Читать онлайн книгу «ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд» автора ТОИР МАҲМУД

ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд
ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд
ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд
ТОИР МАҲМУД

МАҲМУД ТОИР

ЯХШИЛИК ҲАММАГА
ЯРАШАДИ
4-жилд

Мақолалар
Очерклар
Эсселар



















ТОШКЕНТ-2022
ПРЕЗИДЕНТГА МАКТУБ

Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Яқинда халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Сиз билан бўлиб ўтган учрашувни мен меҳнаткаш юртдошларимнинг улкан ташаббуслар, ёруғ истиқбол билан учрашуви сифатида қабул қилдим.
Шу аснода қалбимда, юрагимда туғилган баъзи фикр-мулоҳазаларимни мактуб орқали ифода этишга жазм қилдим.
Аслида, Сизнинг ташрифингизни ҳар бир вилоят аҳли орзиқиб кутади. Сизнинг қадамингиз етган жойга қут-барака, файз кириб келади, халқнинг қанчадан-қанча муаммолари ечим топади.
Сизнинг кўп миллатли халқимиз, жонажон Ватанимиз, янги Ўзбекистон учун кўрсатаётган фидойилигингизни заҳматкаш, ҳалол, олиҳиммат халқимиз, дунёнинг манаман деган арбоблари ва сиёсатшунослари ҳам эътироф этиб турибди.
Бундан фахрланмай, куч-шиддат олмай бўладими?
Аммо, очиғини айтиш керак, бугун “Давлат раҳбаримиз қандай ишлаяпти-ю, биз қандай ишлаяпмиз?” деган савол кўпчилигимизни ўйлантириши лозим.
Тан олиш керак, биз Сизнинг азму шижоатингиз, тезкорлигингиз олдида ожиз қоляпмиз.
“Наҳотки, битта инсон шунча ишга улгуриши мумкин?” деган ҳайратли савол барчамизнинг кўнглимиздан кечмоқда, десам, янглишмаган бўламан.
Қани энди, барча вазир ва ҳокимлар, мутасадди раҳбарлар, ҳаммамиз Сиз каби жонкуярлик, қатъият ва талабчанлик кўрсатиб ишласак эди…
Учрашувда иштирок этар эканман, мана шундай ўй-фикрлар хаёлимда бўлди.
Хўш, вилоят раҳбарлари ва биз – фаолларга нима етишмаяпти?
Энг аввало, бирлик, жипслик етишмаяпти, ватанпарварлик, миллатпарварлик етишмаяпти. Шахсий намуна, шахсий фидойилик етишмаяпти.
Тошкент вилояти Худо берган унумдор заминга, оқар сувга эга. Деярли ҳар бир шаҳар ва тумани пойтахтга яқин. Қарийб марказга тенг имконият ва шароитларга эга жойда кутилган натижага эришолмай, доимо хижолат бўлиб юришдек мулзамликдан қачон қутуламиз? Қачон кўзимиз очилади?
Ўйлайманки, бугун мана шу саволлар барчамизни ўйлантириши, ҳеч биримизга тинчлик бермаслиги керак.
Вилоятимизга ташрифингиз мобайнида айтган сўзларингиз, айниқса, бир фикрингиз мени чуқур ўйга толдирди.
“Бугун бу ерга келишдан мақсадим, – дедингиз Сиз куюниб, – Тошкент вилоятида ҳам замонга муносиб шароит яратиш. Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли бор, уларнинг 150 минг нафари ишсиз. Шунинг учун ҳар бир маҳалладаги “ўсиш нуқталари”ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни топиб, одамларни иш билан таъминлашимиз керак. Ичимлик суви, электр энергияси, йўл ва бошқа шароитларни яхшилаш зарур. Соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, маданиятни кўтариш керак.
Бу мақсадларни амалга ошириш учун вилоятда йирик ва ўрта лойиҳалар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижросига 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир ҳудудда марра бундай катта олинмаган”.
119 триллион сўм – айтишга ҳам осон эмас бу рақамлар!
Лекин биздан – Тошкент вилояти аҳлидан бунга нисбатан бўладиган жавоб, кўрсатиладиган амалий натижа, самара ҳам шунга яраша бўлса эди!
Сиз ўз нутқингизда вилоятда ерга муносабат энг оғриқли масалалардан бири эканини очиқ-ошкора айтдингиз:
“Тошкент вилоятида халқни нима қийнаяпти? Аввало, ерга бўлган муносабат. Чунки ернинг эгаси йўқ, талон-торож кўп. Ким кимга сотяпти – ҳеч кимнинг иши йўқ… Вилоятда ер масаласи ҳал этилмас экан, барака бўлмайди.
Шу боис кеча мен Қонунчилик палатаси Спикери, Бош прокурор, Олий суд раиси, адлия вазири ва вилоят раҳбари билан маслаҳатлашдим. Ер масаласида Тошкент вилояти бўйича алоҳида қонун қабул қиламиз. Бу қонун бошқа вилоятлар учун ҳам асос бўлади”.
Дарҳақиқат, вилоятимиз халқи меҳнаткаш, ернинг тилини ҳам, қадрини ҳам яхши тушунади.
Сиз куюниб айтганингиздек, ерга бўлган эгасизлик муносабатини тубдан ўзгартиришимиз, бу борадаги коррупцион ҳолатларга бутунлай барҳам беришимиз керак. Ернинг ҳар қаричида миллионлаб одамларимизнинг ризқу насибаси бор, хайру баракот бор.
Халқнинг овози – бу ҳақиқатнинг овози.
Сизнинг вужудингизда, қалбингизда ҳамиша мана шу овоз, ҳақиқат ва адолат овози жаранглаб туради.
Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида қатнашиб, бир гапингиздан жуда таъсирланган эдим.
Сиз халқ дардига дахлдор мавзуда сўз юрита туриб, “Бу — менинг ичимдаги кўз ёшларим”, деган эдингиз. Чунки миллат мардларининг кўз ёшини ҳеч ким кўрган эмас.
Сиз яна: “Қоғозсиз гапирсам, юрагимни очиб гапираман”, дедингиз. Мен бу сўзингизни шундай шарҳладим – Президент ўз қалб кўзгусида халқнинг қиёфасини кўради, одамлар кўнглидаги ҳақиқатларни, орзу-армонларни янада яқин ҳис қилади.
Бугун дунёнинг юксак тараққий топган давлатлари ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликка интиляпти. Нега деганда, янги Ўзбекистон Сизнинг раҳбарлигингизда тинчлик ва барқарорлик, давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, юртимиздаги диний бағрикенглик, миллатлараро ва динлараро тотувлик, гендер тенглиги, ёшлар сиёсати каби умуминсоний масалаларни ҳал этишда амалий ташаббуслар мамлакатига айланиб бормоқда.
Халқни уйғотиш, қалбларга ишонч бағишлаш, миллионлаб одамларни руҳлантириш, уларни ўз қадру ғурури учун курашга чорлаш ва бу борада шахсий ташаббус кўрсатиш буюк тарихий шахсларнинг иродаси билан амалга ошади.
Айнан шундай шахслар янги тарих саҳифаларининг муаллифлари бўлади.
Сизнинг тимсолингизда эл-юртимиз бугун ана шундай фидойи шахсни кўрмоқда.
Сиз ёшларимиз, фарзандларимизга Ватанни, халқ ва миллатни севишни ўргатмоқдасиз. Она юртга садоқати бўлса, ишни ўзим ўргатаман, деб ёшларга катта ишонч билдираётганингизни кўриб, ҳар сафар бир ижодкор сифатида тўлқинланиб кетаман.
Чунки бу болалар шу халқнинг фарзандлари, ўзимизнинг дилбандларимиз – уларга ишонмасак, кимга ишонамиз, уларга суянмасак, кимга суянамиз?
Ҳурматли Президент, бу сўзларим мақтов ёки муболаға эмас, куни кеча бутун дунёни забтига олган пандемия шароитида халқимизга энг катта умид ва таскинни Сиз бердингиз. Саломатликни, одамлар ҳаётини сақлаш, ваҳимага тушмаслик учун нимаики керак бўлса, бекаму кўст амалга оширдингиз. Кечаю кундуз уйқу нима, ҳаловат нима билмасдан, шундай ғоят оғир ва таҳликали вазиятда мардона ишлаганингизни ҳаммамиз яхши биламиз.
Касаллик республикамизга ҳам кириб келган биринчи кунлардаёқ Сиз халққа мурожаат қилиб, “Биз бу синовлардан кучли бўлиб, қудратли бўлиб чиқамиз”, деганингизда, бегоналарни қўя турайлик, афсуски, айрим сафимизда юрганлар орасида, ижтимоий тармоқларда ва бошқа маънан чиркин манбаларда “Кўрамиз ҳали”, дея истеҳзоли кулиб қўйганлар ҳам бўлгани сир эмас.
Яратганга беҳисоб шукрки, ҳаётнинг ўзи, давру замоннинг ўзи кимнинг кимлигини, ким нимага қодирлигини, Сиз халқимизга кўрсатаётган йўл энг тўғри йўл эканини исботлади.
Инсоннинг ҳаётда суянган одами бўлса, кимдандир меҳр кўрса, унинг бахту иқболи учун жон куйдираётганлар борлигига ишонч ҳосил қилса, бу дунёда яшагиси келади. Бугун Ўзбекистонда одамлар иштиёқ билан, орзу-ҳаваслар билан яшаяпти. Чунки Сизнинг раҳнамолигингизда давлатимиз, жамиятимиз ҳеч кимни унутаётгани йўқ. Ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда қолаётгани йўқ.
Ота-боболаримиздан мерос бўлган қадим ҳикматларда: “Яратганга, аввало, бемору бечоранинг, муҳтожнинг, ёлғизликдан азоб чекаётган болаларнинг, кексаларнинг дуоси етиб боради”, дейилади.
Сизнинг Меҳрибонлик уйларида кўнгли ўксик етим болаларга, Саховат уйларида яшаётган кексаларга кўрсатаётган мадад, кўмак ва ёрдамингизни барчамиз кўриб турибмиз.
Уруш ўчоғига айланган давлатлардан олиб келинган адашган ҳамюртларимиз – аёлларнинг, болаларнинг севинч кўз ёшларига, афв этилганларнинг миннатдорлик изҳорларига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Улуғ аждодларимиз таъкидлаганларидек, “Қўлдан қўлга ўтган бойликнинг эгаси тез-тез ўзгариб туради. Дилдан дилга ўтган бойлик эса мудом яшаб қолади”.
Дилдан дилга ўтган бойлик, шубҳасиз, бу – илм. “Ўзингдан кейингиларга ибрат бўлай десанг, ўзингдан аввалгилардан ўрнак ол”, дейишади.
Шунинг учун ҳам Сиз келажагимиз эгаси бўлган ёшларнинг таълим-тарбиясига чексиз меҳр ва куюнчаклик билан қараяпсиз.
Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида яна бир ҳақиқатни айтган эдингиз: “Сен маънан ухлаганингда душман уйғоқ бўлади”.
Бу ҳикмат нақадар тўғрилигини бугунги мафкуравий, ғоявий жараёнлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Ёшларимиз, азиз фарзандларимизнинг онгу тафаккурини бузиш, бизнинг асрий қадриятларимизга, ўзбекона ахлоқ-одобга ёт ғоялар билан заҳарлаш учун интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда олиб борилаётган ғаразли тарғибот-ташвиқотлар, афсуски, кучайиб бормоқда.
Вилоятимиз ҳокимлиги биносида яқинда Сизнинг иштирокингизда ўтказилган навбатдан ташқари сессияда айтган бир фикрингиз ҳамон қалбимни саволларга кўмади.
“Томгача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдардик. 100 йил эгилиб пахта тердик, лекин уч йилдан бери 6,5 миллион киши пахта теришдан қутулди. Бунга катта қийинчилик ва машаққат билан эришилди, бу кўпчилик ўйлагандай осон бўлгани йўқ. Биз кластерлар ёрдамида гектаридан пахта бўйича 50, ғалла бўйича 100 центнердан ҳосил олмасак, Тошкент вилоятида кутилган натижага эриша олмаймиз”, дедингиз.
Ҳа, буларнинг барчаси куни кеча ушалмас бўлиб туюладиган армонларимиз эмасмиди? Ортда қолган тўрт йил ичида халқимизнинг ана шу орзу-ниятлари ушалди-ку! Наҳотки, буларни сезмаётган, ҳис қилмаётган бўлсак?
Афсуски, айрим ижтимоий тармоқларда, очиқлик ва ошкоралик экан деб, фақат тирноқ остидан кир излаш, бетгачопарлик, андишасизлик, сохта шуҳратга интилиш, мухтасар айтганда, популизмга муккасидан кетиш ҳоллари барчамизни безовта қилиши, ташвишга солиши керак.
Мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларни холисона эътироф этиш, улардан қувониш, умуман, яхшиликни, ёруғликни кўра билиш, ислоҳотлар моҳиятини англаб етиш, уларнинг натижаларини тан олиш учун ҳам одамда виждон, мардлик ва инсоф бўлиши зарур.
Ўз юртини, ўз мамлакатини фақат қора бўёқларга чаплаш орқали ёлғон обрў орттириш на одамгарчилик, на ватанпарварлик, на диёнат мезонларига тўғри келади. Бу бошдан-оёқ маънавий таназзул белгисидир.
Албатта, ҳаёт бор экан, муаммо бор. Муаммо ва камчилик бор экан, уларни бартараф этиш учун доимо ислоҳотларга эҳтиёж ҳам бор. Бинобарин, жамият ҳаётида ҳақ сўзга, танқидий қарашга бўлган зарурат табиийдир.
Бу ғоят муҳим фикрни Сиз ўз чиқишларингизда доимо таъкидлаб келмоқдасиз, барча раҳбарларни мана шундай муҳитда яшаш ва ишлашга даъват этмоқдасиз.
Аммо холисона, дўстона танқид танқидбозликка, муаммони кўрсатиш шахсни таҳқирлашга, манфаатлар ўйинига айланиб кетмаслиги шарт.
Бугун негадир шароит ва имкониятлар кенгайгани сари баъзи одамларда боқимандалик кайфияти кучайиб бораётгандек, назаримда. Аксарият кишилар дунёқарашида эгоизм – худбинлик кучайиб, ижтимоий ялқовлик “синдром”и кўзга ташланмоқда.
Чиноз туманида бўлганингизда куюнчаклик билан айтганингиздек, нега одамларимиз ўз томорқаларига бепарво қарайди? Нега лоақал ўзи яшайдиган ҳовлисининг деворини оқлаб, кўчасини супуриб, чор-атрофини озода тутмайди?
Биз азалдан тозалик, озодаликка ор-номус даражасида қараган, “Поклик — иймондандир” деб биладиган халқмиз-ку, ахир?!
Одамлар онгини ўзгартириш, уларнинг дунёқараши, маданий савиясини кўтариш айни куннинг ҳақиқатан ҳам энг муҳим талабидир.
Биз – вилоят зиёлилари, фаоллар, нуронийлар, мутасадди ва кайвонилар, кенг жамоатчилик бу борада томошабин бўлиб турсак, ким бу эзгу ниятларимизни амалга оширади?
Буюк файласуф Абу Наср Форобий ўз асарларида тарбия таълимдан устун турадиган ва таълимга нисбатан эрта бошланадиган жараён эканини исботлаб берган.
Демак, таълим-тарбияга, маънавий озуқага ёшлар кўпроқ муҳтож бўлади. Аслида бу табиий жараён. Ота-она ўз фарзандининг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини, оилавий анъаналар, миллий қадриятларимизнинг бардавом бўлишини таъминлаш учун боласига тарбия беришга Аллоҳ олдида ҳам, эл-юрт олдида ҳам бурчлидир. Биз мана шу олтин қоидаларни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.
Ҳурматли Президент, Сиз маданият ва маънавият, хусусан, адабиётимиз тараққиётига ҳам бемисл ғамхўрлик қилаётганингизни биз – қалам аҳли миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Бу ҳақиқатни бутун мамлакатимизда маданий ва адабий жараёнларни кузатиб бораётган инсонлар мендан ҳам чиройлироқ қилиб ифодалаб беришларига ишончим комил.
Пойтахти азимда қурилган Адиблар хиёбони, у ерда қад ростлаган Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси, Ижодкорлар уйи кечагина етиб бўлмас орзулар эди!
Сизнинг ташаббусингиз билан аввал Зомин туманида, мана энди Паркент туманида шоир-адиблар учун ажойиб маскан қуриб битказилди. Бундай гўзал ва замонавий ижод боғларида, насиб этса, ҳали кўплаб бадиий етук асарлар яратилади.
Мен ҳали турли вилоятларда барпо этилган, улуғ ёзувчиларимиз номи билан аталган ижод мактаблари, янги театр ва музейлар, маданият ва санъат масканлари, истироҳат боғлари, спорт иншоотлари ҳақида сўз юритмадим. Чунки буларнинг барчасини фақат санаб чиқиш учун ҳам жуда кўп вақт керак бўлади.
Бевосита Тошкент вилоятидаги адабий муҳит ҳам кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Яқинда вилоятимиз ёш ижодкорларининг “Нурафшон илҳомлар” деб номланган альманахини чоп эттирдик. Сизнинг ташаббусингиз билан қайтадан чирой очган Бўка туманининг ёш қаламкашлари учун алоҳида альманах нашр этилди. Яна бир неча ёшларимизнинг “Биринчи китобим” туркуми остида илк тўпламларини тақдим этиш арафасида турибмиз.
Мухтасар айтганда, ёшларда китобга, ижодга уйғонган ҳавасни алангалатиш, шу орқали ўзбек адабиёти ривожига ҳисса қўшишдек олижаноб ҳаракатларимиз кучайиб бормоқда.
Муҳтарам Президент!
Сиз давлат раҳбари сифатида фаолиятингизни бошлаган дастлабки кунларда “Меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган ўта муҳим бир фикрни, аниқроғи, ҳаётий даъватни илгари сурган эдингиз.
Бугун мана шу эзгу интилишлар аста-секин рўёбга чиқмоқда.
Эл-юрт дардига дармон бўлишдек машаққатли ва шарафли вазифани адо этишда Сизга бир ижодкор сифатида мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат ва доимий ютуқлар тилайман.

