироф этган жамиятдаги кўпчилик фуқаролардан иборат кишиларга тааллуқли жараён.
Д.Истоннинг фикрича, тизим – бу восита бўлиб, унинг ёрдамида “кириш” (талаб ва қўллаб-қувватлаш) “чиқиш”га (қарор ва хатти-ҳаракат) айланади.
Сиёсий тизим кирувчи омилларни чиқувчи омилларга айлантириб, жамият аъзолари қўйган вазифаларни бажаришда ўз мақсадларига эришишини ва бу жараёнда уларни мувофиқлаштириб турадиган ижтимоий ресурсларни сафарбар қилиш воситалари билан таъминлаб туради. Конверсия жараёни йўлига нимадир тўғаноқ бўлиши мумкинми? Д.Истоннинг фикрича, ҳаттоки демократикдан тортиб то тоталитар сиёсий тизимлар тузилмаларида ҳар қандай фавқулодда оғишлар юз берганида ҳам улар конверсия жараёнини амалга ошишига халақит бера олмайди. “Кириш” ва “чиқиш”даги конверсия – бу алоҳида олинган бирон-бир тизимнинг хусусияти эмас, балки у барча тизимларга хос бўлган жараёндир.92
Д.Истон моделида чиқиш омиллари атроф-муҳит таъсирига нисбатан тизимларнинг акс-садо бериши, шунингдек, ўз-ўзига таъсир кўрсатиш усулларини концепциялаштириш учун хизмат қилади, шу билан бирга, талаб ва қўллаб-қувватлаш кўпинча кириш омилларининг шаклини ўзгартириб ҳам туради. Шунинг учун ҳам “чиқиш”ни охирги нуқта, деб бўлмайди. Д.Истоннинг фикрича, “чиқиш” хатти-ҳаракатнинг тўхтовсиз такрорланиб туриш ҳодисаси бўлишидан ташқари, у “қарама-қарши алоқалар ҳалқаси” ҳамдир (Feedback Loop) . Бу тушунча қайтиб келувчи ахборотлар ва унинг афзаллик томонларидан фойдаланиш усулларини белгилаб беришга хизмат қилади. Бу ерда ёпиқ такрорланиб турувчи ҳодиса (цикл) ҳосил этувчи иккита жараён назарда тутилади: биринчидан, чиқиш тизими ва унинг натижаси (яъни, маълум бир вазиятлардаги ҳокимиятнинг адаптацияси) ; иккинчидан, ахборотнинг ўзи (яъни, тизимнинг ҳолати ва ҳокимиятнинг акс жавоб бериш оқибатлари тўғрисидаги қарама-қарши маълумотлар оқими) 93 .
Қарама-қарши алоқалар жамиятдаги тангликни тугатишнинг бош механизмларидан биридир. Аммо у бу функцияни ҳокимиятнинг тизимга кириб келаётган туртки ва таъсирларга жавобан акс-садо бериш қобилиятининг нечоғли эканлигидан келиб чиқиб бажара олади. Агар ҳокимият жамият аъзолари талабларига нисбатан бефарқ бўлса ва фақат ўзининг хусусий талаблари ва ғояларигагина эътибор бераётган бўлса, у ҳолатда ҳокимият қарорлари ва хатти-ҳаракатлари ҳеч қачон қўллаб-қувватланишга эриша олмайди.
Ҳокимият сиёсий тизимни қўллаб-қувватлашнинг энг кам даражасига эришишни эмас, балки қўллаб-қувватлашнинг янгидан-янги манбаларини истаётган ёки янги режим ташкил этиш учун интилаётган ҳолатларда салбий ҳолатлар юз бериши мумкинлигини эътиборга олиб бориши лозим. Ўзгаришлар, адаптация, ўз-ўзини сақлаш, интилишлар, мўлжалларини қайтадан кўриб туриш, мақсадларни ўзгартиш – буларнинг ҳаммаси, Д. Истоннинг фикрича, асосий воситалар бўлиб, уларнинг ёрдамида сиёсий тизимдаги тангликлар ёки турли зўриқишларга барҳам бериш мумкин.
Демак, Д.Истоннинг фикрича, сиёсий тизим – бу нафақат унинг тузилмалари ўзаро хатти-ҳаракати тизими, балки муттасил равишда ўзгариб турувчи, амал қилувчи, доимий ўсиб борувчи тизимдир94 .
ХХ асрнинг 60-70-йиллари бошида тизимли ёндашувга нисбатан кучли танқидлар хуружи авж олган пайтда ҳам Д.Истон ўзининг янги асари – “Сиёсий тузилмалар таҳлили”да (1990 й.) Н.Пуланзаснинг неомарксистик структурализми назариясини танқидий таҳлилига таянган ҳолда сиёсий тизимнинг ички тузилмаларини концептуал жиҳатлари назариясини янада бойитди, “Сиёсий тузилма кўзга кўринмас куч каби сиёсий тизим ичида ҳукмронлик қилади”95 . Истоннинг фикрича, умуман олганда, сиёсий тузилмалар давлат органлари, партиялар, гуруҳий бирлашмалар, элиталар гуруҳлари, оммавий шаклдаги кучлар, шунингдек, уларнинг барчаси ўйнаётган сиёсий роллар каби унсурлардан ташкил топади. “Сиёсий тузилма”нинг ўзи индивидлар ва гуруҳлар хулқларини чеклашни шарт қилиб қўядиган, шу билан бир вақтда, улар мақсадларига эришиши учун имкониятлар яратадиган сиёсатнинг атрибутив таснифи сифатида намоён бўлади. Истон сиёсий тизимнинг “хамиртурушини” ташкил этадиган сиёсий тузилмаларнинг ҳар хил турларини ажратиб кўрсатади: юқори ташкил этилган ва паст ташкил этилган, расмий ва норасмий, режимли ва дифференциялашган институтлар96 .