(«Халқ сўзи» газетасининг 61-сони, 2021 йил)
















(«Янгиланаётган Ўзбекистон»
китобидан тукум мақолалар)

БОБУР ТУШЛАРИГА
НУР БЕРГАН ДИЁР






















ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ ИСТИҚБОЛИ —
ЎЗБЕКИСТОН ИСТИҚБОЛИ

Тарих қаъридаги улуғ ҳақиқатлар

Менимча, она юрт ҳақида сўз айтишга чоғланган ҳар қандай ижодкор борки шундай ҳис-туйғу, андиша таъсирида тараддудланиб, ўйланиб қолади: Ватан тўғрисида ёзиш, фикр юритиш осон эмас. Ватан ҳақида сўз айтмоқ, адолат, вафо ва садоқатнинг амалдаги намоёнига дуч келиш, умр хирмонидаги ҳосилни сарҳисоб қилиш каби беҳад ҳаяжонли ва масъулиятли ҳолат аслида. Нимасини айтасиз, чуқурроқ ўйлаб қарайдиган бўлсак, Она ҳақида, Ватан таърифида битилмаган сўз, қоғозга тушмаган ибора қолмагандек гўё. Айни вақтда, муҳаббат қадимий туйғу, лекин ҳар бир юрак уни ўз ҳиссиётлари билан янгилайди.
Ҳақиқатан инсон учун онадек азиз ва мукаррам бўлган, киндик қонимиз томган муқаддас тупроқни барчамиз Ватан дея шарафлаймиз, айни вақтда ҳар биримизнинг қалбимиз тўрида у билан боғлиқ бетакрор хотиралар, ҳиссиётлар бор. Инсонлар, тақдирлар бир-бирига ўхшамагани каби, Ватан ҳақидаги ўй-кечинмаларимиз ҳам алоҳида хусусиятлари билан ажралиб туради, зинҳор бир-бирига ўхшамайди.
Машҳур қўшиқда айтилганидек, Ватан, она юртга муҳаббат нимадан бошланади? Агар дунёда ота-она, туғилган юрт, мунис болалигимиз кечган хонадон, биз еру кўкни чангитиб ўйнаган кўчалар, ёз чилласида чўмилган анҳорлар, от чоптирган қир-адирлар, оналаримиз билан бирга кетмон кўтариб борган далалар, талабалик йилларимиз завқи ва масъулияти билан тўлиқ уйқусиз кечалар, мусаффо осмон, суюкли фарзандларимиз, жажжи набираларимиз, севимли ёримиз, қўйинг-чи, умр деб аталмиш ҳаёт йўлимиздаги нарсаларнинг барча-барчаси бўлмаса эди, ўзингиз айтинг, бирорта мактаб, дорилфунун ёки академия қалбимизда Ватан туйғусини тарбиялай олармиди? Йўқ, асло йўқ, албатта. Бинобарин, Ватан – бу бизнинг бутун ҳаётимиз, умримиз, фаолиятимиз сарҳисоби. Шунинг учун Ватан деганда, кўнглимиз тубидан кутилмаган қайноқ ва сеҳрли туйғулар, мунаввар сўзлар отилиб чиқа бошлайди. Ватан ҳақида ёзганимизда оппоқ қоғоз узра сўз эмас, бамисоли нур ёғилгандек бўлади.
Мен туғилиб вояга етган, бир умр бебаҳо неъматларидан баҳраманд бўлиб келаётган Тошкент вилояти, бу қадимий ва гўзал воҳа, унинг Паркент деб аталмиш, Чотқол тоғ тизмаларининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган мафтункор гўша мен учун муқаддас бешик бўлиб, туз-насиба бериб вояга етказган, қайғули кунларимда бошимни силаб, кўнглимга далда бўлган, қувончли кунларимда «баракалла, болам» дея ҳаммадан кўп хурсанд бўлган мўътабар маъводир. Ватан ичра табаррук ватан бўлган, мени камолга етказиб, элга қўшган, қўлимга қалам берган, дилимга илҳом солган бу юрт олдида, унинг мард ва меҳнаткаш, ориятли, тарихнинг не-не синов ва ташвишлари, мустақиллик даврининг саодатли дамларини бошидан ўтказган инсонлари олдида ҳамиша узиб бўлмас қарздорлик ҳисси билан яшайман.
Ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, бугунги кунда вақт, замон суръати шу қадар шиддатли ва тиғизки, бу ҳаётга, жамиятимиздаги ўзгаришларга, одамларнинг орзу-интилишларига кечаги қараш ва мезонлар билан баҳо бериб бўлмайди. Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида шундай улкан қадамлар билан олдинга интилмоқдаки, бундай жасорат, азму шижоат, ўн йиллар давомида ечилмай келган муаммоларга ечим топиш салоҳияти нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Эл-юртимиз ўртасида юриб, кўпни кўрган оқсоқоллар, турли соҳа вакиллари билан мулоқот қилганимизда, «Оллоҳ таоло бошимизга шундай халқпарвар, инсонпарвар, улуғ ва донишманд, сўзи билан иши бир, мард ва жўмард инсонни соябон қилиб, йўлбошчи қилиб юборгани учун ҳар қанча шукроналар айтсак, арзийди», деган дил изҳорларини эшитдик. Халқ баҳоси – ҳақ баҳо. Ундан ўтказиб бу борада бирор сўз айтишимиз қийин, албатта. Юртбошимизнинг жумладан, биз илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат аҳлига кўрсатаётган юксак эътиборини ҳар қадамда сезиб, ҳис қилиб турибмиз. Бу ҳақда кўп гапирмасдан, фақат биргина мисол – Тошкент вилояти, Паркент туманининг Чотқол тизмалари бағридаги сўлим гўшаси бўлган Заркент қишлоғида 50 ўринли дам олиш маскани, ижод уйини барпо этилганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Оддий халқ вакиллари биз ижодкорларни кўз ўнгимизда қад ростлаётган ана шу бино билан қутлаётгани кўксимизни тоғдек кўтармоқда.

***
Маълумки, Тошкент вилояти – Ўзбекистоннинг пойтахт мақомидаги марказий вилояти. У мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётида катта нуфуз ва салоҳиятга эга. Вилоят табиий иқлим шароити, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига кўра, катта имкониятларга эга. Бу қутлуғ заминда тоғ ва тоғолди ҳудудлар, воҳа ва водийлар, дарёлар, улкан сув ҳавзалари, унумдор тупроқ, бепоён далалар, қир-адирлар, ривожланган коммуникация, саноат ва ижтимоий инфратузилмаларнинг борлиги турли соҳа ва тармоқларни мутаносиб ҳолда ривожлантириш имконини беради. Воҳани Аллоҳ таолонинг Ўзи бетакрор ва саховатли табиат билан сийлаган. Вилоят аҳли бу заминда уч фаслни – баҳор, ёз ва қишни бир вақтнинг ўзида кўриш мумкинлиги ҳақида доимо фахрланиб, ғурурланиб гапиради. Чиндан ҳам, вилоятнинг шимоли-шарқида жойлашган Бўстонлиқ тоғларидаги манзара билан унинг ғарб тарафидаги Чиноз тумани, жануб томонидаги Бекобод қир-адирларидаги ҳолат бир-биридан баъзан мутлақо фарқ қилади. Воҳанинг бир чеккасида салқин ҳаводан этингиз жунжикса, бошқа чеккасида жазирама офтоб нуридан тупроқдан ҳам аланга кўтарилади.
Биз – воҳа аҳли, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Тошкент вилоятига ҳам алоҳида меҳр билан қараб, унинг ривожланиши учун доимо юксак эътибор қаратиб келаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қадрдон диёримиз ҳақида айтган фикрларини, жумладан, қуйидаги самимий сўзларини қалбимиз тубига жо этиб олганмиз: «Бу заминнинг унумдор тупроғи, қут-барака ёғиладиган дала ва боғлари, олтин, кумуш, мис, мармар, кўмир каби заҳираларга бой конлари, энг муҳими, меҳнаткаш, бағрикенг, кўп миллатли халқи Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда».
Ўзининг эртанги куни, фарзандлари камолини ўйлайдиган авлод ўз аждодларининг руҳи покларини, уларнинг қўли билан яратилган тарих ва тараққиётни ҳеч қачон унутмайди. Чунки биз бугун нимага эришаётган бўлсак, барчаси аждодларимиз меҳнатининг мантиқий натижаси, улар яратган заминда унган дарахтлар мевасидир. Тошкент вилояти бўйлаб одимлаб, тарихий ёдгорликлари билан танишар эканмиз, буни ҳар қадамда ҳис этамиз.
Келинг, аввало вилоятнинг жуғрофий ўрнига назар ташлайлик. Тошкент вилояти шимолда ва шимоли-ғарбда Қозоғистон Республикаси, шимоли-шарқда Қирғизистон Республикаси, шарқда Наманган вилояти, жанубда Тожикистон Республикаси, жануби-ғарбда Сирдарё вилояти билан чегарадош. Воҳанинг азим Чирчиқ дарёси оқиб ўтадиган, Тяньшан тоғларининг ғарбий тармоқлари билан ўралган водийда, деҳқончилик ва чорвачилик, ҳунармандлик учун қулай маконда жойлашгани бу ерда қадим замонлардан бошлаб инсон манзилгоҳлари пайдо бўлишига сабаб бўлган. Тарихий китобларда қайд этилишича, ҳудуднинг кўҳна манзилгоҳлари тўғрисида милоддан олдинги V–II асрларга оид юнон, хитой манбаларида қимматли маълумотлар сақланиб қолган. Кўп йиллик тадқиқотлар натижасида вилоят ҳудудида 760 та қадимий манзилгоҳ, шаҳар ва қишлоқлар харобаси, кўҳна конлар, мудофаа ва ирригация иншоотлари борлиги аниқланган.
Тошкент воҳаси Шарқ маданияти, санъати ва адабиётининг қадимий марказларидан биридир. Шайх Аҳмад Тарозийнинг Мирзо Улуғбекка бағишлаб ёзилган асарида улуғ мумтоз шоиримиз, Алишер Навоий бобомиз маликул-калом, яъни, сўз мулкининг султони деб таърифлаган Мавлоно Лутфий Тошкент заминида туғилган, деган фикр илгари сурилган. Кўҳна Тошкент воҳасида камолга етган, нашъу намо топган, халқ ўртасида Занги ота номи билан машҳур буюк сўфий аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа ҳазратлари, Хожа Аҳрор Валий, Шайх Умар Боғистоний, Абу Бакр Қаффол Шоший, Абу Сулаймон Банокатий, Ҳофиз Кўҳакий каби ўнлаб авлиё зотлар бу диёр шуҳратига шуҳрат қўшганлар. ХIV–ХV асрларда бу ўлкада машҳур шоир Бадриддин Чочий, ХVI асрда эса тарихчи ва адабиётчи Зайниддин Восифий яшаб ижод қилганлар. Яна бир буюк аждодимиз – Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида баён қилинишича, бу темурий шаҳзода Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Самсарак қишлоғида тинимсиз сарсон-саргардонликлардан сўнг бир муддат тин олиб, лашкар тўплаб истиқомат қилиб турганларида тушларига Хожа Аҳрор Валий киради. Буюк сўфий аллома Тангри таоло иродаси билан Бобур Мирзога Самарқанд тахтини эгаллаш насиб этаётгани ва тезроқ уйқудан уйғониб, шу мақсад йўлида йўлга отланишни каромат қиладилар.
Занги Ота – Ойхўжа Тошхўжа ўғлининг Тошкент вилояти ҳудудидаги зиёратгоҳи нафақат юртимизда, балки бутун мусулмон оламида маълуму машҳурдир. Мазкур зиёратгоҳдаги табаррук мақбара Соҳибқирон Амир Темур бобомиз томонидан бошланган ва кейинчалик Мирзо Улуғбек томонидан якунланган. Мустақиллик йилларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолигида бу ерда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида бугунги кунда бу ерда ҳар томонлама обод ва кўркам ёдгорлик мажмуаси қад кўтариб турибди. Ўтган икки йил давомида ушбу муқаддас қадамжога келадиган зиёратчилар, жумладан, чет элликлар сони бир неча баробар ошди.
Тарихнинг турли даврларида Тошкент вилояти заминида шаклланган бадиий адабиёт анъаналари, ўзига хос ижодий муҳит ҳам эътиборга молик ҳодисадир. Бу замин ҳавосидан, бебаҳо неъматларидан баҳраманд бўлиб вояга етган ўзбек бадиий адабиётининг Дилкаш, Гулшан, Алмаий, Камий, Хислат, Мискин, Сидқий Хондайлиқий, Элбек каби етук намояндаларининг номлари, ижоди, мумтоз асарлари кўпчилик юртдошларимизга яхши маълум. Ана шундай устозлар бошлаган ижодий анъаналарнинг муносиб давомчилари бўлган, бугунги кунда адабиётимиз ривожига баракали ҳисса қўшиб келаётган Барот Исроил, Асад Асилов, Абдулла Шер, Абдусаттор Ҳотамов, Темур Убайдулло, Шарифа Салимова, Ашурали Боймуродов, Зарифа Эралиева сингари шоир ва ёзувчиларимизнинг ҳаёти, ижоди ва ижтимоий фаолиятининг асосий қисми Тошкент вилояти билан боғланган.
Воҳамиздан етишиб чиқиб, Ўзбекистон илм-фани, маданияти ва санъати равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган кўплаб олимлар, санъаткорлар, рассомлар, жамоат арбоблари, боғдорчилик, деҳқончилик илмини пухта ўрганиб, янги-янги навлар яратиб, халқ академикари даражасига кўтарилган заҳматкаш инсонларнинг номларини бу ўринда чуқур ҳурмат билан тилга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Жумладан, том маънода мамлакатимиз соҳибкорларининг устози бўлган машҳур халқ селекционерлари Ризамат Мусамуҳаммедов, Зайниддин Фахриддинов, академиклар Маҳмуд Мирзаев, Шавкат Акмалхонов, Назрулла Маннопов, шулар қаторида илм-фан соҳасида ўзларининг илмий мактабларини яратган Алибек Рустамов, Жўра Мусаев, Тўхтамурод Жўраев, Тожибой Бўриев ва бошқа фидоий юртдошларимиз билан биз – вилоят аҳли ҳақли равишда фахрланамиз. Қувонарли жиҳати шундаки, ана шундай илм-фан ва инновациялар соҳасида танилган олиму фузалолар асос солган илмий мактаблар, эзгу анъаналар бугунги кунда тўхтаб қолгани йўқ. Улар ҳурматли академикларимиз Абдусаттор Абдукаримов, Рамизулла Мўминов, Темуржон Носиров, Акмал Саидов, таниқли профессорларимиз Маъбуд Шерматов, Ўктам Пратов, Турдиали Ортиқов, Абдуҳаким Ҳожибоев, Саъдулла Лутфуллаев, Илҳом Отабоев, Заҳро Аҳмедова томонидан давом эттирилмоқда. Улар ўзларининг илмий ихтиролари, илм-фан йўналишларидаги янгиликлари, фундаментал асарлари билан янгиланаётган Ўзбекистоннинг инновацион тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Табиийки, бугунги миллий санъатимиз ривожида ҳам вилоятимиздан етишиб чиққан ижодкор зиёлилар алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон халқ артистлари Дилбар Абдулазизова, Зуҳра Ашурова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Маҳбуба Ҳасанова, Тошпўлат Маткаримов, Дилноза Исмияминова, Абдурашид Йўлдошев, Улуғбек Раҳматуллаев сингари санъаткорларимиз иштирокида яратилган саҳна асарлари, улар томонидан куйланган дилрабо куй-қўшиқларни катта мамнуният билан эсга оламиз, бу юртдошларимизнинг истеъдоди ва маҳорати янада юксалиб, эл-юртимизга манзур бўладиган янада кўпроқ ижод намуналарини яратишларига ишонамиз.
Бу дунёда ҳалол меҳнат билан элда обрў-эътибор топмоқ – энг буюк саодатдир. Тошкент вилоятида ўз касби, сидқидилдан қилган меҳнати туфайли эл-юрт назарига тушган заҳматкаш ва фидоий, камтарин инсонлар кўп. Ватанимизнинг «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган олий ва шарафли унвонига сазовор бўлган, фидокорона меҳнати билан воҳамиз довруғини юксалтираётган Сайидали Раҳмонов, Тўлқин Ибрагимов, Алим Тўйчиев, Жонсаид Турдиев, Александр Фармонов каби ҳамюртларимиз ҳақида ҳар қанча ғурурланиб сўз юритсак, арзийди.

Сайёҳлар, зиёратчиларни ўзига чорлаётган масканлар

Дунёдаги ҳар бир шаҳар ва мамлакатда одамлар, айниқса сайёҳларни ўзига чорлайдиган эътиборга молик жойлар, дилтортар масканлар бўлади. Тошкент вилоятида бундай гўшаларнинг кўплиги унинг туристик салоҳиятининг нақадар юқори эканини кўрсатади. Кейинги пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан туризм, жумладан, ички сайёҳлик ривожига катта аҳамият берилаётгани воҳамизнинг бу борадаги имкониятларини янада оширмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятимиз ҳудудида туристик иқтисодий зоналар ташкил этилгани бу борада муҳим амалий қадам бўлди.
Ҳақиқатан ҳам, Тошкент вилояти заминида дунё туристлари, зиёратчилар эътиборини тортадиган ажойиб масканлар кўп. Масалан, воҳадаги қоятошларга туширилган суратлар, сеҳрли-мифологик сюжетлари, шакл ва композициясига кўра, Марказий Осиёдаги петроглифлар орасида ноёб ва бетакрор ҳисобланади. Олимлар ва мутахассислар вилоят ҳудудида бундай сурат ва ёзувларнинг бой манбаларини аниқлашган. Хўжакент, Қорақиясой, Бошқизилсой, Чотқол, Парокандасой, Оҳангарон ва бошқа жойларда топилган петроглифлар шулар жумласидандир. Уларда асосан архар, тоғ эчкилари, буғулар, итлар, йиртқич ҳайвонлар, отлар, ов манзаралари акс эттирилган.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Тошкент воҳасидаги археологик ёдгорликларни ўрганиш мақсадида тузилган экспедиция томонидан Писком, Кўксув, Чотқол, Чимён дарёлари ҳавзасида, шунингдек, Қоразов, Кунгара тоғларида, Оҳангарон, Арашансой водийси ҳамда вилоятнинг бошқа ҳудудларида кўплаб қоятош расмлар ишланган жойлар аниқланган.
Янгийўл шаҳрида эса ёғоч маданиятига мансуб қадимий манзилгоҳлар ўрганилган. Археологлар одамлар металлдан ясалган буюмлар, найза ва пайконлар, болта, пичоқ, сочтўғноғич, қуйма металл буюмларни ясаш ва улардан фойдаланишни ўша даврда ўрганишган, деган хулосага келишмоқда. Буларнинг барчаси Тошкент воҳаси Андроново даврининг жанубдаги таянч манзилларидан бири бўлганини кўрсатади.
Археологик изланишлар натижасида Тошкент шаҳридан 70 километр жануби-ғарбда, Сирдарёнинг ўнг томонида эллинизм даврига мансуб шаҳар қолдиқлари топилган. Маҳаллий халқ орасида у Қанқа деб аталиб келган. Бу ғаройиб номни эшитар эканмиз, буюк солномачи шоир Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида тасвирланган лавҳалар эсга тушади. Унда Яксарт водийсида жойлашган Туроннинг афсонавий ҳукмдори Алп Эртўнға – Афросиёб билан боғлиқ кўҳна деворлар, шаҳзода Сиёвуш, Қанғдизнинг бир неча ҳимоя деворлари билан ўралган маҳобатли саройи тилга олинади.
Олимларнинг уч ҳалқа ҳимоя деворлари билан ўралган Қанқа шаҳар харобаларини ўрганиши жараёнида топилган барча осори атиқалар қадимий Чоч аҳолисининг юксак маданияти, эътиқоди ва қадриятларидан далолат беради. Хитой солномаларида нафақат иқтисодиёт ва товарлар, балки воҳадаги зардуштийлар ибодатхоналари ҳақида ҳам ғоят қимматли маълумотлар берилади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Тошкент вилоятида ҳам буюк азиз-авлиёлар, аллома зотларнинг муборак қадамжолари кўп. Улардан энг машҳури Зангиота зиёратгоҳи ҳақида юқорида қисқача тўхталиб ўтдик. Шундай муқаддас гўшалардан бири Оҳангарон туманида, шундоққина Тошкент-Қўқон йўли бўйида, Болғали қишлоғи яқинида жойлашган Абдумалик ота (уни Шоди Малик ота ҳам дейдилар) мақбарасидир. Бу улуғ зот машҳур авлиё – Арслонбобнинг невараси, Мансур шайхнинг ўғли бўлмиш Тожиддин шайхнинг отаси Занги отанинг бобоси экани манбаларда битиб қолдирилган экан.
Айтишларича, Туркистон аҳлининг пири комили Аҳмад Яссавийнинг акаси Садирхўжанинг Зоҳид шайх, Шайх Муҳаммад Донишманд Ўрунг Қўйлиқий (мақбараси Қўйлиқ даҳасида), Абдумалик шайх, Абдол Али шайх исмли ўғиллари бўлган экан. Арслонбоб авлодларидан бўлган Абдумалик ота ва Садриддинхўжа ўғли Абдумалик ота бошқа-бошқа инсонлар бўлиб, фақат исмлари бир хил бўлган экан.
Яна бир манбада Шайх Муҳаммад Ўрунг Қўйлиқий – Қўйлиқ ота ўғиллари Сайфиддин шайх, Зоҳид шайх, Аҳмад шайх, Баҳоуддин шайх деб ёзилгани олимлар билан бўлган суҳбатларимизда айтиб ўтилди. Аҳмад Яссавийнинг қизлари Гавҳари Ҳуштож онанинг Арслонбоб авлодларидан бўлган Абдол Али ҳазратлари билан турмушларидан Абдували, Абдумалик, Сок ота сингари улуғ зотлар туғилган экан.
Яна бир қизиқ далил шундан иборатки, Занги ота Абдумалик отани кўп бор зиёрат қилган эканлар. Айтишларича, Занги ота у кишининг ҳузурига бомдод пайтида келиб, кун бўйи суҳбат қуриб, шомда яна ортга қайтар эканлар. Шоди Малик ота соҳиби каромат бўлиб, кишиларга шодлик, бахт-саодат, хурсандлик улашиб, уларнинг орзу-ниятлари амалга ошишига ёрдам берар экан.
Шоди Малик яхшилик эгаси, Аллоҳнинг ҳукмини, марҳаматини, шодлик неъматини улашадиган деган маъноларни англатган.
Шоди Малик отанинг биринчи ўғли Шайх Тожиддинхўжа – Зангиотанинг оталари, иккинчи ўғли Шайх Саид Ҳасан Қаллиқ отанинг марқадлари Ҳасанбой қишлоғида, учинчи ўғли Шайх Сайид Аҳмад бўлиб, у кишининг исми пирлари Аҳмад Яссавийга уйқаш қилиб қўйилган экан. Бул зотнинг мақбараси Паркентда бўлиб, у кишини Паркент ота деб ҳам аташган экан.
Шоди Малик ҳазратларининг тўртинчи ўғли Шайх Саид Камол бўлиб, тахмин қилишларича, қабри Оҳангарон туманидаги Пайғамбар ота манзилгоҳида эмиш.
Ҳеч шубҳасиз, ислом дини ва унинг эзгу таълимотлари йўлида буюк хизматлар қилган ана шундай маърифатли инсонлар, уларнинг номлари билан боғлиқ табаррук масканлар, тарихий ёдгорликлар Тошкент вилоятининг деярли ҳар бир туманида учрайди. Уларни асраб-авайлаб, бу борадаги мавжуд илмий манбалар, осори атиқаларни бир жойга тўплаб, келажак авлодларга қолдириш, биринчидан, бизнинг шу замин фарзандлари сифатидаги бурчимиз. Қолаверса, бунинг, юқорида айтилганидек, вилоятимиз ҳудудида туризмни, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантиришдаги аҳамияти беқиёсдир. Энг муҳими, буларнинг барчаси қалбимизда тарихий хотира туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларимизни ўзи туғилиб ўсган юртга муҳаббат, тарихий анъаналарга ҳурмат руҳида ҳақиқий ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашда ўта муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