Тузилмавий-мақсадли усулнинг хусусиятлари. Сиёсий тизим назариясининг ривожланиши тизимли таҳлилни кўп жиҳатлардан бойитган тузилмавий-мақсадли усулнинг шаклланишига олиб келди. Бу усул замонавий шаклда антропологик мактаб вакиллари (Малиновский, Браун) ва социологик мактаб вакиллари (Парсонс, Мертон ва бошқалар) томонидан сиёсий фанларга олиб кирилди. Социологик мактаб вакиллари ижтимоий тузилмалар ва институтларни тизимда функциялар бажараётган омиллар сифатида ижтимоий фанларни ўрганиш объекти қилиб олганимиздагина, уни тўғри таҳлил қилиб, улар истиқболини башорат қилиш мумкин, деган фикрни илгари сурди. Ёндашувнинг “тузилмавий” усули инсоний бирликнинг ҳар қандай ташкилоти учун ҳам тааллуқлидир: оила, жамоат бирлашмалари, суд, қонун чиқарувчи органлар, турли комиссиялар ва ҳоказо. “Функционал” унсур эса ташкилотлар фаолияти ва улар таъсирининг ташқи самараси унуми нисбатини ўрганишда муҳим аҳмият касб этади97 .
Алмонд сиёсий тизим модели. Сиёсий фанлар соҳасида тузилмавий-мақсадли ёндашув усулининг шаклланишига АҚШ олими Г.Алмонд катта ҳисса қўшди. У сиёсий тизимни у ёки бу даражада легитим жисмоний итоат эттиришни қўллаш ёки қўллаш хавфи воситасида интеграция ва адаптация функцияларини (жамият ичида, ундан ташқарида, жамиятлараро) бажараётган барча мустақил жамиятларда рўй берадиган ўзаро хатти-ҳаракатлар тизими, деб талқин этди.
Алмонднинг фикрича, сиёсий тизим жамиятдаги легитимлашган тузумни қўллаб-қувватлаб ва қайта ўзгартириб турувчи тизимдир. У жамиятнинг “кирувчи” ва “чиқувчи” омилларига сингиб кетган ва унга алоҳида хусусиятлар ва мазмунлар бахш этиб турувчи, шунингдек, уни тизим сифатидаги мустаҳкам бирлигини таъминлаб турувчи қонунийлашган кучдир.
Алмонд Истондан фарқ қилиб, фақат юз бераётган жараёнларни таҳлил қилиш билан чекланмайди, балки кўпроқ сиёсий тизимнинг барқарор тузилмалари аҳамиятини аниқлашга қизиқади. Алмонд таҳлилларида “тузилма” (структура) тушунчаси “маданият” тушунчаси билан бир қаторда муҳим ўрин эгаллайди. У “тузилма” деганда, сиёсий тизимни шакллантириш фаолиятини имконият доирасидаги назоратини тушунади. У кишиларнинг сиёсий жараёнларда иштирок этаётган фаолиятига доир муайян қисмини рол деб атайди. Роллар – ижтимоий, жумладан сиёсий тизимларни ва барча омилларни тўплаб бир бутунлик сифатида йиғадиган бирликлардир. Шунинг учун ҳам роллар сиёсий тизимнинг асосий компонентларидан бири саналади. Ўзаро боғланган ролларнинг муайян йиғиндиси тузилмани (структурани) ташкил этади. Масалан, ҳакам (судья) – бу рол, суд (ҳакамлик) эса роллар тузилмасидир.
Тизимга нисбатан функционал талабларни ҳеч бир исботсиз қоидалар сифатида қабул қилиш барча ёндашувларнинг асоси бўлиб хизмат қила бошлади. Жамият ҳаёти учун зарур бўлган ва чекланган муқобиллари ичидан танлаб олинадиган қандайдир мақсадлар миқдори мавжудлиги ва бу мақсадларнинг муайян хатти-ҳаракатларга айланиши учун тизим маълум бир функцияларни бажариши лозим бўлади. Ижтимоий фанлар нуқтаи назарига биноан функция – мақсадга мувофиқ фаолиятдир. Мақсадга мувофиқлик тизим доираси билан аниқланади. Йўналтирилган ёки мақсадли функциялар “очиқ”лик характерига эгадир. Бу каби характер касб этмаган функциялар эса “яширин” дейилади. Бу ҳолатда барча амалга ошган хатти-ҳаракатлар ва тузилмаларни чуқур англашни ҳисобга олиш талаб этилади. Тузилмавий-мақсадли усулнинг устунлиги шундаки, у сиёсий акторлар ва гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган функцияларнинг (айниқса, уларнинг яширин шаклларини) муҳимлигини англашга имкониятлар яратади.
Алмонднинг фикрича, сиёсий тизимнинг кириш ва чиқиш омилларини тизимларнинг ичкарисидан келиб чиқадиган функциялар нуқтаи назаридан таҳлил этиш зарур. У шундай саволлар қўяди: ким (яъни, қандай тузилмалар), қандай функцияларни бажармоқда ва қандай йўсинда?
Д.Истон ва Г.Алмонд ҳозирги даврда ҳам ўз ривожланиш жараёнларини давом эттираётган сиёсий тизим назариясини яратишга улкан ҳисса қўшдилар. Истон ва Алмонд моделларининг илмий аҳамияти шундаки, улардан ўз олдига эмпирик равишда ўзаро бирлашадиган гипотезаларни яратиш мақсадини қўйган ўзига хос ва мустақил бўлган кўп соҳаларда концепциялар манбаси ва ишчи модели сифатида фойдаланиш мумкин. Ундан ташқари, эмпирик таҳлилнинг бирмунча муаммоларини ҳал этиш учун бағоят долзарб аҳамият касб этган – соҳага оид муайян терминларни стандартлаш, маълумотларни кодлаштириш, ахборотларни сақлаш кабиларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар туғилди.