«Нурафшон» – ақлли шаҳар

Азиз ўқувчи, ёдингизда бўлса керак, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда мамлакатимиз парламентига тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимизни инновацион асосда ривожлантириш муҳим вазифалардан бири экани ҳақида алоҳида тўхталиб, халқимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишда бунинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини аниқ мисоллар, амалга ошириладиган дастур ва режалар орқали тушунтириб берган эди. Жумладан, Мурожаатномада «Ақлли шаҳар», «Хавфсиз шаҳар» концепцияларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган эди. Ҳозирги вақтда шу борада катта амалий ишлар бошланганидан барчамиз хабардормиз. Хусусан, Тошкент шаҳри марказида замонавий шаҳарсозликнинг барча ютуқларини ўзида мужассам этадиган «Тошкент сити» – халқаро бизнес маркази барпо этилмоқда. Самарқанд шаҳрида, пойтахтимизнинг Олмазор туманида ҳам шундай лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Биз, Тошкент вилояти аҳли учун ғоят қувонарли жиҳати шундаки, воҳамизнинг янги маъмурий маркази – Нурафшон шаҳри ҳам айнан ана шундай талаб ва стандартлар асосида, яъни, «ақлли шаҳар» сифатида қурилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти аҳолиси вакиллари билан бўлган мулоқотда «Биздан келажак авлодларимизга янги шаҳар қолади», деб таъкидлаганларида айнан шу шаҳарни назарда тутган эдилар. Давлатимиз раҳбари бу лойиҳани амалга оширишга шунчалик катта эътибор билан қарамоқдаларки, шахсан ўзлари Сингапурнинг дунёга машҳур ДИИПАРТ лойиҳалаштириш компаниясининг энг тажрибали архитектор ва мутахассисларини лойиҳа ва қурилиш ишлари учун таклиф этиб, уларга юксак ишонч билдирдилар. Мазкур компания томонидан бўлажак «ақлли шаҳар»нинг бош режаси, қурилиш концепцияси ишлаб чиқилиб, Нурафшонда Президентимиз ҳузурида унинг тақдимоти ўтказилди. Давлатимиз раҳбари нуфузли мутахассислар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани асосан маъқуллаб, уни янада такомиллаштириш бўйича зарур маслаҳат ва кўрсатмалар бердилар. Замонавий шаҳар қурилишининг лойиҳа қиймати 2 миллиард доллар ҳажмида белгиланди. Вилоятнинг янги марказини 4-5 йилда қуриб ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Қадрли китобхон, рухсатингиз билан шу ўринда бироз лирик чекиниш қилиб, аввалги саҳифаларда тилга олинган мавзуга қайтсак. Яъни, ҳар бир юртдошимиз қалбида табиий равишда пайдо бўладиган қуйидаги саволга жавоб топишга уриниб кўрсак: нима учун Ўзбекистондаги барча вилоятларнинг маъмурий маркази бўлгани ҳолда, Тошкент вилояти бундай имкониятдан бенасиб қолган?
Бунинг учун бироз кечаги тарихга саёҳат қилишимизга тўғри келади. Маълумки, собиқ Иттифоқ даврида бошқарув борасидаги барча ҳуқуқ ва ваколатлар якка ҳукмрон коммунистик партия – КПССнинг инон-ихтиёрида эди. Ўша мустабид тузум йилларида Тошкент вилоятининг маъмурий маркази Тошкент шаҳри ҳисобланган. Шунинг учун ҳам Тошкент вилоятининг барча бошқарув аппарати, турли соҳа ва тармоқлар бўйича бошқарма ҳамда ташкилотларининг бинолари Тошкент шаҳрида жойлаштирилган эди. Тошкент шаҳар партия комитети Тошкент вилояти партия комитетига бўйсунар эди.
«Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 8-жилди, 514-бетидаги қуйидаги изоҳ ҳам фикримизни исботлашга ёрдам беради: «Тошкент – шаҳар, Ўзбекистон Республикасининг пойтахти, Тошкент вилояти маркази».
Табиийки, яна савол туғилади: «Тошкент шаҳри –
Тошкент вилояти маркази», мақоми қачондан бошлаб бекор қилинган? Жавобни ҳам ўша энциклопедиядан излаймиз: «Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Тошкент шаҳрида бошқа вилоят ва шаҳарларида бўлгани каби, бошқарувнинг тарихий-миллий шакли – ҳокимлик ўрнатилди. 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикасининг пойтахти – Тошкент шаҳри мақоми ва давлат ҳокимияти органлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида ҳоким лавозими жорий қилинди. Тошкент шаҳри ҳокими Президент томонидан тайинланади ва озод қилинади ҳамда Халқ депутатлари шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланади».
Савол саволга йўл очса, масала ойдинлашади. Навбатдаги савол шундан иборат: нега вилоят маъмурий маркази учун Тўйтепа шаҳри танланди? Бу борада бошқа таклифлар йўқмиди? Бўлган, албатта. Жумладан, Чирчиқ ва Олмалиқ шаҳарлари ҳам номзод сифатида кўрилган. Аммо бу шаҳарларда вилоят маркази учун кенг миқёсда қурилиш ишлари бошланадиган бўлса, аҳоли турар жойлари, бир қанча маъмурий, маиший биноларни бузишга тўғри келар эди. Шуларнинг барчаси ҳақида чуқур ўйлаган ҳолда, Юртбошимиз томонидан Ўрта Чирчиқ тумани, Тўйтепа шаҳридаги аҳолига зиён етказмайдиган эркин ҳудуд танланди. Қолаверса, бу жой Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманлари аҳолиси учун келиб-кетишга қулай, чекка туманлар учун ҳам узоқ бўлмасдан, географик жиҳатдан муносиб маскан. Айни пайтда Тошкент вилояти тарихи нуқтаи назаридан ҳам бу жой азиз ва муқаддас маскан.
Тўйтепа тумани марказининг шимоли-ғарбий тарафида Улкан Тўйтепа деб аталадиган шаҳар харобаси бор. Машҳур шарқшунос М.Е. Массон 1928 йилда бу масканни махсус ўрганиб, ўрта асрларга мансуб Новкат – шу Улкан Тўйтепа, деган хулосага келган. Мазкур қадимий қалъа 200 гектар майдонни эгаллаган. Новкат XI–XII асрларда гуллаб-яшнаган экан. Бу ердан Қорахонийлар ҳукмронлигига оид тангалар, турли сопол идишлар топилган. Бинобарин, Новкат ушбу сулола давридаги – йирик ҳунармандлик ва савдо марказларидан бири бўлган. Ҳудуди жиҳатидан Илоқ давлатининг пойтахти – Тункатдан ҳам катта шаҳар ҳисобланган.
XI асрда яшаб ўтган тарихчи Идрисийнинг эътироф этишича, Новкат Илоқнинг пойтахти бўлган. Албатта, тарихчи олимларимиз бу борадаги изланишларни давом эттириб, ҳақиқатни янада ойдинлаштирадилар. Биз учун энг муҳими, ҳозирги Тўйтепа яқинида қадимда пойтахт мақомидаги йирик шаҳар бўлганидир. Фалакнинг гардишини қарангки, орадан салкам минг йил ўтиб, қадимий Тўйтепа Нурафшон номи билан яна вилоят маркази мақомига мушарраф бўлиб турибди. Муҳтарам Президентимиз мазкур масканга шундай мақомни лозим кўрар экан, донишманд сиёсатчиларга хос юксак ва теран ақлу салоҳият билан, бу жойнинг жуғрофий, стратегик, иқтисодий ва коммуникациявий афзалликларидан келиб чиққан ҳолда, шундай қарорга келганлар, албатта. Шу мисол асосида бундан минг йиллар олдин яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳам бу ерни марказ сифатида танлаб нақадар тўғри қарор қабул қилганларини ҳис этамиз.
Энди, қадрли китобхон, ҳозирнинг ўзидаёқ «смарт сити» яъни, «ақлли шаҳар» деган ном билан тилга тушган, Нурафшон келгусида қандай ажойиб шаҳар бўлиши ҳақида фикр юритсак. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга алоҳида меҳр ва эътибор билан қараб, 2017 йил август ойида Тошкент вилоятининг маъмурий марказини бунёд этиш, янги шаҳарни Нурафшон, деб номлаш ва у нафақат Марказий Осиёда, балки дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири бўлиши ҳақида тарихий қарор қабул қилганлари бу борадаги барча ишлар, саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Мутахассисларнинг дастлабки мўлжалларига кўра, Нурафшон шаҳри 20 минг киши истиқомат қилиши учун мўлжалланган бўлиб, шундан 17 минг киши бевосита вилоят марказида яшайдиган, вилоят ҳокимлиги ва бошқа давлат ва бошқарув идоралари, нодавлат тузилмаларнинг бўлим ва бошқармаларида ишлайдиган раҳбарлар, ходим ва мутахассислар, уларнинг оила аъзоларини ташкил этади. Яна 3 минг киши шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатадиган коммунал хизмат, савдо, маиший хизмат, транспорт, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий тармоқлар ташкилотлари ишчи-хизматчилари ҳисобланади.
Шаҳарда, табиийки, маъмурий бинолардан ташқари турар жойлар, маданият, истироҳат боғлари, кутубхона, стадион, очиқ, ёпиқ сузиш ҳавзалари, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, кўп тармоқли марказий шифохона, йирик савдо комплекслари қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, шаҳарда мўътадил иқлимни сақлаб туриш мақсадида ер ости сувларидан фойдаланиб, канал бунёд этилади. Канал суви насослар ёрдамида тозаланиб турилади. Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун канал бўйлаб сайилгоҳлар ташкил этилади.
Шаҳарда қуриладиган бинолар 4, 16, 24 қаватлардан иборат бўлади. 24 қаватли бинонинг томида замонавий обсерватория, яъни, кузатув пункти жойлашади. Шаҳар аҳолиси, келган меҳмонлар, сайёҳлар 72 метр баландликдан шаҳарни томоша қилиш имкониятига эга бўлишади. Шаҳардаги барча бинолар вилоят ҳокимлиги биноси атрофида жойлаштирилади. Бундан кўзланган мақсад – ҳокимлик биносининг томида ҳилпираб турган Ўзбекистон давлат байроғи шаҳарнинг тўрт тарафидаги аҳолига бирдек кўриниб туради. Гўёки бино тоғ кўринишида, тоғнинг чўққисига эса Ватанимиз байроғи ўрнатилган.
Сингапурлик лойиҳачилар тақдим этган лойиҳада ҳокимлик биносининг ҳовли қисмида, бинонинг нақд ўртасида каттагина очиқ жой қолдирилган. Бу лойиҳа ўзимизнинг кўплаб мутахассисларга дастлаб маъқул бўлмади. Аслида ҳокимлик биноси шаҳарни тўсиб қўймасин, шаҳар аҳолисига, бу ерга келган меҳмонларга шаҳар тўрт тарафдан кўриниб турсин, деган ниятда шундай режа қилинган экан. Бундан ташқари, хорижий лойиҳачиларнинг айтишича, бинода бундай очиқ жойнинг қолдирилиши юртга файзу барака олиб кирар экан.
Муҳтарам Президентимиз ана шу жиҳатларнинг барчасини ҳисобга олиб, лойиҳани тасдиқлашни тавсия қилдилар.«Келинглар, кутилмаган тавсияларни, аммо эзгу ниятда қўл урилган янгиликларни қабул қилишга ўрганайлик. Европанинг саноқли давлатларида бор бўлган энг замонавий шаҳарни қуришни биз Тошкент вилоятида бошлаб берайлик», – дедилар.
Таъкидлаш керакки, ақл-заковат билан бошқариладиган бундай замонавий шаҳар собиқ Иттифоқнинг биронта давлатида йўқ. У ҳар жиҳатдан ҳайрат ва ҳавас қилса арзийдиган маскан бўлади. Кўчалари кенг, улар бўйлаб одамлар сайр қилишлари учун кўпдан-кўп манзарали дарахтлар экилади, яшил йўлаклар бўлади. Автомобиль йўллари ёқалаб пиёдалар учун – алоҳида, велосипедда сайр қилиш учун – алоҳида ранг-баранг йўлаклар қурилади.
Йўлларнинг ёқасида велосипедлар сақланадиган жойлар бунёд этилади. Бундан кутилган асосий мақсад – ҳам замонавий шаҳар қуриш, ҳам табиат гўзалликларига зиён етказмаслик, энг муҳими, одамлар хотиржам, ғурур ва ифтихор, шукроналик туйғуси билан яшайдиган шарт-шароит яратиш.
Энди ана шу қулайликлар ҳақида батафсилроқ сўз юритсак. Лойиҳа бўйича шаҳарни бошқаришда 17 хил ақлли технологияларни қўллаш кўзда тутилмоқда. Булар нималардан иборат? Асосан, бу технология коммунал хизмат соҳасини тўлиқ автоматлаштиришни назарда тутади. Қайси ташкилот, корхона, қайси хонадонга қанча газ, сув, электр энергияси берилиши, кимнинг қанча қарздорлиги борлиги, кимнинг хонадонини тармоқдан узиб қўйиш кераклиги – буларнинг барча-барчаси компьютер назоратида кузатилиб, автоматик усулда бажарилади. Хонадон эгалари ҳали уйларига етиб бормасдан туриб, йўлдаёқ хонадонида қандай ҳарорат бўлишини ўзлари белгилаб қўйишлари мумкин.
Йўлларни ёритиш ҳам автоматлаштирилган. Қоронғи тушиши билан кўчалардаги чироқлар ўзи ёнади. Ички кўчалар, йўлакларда ҳаракат бўлса, чироқлар ёнади, бўлмаса, йўқ. Яъни, худди эртаклардагидек, ҳаракат тўхтагач, чироқлар ҳам ўчади. Бундай тежамкорлик одамларда турмуш маданиятини ошириш учун энг маъқул усул, албатта.
Шаҳардаги транспорт қатнови ҳам ақлли технологиялар ёрдамида бошқарилади. Ким қаерга боришни истаса, бекатлардаги чироқли лавҳаларни, кўзгуни ёқса, зарур транспорти қаерда келаётгани, қачон етиб келиши ҳақида ўша лаҳзадаёқ ахборот олади. Бундан ташқари, шаҳар аҳлининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш учун бутун шаҳар видеокамера кузатувлари остида назорат қилиб борилади.
Яна бир муҳим янгилик – Осиёнинг Сингапур, Корея Республикаси каби ривожланган давлатларида улкан иморатларнинг томлари устида боғлар яратилган. Яъни, бир неча вазирликларга қарашли бино ва иншоотларнинг томлари бирлаштирилиб, 2-3 километр масофада, томлар устида афсонавий боғлар бунёд этилган. Ана шу технологияни Нурафшон шаҳрида ҳам қўллаш кўзда тутилмоқда. Томга тупроқ ётқизилади. У ердаги боғлар ёмғир сувларини йиққан ҳолда суғорилади. Бунинг қулайлиги шуки, аввало, энергия тежалади, боғлар атрофидаги ҳудуд қишда – иссиқ, ёзда – салқин бўлади. Чунки боғлар ва экинлар қуёш нурини ўзига ютади, пастга ўтказмайди. Ишчи-хизматчилар бироз ҳордиқ истаб, очиқ ҳавога чиқишни хоҳлаб қолишса, томга кўтарилиб, яшил олам қўйнида сайр қилиб, дам олишади.
Шаҳарни электр энергияси билан таъминлаш ҳам замонавий усулда бажарилади. Энергия шамолдан олинади, яна томларнинг тепасига қуёш генераторлари қўйилади. Чет элликлар ер остининг маълум қисмига тушишганида, у ер 18 даража иссиқ эканини аниқлашган. Ана шу иссиқликдан қишда уйларни иситишда, ёзда салқинни ушлаб туришда фойдаланишган. Бу инновацион усул Нурафшон шаҳрида ҳам қўлланади.
«Эко смарт сити», яъни, Нурафшоннинг яна бир қулайлиги шундаки, у жойлашган ҳудуддан 4 километр нарида Тошкент денгизи бор. Бу ҳам шаҳарда мўътадил, қулай иқлим бўлиши учун имконият яратади. Бундан ташқари, денгиз бўйида янги дам олиш масканлари бунёд этилади. Бу эса Нурафшон шаҳри билан ажиб бир уйғунлик касб этади.
Яна бир жиҳати – азим пойтахтимиз Тошкент шаҳри аҳолиси учун бир соат йўл босиб Чорвоққа боришдан кўра, 15 дақиқада Нурафшонга етиб келиш албатта осон. Келгусида Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидан Нурафшонга қадар тезюрар автомобиль йўли бунёд этилиши бу борада янада қулайлик яратади. Қайд этиш керакки, бу йўл ривожланган хорижий давлатлардаги йўллар каби аҳолини автомобиллар шовқинидан ҳимоя қилиш учун барьерлар, яъни, шовқин ютадиган мослама билан тўсилади. Айни пайтда йўлнинг турар жойларга туташ қисмларида пиёдалар учун йўлаклар, ер ости ўтиш жойлари қурилади. Бу хайрли ишлар Халқаро молия институтларининг маблағларини жалб этган ҳолда бажарилади.
«Смарт сити» қурилиши муносабати билан Президентимиз томонидан Нурафшон шаҳрини узлуксиз газ, сув, электр энергияси билан таъминлаш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.
Албатта, бундай улкан, аҳоли учун қулай, ҳам гўзал, ҳам тоза, озода, замонавий шаҳарнинг бунёд этилиши Ўзбекистонимизга сайёҳлар оқимини янада кўпайтиради. Она диёримиздаги Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Тошкент каби қадимий шаҳарларимизни кўриш истагида бўлган сайёҳлар, табиийки, «ақлли шаҳар» – Нурафшонни ҳам кўрмасдан кетмайди.
Барчамизга яхши аёнки, юртимизда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари халқимиз учун беқиёс қулайликлар яратмоқда. Оддий одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осон қилиш биринчи даражали вазифа сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Ана шундай улуғвор, хайрли ишлардан яна бири мамлакатимизда илк бор қурилаётган, пойтахтимизнинг Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари чорраҳасида барпо этилаётган, уч қаватли замонавий кўприк ҳисобланади. «Бу кўприк келгусида Тошкент шаҳрининг ўзига хос ташриф қоғози бўлади, – деди Президентимиз. – Ўзбекистон учун янгилик бўлган ушбу маҳобатли иншоот Чорвоқ ва Чимён ҳудудини ривожлантириш учун замин яратади».
Дарҳақиқат, янги транспорт боғламаси Тошкент шаҳридан Чорвоқ ҳудудига борадиган йўлни 22 километрга қисқартирмоқда. Айни пайтда пойтахт аҳолиси ва хорижлик сайёҳларнинг Чорвоқ ҳамда Чимён ҳудудига тез ва осон етиб олишлари учун Чирчиқ дарёси узра ҳам кўприк бунёд этилмоқда. Ана шундай маҳобатли ва замонавий объектларнинг барпо этилиши, янгиланаётган Ўзбекистон давлатининг иқтисодий имконияти ва қудратидан нишонадир. Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, Тошкент вилояти равнақи учун ҳам хизмат қилади.
Айни пайтда Тошкент вилоятида ўнлаб янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий иншоотлар қуриб фойдаланишга топширилаётганини таъкидлаш лозим. Энг муҳими, ана шундай эзгу ишлар натижасида минглаб ҳамюртларимиз иш билан таъминланмоқда, одамларнинг ўз ҳаётидан розилиги ортмоқда, давлатимизнинг экспорт салоҳияти юксалмоқда.
Энди, азиз китобхон, янгиланаётган Тошкент вилоятидаги бунёдкорлик ишлари ҳақида ўзимиз кўрган, гувоҳи бўлган манзаралар, фидоий ва ташаббускор замондошларимиз ҳақида ҳикоя қилсак. Чунки юртимиздаги барча эзгу ўзгаришларнинг ижодкори ва бунёдкори ана шундай юртдошларимиздир.





















ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН

Манфаатлар мувозанати ёхуд «қизил чизиқ»ни босиб ўтишга

ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Одамзот доимо ҳақиқатга, адолатга интилиб яшайди. Унинг учун бу – умрнинг маъно-мазмунини белгилайдиган бош мезон, асосий матлабу маслак, десак, адашмаган бўламиз. Агар шу туйғу бўлмаса, инсон ҳаётидаги энг муқаддас тушунча ва қадриятлар ҳам балки бўлмас, бу қадар юксак даражага кўтарилмас эди.
Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз дунё чамани адолат билан обод бўлади, деб бежиз таъкидлаб айтмаганлар. Бу ҳақда узоқ гапириш, фикр юритишга сира ҳам ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз. Чунки бугунги ҳаётимизда ҳар қадамда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал бўлиб, бу ҳақиқат ўзининг амалий тасдиғини топиб бораётганига бевосита ўзимиз гувоҳмиз.
Бугунги кунда халқаро миқёсда мамлакатимиз ҳақида гап кетса, «Янгиланаёган Ўзбекистон», «Демократлашиб бораётган Ўзбекистон» деган ибораларни қўллаш тобора кенг расм бўлмоқда. Шунинг ўзиёқ жонажон юртимизнинг жаҳон майдонида мутлақо янги имиджи шаклланиб бораётганини кўрсатади.
Бу ҳам муҳим, лекин бундан ҳам муҳими – оддий одамлар, халқнинг ҳаёти сифат жиҳатидан тубдан ўзгармоқда. Албатта, улар, худди эртаклардагидек, бир кўз очиб юмгунча ақл бовар қилмас катта бойликка, тоғдек хазинага эга бўлиб қолгани йўқ. Уларнинг кундалик ҳаётида ташвиш ва муаммолар, етишмовчиликлар кўп деганча бор ва етарли. Лекин улар ҳар қандай хазинадан ҳам азиз ва қадрли бўлган бойликка – «шу юртнинг эгаси – мен», «бизга суянч ва таянч бўладиган, ҳар қандай шароитда ҳам қўллаб-қувватлайдиган Президентимиз бор» деган ишонч билан яшаш имконига эга бўлди.
Бугунги юртдошларимиз бошқарув идораларининг турли бўғинларида илгари чуқур илдиз отган салбий ҳолат – ўз юртида «отангга бор, онангга бор», деб, эшикма-эшик сарсон қилиш иллатига, ўз шахсий манфаатидан бошқа нарсани ўйламайдиган бюрократларнинг зуғуми, алдов ва фирибларига жимгина чидаб кетадиган одамлар эмас. Улар Президентнинг Халқ қабулхоналарини билади, Виртуал қабулхонани билади. Энг муҳими, ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини, ҳокимият – бу халқ эканини яхши билади ва шунинг ҳисобидан кучига – куч, ишончига – ишонч қўшилади.
Миллий қонунчилигимизда «ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати» деган қоида бор. Ҳар бир ҳокимият тармоғининг ўз қонуний ваколатлари доирасида, айни вақтда умуммиллий аҳамиятга молик энг зарур масалаларда ўзаро келишиб, уйғун ҳолда ҳаракат қилишини таъминлашда бундай принципнинг аҳамияти беқиёс каттадир. Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлиб ишлаган пайтларимда бу ҳақда ҳуқуқшунос дўстларимиз, депутатлар билан кўп гаплашар эдик. Лекин, афсуски, жойларда аҳоли ва давлат ҳокимияти идоралари, ҳуқуқ-тартибот органлари, хўжалик бирлашмалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб туришда ана шундай тийиб туриш ва мутаносибликни таъминлаш механизмлари йўқ эди. Дангалини айтадиган бўлсак, қонунда назарда тутилган қоидалар ҳам аниқ ҳуқуқий механизмларнинг йўқлиги туфайли деярли ишламас эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўринли таъкидлаганидек, «ўлик қонунлар» жойларда таъбир жоиз бўлса, «ўлик вазият» – ҳеч қандай йўл билан ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни юзага келтирар эди. Шунинг учун маҳаллий раҳбарлар «ўзи – хон, кўланкаси – майдон» деган

«принцип» асосида ишлар, уларнинг айтгани – айтган, дегани – деган эди. Халқ орасида ҳеч ким уларнинг мушугини «пишт» дея олмас эди.
Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши ва улар тимсолида Президент вакилларининг иш олиб бориши аҳоли ва давлат идоралари, бошқа ташкилотлар манфаатлари ўртасида ўзига хос мувозанат бўлишига, айтиш мумкинки, «қизил чизиқ»ни кўр-кўрона кесиб ўтиш ҳолатларининг камайишига сабаб бўлмоқда. Президентимиз юқорида зикр этилган Мурожаатномада бу масалага алоҳида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади: «Қисқа муддатда ана шу қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва қанчадан-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечилгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Жойларда раҳбарларнинг йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезлик билан бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлди».
Дарҳақиқат, энди раҳбарлар ҳам Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхоналар борлигини билади ва ҳушёр тортади, ҳаддидан ошмайди. Юқорида таъкидланган «қизил чизиқ»ни босиб ўтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ экани, уларни фақат қонун асосида, ваколат доирасида фаолият кўрсатишга ундайди.
Ўтган бир йиллик ҳаёт тажрибасидан бугунги кунда барчамиз яна бир ҳақиқатни яхши биламиз: мамлакатда тинчлик ва тараққиётга эришиш учун аввало халқни рози қилиш керак. Эл-юртга эса кўп нарса керак эмас, ҳар бир ишда адолат бўлса бас. Шунинг учун давлатимиз раҳбари «Менга баландпарвоз гаплар, қуруқ ҳисоботлар эмас, одамларнинг розилиги керак» деб айтмоқда, барчамизни ана шу мезон асосида ишлаш ва яшашга даъват этмоқда.

Орқага йўл йўқ

Бугунги тобора ўзгариб, янгиланиб бораётган ҳаётимиз, унинг қадр-қиммати, кечаги кунимиздан осмон билан ерча фарқи борлиги ҳақида ўйлаганда, кўпчилик юртдошларимиз қалбида ҳақли бир савол туғилиши табиий. Албатта, барчамиз хом сут эмган бандамиз. Оддий одамларнинг арзу доди Президентгача, давлат раҳбарларигача етиб борадиган, ҳар қандай юқори лавозимдаги мансабдор шахс халқ билан ҳисоблашадиган, унинг дардига қулоқ тутадиган шундай ёруғ кунларга етдик, лекин фалак гардиши айланиб, яна кечаги кунга қайтиб қолмаймизми, шунча ишларимиз зое кетмайдими, деган хаёллар баъзан ҳаммамизнинг кўнглимизга ғулғула солади.
Прездентимиз бундай кайфиятларни бамисоли олдиндан ҳис этгандек, кейинги пайтдаги чиқишларида, хусусан, Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда қатъий ва аниқ фикрларни баён қилдилар: орқага йўл йўқ, кечаги кунга олиб борадиган кўприклар аллақачон ёниб кетган. Сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам фақат олдинга боришимиз шарт. Бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда.
Энг муҳими, кечаги ҳаётга, «нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби» ҳукмронлик қиладиган муҳитга қайтишни халқнинг ўзи истамайди. Чунки ёлғон ваъдалар, баландпарвоз ҳисоботлар билан ҳеч кимнинг қорни тўймайди. Ўзини ўзи алдаб, шунга маҳлиё бўлиб ўтирадиган жамиятга бошқалар ҳам ёрдам бермайди. Аксинча, бу кунингдан баттар бўл, дейди. Президентимиз ўз Мурожаатномасида айнан шундан огоҳлантирди. «Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта, етамиз», деди давлатимиз раҳбари.
Ҳаммамиз шу халқнинг фарзандимиз. Эл-юртимизнинг кўзига, юзига қараб, очиқ тан олишимиз керак: афсуски, жойларда алдам-қалдам ишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Қуйи бўғиндаги баъзи раҳбарлар «Юзимнинг қалини – жонимнинг роҳати» деган кайфият билан, пинагини ҳам бузмасдан, бемалол эскича ишлаб юрибди. Президентимиз яқинда Тошкент вилоятида бўлиб, халқ билан мулоқот қилганларида, ислоҳотларнинг бориши билан танишганларида ана шундай ҳолатларни кўриб, жуда ачиниб гапирдилар. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд аҳволни тубдан ўзгартириш бўйича шунча ишлар қилинаётганига қарамасдан, Янгийўл шаҳридаги шифохоналарда, шундоқ пойтахтимизнинг биқинида вазият ҳамон эски ҳаммом – эски тос бўлиб қолаётгани ҳақиқатан ҳам бизга ярашмайдиган ҳолдир. Давлатимиз раҳбари Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши сессиясида жойларда ишни ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг сабабларини, аҳволни ижобий томонга ўзгартириш йўлларини аниқ кўрсатиб бердилар. Мамлакатимизнинг бошқа жойларида муваффақиятли қўлланаётган, яхши натижа бераётган тўрт сектор фаолияти жиддий танқид қилинди. «Олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Алдов, ёлғон ваъда одамларнинг жонига тегиб бўлган. Олдимизда катта кураш турибди, курашга тайёр одамдан натижа кутса бўлади?» деди Президентимиз.
Биз курашга тайёрмизми? Жонимизни озгина койитишга, орому ҳаловатдан жиндак бўлса ҳам воз кечиб, ўзимизни қийнашга тайёрмизми? «Тоққа чиқмасанг, дўлона қайда?» дейди халқимиз. Ўз олдимизга улуғ мақсадлар қўйдикми, шунга яраша ҳаракат қилишимиз, бутун борлиғимизни шу йўлда сафарбар этишимиз керак. Бу борада Президентимиз барчамизга ўрнак бўлмоқда.
Ҳамма ҳавас қиладиган янги давлат, янги жамият қуриш, бугунги ривожланган дунё билан тенг рақобат қилиш учун ҳар биримиздан ҳаракат, масъулият ва яна бир бор масъулият талаб этилмоқда. Ҳеч нарсадан чўчимай, масъулиятни дадил зиммага олиш – бу олижанобликдир. Уни амалий ишлар билан оқлаш эса – мардлик ва фидоийликдир. Бу ишлар биз учун янгилик эмас. Ота-боболаримиз бундай синовлардан неча бор ўтганлар. Халқимиз – катта кураш тажрибасига эга бўлган халқ. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида тарих ва бугунги ҳаёт муаммоларини, буюк аждодларимиз ибрати ва бугунги авлодларнинг улар олдидаги бурчи ҳақида гапириб, турли даврларни қиёслаб, бу борадаги муштарак нуқталарни алоҳида таъкидлайдилар. Тарихдан, аждодлар анъанасидан ибрат олиб яшашга даъват этадилар.

Инновация – бу келажак дегани

Олдимиздаги йўл – янги тараққиёт босқичи, бир-биридан залворли, долзарб ва мураккаб вазифалар ечими қанчалик қийин бўлмасин, халқимизнинг бугун бир нарсадан кўнгли тўқ: Яратганнинг ўзи бизга шундай жасур ва шижоаткор, ҳиммати ва қудрати баланд, юртпарвар ва элпарвар инсонни раҳбар қилиб берди, у билан бирга ҳар қандай синовдан ўтишга тайёрмиз, демоқда бугун одамларимиз.
Нафақат мамлакатимиз аҳли, айни вақтда жаҳон жамоатчилиги, кўзга кўринган сиёсатчилар, эксперт ва таҳлилчилар ҳам Президентимизнинг ўз фаолиятининг биринчи кунларидан бошлаб ҳар бир масалага янгича асосда ёндашганини эътироф этишмоқда. Айнан янгича, инновацион асосда ривожланиш бугунги тараққиётимизнинг бош хусусиятига айланмоқда.
Айнан янгича ва дадил ёндашувларнинг йўқлиги узоқ вақт мобайнида жамиятимизда турли хил муаммоларнинг тўпланиб қолишига, умумий димиқишга сабаб бўлди. Қисқа муддатда бутун Марказий Осиё минтақасидаги вазият, ўзаро муносабатлар иқлими қанчалик ўзгариб кетди. Ўзаро ишонч ва дўстона руҳ, прагматик сиёсат бунга сабаб бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йил мамлакатимизда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди. Бу дегани янги йилда фаоллик, шижоат, дадил ташаббуслар янада рағбатлантирилади, инновацион фикрлаш, инновацион ёндашув ва фаолият ҳаётимиз асосига айланади, деганидир.
Албатта, биз барчамиз Шавкат Мирзиёев ўз Президентлик фаолиятини бошлаган биринчи кунларданоқ «Ўзбекистон тараққиётини янги босқичда давом эттирамиз», деб айтган сўзларини эшитиб, уларнинг замиридаги маъноларни, яъни, мамлакатимизнинг ривожланиш суръатлари тезлашиши, халқимиз учун янги-янги имкониятлар очилишини ўзимизча тасаввур қилган эдик. Лекин очиқ эътироф этишимиз лозим, тараққиётимизниг янги босқичидаги ўзгаришлар кўлами ва миқёси бу қадар кенг, бу қадар улкан бўлиши, жамиятимизнинг ҳаёт манзараси қисқа муддатда шунчалик ўзгариб кетишини ҳаёлимизга ҳам келтирмаган эдик.
Шу нуқтаи назардан қараганда, 2018 йилда – «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да бизни янада улкан ўзгаришлар, янада мураккаб вазифалар кутмоқда. Бу албатта, осон синов бўлмайди. Умуман, ўзимиз кўряпмиз, бугунги дунёда осон вазифанинг ўзи йўқ ва бўлмайди ҳам. Турли иллюзия ва хомхаёлларга берилиш, содда бўлиб юриш даври ўтди. Замон ҳамма соҳаларда аниқ ҳисоб-китоблар, аниқ режалар асосида яшашни талаб этмоқда. Шунинг учун Президентимиз ҳар бир соҳадан, ҳар бир раҳбардан ўз иш режаси – «йўл харитаси»га эга бўлишни талаб этмоқда.
Табиийки, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»даги долзарб вазифалар биз – ижод аҳлидан алоҳида фаоллик ва сафарбарликни талаб этади. Инновацион ғоялар, инновацион ривожланиш ҳаммадан ҳам кўра ижодкорлар учун яқин ва тушунарли қадриятлардир. Чунки, тарихдан маълум, мумтоз шоир ва ёзувчилар неча ўн йиллик ривожланиш истиқболларини олдиндан кўриб, ўзлари яшаган даврдаги эскича қарашларга қониқмасдан, юрак қони билан ёзган асарларида янги ғояларни илгари сурганлар, илм аҳлини янги кашфиётларга руҳлантирганлар, жамиятни маърифий асосда яшашга чақирганлар. Масалан, буюк Алишер Навоий бобомизнинг ҳар бир асари ўз даври учун инновацион хусусиятга эга бўлган янгилик ва кашфиёт эди.
Ўйлаймизки, бизнинг бугунги шоир ва ёзувчиларимиз ҳам буюк мутафаккир боболаримизнинг ана шундай эзгу анъаналарини давом эттириб, жамиятимиз тараққиёти тобора инновацион асосга ўтиб бораётганидан руҳланиб, халқимизнинг ана шундай буюк ўзгаришлар давридаги юксак бадиий-эстетик дидига мос асарлар яратадилар.
Шу ўринда бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган яна бир жиҳатни алоҳида миннатдорлик билан таъкидлашни ўз бурчим деб биламан. Президентимизнинг маданият, адабиёт ва санъат соҳасига, жамиятимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратаётган доимий эътибори – бу, чуқур ўйланган сиёсат натижасидир. Чунки маданият ва маънавиятни ривожлантирмасдан туриб, замонавий инновацион жамият қуриб бўлмайди. Инновация – ақл-заковат, илм-маърифат асосида яшаш, уларнинг натижаларини оқилона ишлата билиш деганидир.
Айниқса, шоир ва ёзувчиларнинг неча йиллик орзуси ушалаётгани – улар учун пойтахтимизнинг қоқ марказида муҳташам замонавий бино қуриб берилгани, Адиблар хиёбони ташкил этилиб, миллий адабиётимизнинг атоқли намояндаларининг ҳайкаллари бу ерда барпо этилгани, умуман, жамиятимизда адабиётга, санъатга, китоб мутолаасига муносабат ўзгараётгани бизнинг ишончимизга ишонч қўшаётган яна бир ўта муҳим омилдир. Чунки китоб ўқиб, шеър ёдлаб, қўшиқ айтиб, эзгуликни қалбига жо этган халқ ва миллатнинг руҳий-маънавий қудрати чексиз бўлади. Бундай қудратли халқ эса ҳар қандай улуғ ишларга қодир бўлади.

























БАРКАМОЛЛИК БЕРГАН БАХТ

Андижонни айланиш – ором

Биз Андижон заминидамиз, водийнинг шарқий дарвозасида. Тан олиш керак, файзли хонадоннинг дарвозаси кўркам бўлади, ободлик остонадан бошланади. Илк қадамданоқ «Андижонни айланиш ором, деган ўй кечди дилимдан. Кўп ўтмай бу ўй ҳақиқатга айланди. Чиндан ҳам Андижонни айланиш, кўзга қувонч, дилга сурур, кўксингни кўтаргувчи ғурур бахш этади, кишига.
Темир йўл вокзалидан, марказий автобекатдан Андижон тупроғига тушганларни Темурийлар сулоласининг буюк давомчиси, Андижон аҳлининг ғурур ва ифтихори, улуғ шоир, забардаст саркарда Бобур шоҳ ҳазратлари қўлларини кўксига қўйиб, от устида ўзгача салобат ва самимият ила «Андижонга хуш кўрдик», дея кутиб оладилар. Бу ўткинчи дунёда 48 йил умргузаронлик қилиб, одамзот чекиши мумкин бўлган жамики кулфату аламларни кўриб улгурган, аммо матонати, қудрати, илму ҳикмати, гўзал шеърияти билан бутун дунё аҳлини лол қолдирган улуғ бобомизнинг қошига келган ҳар бир ватандошимиз шубҳасиз, бу буюк сиймо пойида қалбан тиз чўкади. Руҳига осойишталик тилайди. Бобур бобомиз мана бу сатрларни битаётганда йиллар ўтиб, замонлар ўзгариб жисман бўлмаса ҳам руҳан она диёрга қайтишини, қолдирган эзгу ишлари боис халқининг эъзозу эътирофида бўлишини билгандек:
Васлинга еткурди даврон оқибат Бобурни, шукр,
Эмди даврондан манга асло шикоят қолмади.
Мустақиллигимиз боис даврондан шикоят қилмаслик бахти, шукурким, Ўзбекистон халқига насиб этди. Шу боис Андижонга ташриф буюрган «Универсиада–2010» спорт ўйинлари иштирокчилари – Ўзбекистон ёшлари улуғ бобокалонлари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги муҳташам майдонни, том маънода истиқлол куйчиси, фидоийси Чўлпон ҳазратларининг қадамжолари, музейларини зиёрат қилганларида, Нодираи даврон момолари руҳи покларини ёдлаб, эҳтиром кўрсатганларида ўзлари ҳам қалбан тозариб, руҳан юксалганлари, дилларида буюк аждодлари руҳи поклари олдидаги масъулият қайта юз очгани аниқ. Шубҳасиз, улуғ аждодларимизни ёд этиш авлодларни яхшиликка, эзгуликка чорлайди. Ғалабага бўлган ишончини орттиради.
Биз ижодкорлар турли маданий, маърифий тадбирлар, ижодий сафарлар билан йилда республикамизнинг бир неча вилоятларида бўламиз. Комил ишонч билан айтамизки, нафақат Тошкент шаҳрида, балки барча вилоятлар марказларида, туман ва шаҳарларида истиқлолимиз ато этган имконият туфайли, қолаверса, топганимиз ўзимизга буюргани боис улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ўғил-қизларимиз учун қурилаётган кўркам ва муҳташам лицей ва коллежлар, минглаб замонавий мактаблар, маданият ва спорт иншоотлари, олий ўқув юртларининг янги бинолари улуғ мақсадларимиз ҳамда мустақил давлатимиз қудратининг ёрқин тимсоли бўлиб қад ростламоқда.
Аммо Андижондаги улуғворлик, кўркамлик, файзу барака ўзига хос. «Универсиада–2010» спорт ўйинлари иштирокчилари учун Андижон шаҳридаги бешта олий ўқув юрти ва Андижон Давлат университети қошидаги академик лицейда, яъни, олтита ётоқхонада яратилган шарт-шароит, қулайликлар учун фақат тасанно дейиш мумкин. Универсиадага таклиф этилган меҳмонлар ҳам шу ётоқхоналарда истиқомат қилишди ва бағоят мамнун бўлдилар.
Андижон давлат университети ётоқхонасида бизни кутиб олганлар сафида бўлган эл ардоғидаги тарихчи олим, ўзининг доно маслаҳатлари, хуш дуолари билан Андижон аҳлининг ардоқли отахонига айланган, университетнинг фахрий профессори, 85 ёшни қаршилаган бўлишларига қарамай ғайрату шиддати ўзига ярашган, мафтункор нуроний чеҳрасидан нур ёғилиб турадиган Сайфиддин ота Жалилов дуога қўл очар эканлар: «Юртимиздаги тинчлик, омонликка кўз тегмасин. Улуғлик, тўкинлик барчамизга муборак бўлсин. Болажонларим, бу кунларнинг қадрига етмоқ ва уни жон қадар асрамоқ керак», дедилар. Мезбоннинг илк меҳри меҳмонни кутиб олишда билинади. Андижонликлар меҳри дарё эканликларини ҳар бир ётоқхонадаги юзлаб меҳмонларга бирдек намоён қилишди.
Одатда Наманганни гуллар шаҳри, дея эътироф этишади. Аммо Андижон гулзорлари ҳам кишининг суқи тушгудек. Нафақат шаҳар кўчалари, талабалар ётоқхоналари ҳудудларидаги турфа гуллар, соя-салқин масканлар, барчасида бирдек маданий-маърифий тадбирлар учун қурилган саҳналар, ошхоналардаги қулайлик, ётоқхоналардаги озодалик, ахборот олишдаги имтиёзлар, кўрсатилаётган хуш муомала, хушовоз хонандаларнинг чиқишлари назаримизда ҳар бир иштирокчи учун фақат ҳузур бағишлади.
Ўзбекистоннинг умумий ер майдонини атиги 1 фоизини ташкил этадиган, 2 миллион 549 минг аҳолиси бор, 100 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган бугунги Андижон – фидоий халқининг чеҳрасидай ёруғ, ҳаддан зиёд гўзал, айни пайтда сало-