Мазкур моделлар тизимларни сақлаш ва мувофиқлаштириш усулларини тадқиқ этишда ҳам ўзининг мақсадга мувофиқ эканлигини исботлади. Бу моделларнинг (айниқса, Алмонд моделининг) сиёсий тизимларни қиёсий тадқиқ қилишдаги самарадорлиги ниҳоятда юқоридир. Истон ва Алмонд ўзларининг сиёсий “тизим” моделларини яратиш баробарида қиёсий таҳлил учун макробирлик тизими тушунчасини ҳам шаклланишига асос солдилар. Уларнинг концепцияси нафақат колониялар, федерациялар, давлат-шаҳарларни, балки компонентлари ўзаро бир-бирлари билан боғланган ва яхлитликни тақсимланиши сифатида сиёсий тизим функциясини бажараётган ҳар қандай бирликни (метрополиялар, федерация аъзоси бўлган давлатлар, турли таъсир этиш гуруҳларини) таҳлилга киритиш имкониятини яратиб берди98 .
К.Дойчнинг ахборот-кибернетика модели. Сиёсий тизим назариясини ривожлантиришнинг якунлаш босқичи ХХ асрнинг 50-70-йилларида Сиёсий фанларнинг Халқаро ва Америка ассоциациялари собиқ президенти К.Дойч томонидан “ахборот-кибернетика модели”га асос солиниши билан ўз ниҳоясига етди99 . Ўз вақтида Т.Гоббс сувереннинг олий ҳокимиятини ижроия, суд ва бошқа органлар билан боғлаб турувчи сиёсий коммуникацияларни “давлат бошқарувининг нервлари”, деб атаган эди. Т.Гоббснинг ана шу ғоясидан баҳра олган К.Дойч ўзининг “Бошқарув нервлари: сиёсий коммуникация ва назорат моделлари” (1963 й.) номли асарини ёзди. Унда сиёсий тизим коммуникация ва ахборот оқимлари шахобчаси сифатида талқин этилади. К.Дойч ишлаб чиққан ахборот-кибернетика ёндашуви доирасида сиёсий ҳаёт кибернетик таҳлил ва коммуникатив механизмлар воситасида таҳлил этилади100 .
Кибернетика тушунчаси “бошқарув санъати” маъноси асосида пайдо бўлиб, у дастлаб денгиз навигацияси ва сув кемасини бошқариш маъноларини англатган. Дойчнинг фикрича, ҳукумат (давлат бошқаруви субъекти сифатида) сиёсий тизимни ахборот оқимлари ва коммуникатив ўзаро хатти-ҳаракатларни тизим ва муҳит ўртасида, шунингдек, тизимнинг ўзини ичидаги алоҳида қисмлар билан мувофиқлаштириш йўли билан сафарабар этади.
К.Дойч “Бошқарув нервлари” асарида сиёсий тизимларнинг амал қилиш моделини жуда ҳам мураккаб ва кетма-кетлаштирилган, орқага қайтиш принципи асосида қурилган ахборот оқимлари йиғиндиси сифатида таърифлайди101 . У сиёсий тизим моделида ахборот-коммуникатив оқимлар ўтишининг турли даврлари билан боғлиқ бўлган тўртта қисмларини ажратиб кўрсатади: 1) ахборотлар олиш ва танлаш; 2) ахборотларга ишлов бериш ва уларни баҳолаш; 3) қарорлар қабул қилиш; 4) орқага қайтувчи алоқалар билан қарорларни амалга ошириш.
Биринчидан, сиёсий тизим ахборот хизматларига (ҳукумат ва шахсий), жамоатчилик фикрини ўрганиш марказларига (ҳукумат қабулхоналари, агентура шахобчалари ва бошқ.) тегишли бўлган, “рецепторлар” деб аталувчилар (ички сиёсий ва ташқи сиёсий) воситасида ахборотларни қабул қилади. Бунда тушган маълумотлар сараланади, тизимлаштирилади ва дастлабки таҳлиллар амалга оширилади. Иккинчидан, кейинги босқичда сараланган янги ахборотларга “хотиралар ва баҳолашлар” хизмати доирасида қайта ишловлар берилади, бу жараёнда бир томондан, қўлга киритилган ахборотлар эски ахборотлар билан қиёсланади, бошқа томондан, қадриятлар, меъёрлар ва стереотиплар асосидаги баҳолашлар амалга оширилади. Учинчидан, сиёсий вазиятни ўз устувор жиҳатларига ва ҳукумат мақсадларига (қарорлар қабул қилиш маркази сифатидаги) мувофиқлиги даражасининг хулосавий баҳолашлар олинганидан кейин тизимнинг охирги жорий ҳолатини мувофиқлаштириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинади. Ва ниҳоят, охирги босқичда “таъсир манбалари” (“эффекторлар”) деб аталувчи акторлар (ижроия органлари ва бошқ.) қарорларни амалга оширади, сўнгра уларнинг натижалари тизимни амал қилишини янгидан такрорланишини таъминловчи “рецепторлар” учун “орқага қайтувчи алоқалар” орқали янги ахборотлар сифатида хизмат қилишга тақдим этади.
К.Дойч, шу билан бирга, сиёсий тизимдаги коммуникацияларнинг учта турини ажратиб кўрсатади: 1) шахсий, норасмий коммуникациялар (face-to-face) , масалан, депутатликка номзоднинг сайловчилар билан табиий ҳолатдаги шахсий алоқаси; 2) ташкилот орқали коммуникациялар, яъни ҳукумат билан алоқалар партиялар ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари воситасида амалга оширилади; 3) ОАВ (оммавий ахборот воситалари) орқали бўладиган коммуникациялар, тезлик билан ўсиб бораётган электрон воситалар.