батли.
Андижон шаҳрининг «Ўзбекистон» ва «Бобур» шоҳ кўчаларини айланиб, бир-бирига елка тутган, бир-биридан гўзал, икки-уч қаватли ўнлаб кўркам биноларни кўриб, беихтиёр «офарин» дейсиз. Ўзингизни гўё чет эллардаги ривож топган шаҳарлар кўчаларида юргандек ҳис қиласиз. Чунки ўзида шарқона меъморлик ва ғарбона қулайликни уйғунлаштирган, гўзал ва пурвиқор бу бинолар Андижон аҳли ўзлари учун қураётган уйлар. Бу биноларнинг ўзига хослиги барчасининг биринчи қавати савдо дўконларига, зардўзлик ва гилам тўқиш цехларига, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, бир сўз билан айтганда, нимадир яратишга, иш ўрнига мўлжалланган, иккинчи, учинчи қаватлари эса турар жойлар учун қурилган.

Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз

Муҳтарам Президентимиз ҳамиша Ўзбекистон ёшларини дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслигини истайдилар. Айни пайтда уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун ҳеч нарсани аямаётганлари бугун бутун дунё аҳлига аён. Шу боис ҳам «Универсиада–2010» спорт ўйинларидан олдинроқ Андижонга ташриф буюрдилар. Мусобақалар ўтадиган иншоотларда бўлиб, ўзларининг маслаҳатларини бердилар. Ушбу сафар тафсилотларини телеэкран орқали кузатиб, Юртбошимизнинг келажак авлодларга бўлган эътиборини нақадар юксак эканлигини исботловчи ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик.
Андижон вилоятининг Шаҳрихон, Асака, Олтинкўл туманларида аҳолига имтиёзли кредитлар ҳисобидан қурилиб топширилган янги уйларнинг ҳолатини кўрар экан, Президентимиз хонадон эгалари билан бўлган суҳбатда шундай фикр билдирдилар: «Инсон шунчаки яшаш учун эмас, яхши яшаш учун меҳнат қилади. Инсон фақат ўзи учун, эртанги боласи учун эмас, етти пуштини кунига ярайдиган қилиб, пишиқ-пухта уйлар қуриши керак». Телевидение орқали бу суҳбатларни кўриб, эшитиб гувоҳи бўлган миллионлаб ҳамюртларимиз муҳтарам Юртбошимизнинг халқимиз бахту саодати, ёшларимизнинг фаровон келажагини ўйлаб олиб бораётган оқилона сиёсати нақадар тўғри эканлигига минг карра ишонч ҳосил қилдилар.
Қувончлиси шундаки, Андижон қишлоқларида фойдаланишга топширилган замонавий бундай уйлар шу кунгача 60 тага етган бўлса, йил поёнига бориб 600 тани ташкил этади.
Ўқиб-ўрганаётган, касб танлаётган, йўл излаётган ёшларимиз ҳамиша ёрдамга, тўғри маслаҳатга муҳтож. «Баркамол авлод йили» Давлат дастурида кўзда тутилган эзгу режаларни ҳаётга татбиқ этишда Андижонда нафақат ҳокимликлар, балки қатор жамоат ташкилотлари, ишбилармонлар, тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этишмоқда. Аслида ҳам Ватани билан фахрланган, халқининг корига яраган, давлат сиёсатини тўғри тушунган, оқибатли ва сахий андижонликлар ўз фарзандларинининг порлоқ истиқболи учун ҳеч нарсани аямайдилар.
Андижон шаҳрида фаолият юритаётган ўнлаб янги-янги ижтимоий, маданий, спорт иншоотлари ҳақида гапирар эканмиз, тадбиркор Муродилла Раҳматилаев ҳомийлигида ишга туширилиб, шаҳарда ўғил-қизларнинг энг серқатнов масканига айланган «Ёшлар маркази» ҳақида алоҳида таъкидлашни истардик. Бу қутлуғ масканда оналар ва болалар учун соғломлаштириш комплексларидан бошлаб, тантаналар, тўйлар заллари, ФҲДЁ бўлими, энг муҳими юзлаб ёшлар учун бир вақтда фаолият юритадиган ўқув марказлари, турли тўгараклар, хуллас, Андижон ёшлари қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, маданий ҳордиқ олишлари учун барча имкониятлар мавжуд. Айниқса, иморатнинг том қисмида очиқ осмон остидаги болалар шаҳарчаси кишига ўзгача завқ бағишлайди.
Сўзимиз аввалида айтганимиздек, Юртбошимиз мустақиллигимизнинг дастлабки йилидаёқ «Ҳамма яхши нарсалар болаларга», дея ташаббус билан чиққан бўлсалар, орадан 19 йил ўтиб, яна ўзларининг ибораси билан айтганда «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари» учун нимаики зарур бўлса, давлатимиз томонидан ҳаммаси муҳайё қилиб берилди.
Буни биргина Андижон вилояти мисолида кўриб, гувоҳи бўлдик. «Универсиада–2010» мусобақаларини худди халқаро турнирлардагидек тайёргарлик билан, байрамона руҳда, юқори савияда ўтиши фикримизнинг ёрқин исботидир. Қолаверса, «Умид ниҳоллар», «Баркамол авлод» спорт ўйинларини ҳам йилдан-йилга аъло даражада ўтаётганлиги, давлатимиз томонидан ёшларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ифодасидир.
Албатта, бу ғамхўрликка жавобан Ўзбекистон ёшлари барча жабҳаларда, айниқса, спортда мислсиз ютуқларни қўлга киритиб, давлатимиз байроғини баланд тутиб, мадҳиясини янгратиб Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини янада ошириш учун астойдил интилмоқдалар. Шу боис ҳам Юртбошимиз «Универсиада–2010» спорт ўйинлари иштирокчиларига йўллаган табрикларида фахру ифтихор билан: «Универсиада ҳаракатининг ана шундай эзгу анъаналарини бошлаб берган Аббос Атоев, Абдулла Тангриев, Рустам Саидов, Ришод Собиров, Оқгул Омонмуродова, Светлана Радзивил, Севара Қодирова, Саида Искандарова, Вадим Меньков, Дилшод Мансуров, Элмурод Холиқов каби истеъдодли спортчиларимиз бугунги кунда Ўзбекистон шуҳратини бутун дунёга тараннум этиб келаётгани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди», дедилар. Дарҳақиқат, булар каби яна юзлаб ёш спортчиларимизнинг фидоийликлари, ғалабалари боис Универсиадани дунёни кичик олимпиадасига қиёслашади.
Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, юртимиз ёшлари олимпиада ўйинлари, жаҳон ва Осиё беллашувларида, кўплаб нуфузли халқаро турнирларда, илм-фан олимпиадалари, санъат кўрик-танловларида ғолиблик шоҳсупаларига чиқар эканлар, дилларининг туб-тубидан «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз» деган садо отилиб чиқади. Аслида ҳам шундай эканлигини бугун бутун дунё аҳли эътироф этаётганини, ҳавас қилаётгани барчамиз учун завқли.

Андижонда ой тўлган оқшом

Юртимиз ёшларининг бу нуфузли анжуманда иштирок этиб, беихтиёр ўқувчилик йилларим ёдимга тушди. Биз 1960-1970 йиллар болалари лойқа ҳовузларда, ариқларда чўмилар, тўпни чанг, тупроқ кўчаларда тепар эдик. Бир кун у қўшнининг, бир кун бу қўшнининг дераза ойналарини синдириб қўйиб, маломатга қолардик. Айрим баджаҳллари девор оша ҳовлисига тушган коптогимизни пичоқ билан тилиб ташлаган пайтлари ҳам бўлган.
Одатий кунларнинг бирида кўча эшигимиз олдида тўп сурар эканмиз, мен тепган тўп маҳалламизда истиқомат қиладиган, масжидга намозга келаётган Тўйчи бобонинг юзларига тегди. Афсуски, тўп отахоннинг тишларини синдирган экан. Лабларидан қон сизиб чиқди. Мен қўрққанимдан йиғлаб юбордим. Аммо Тўйчи бобо сўкинмади, қарғанмади:
– Кўзингга қарасанг бўлмайдими, болам. Йиғлама, уят бўлади. Катта бўлсанг синган тишимнинг ўрнига тилласидан солдириб қўясан, – дедилар. Мен Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилиб, шу қутлуғ гўшада истиқомат қилаётганим боис ҳар йили «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» спорт ўйинлари машъаласини ўт олдириш жараёнининг гувоҳи бўламан.
Паркент тумани Ҳисорак қишлоғидаги «Қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида қуёшдан қўр олган «Универсиада – 2010» машъаласи Паркент–Оҳангарон–Ангрен–Поп–Чуст–Наманган шаҳарларидан олиб ўтилар экан, қанча-қанча ўғил-қизларимизнинг дилларини чўғлантирди. Андижонга – Соғлом авлод марказий стадионига етиб келганда, ўйингоҳ осмонида порлаганда эса шу ерда жам бўлган 20 минг одамнинг қалбига қуёш алангасини солди.
Кейин бу аланга Ўзбекистон осмонида мустақиллик алангаси бўлиб, Ўзбекистон ёшларининг қудрат алангаси бўлиб порлади. Шу оқшом стадиондаги улуғворлик, мафтункор шукуҳ, анжуманга кўрилган беназир тайёргарлик ҳамма-ҳаммани лол қолдирди. Ўйингоҳ осмонига ўралган қувонч Андижон осмонида кулиб турган, тўлиб турган ойнинг баридан бойлаб олганди гўё. Ҳамроҳим, халқимизнинг ардоқли шоири Иқбол Мирзо «Бунчалар гўзаллашиб кетмаса бу ой», деди ҳаяжонини яширолмай.
Дарҳақиқат, «Универсиада–2010» спорт ўйинларининг очилиш тантаналари тугагунча тўлин ой жойидан жилмади. Чунки тўлин ой Андижон аҳлининг қувончига шерик эди. Тўлин ой шу оқшом Ўзбекистон ёшларининг бошидан кетишини истамаётган эди. Бунда ҳам Яратганнинг бир ҳикмати бўлса, ажаб эмас.
«Универсиада–2010» спорт мусобақаларининг ғолиблари ҳақида кўп ва хўп ёзилди. Аслида Ўзбекистон ёшлари қудратининг кўзгусига айланган бу қутлуғ анжуман қатнашчиларининг ҳаммаси ғолиб бўлдилар. Чунки бу Ўзбекистон ёшларининг бирдамлик ғалабаси эди. Бу бизга айрим нописанд, кўз билан қараётган «дўстларимиз»нинг жағларига Андижон бокс мактабининг анжанча «удари» эди. Бу миллатимизнинг, бу давлатимизнинг ёруғ юзи эди. Андижондан Ўзбекистоннинг барча ёшлари ғолиб бўлиб қайтишди. Чунки майдонга соғ одам, соғлом одам тушади. Соғлиқ ҳам ғолибликнинг бир кўриниши, юрт эгасининг мақсад-муддаоси ҳам аввало халқимиз фарзандларини соғлом кўриш, хушбахт кўриш.
Яна шуни комил ишонч билан айтамизки, юртимиз ёшлари шубҳасиз, ўзларини Алпомиш авлоди, буюк соҳибқирон Амир Темур, Бобур Мирзо, Жалолиддин Мангуберди каби мард ва жасур аждодларимиз зурриёди эканликларини яхши биладилар. Яна яхши биладиларки, спортдаги мағлубият азоби ҳам инсонни тарбиялайди. Тинимсиз меҳнат қилишга, қайта тобланиб, руҳан чиниқишга ўргатади. Умуман бизнинг спортчиларимиз ота-боболарининг асрлар оша яшаб келаётган хуш фазилатларига амал қиладилар. Ютса талтайиб кетмайдилар. Устоз отангдек улуғ ақидасига риоя қилиб, мураббийлари ҳурматини жойига қўяди.
Яна бир ҳақиқат, улар майдонда Паҳлавон Маҳмуд боболари каби эл-юрт шаъни учун курашади. Чет эллик ёшлар каби бир кун у давлат, бир кун бу давлат байроғи остида пул учун эмас, ор-номус учун беллашади. Менинг ортимда менинг ота-онам, киндик қоним томган тупроқ, яқинларим, Ватаним бор деган қатъий туйғу, юксак масъулият Ўзбекистон ёшларини ҳеч қачон тарк этмайди, иншааАллоҳ!

Баркамоллик бахтидан,
Шодлиги минг зиёда.
Нур ёғилса шахтидан,
Қудратидан ифода,
Омон бўлсин бошлари,
Ўзбекистон ёшлари.
Ҳурликнинг ҳаққи бордир,
Юртнинг ҳар ўғлонида!
Йигитнинг кўрки ордир,
Қадри оқса қонида.
Метиндек бардошлари,
Ўзбекистон ёшлари.

Аввал Ватан, кейин жон,
Сўзидаги хуш садо.
Онажон, Ўзбекистон,
Бўлсин сенга жон фидо.
Ватанин қуёшлари,
Ўзбекистон ёшлари.

2010 йил










ТИНЧЛИК ТИЛАГИДАН

ЯРАЛГАН ШАҲАР

Киндик қонинг томган муқаддас тупроқ, туғилиб камолга етган Ватанинг ҳақида сўз айтиш – ўз онанг мақтовида яйраб гапириш билан баробар. Зеро, бу дунё юзини кўргунимизча волидамиз бизни ўз жисму жонида олиб юриб, кейин Момо ерга қўяди. Она замин эса оламни тарк этгунимизча бизни ўз елкасида кўтариб юради, сўнгра бағрига олади. Биз шу тариқа тупроққа сингиб кетамиз. Шунинг учун Ер, Ватан сўзларининг олдида Она сўзини қўшиб айтамиз ва бундан ўзгача ғурур туямиз.

Пойтахтимиз – қудратимиз тимсоли

Инсон эрта тонгдан субҳи шомгача кундалик мулоқотда қанча сўз ишлатади. Рости, бу ҳақда ўйлаб кўрмаганмиз. Аммо шундай сўзлар борки, тилга олсанг кўнгилда меҳр гуллайди. Чеҳрангда офтоб юз очади. Она, Ватан, фарзанд сўзлари ана шундай сўзлар тоифасидан. Бу сўзларни ўз ўрни, ўз қадри, ўз салобати бор. Киши онасиз дунёга келолмаганидек, Ватансиз яшаши ҳам мушкул. Фарзандсиз одам ғарибу нотавон.
Уяси бузилган қушларни кузатганмизсиз? Бузилган уя атрофида чарх уриб чирқиллашади. Шу боис ҳам халқимизда «қушнинг ҳам уяси бузилмасин», деган ибора бор. Шунинг учун ҳам боболаримиз, момоларимиз дуога қўл очганларида аввало элу юртга тинчлик, омонлик тилашади.
Киндик қонинг тўкилган тупроқдан узоқларда, Ватандан йироқда яшаш елкангга тоғ ташлаб қўйилгандек оғир, Бу абадий армон деган сўз. Ўз Ватанингда озод ва ҳур яшаш инсоний бахтнинг аввали. Мана шу бахтга мушарраф бўлган одамларга қолган эшиклар осон очилади. қолган орзулар ушалишига умид уйғонади.
Шукурким, биз бугун асрий орзуларимиз ушалганини, мустақиллигимизнинг 18 йиллигини байрам қиляпмиз. Йигирма йил тарих солномасида катта рақам эмас. Аммо бу йилларда республикамизда амалга оширилган ишлар, улкан бунёдкорликлар салмоғи билан ўлчанса, асрларга татигувлик ўзгаришлар содир бўлди.
Бугун Ўзбекистонимизнинг ҳар бир гўшасида қадамлаб юрган кишининг кўзи қувончдан порлайди, дилида ғурур уйғонади. Кишига ифтихор бахш этувчи маданий, маърифий бинолар, спорт иншоотлари, намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлар. Замон талабига мос мактаблар, касб-ҳунар коллежлари. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг оқил, доно сиёсати боис бугун Ўзбекистонимиз ривожланган давлатлар сафига қўшилмоқда. ғалла, нефть, пахта мустақиллиги, оғир, енгил саноатимиздаги тараққиёт – барча-барчаси ҳурриятимиз ато этган имкониятлар туфайли албатта.
Маънавият пойтахтдан бошланади десак хато бўлмас. Чунки ҳар бир катта-кичик гўшаларнинг ўз маркази бўлади. Маданий-маърифий иншоотлар шу марказда қад ростлайди.
Шу маънода бугунги Тошкент шаҳрини маърифат маскани, улуғлик, буюклик маскани дейиш мумкин. Чунки бугун пурвиқор пойтахтимизга нафақат республикамиз аҳли, балки бутун дунёдан ҳавас билан келувчиларнинг қадами узилмайди. Боиси Тошкентимизга хуш ниятда келгувчилар ўзи истаган масаланинг ечимини топади. Илм ва адабиёт, санъат аҳли ҳамда ишбилармонлар, тадбиркорлар, бизнесменларнинг ҳамкорлиги учун барча шарт-шароит муҳайё.
Айни пайтда пойтахтимиздаги салобат, ўтган йигирма йил мобайнида амалга оширилган ишлар кўлами, ободлик, гўзаллик, улуғворлик, бунёдкорлик ақлни лол қилгувчи даражада. Юз марта эшитгандан бир марта кўрган маъқул, дейишади. Тошкент шаҳрини бир бора кўрган инсон эса унинг асири бўлиши ҳам ҳақиқат.
Бу маърифат масканида камол топган минг-минглаб ҳамюртларимиз эндиликда Тошкент деса тилидан бол томади. Сурхондарё ёки Бухоронинг, Хоразм ёки Фарғонанинг чекка қишлоқларида туриб ҳам хаёлан, қалбан шу муқаддас гўшага таъзим қилади, тавоф этади. Чунки бу она шаҳримизда, унинг ўнлаб олий ўқув юртларида минглаб ёшларимиз илму ҳикмат соҳиби бўлдилар. Ватаннинг ифтихорига айландилар, байроғини бошда тутдилар, шаънини дунёга достон қилдилар.
Унинг бағрида не-не азизу авлиёлар, ҳикмат, маърифат, санъат ахли абадий қўним топган. Уларнинг руҳи бугун мустақиллик халқимизга ато этган тинчлигу омонликдан, бахту саодатдан, қут-баракадан шод, албатта. Руҳларнинг шодлигига энг аввло элу юртдаги тинчлик, осойишталик сабаб бўлғуси. Шукурким, Ўзбекистонимизнинг ҳар бир гўшасида, омонлик, хотиржамлик ҳукмрон. Шу боис ҳам тилларда, дилларда шукроналик.

Ўзликни англаш

Шу боис ҳам бу муқаддас заминнинг ҳар бир қаричи биз учун табаррук, унда ота-боболаримизнинг хоки ётибди. Аждодларининг руҳи поки олдида эса авлодлар ҳамиша масъул бўлиб келган. Муҳими, мана шу масъуллик юкини ким қандай ҳис қила билишида. Тўғрироғи, мустақилликни қўлга киритгунча биз буни қай даражада ҳис қилардик? Юртбошимиз тили билан айтганда:
– Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?
– Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур Мирзо ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларга қоришиб кетган эди?
– Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик?..
Албатта, йўқ! Миллий ғурури, инсоний шаъни топталган эл ўзлигини англашдан маҳрум. Ўзлигини англамаган эл-юртни эса ўзгалар қаёқдан билсин. Шунинг учун ҳам мустақиллик энг аввало бизнинг қалб кўзимизни очди. Ўзлигимизни танитди. Биз дунёга Ҳуррият кўзи билан боқдик. Ҳур инсон бўлиб фикрлаш нақадар тотли эканини ҳис қилдик.
Яна аламли томони шунда эдики, собиқ иттифоқ даврида биз она юртимизда ўз билгимизча бирон жойга бир ғишт қўйиш имкониятига эга эмас эдик. Тили тийилган, қўли боғлиқ эл дил ноласи билан узоққа боролармиди? Шу боис бугунги Ўзбекистон, бугунги Тошкент ҳақида гапиришдан аввал олис ўтмишга эмас, йигирма йил нарига бир назар ташласак тарих ҳақиқати юз очиб турганини кўрамиз.

Тарих – тўфон агар йиллар юз очсалар.
Тарих – имкон ҳикмат аҳли сўз очсалар,
Икки мингу икки юз йил сўзи Тошкент.
Мулики Турон заминининг юзи Тошкент.

Хўжа Ахрор Валий севган тупроқдир бу,
Восифийнинг дил ганжида бир оҳдир бу,
Алломалар очган қутлуғ эшик Тошкент,
Бағрида эрк улғайтирган бешик Тошкент.

Маърифатнинг йўлин очган Фитрат, Элбек,
Изларидан илм аҳли келар селдек,
Бир япроғи бевақт тушса хундир Тошкент,
Юз ғунчаси кулиб турган гулдир Тошкент.

Кўрки – кўзга, мадҳи – сўзга

сиғмас

Бугун Ўзбекистонда Тошкент таърифида сўз айтмаган инсон йўқ. Зеро, Тошкент деса тилимиздан бол томади, кўксимизда ифтихор тоғи юз очади. Чунки у ўзининг азаллиги, гўзаллиги билан машҳур. Тошкент қадим-қадимдан Буюк ипак йўлида дўстлик, меҳру оқибат чироғини ёқиб келган шаҳар.
18 йил тарих ўлчовида қисқа фурсат бўлса-да, аммо Тошкент номини дунёга олиб чиқди. Айни пайтда мустақиллигимиз берган имконият Тошкент бағрида кўзга сиғмас гўзаллик яратди. Юрт эгасининг оқил, доно сиёсати бугун Тошкентдан таралаётган ақлу адолат, илму маърифат, беназир бунёдкорлик нурини бутун Ўзбекистон бўйлаб тенг сочмоқда.

Кўзни кўрсин деб яратди,
Қўлни қурсин деб яратди.
Худойим ҳар бандасин
Қандин урсин деб яратди.

Кўклашгин кўклам билан,
Диллашгин шабнам билан.
Бу дунё обод ахир
Аҳли хуш одам билан.

Хуш одам, ҳушёр одам,
Бахтлидир бедор одам.
Ўзингга буюрмаса
Топганинг бекор одам.

Бугунги Ўзбекистон, бугунги Тошкент тимсолида биз топгани ўзига буюрган халқ бўлдик. Ўзбек халқи бугун қуриб қўли, кўриб кўзи қувнаётган халқ. Аммо аён ҳақиқат шуки, бойлик кўкдан ёғилаётгани йўқ. У заҳматкаш элимизнинг пешона тери эвазига мисқол-мисқол яратилаяпти. Ҳикматгўй халқимиз айтганидек, етти ўлчаб бир кесилган жойда афсусу надоматга ўрин қолмайди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ Биринчи Президентимиз Ислом Каримов кўрсатган тараққиёт йўли – Ўзбекистоннинг ўз йўли эканлиги эндиликда дунё аҳлига аён бўлди. Румий ҳазратлари айтмоқчи, ҳаммага ҳам йўл кўрсатиш мумкин, лекин бу йўлдан ҳар ким ўзи ўтиши керак, тўғрироғи ўта билиши керак! 18 йилда Ўзбекистон халқи ўтган йўл – тинчлик йўли бўлди, меҳру оқибат, қут-барокат йўли бўлди. Баракаси бор одамнинг эса аввало остонасида файз, ҳовлисида чирой, иморатида улуғворлик бўлади. Бугунги Тошкентнинг улуғворлиги, кўрку салобати ҳақида кўп ва ҳўб гапирилаяпти.

Кўркингни кўзгуга солганлар айтар,
Сен миллат ғурури, танҳосан – Тошкент.
Юрт эгасининг юзидай ёруғ,
Ватан қудратидан барпосан,– Тошкент.

Асрий орзуларинг мисли фаввора,
Эзгулик эркида шодлик сочади.
Дунё болаларин чорлаб бағрига,
Бир ўзбек онаси қучоқ очади.

Ёвнинг юрагини янтоқ юмдалар,
Лайлаклар жилмаяр, тинчлик тимсоли.
Кўрку жамолингга тумор турналар
Тошкент, ўзбегимнинг оппоқ ҳаёли.

Маърифат маскани

Тошкент азал-азалдан пири комиллар, илму ҳикмат соҳиблари, беназир олиму фозиллар юрти, бетакрор ёзувчи ва шоирларнинг диёри бўлиб келган. Зотан, Ҳасти Имом мажмуига ташриф буюрган ҳар бир кишини ғалат сокинлик, ҳузурбахш шукрона туйғуси чулғаб олади. Наздингизда бошингиздан Қаффол Шоший, Хожа Аҳрор Валий, Шайх Хованди Тоҳур, Занги ота каби улуғ ҳазратлар шодон руҳларининг мунаввар нури ёғилиб тургандек. Аслида ҳам шундай. Муҳтарам Юртбошимиз нафақат Тошкент шаҳрида, республикамизнинг барча вилоятларида ҳам ўнлаб пири комилларимиз, динимиз пешволарининг руҳларини шод, ётар манзилларини обод қилиб, гўзал зиёратгоҳларга айлантирдилар.
Тошкент деса киши кўз ўнгига икки мисра шеър ўқиб, мезбонига меҳрини оқ сочиқ қилиб тутиб турган ҳассос Ғафур Ғулом, ҳикматгўй Ойбек, вафо маликаси Зулфияхоним каби қалам аҳли, Шукур Бурхон каби ўнлаб буюк санъаткорлар, Ҳабиб Абдуллаевдек заҳматкаш илм эгалари, яна қанча-қанча улуғ инсонлар келади. Уларнинг ҳар бири ҳақида истаганча гапириш ва фахр этиш мумкин.
Ўзбек романчилигининг чароғбони Абдулла Қодирий ҳамишаликка Тошкентнинг ифтихори бўлиб қолаверади. Зеро, Чўлпон бобомиз айтганларидек, адабиёт яшаса, миллат яшайди.
Бугун Тошкентнинг 2200 йиллик тўйини нишонлар эканмиз, ушбу йиллар ичида Тошкентнинг Тошкент бўлишига бир ғишт қўйган, боғ-роғлар бунёд этган, ўз илму ҳикмати ила асрлар оша нур сочиб турган ҳар бир ватандошимиз – аждоди аввалларимизнинг руҳи поки олдида бош эгамиз. Айни пайтда улар орзу қилган ҳур ва озод замон, юрт мустақиллиги бизга насиб этгани учун Яратганга беадад шукр қиламиз. Яна шуни комил ишонч билан айтамизки, ҳайрат кўзгусига айланган она шаҳримизнинг бош меъмори Президентимизнинг ўзлари.

Кўҳна Шошнинг қуёш кулган осмони бор,
Келажакка нур элтгувчи карвони бор.
Хумо қушга кафтида дон тутар Тошкент,
Адолатни тумор қилган сарбони бор.

Қувонч қўнғироғи тошкентга

чорлар

Сўзимиз аввалида айтганимиздек, Тошкентнинг мақтови сўзларга сиғмас. Боиси, у кун сайин гўзаллашиб, кун сайин улуғ қудрат касб этиб бораяпти.
Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига борсангиз, бағридаги боласига термулиб ўтирган ўзбек Онаси нафақат ўз фарзандига, дунё болаларига тинчлик алласини айтаётгандек.
Сиз яна бунда Эзгулик аркасида Тинчлик тумори бўлиб турган лайлаклар қанотидан ёғилиб турган нурнинг қалбингизга сизиб кираётганини ҳис қиласиз.
Сал нарида ўчмас хотира бўлиб мангу олов ёнаяпти. Бунда ҳам бир ўзбек онаси ғамгин нигоҳида уруш отига лаънат ўқиб, дунёга тинчлик тилаб турибди. Гўёки, мустақиллик майдонининг ҳар қарич ери, ҳар бир ниҳоли, ҳар бир ғишти тинчликнинг туморидек. Аслида ҳам бу муқаддас даргоҳга келганларнинг ҳар бири оламга тинчлик тилайди.
Она шаҳримизга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаб қисқа пайтда бунёд этилган маҳобатли «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи гумбазида турган турналар бутун оламни Тошкентнинг 2200 йиллик тўйига чорлаётгандек. Бугун Тошкентнинг 12 эмас, 12 минг дарвозаси хуш ниятли дўстлар учун очиқ.

Соғинчлар сўроғи Тошкентга чорлар,
Садоқат сабоғи Тошкентга чорлар.
Дунёга таралмиш тўй овозаси,
Қувонч қўнғироғи Тошкентга чорлар.

Меҳмон иззатига жонимиз фидо,
Ҳар калом меҳримиз оҳангидай хуш.
Топмайсиз ахтариб жонбахш бир садо,
Тошкент пиёласин жарангидай хуш.