К.Дойчнинг сиёсий тизим концепцияси қаттиқ танқидларга учради. Лекин шунга қарамай, у ҳокимият муносабатларининг муҳим ва фаол компоненти бўлган ахборот оқимлари ва коммуникатив алоқаларни сиёсий тизим таҳлили жараёнларига олиб кирди102 .
3. Жамият сиёсий тизимининг тузилмаси ва

функциялари

Сиёсий тизим – ўзаро хатти-ҳаракатдаги остки тизимларнинг бир бутунликни ташкил этган ҳолатидир. Сиёсий тизим тузилмаси ичида учта остки тизимлар мавжуд: институционал, ахборот-коммуникатив ва меъёрий-регулятив.
Институционал остки тизим давлат, сиёсий партиялар, манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) каби институтлардан иборатдир. Ўзида энг кўп сиёсий ҳокимиятни ифодаловчи етакчи институт – бу давлатдир. Демократик жамиятларда сиёсий партиялар, манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) автоном бўлиб, улар ўз функцияларини ҳеч қандай тўсиқларсиз бажара оладилар. Сиёсий партиялар ва манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) давлат тузилмаларини шакллантиришга таъсир этади, сиёсий мақсадларни тузатиб туради, сиёсий ривожланишни йўналтиришда иштирок этади. Авторитар ва тоталитар жамиятларда сиёсий партиялар ва манфаатлар гуруҳлари бошқарувчи элита ва бюрократик аппаратга қаттиқ бўйсундирилади, уларнинг табиий функциялари ўзгартирилади.
Сиёсий тизим тузилмасидаги ахборот-коммуникатив остки тизим институтлар билан сиёсий тизим ўртасидаги алоқаларни таъминлаб туради. Бу остки тизим унсурларига ҳукуматга ахборот бериш йўллари (очиқ мажлисларда ишларни кўриб чиқиш тартиботи, турли текширувлар комиссиялари, манфаатлар гуруҳлар билан ўтказилган ёпиқ консультациялар ва бошқалар) , шунингдек, кенг оммага мўлжалланган китоблар, журналлар, газета, радио, телевидениелардан иборат оммавий ахборот воситаларини киритиш мумкин.
Бу остки тизим муҳим аҳамиятга эгадир: бу тизимда иштирок этган кишилар турли хил воқеликлар ва хатти-ҳаракатларда бевосита иштирок этганлиги, жумладан, маълум бир ҳажмдаги сиёсий йўналишларга оид билим ва ахборотларга эга бўлганликлари туфайли сиёсий жараёнларни баҳолай олади. Агар демократик жамиятларда ОАВ мустақил бўлса, авторитар ва тоталитар жамиятларда улар бошқарувчи элитага бўйсундирилади.
Меъёрий-регулятив остки тизим кишиларнинг сиёсий ҳаётдаги хулқларини белгилаб ва аниқлаб берувчи турли хил меъёрлардан иборат бўлиб, улар асосан қуйидагилардир: кишиларнинг ўз талабларини илгари суриш жараёнларидаги иштироки, бу талабларни қарорларга айланиши, қарорларни амалга ошириш. Бу меъёрлар – барча турдаги сиёсий жараёнларда иштирок этишнинг асосий қоидалари ҳисобланади. Меъёрларни икки турга бўлиш мумкин: 1) меъёр-одатлар; 2) меъёр-қонунлар. Демократик мамлакатларда фуқароларнинг сиёсий партиялар ва манфаатлар гуруҳлари воситасида сиёсатда иштирок этишлари одатдаги меъёрлар саналади. Шунингдек, фуқароларнинг ҳокимият эътиборини ҳис этиб туриши ҳам одатдаги ҳолатдир.
Меъёр –одатларнинг ички томони меъёр-қонунлардан иборат бўлган сиёсий тизим шаклини аниқлайди. Тоталитар жамиятларда ғалабага эришган лидер ёки гуруҳнинг ҳамма нарсага эгалик қилиши одатдаги қоидага айланади. Собиқ иттифоқда ХХ асрнинг 50-йиллари ўртасидан бошлаб ҳокимият тепасига чиққан етакчиларнинг ворисийлиги мансабдор шахсларни жисмоний йўқ қилишсиз давом этганлиги бу даврда тизимнинг асослари шаклининг ўзгарганлигидан далолат беради. Меъёр – қонунлар қонун ишлаб чиқиш жараёнларини аниқлайди, унинг қуйидаги ҳуқуқларини белгилайди (ёки режимга боғлиқ бўлса, унда белгиламайди): овоз бериш, сўз эркинлиги, бирлашмалар тузиш ва бошқалар. Ҳар икки меъёр сиёсий хатти-ҳаракатлар уйғунлигини таъминлайди, уларсиз жамиятда алғов-далғовлар ёки тартибсизликлар келиб чиқиши табиий бир ҳолдир.
Замонавий сиёсатшуносликка хос бўлган сиёсий тизимлар функциялари Алмонд томонидан атрофлича ва тўла таҳлил этилган. Унга биноан, барча тизимлар иккита таянч функцияларни бажаради: “кириш” функцияси ва “чиқиш” функцияси. Алмонд “кириш”нинг тўртта функциясини ажратиб кўрсатади:
1) сиёсий ижтимоийлашув ва иштирок этишга жалб этиш;
2) манфаатларни артикуляция (йиғиш, бир тизимга солиш) қилиш;
3) манфаатларни агрегация (барча манфаатлар ичидан кенг қатламлар манфаатлари ажратиб олинади) қилиш;
4) сиёсий коммуникация.
Шунингдек, чиқишнинг уч функцияси мавжуд:
1) меъёр-қонунлар ишлаб чиқиш;
2) меъёрларни қўллаш;
3) меъёрларни сақлашни назорат қилиш.
“Кириш” функцияси ноҳукумат остки тизим устуворлигига амал қилади, “чиқиш” функцияси эса ҳукуматнинг ўзига тааллуқлидир.
“Сиёсий ижтимоийлаштириш ва иштирок этишга жалб этиш” функцияси ҳозирги даврда барча сиёсий тизимларга хос бўлган жамият аъзолари ўртасида “иштирок этиш руҳияти”ни тарқалишини таъминлаб беради. Бу функцияни демократик давлатларда ноҳукумат ташкилотлар бажарсалар (албатта, бунда давлатнинг ҳам маълум таъсири бўлади), тоталитар жамиятларда давлат бажаради. Чунки сиёсий ижтимоийлаштиришнинг барча агентлари (мактаб, ёшлар ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар) давлат назорати остида бўлади, “иштирок этиш руҳи” ҳукмрон мафкурага мувофиқ ҳолда кечади. Демократик мамлакатларда “иштирок этиш руҳи”ни ёйиш натижасида индивидуумлар “субъект”дан “фуқаро”га айланади. Тоталитар режимларда бундай жараёнлар юз бермайди.
Манфаатларни артикуляция қилиш – манфаатлар гуруҳлари (нодавлат ва жамоат ташкилотлари) амалга оширадиган, сиёсий конверсия жараёни давомидаги биринчи функционал қадамдир. Жамоатчилик фикрини ҳурмат қилиш, бирлашмалар эркинлигига доир қарашларга берилиш характерли бўлган демократик жамиятларда манфаатлар гуруҳлари фуқаролар билан давлатни боғлаб турувчи бўғинлар сифатида фаолият юритади.
Давлат сиёсати қонунлар қабул қилиниши билан тугамайди. Сиёсатнинг ва қарор қабул қилишнинг муҳим жиҳати ”меъёрларни қўллаш” функцияси ҳисобланади. Бу функцияни нафақат ижроия органлари ва маъмурий бюрократия бажаради, балки уни кўпинча қонун чиқарувчи ва ҳуқуқий тузилмалар ҳам бажаради.
Меъёрларни сақлашни назорат қилиш – бу маълум қонунни бузиш факти ва унга тааллуқли жазони қўллаш мақсадидаги қонунлар ва хатти-ҳаракатларни шарҳлашдир. Ижроия ва қонун чиқарувчи органлар назоратни ташкил этувчилар сифатида суд жараёнларида баъзан сезиларли рол ўйнасаларда, асосан бу функция суд органлари компетенциясига киради103 .
Сиёсий тизим қуйидаги вазифаларни амалга оширади: ижтимоий манфаатлар ва ўзаро хатти-ҳаракатларни сиёсий жиҳатдан ифодалайди; индивидлар ва уларнинг бирликлари зиддиятли манфаатларини аниқлаш, уларнинг сиёсий тизимнинг яхлитлигига хавф солиши мумкин бўлган ихтилофли шаклларини ҳокимият институтлари ва сиёсий иштирок воситасида келиштириш, гуруҳлар ва қатламлар манфаатларини аниқлаш, ифодалаш ва келиштириш; жамиятни ривожлантириш мақсадлари ва дастурларини ишлаб чиқиш йўли, манфаатларни оқилона ва адолатли тарзда таққослаш асосидаги сиёсий раҳбарликни амалга ошириш; жамиятнинг яхлитлиги ва яшаши учун хавф солаётган муҳит омилларига қарши курашиш асосида турли манфаатларни ифодалаётган сиёсий кучларни бир бутун тизимга бирлаштириш мақсадида интеграциялаш; кишиларнинг юксак орзуларини амалга оширишга мўлжалланган мақсадга йўналтирилган ижтимоий ўзгаришларни амалга оширувчи фаолият олиб бориш.
Жамият сиёсий тизимининг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
–жамиятнинг мақсад ва вазифаларини аниқлаш, унинг яшаши ва фаровонлигининг дастурларини ишлаб чиқиш;
–қўйилган мақсадларга эришиш учун жамият ресурсларини сафарбар этиш;
–умумий ижтимоий-сиёсий мақсадлар ва миллий мафкура ҳамда сиёсий маданият қадриятлари атрофига жамиятнинг барча унсурларини интеграция қилиш;
–сиёсий-коммуникациявий жараёнларни бошқариш;
–жамиятда тизим манфаатларини сақлаш билан боғлиқ ҳолда қадриятларни тақсимлаш, сиёсий ривожланишни унинг манфаатлари ҳамда асосий сиёсий-маданий устуворликларига мувофиқ тарзда амалга ошириш;
–қонун ва қоидалар ижросини назорат қилиш, сиёсий меъёрларга зид бўлган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш104 .
Алмонд сиёсий тизимларнинг амал қилишини учта даражасини белгилаб берди. Улар сиёсий тизимларнинг турли хилларини қиёслаш имконини беради, Биринчи даража – тизим имкониятлари. Алмонд имкониятларни ҳукуматнинг жамият устидан ҳокимияти, ҳукумат мақсадларини қўлга киритиш манфаатлари учун кишилар хулқи ва онгига таъсир қилиш даражасидир, деб таъкидлайди. У имкониятларнинг беш турини кўрсатиб, уларни баъзи ҳодисаларда улкан, баъзиларида эса жуда ҳам кичик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб ўтади:
1) экстрактив имконият – тизимнинг маълум мақсадларда моддий ва инсоний ресурсларни (кишилар истеъдоди, қўллаб-қувватлаши, пул ва бошқа) тўплай олиш қобилияти;
2) мувофиқлаштирувчи имконият – жамиятдаги гуруҳлар ва алоҳида кишиларнинг хулқини назорат қилиш қобилияти;
3) тақсимлаш имконияти – жамиятдаги моддий ва номоддий бойликларни яратиш, жойлаштириш ва тақсимлаш қобилияти;
4) турли таъсирларга жавоб бериш, акс таъсир кўрсатиш имконияти – бу тизимнинг маълум сиёсатга мувофиқ равишда “чиқиш учун бериладиган” талабларга нисбатан акс таъсир кўрсатиш, турли гуруҳлар ифодалаётган хилма-хил талабларга жавоб бера олиш қобилияти;
5) тимсолловчи имконият – легитимлик ва қўллаб-қувватлаш эҳтиёжлари, тизимнинг оммавий эътиқодлар, қарашлар, мифлар, ёрқин, топқир тимсоллар ва шиорлар яратиш, улар ёрдамида ўз мақсадларини амалга ошириш учун зарур легитимликни қўллаб-қувватлаш ниятида устомонликни қўллаш қобилияти билан мустаҳкам боғлиқ бўлган имконият.
Аксарият сиёсий тизимлар ўз характерига биноан регулятив ва экстрактивдир. Тоталитар тизимлар жамият талабларига етарли даражада эътибор бермайди, ташқи муҳитдан келиб чиқадиган талабларга ҳам акс таъсир кўрсатмайди. Маълумки, коммунистик тоталитаризм фашистик тоталитаризмдан ўзининг кучли тақсимловчилик қобилияти билан ажралиб туради. Тоталитар жамиятларда тимсолловчи имкониятлар ҳам улкан бўлади.
Демократик тизимларда мувофиқлаштириш, экстракция ва тақсимлаш “чиқиш”ларга нисбатан гуруҳларнинг талаблари – “кириш”ларга катта таъсир эта олиш қобилиятига эгадир. Шунингдек, айтиш мумкинки, демократия юксак даражада акс таъсир кўрсатиш қобилиятига эгадир. Тизимлар имконияти билан тизимлар самарадорлиги, яъни унинг натижалар бериш, қадриятларни яратиш ва жойлаштиришдаги умумий қобилияти бир-бирига боғлангандир.
Тизимлар амал қилишининг иккинчи даражаси – унинг ўзида (ичида) нималар кечаётганлиги, яъни конверсия жараёнини акс эттиради. Конверсив жараёнлар (ёки функциялар) – бу кирувчи омилларни чиқувчи омилларга айлантириш усулларидир. Бир сиёсий тизимнинг конверсив жараёнини иккинчи тизим билан Алмонд схемаси асосида қиёслаш мумкин. Бунда олтита асосий функция келтирилади:
1) талаблар қандай шаклланади (манфаатлар артикуляцияси) ;
2) муқобил ҳаракатлар дастурларини талаблар билан тўлдириш қандай кечмоқда (манфаатларни агрегация қилиш) ;
3) меъёрлар қандай шаклланади (меъёрлар ишлаб чиқиш) ;
4) бу меъёрлар ҳаётга қандай татбиқ этилади (меъёрларни амалга ошириш) ;
5) улар қандай назорат қилинади ва мувофиқлаштирилади (меъёрлар устидан назорат) ;
6) бу турли-туман барча хатти-ҳаракатлар мазкур тизимлар ичида бир-бирлари билан, шунингдек, тизимларнинг атроф-муҳит (коммуникация) билан ўзаро ҳаракатлари қандай ўзаро муносабатларда бўлади105 .
Сиёсий тизим амал қилишининг учинчи даражасини Алмонд моделнинг қўллаб-қувватлаш ва адаптация функцияси, деб атайди ва унга аввало, сиёсий ҳаётда янги роллар яратиш ва унга янги кишиларнинг “ёриб” кириб келиш ҳодисасини ижтимоийлашув ва рекрутлашув жараёни, деб қарайди.
4. Сиёсий тизимларни таснифлаштириш
Сиёсий тизимларни қандай шаклланиши, уларнинг бир-бирларидан фарқланиши, ҳар бир сиёсий тизимнинг ўзига хос хусусиятларининг мавжудлигини аниқлаш учун улар сиёсатшунослик фани нуқтаи назаридан таснифлаштирилади.
Сиёсий тизимларни таснифлаштиришга даставвал қадимги юнон мутафаккири Платон асос солган. У турли сиёсий тизимларнинг характерини белгилаш мақсадида аристократия, тимократия, олигархия, демократия ва тирания каби тушунчаларни шакллантириб, уларни сиёсий таҳлил жараёнларида қўллаган106 . Бу назарий қарашларни Аристотель янада ривожлантирди. У давлат тузилиши шаклларини (унда сиёсий тизимнинг асосий белгилари ҳам ифодаланган) таснифлаштиришни янада мукаммаллаштириб, олтига бўлинган схемани ишлаб чиқди:1) тўғри шакллар (барчанинг фаровонлиги учун қонун асосида бошқариш) – монархия, аристократия, полития (мўътадил демократия) 2) нотўғри шакллар (идора этувчилар фаровонлиги учун қонунлар асосида эмас, балки эркинлик асосидаги бошқарув) – тирания, олигархия, ашаддий демократия (охлократия) 107 .
ХIХ–ХХ асрларга келиб сиёсий тизимлар тузилмавий характер касб эта бошлаганидан кейин жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилмаларини ва сиёсий муносабатлар шаклларини (формациявий ёндашув) таснифлаштиришнинг марксча ёндашувлари шаклланди. Улар қуйидагилардан иборат эди: қулдорлик, феодал, капиталистик (буржуа) ва социалистик (коммунистик). Лекин бу ёндашувлар синфийликка ва ҳукмрон мафкурага асосланганлиги учун ҳам инқирозга юз тутди.
ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб Франция сиёсатшуноси Ж.Блондель томонидан ишлаб чиқилган сиёсий тизимни таснифлаштириш кенг тарқалди: 1) либерал демократия; 2) радикал-авторитар (коммунистик) тизимлар; 3) анъанавий (мавжуд ижтимоий муносабатларни сақлаш); 4) популистик (учинчи дунё мамлакатлари); 5) авторитар-консерватив.
Шунингдек, баъзи олимлар (С. Д. Гелей, С. М. Рутар ва бошқ.) сиёсий тизимларни жамиятни таснифлаштириш асосидан келиб чиқиб талқин эта бошлади: маданий ёндашувларга биноан – ғарбий, япон, конфуцийчилик, Лотин Америкаси, мусулмон, ҳинд, славян-православ тизимлари, цивилизациявий ёндашувларга биноан – аграр, индустриал ва индустриалдан кейинги жамиятлар сиёсий тизими108 .
Замонавий сиёсий фанларда даражалаш (дифференциациялашув) мезонларига боғлиқ ҳолда сиёсий тизимларнинг турли таснифлари шаклланди. Аксарият тадқиқотчилар иккита асосий мезон ёрдамида иккита идора этиш моделларини бир-биридан фарқлайди: 1) ҳокимиятнинг марказлашув даражаси (қарор қабул қилиш жараёнлари иштирокчилари сонига боғлиқ дифференциация); 2) қадриятлар турлари. Бу мезонлардан келиб чиқиб, сиёсий тизимлар қуйидагиларга бўлинади: а) тоталитар ва либерал-демократик; б) тоталитар, авторитар ва демократик; в) конституциявий ва тоталитар; г) анъанавий ва замонавий.
Замонавий сиёсий фанлар ва амалиёт талабларига Алмонд таснифлари нисбатан яхшироқ жавоб беради. У тузилмавий дифференциациялашга асосланган таснифлаштиришдан мустаҳкам боғловчи тушунчалар – тузилмалар ва маданиятларга асосланган таснифлаштиришга ўтади. Алмонд кўпроқ жамиятни ташкил этиш шакллари жамиятнинг идеаллари ва қадриятларини қандай қабул қилади ва уларга қандай мувофиқ келади, деган масалаларга ўз диққат-эътиборини қаратди. У тўртта замонавий сиёсий тизим турини бир-биридан ажратиб кўрсатди: инглизамерикан; континентал-европа; индустриалгача ва қисман индустриал; тоталитар.
Алмонднинг фикрича, инглизамерикан АҚШ, Англия, Канада, Австралия сиёсий тизимлари маданиятларнинг гомогенлиги билан ажралиб туради: сиёсий мақсади ва воситалари, уларга эришишни ҳаммаси баравар қабул қилади. Аҳолининг аксарияти учун шахс эркинлиги, оммавий фаровонлик ва хавфсизлик устувор аҳамият касб этади. Бу сиёсий тизимларда роллар тузилмаси чуқур дифференциялашган, яъни ҳар бир партия, манфаатлар гуруҳлари ўзларининг аниқ мақсадларига эга, улар тизимда ўз хусусиятларига эга бўлган функцияларини бевосита бир маромда бажаради, шунингдек, улар аниқ ташкиллашган ва бюрократлашган. Бу тизимлар ўзининг юқори даражадаги барқарорлиги, ҳокимиятнинг тақсимланиши ва тизим ичидаги таъсирчанлиги билан характерланади.
Континентал-европа туридаги сиёсий тизимлар Франция, Германия ва Италия учун тааллуқлидир. Улар учун сиёсий маданиятнинг эклективлиги, янги ва эски маданиятларнинг ўзаро тинч-тотув яшовчанлиги хосдир. Масалан, Францияга вакиллик ҳокимияти анъанавийлиги билан бир қаторда, плебисцит анъанаси ва популизмга мойиллик хосдир. Франция тарихида Наполеон ва де Голл кабиларнинг бевосита тўғридан-тўғри демократия шаклларига мурожаат этганлиги маълум. Бу сиёсий тизим учун турли мафкурадаги партияларнинг кўплиги, жамиятга сезиларли таъсир кўрсатувчи эски анъаналарнинг мавжудлиги характерлидир.
Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги кўплаб сиёсий тизимлар индустриалгача ёки қисман индустриал тизимларга хосдир. Сиёсий тизимларнинг бу турига аралаш сиёсий маданиятлар ҳам хосдир: ғарб қадриятлари қоришмаси, этник анъаналар, диний анъаналар. Бу турдаги тизимларда сиёсий маданият эклективлиги ғарбий Европа тизимларидаги бу ҳолатдан фарқ қилади. Чунки бу тизимларда қарама-қаршиликлар кутилмаган бир ҳолда бир-бирлари билан қўшилиб кетиши мумкин. Бу тизимларда ҳокимиятлар бўлиниши ҳам турлича. Кўпинча армия ёки бюрократик аппарат қонун чиқариш функцияларини ўз зиммасига олади, қонун чиқарувчи органлар эса суд жараёнларига аралашиб туради. Бу тизимлар учун шахсий авторитаризм, бир партия ҳокимияти, куч ишлатишнинг катта имконияти кабилар хосдир. Сиёсий иштирок эса маҳаллий даражаларда амал қилиш билан чекланади.
Тоталитар турдаги сиёсий тизимлар учун фашистик Италия ва фашистик Германия ва “жаҳон социализм тизими” мамлакатлари мисол бўла олади. Лекин бу мамлакатларда ҳозир сиёсий ва иқтисодий модернизация жараёнлари амалга оширилмоқда.
Бу турдаги тизимларда эркин манфаатлар гуруҳлари учрамаслиги характерлидир. Бу тизимда сиёсий иштирок ҳам ўзига хос бўлиб, у асосан декоратив характер касб этади. Сиёсий коммуникация марказ томонидан қаттиқ назорат қилинади. Тоталитар жамиятлар ўта марказлашган бўлиб, улар учун куч ишлатишнинг юқори даражада бўлиши характерлидир. Алмонднинг фикрича, мутлақ итоат эттириш асосидаги сиёсий тизим ақлга сиғмайдиган ҳодисадир. Бунда ролларнинг тоталитар тузилишга хос бўлган иккита характерли белгиси бир-бирини тақозо этишини кузатиш мумкин: а) мажбурловчи ролларнинг устунлиги; б) ўз вазифасига хос бўлмаган вазифаларни бажарувчи бюрократия, партия, армия, хавфсизлик органлари ҳокимият ролларини функционал беқарорлиги109 .
Индустриал жамиятда сиёсий тизимларни модернизациялаш муаммолари. Ҳозирги даврга келиб айрим олимлар дунёда кечаётган ўзгаришлар натижасида ХХ асрнинг 70-80-йилларидан бошлаб сиёсий тизимлар инқирози кузатилмоқда, деган фикрни илгари сурмоқда. Ральф Дарендорф ўзининг «Демократияни бошқарувчанлиги тўғрисида» номли асарида қуйидагиларни қайд этади: Ҳозирги ижтимоий вазият «ўзининг бошқарувчанлигининг сўнгги даврини ўз бошидан кечирмоқда»110 . У ўз фикрини давом эттириб яна қуйидаги фикрларни билдиради: «Ривожланган сиёсий тизимга эга бўлган давлат, умумий фаровонлик давлати, айниқса, ўзига тегишли бўлган энг сўнгги иқтисодий имкониятларидан фойдаланмоқда». Марказлашган ҳукуматнинг постиндустриал (индустриалликдан кейинги) воқеликлар шароитида пайдо бўлган муаммолар мажмуини ҳал этишни уддалаши жуда ҳам қийин кечмоқда111 . Яна бошқа машҳур олимлардан О.Тоффлер ҳам ана шу каби салбий фикрларни келтиради: «Нафақат иккинчи тўлқин112  институтлари, балки улар жойлашган асослар ҳам эскириб кетди»113 . У яна қуйидаги далилларни келтиради: «Иккинчи тўлқин оммавий жамиятларни қандай етиштирган бўлса, учинчи тўлқин бутун ижтимоий тизимни янада турли-туманлаштирган ва мураккаблаштирган ҳолда ўзгартириш асносида оммавийсизлантириб юборди».114
Яна баъзи олимлар фикрича, «олдинги иерархик социотузилмаларга хос бўлган моделлар ижтимоий таянчлари ва қатламлари парчаланиб бормоқда. Қатлам – синфга бўлинган ҳаёт дунёси ўрнига бир-биридан фарқ қиладиган индивидуаллашган ҳаёт дунёси қад кўтармоқда… ижтимоий тенгсизлик ҳаёт тарзи ва меъёрлари қандайлигини ифодаламаган ҳолда фақат статистик шаклда намоён бўлмоқда; олдинги синфий ва табақавийликка амал қилишларни тиклашга уринишлар эса ҳаётий воқеликларда ўз асосини топа олмайдиган сунъий ажралишларни амалга оширишга айланиб кетмоқда»115 . «Ҳозир (ижтимоий) гуруҳлар талайгина, лекин улар узоқ яшамай ўткинчилик характерини касб этмоқда»116 .
Ижтимоий гуруҳларнинг сиёсий тизимда ифодаланаётган манфаатлари эндиликда ижтимоий аҳвол, даромадининг қанчалигини, касби-корини, яшаш жойини тавсифламай қўйди. Индустриалдан кейинги қадриятлар сиёсий иштирокнинг индивидуал шарт-шароитлар даражаси ўсиб боришига таъсир этиб, сиёсий афзалроқ мўлжалларни шаклланишида жиддий рол ўйнай бошлади, шунингдек, электоратнинг умумий сафарбарлиги пастга тушиб бормоқда. Бу каби жараёнлар натижаси оқибатида бир томондан, «элита томонидан йўналтирилаётган» (elite-directed) сайловларда ва бошқа жараёнлардаги иштироклар натижалари аҳамияти турғун ҳолатга тушиб қолмоқда. Индустриалдан кейинги сиёсий кенгликлар мойилликлари Тоффлерга шаклланган вазият учун зарур бўлган ижтимоий инновациялар характеридаги қуйидаги хулосаларни чиқаришга имконият берди: унинг фикрича, индустриал цивилизация институтлари озчиликка бўйсунадиган янги мослашувчан тузилмалар билан алмаштирилиши лозим. Жумладан, партиялар «бу озчиликнинг ўзгариб бораётган қиёфасига хизмат қилиши лозим бўлади». Уларни «plug-in/plug-out» (кирди/чиқди) партиялари, деб аташ мумкин. Воситачилар орқали амалга ошириладиган манфаатлар вакиллиги алмаштирилиб, унинг ўрнига маълум тор мўлжаллар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда долзарблашиб бораётган ўзини ўзи вакил қилишга ўтиш лозим117 .
Сиёсий тизимлар ривожланганлик даражаси мезонлари. Сиёсий тизимлар ўз функцияларини самарали ёки самарасиз бажариши мумкин. Сиёсий тизим ҳокимият институтлари цивилизациявий ривожланишининг у ёки бу босқичига мувофиқ келадиган сиёсий ва ижтимоий мақсадларга эришишга қаратилган ўз қарорларини тўлиқ ёки аниқ бажаришни таъминлай олса, у самарали сиёсий тизим дейилади. Акс ҳолда эса у самарасиз сиёсий тизимдир.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/pages/biblio_book/?art=69386272) на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.