Марҳабо, қадрдон, дўсту ёронлар,
Пойи қадамингиз кўзга тўтиё.
Икки минг икки юз йиллик тўйида,
Тошкентдан таралмиш Шарқона зиё.
2009 йил, август















ЭЛЛИКҚАЛЪА – МАЪРИФАТ ЎЧОҒИ

Юртни юриб кўрган одамнинг кўзи мошдек очиларкан. Зеро, кўзнинг очилиши кўнгилга тушган нур демакдир. Чунки кўнгилга нур кўздан борур. Кўнгил кўзи очилган инсоннинг жисму жонида ҳайрат мавжланади. Аслида бу дунё гўзалликларининг асил онаси момо Ер, она табиат. Одамзот Худойим ато этган истеъдоди, касбу корига монанд табиат гўзалликларидан нусха олади.
Дунёга келиб боболари қўйган ғиштнинг ёнига бир ғишт қўйган, қолдирган дарахтлари ёнига бир ниҳол эккан, илму ҳикматини қатига яшириб токчалардан, жавонлардан термулиб турган китоблари ғуборини артиб, ўқиб амал қилган, маърифатига маърифат қўшган кишигина ўз умридан мазмун топади, аждодлари руҳини шод этади.
Аждодлар руҳини шод этмоқнинг яна бир йўли – улар ётган муқаддас қадамжоларни зиёрат этмоқ, тавоф этмоқ, азиз тутмоқдир. Бугун покланиб Самарқанду Бухоро, қуёш кулиб чиққувчи Сурхону Қашқадарё, жилмайиб ботгувчи Хоразму Қорақалпоқ, олтин водийнинг ям-яшил шаҳарлари, кўҳна Шош, хуллас юртимизнинг қайси гўшасига борманг сизни руҳлари балқиб ётган азизу авлиёлар қарши олади. Уларнинг қадамжолари мустақиллигимиз боис асил қадрини топди, юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли обод бўлди, тўғрироғи, озод ҳам бўлди.
Ҳозирда Имом Бухорий, Имом Термизий, Шоҳи Зинда, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Фарғоний ва Бурхониддин Марғиноний, Хожа Аҳрор Валий каби ўнлаб пиру комилларнинг зиёратгоҳларига бориб кўнгиллар равшан тортаяпти, кўксимиз кўкламоқда, нафақат ўзимиз, келишга улгурган дунё аҳли ҳам ҳайратга тушмоқда. Бежизга Тошкент шаҳри 2007 йил Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинмади. 14–15 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳрида «Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференциянинг бўлиб ўтишида ҳам ҳикмат бор. Мана шу ҳикмат бугун мустақил Ўзбекистонимиз осмонида маърифат қуёши бўлиб порлаб турибди. Мана шу ҳикмат бугун бизни, дунё мусулмонларини ўз бағрига чорлаб турибди. Зеро, муқаддас тупроғимизнинг ҳар бир қаричида азизу авлиёларнинг ҳоки ётибди.
Нафақат Самарқанду Бухоро, балки республикамизнинг шимолий минтақаси Қорақалпоғистон диёрига, хусусан, Элликқалъага борган киши ҳам ҳар бир қалъада шимол насимлари ҳайрат бешигини тебратиб турганининг гувоҳи бўлади. Зеро, Элликқалъа Қорақалпоқ заминидаги тарихий ёдгорликларга энг бой гўшалардан биридир. Бу кўҳна қалъанинг сиру синоатлари 70 йилдан зиёд ўрганилаётган бўлса ҳам, ҳар сафар янги тарих жамол очади. Эрамиздан аввал яшаган, бугун яшаётган, биздан кейин ҳам асрлар оша яшайдиган тирик тарих ўлкаси бу диёр.
Ҳар қарич ерида боболар хоки,
Тиз чўксанг сўкилар кўнгилнинг чоки,
Кўзимнинг қораси, кўзимнинг оқи,
Тупроғин туз дема, тиллодан сара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Ҳар битта қалъаси ҳикмат меҳроби,
Унда порлаб ётар руҳлар офтоби,
Ватанга муҳаббат битган китоби,
Сен фақат кўнгилнинг кўзиман қара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Бу не хароба деб қилмагин таъна,
Бу Тупроққалъадир, бу Аёз қалъа,
Қирққиз қалъасига жонинг қил пана,
Ҳам яна зулфини сен нурда тара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Элликқалъага бу йилги ташрифимиз ҳам ўзига хос жозиба касб этди. Аввало шуни комил ишонч билан айтиш керакки, «Зомин семинари», «Ақчакўл илҳомлари» деса қўлига қалам олган ёшлар бир қалқиб тушиши табиий. Чунки республикамизнинг талайгина ёшлари – истеъдод соҳиблари шу қутлуғ масканларда кашф этилди. Ўн йилдан ошдики, улар бунда ўзи-ўзини, бири бирини, устозларини таниб бормоқда. Ўзбек шеърияти деб аталмиш катта дарёга мусаффо чашмалар, шарқираб турган янги ирмоқлар келиб қўшилмоқда. Нафақат ёш ижодкорлар, «Зомин семинари», «Ақчакўл илҳомлари» деса суяги қаламу қоғоз устида қотган, эл ардоғидаги ижодкорлар ҳам хаёлан «тамшаниб» қўядилар. Нима учун?..
Аслида қора қозон ҳар уйда қайнайди. Бир коса таом, бир бурда нон билан бандасининг нафси ором олади. Шунча йўл босиб бу даргоҳларга талпинишдан мақсад халқимизнинг «Қорин қайғуси қозонгача, қадр қайғуси қабргача» деган гўзал ҳикматига амал қилиш. Қаламдан қадр топган, ижодкор учун изингдан келаётган тоза ирмоқларни кўриш, уларнинг шабнамдек тоза орзуларига эш бўлиш нақадар мароқли. Ўзидан ўзмоқчи бўлганларни меҳрига ўрай билган устоз ҳамиша шогирдлар кўнгил тахтида яшаб қолгай. Шу боис устозларни Зоминга ҳам, Элликқалъага ҳам мана шу туйғу етаклайди, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир домла, Зулфия момомизга хос оқибат илдизларнинг томирлари тортиб туради.

Мажнунтол тагида Миртемир гувоҳ,
Баъзан шеър бўларкан биттагина оҳ,
Абдулла Орифнинг изида ирмоқ,
Соғу омон бўлсин олтин бошлари,
Ватан чироғидир Зомин ёшлари.

Ой доғин терарлар ойдин тунлари,
Зулфия момонинг оппоқ гуллари,
Эй назм боғининг хуш булбуллари,
Ҳамид Олимжоннинг дил қуёшлари,
Қувонч қўнғироғи Зомин ёшлари.

Ҳар ким ҳўплолмагай кўнгил чашмасин,
Шундай шеър ўқингки, тошлар гулласин,
Муҳаммад Юсуфнинг руҳи қўлласин,
Ўзбакий рангдадир кўзу қошлари,
Зомин ёшлари бу, Зомин ёшлари!

Келинг, энди Элликқалъа, бўстонликлар ҳақида гаплашайлик. Дарҳақиқат, сўзимиз аввалида айтганимиздек, юртнинг жамолини юриб кўриш керак. Эрта, индин бутун Ўзбекистон халқи ишга тушишини орзиқиб кутаётган «Тошғузор–Бойсун–Қумқўрғон» темир йўли мустақил давлатимиз қудратининг буюк тимсоли бўлиб дунёни ҳайратга солаётган бўлса, Элликқалъадаги, Бўстон шаҳридаги бунёдкорликлар истиқболи порлоқ диёримизнинг кўплаб қишлоқлари шаҳарларга бўйлашиб бораётганини, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, кам бўлмаслигимизни кўрсатиб турибди.
Республикамиз матбуотида Элликқалъа тумани ва унинг меҳнаткаш халқи ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Чунки элликқалъаликлар ҳалол меҳнатни кунлик эҳтиёж деб биладилар. Туман аҳли ўз ҳокимлари теварагида мустаҳкам жипслик яратган. Қайси соҳага боқманг, ой сайин, йил сайин янгилик, бунёдкорликни кўрасиз. Она заминга, ниҳолга, майсага муҳаббат бобида бир мисол.
Янтоқлар, саксовуллар, явшанлар эриниб ўсган чўлларда 30 йил муқаддам бугунги Бўстон шаҳрининг биринчи ғишти қўйилган бўлса, бугунга келиб Амир Темур номидаги «Боғи эрам» – «Ботаника боғи» яратилган. 43 гектар ерда Канада клени, Америка эманлари, Япон софараси, Украина каштани, Қрим саснаси, Ҳиндистон катальпаси, Сурия атиргуллари каби 260 дан ортиқ турдаги дарахт ва буталар маҳаллий иқлим шароитида ўстирилмоқда. Бу муқаддас тупроқнинг илми, ҳикмати, санъати ҳам азалий. Ташриф жараёнида Бўстон шаҳридаги санъат саройида лира чалиб ўтирган аёл тасвири туширилган расмнинг очилиш тантанаси бўлди. Шу кўҳна тупроқдан топилган, эрамиздан 2000 йил олдин сопол идишга туширилган бу расмнинг асл нусхаси бугун Эрмитажда сақланмоқда. Қорақалпоқ ҳофизларининг овозларидаги кенгликнинг, мастонаворликнинг илдизи шу расмларда эмасмикин. «Олтин конидан фақат олтин чиқади» дейдилар устоз Абдулла Орипов.
Анжуман доирасида ўтказилган ёш хонандаларнинг Отажон Худойшукуров номидаги бешинчи республика танловида кашф этилган Низомиддин Абдуллаев ва Бахтиёр Эшниёзов овозларидаги сеҳру садонинг асосида ҳам чилтор чалиб ўтирган момоларнинг қони бўлса не ажаб?
Дарҳақиқат, Элликқалъа маърифат маскани. Туман ўғил-қизлари 7 та коллежда, 70 та умумтаълим мактабларида, халқ таълими бўлимига қарашли 15 та мактабгача таълим муассасаларида тарбия топиб, ўқиб, касб-ҳунар ўрганиб камол топмоқдалар. Сафаримиз чоғида капитал реконструкция қилиниб, чиройли таъмирланган 26, 39, 52-мактабларнинг очилиш тантаналарида қатнашдик. Илк бор мактабга қадам қўйган кичкинтойларга Президентимизнинг совғалари – папкалари топширилди. Йиғилганлар ҳузурида сўз олган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид чиройли лутф қилди.
Элликқалъада элликта қалъа бор. Биз бугун бу билим даргоҳида 52 қалъани очяпмиз. Бу қалъа тарбия қалъаси, илму ҳикмат қалъаси бўлгай.
Ҳар бир янги масканнинг очилишида устоз Абдулла Орипов улуғ Қорақалпоқ халқи шаънига алоҳида муҳаббат билан гапирдилар.
– Биз бугун ушбу ўғил-қизларимиз тимсолида Қорақалпоқ халқининг келажаги билан учрашиб турибмиз, – дедилар донишманд адибимиз.
Элликқалъа туманига илк бор ташриф буюрган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева, атоқли ёзувчимиз, «Тафаккур» журналининг бош муҳаррири Эркин Аъзам ўз ҳайратларини яширолмадилар. «Қилса бўларкан, қурса бўларкан, бир туманда шунча улуғвор ишлар. Ахир, баъзи аксарият вилоятларда ҳам «Шоирлар хиёбони» йўқ-ку!» Чиндан ҳам янги бунёд этилган «Шоирлар хиёбони»даги улуғворлик, унинг бағридаги «севишганлар боғи», қадим карвон йўлини эслатувчи туя етаклаб бораётган одам, хушёр турган кийиклар тасвири – барча-барчаси рисоладагидек.
Назаримда Элликқалъага ташриф буюрган ҳамма адиблар, санъаткорлар дилидан бир ўй кечди.
– Барака топсин, қўллари дард кўрмасин. Биз Элликқалъада, хусусан, Бўстон шаҳрида истиқболи порлоқ Ўзбекистонимизнинг чўлдаги жаннатий гўшасини, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни кўрдик. Янги кашф этилган шоирлар, ҳофизлар, бахшилар, халфалар бу бунёдкор халқнинг янги куйчиларидир.
Ҳа, азиз Ватандош, юртимизни юриб кўринг, кўнглингиз кўклайди, кўзингиз қувнайди. Ўзгаларни эмас, ўз халқингиз шон-шавкатини ўз давлатингиз қудратини, ўз юртбошингиз тийрак назарини кўрасиз. Демак, сиз ўзингизни, ўзлигингизни англайсиз. Зоминни соғинишда, Элликқалъага талпинишда ҳикмат бор. Зеро, яхшиларни кўриб яйрайди одам, яхшиларни кўриб яшагиси келади инсонни. Қолаверса, юртни юриб кўрганга улуғларнинг руҳи йўлдош бўлгай, Худо ёр бўлгай.

Таърифи минг достон, сатрига сиғмас,
Насими баҳорнинг атрига сиғмас,
Амуни кўрмаган мени ҳеч уқмас,
Шунчаки мақтовдан баланд минг карра,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Шимол шамолида «Бўстон» яратган,
Демангиз жаннатни осон яратган,
Аслида бу халқни армон яратган,
Қўлингдан келса гар кунига яра,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.

Отажон ҳофизи шонини тиккан,
Муҳаммад Юсуф ҳам жонини тиккан,
Меҳмонига тузу нонини тутган,
Улуғ Қорақалпоқ кўзиман қара,
Бу Элликқалъадир, бу Элликқалъа.
2007 йил.

























КЕЛАЖАККАИНТИЛГАН ЁШЛАР

Кўнгли обод инсонлар диёри

Эзгу орзу-интилишлар билан яшайдиган одамзот фарзандлари ўзининг куч-ғайрати, ақл-заковати, пешона тери билан асрлар давомида ер юзини яшнатиб, турли мўъжизалар яратиб келади. Аслида, инсон ҳаётининг маъноси ҳам шу – кўҳна тарих мезонлари билан ўлчаганда капалак умрича ҳам келмайдиган қисқа муддатда ўзидан яхши ном, эзгу хотира қолдириш.
Одатда бунёдкор инсон камтар ва самимий, шу боис кўнгилга яқин бўлади. Бундай одамларнинг меҳнатидан, суҳбатидан баҳраманд бўлиб, бир дунё завқ ва таассурот оласиз, сиз излаган инсон дафъатан қаршингизда намоён бўлгани, у сизнинг ватандошингиз экани, оламнинг қандайдир олис бир ўлкасида эмас, сиз билан бирга шу тупроқда ҳамнафас ва замондош бўлиб яшаётганидан беихтиёр фахрланиб кетасиз.
“Юрган – дарё, ўтирган – бўйра”, деб бежиз айтмайдилар. Дарҳақиқат, йўл юришда ҳикмат кўп. Йўл юрган дунё кўради, одам танийди. Айниқса, шу кунларда – улуғ истиқлолимизнинг 20 йиллик қутлуғ байрами арафасида бир чиройига минг чирой қўшилиб, тобора обод бўлиб бораётган озод диёримизнинг турли воҳа ва водийлари, ҳудуд ва минтақаларини кезиш, буюк келажагимиз пойдеворини яратаётган меҳнаткаш инсонлар билан дилдан суҳбат қуриш кўнгилга беқиёс қувонч ва сурур бағишлайди.
Бутун халқимиз байрам кайфияти билан яшаётган шу унутилмас кунларда мен Фарғона вилоятида бир кун бўлдим, холос. Шу бир кунда минг йилларга татигулик ҳайрат ва таассурот билан қайтдим. Юракни ҳис-ҳаяжонга тўлдирган дастлабки манзара бу юртнинг бениҳоя ободлиги бўлди. Албатта, олтин водийнинг юраги бўлган Фарғона азал-азалдан сўлим табиати, жаннатмонанд боғлари, дилкаш ва оқкўнгил, деҳқончиликни ҳам, ҳунармандчиликни ҳам ўрнига қўядиган қўли гул одамлари билан шуҳрат топиб келган. Лекин бу қадим диёр ҳеч қачон бугунгидек ҳар томонлама обод бўлган эмас. Равон йўллар, шинам уй-жойлар, гўзал майдон ва хиёбонлар, замонавий таълим масканлари, барча шароитларга эга бўлган гавжум бозорлар, ҳар бир новдасидан бол томиб турган мевазор боғлар, ям-яшил далалар, хуллас, айтаверсангиз, обод маскан ва манзилларнинг санаб адоғига етолмайсиз. Беихтиёр муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган пурмаъно сўзлари қалбимизда акс садо бергандек бўлди.
Чиндан ҳам, собиқ мустабид тузум даврида юртдошларимизнинг қўл-оёғини метин кишанлардек боғлаб, дилидаги интилиш ва иштиёқни сўндириб турган зулм занжирлари истиқлол туфайли парча-парча қилинганидан сўнг эркин ва озод кўнгиллар фақат яратиш ҳисси билан, бу юртни мен обод қилмасам, ким обод қилади, деган эзгу туйғулардан уйғониб, куч-қувватга тўлди. Одамларнинг билагига куч, белига қувват кирди, қалбида янги-янги орзулар бўй кўрсата бошлади. Ободлик, бунёдкорлик – буюк фаолият мезонига айланди. Бунинг исботини бугунги Фарғона вилоятида барча жабҳаларда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларда яққол кўриш мумкин.
Айниқса, ободликнинг ёрқин тимсолига айланиб бораётган бугунги Марғилонда юриб ҳар қадамда кўзни қувонтирадиган гуллар атридан сармаст бўласиз. Кўпни кўрган, донишманд кексалар суҳбатидан ҳақиқий миллий қадриятларимизнинг кучи ва жозибасини такрор-такрор ҳис этгандек бўласиз. Бу маскандаги илму ҳикмат эгалари қадимий анъаналарни янгича руҳда давом эттираётгани кишини қувонтиради. Жаҳон отин Увайсий адабий тўгараги аъзоларининг баҳри байтлари аждодларимиз бизга мерос қилиб қолдирган неча асрлик адабий анъаналар бугунги кунда ёш истеъдод соҳиблари томонидан муносиб давом эттирилаётганидан далолат беради.
Тобора янгича чирой очиб бораётган қадимий Хўқанди латифда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, уларнинг натижаларини ўрнига қўйиб таърифлаш учун камида мавлоно Муқимийнинг истеъдод ва маҳорати керак бўлади. Шунингдек, ҳар бири гўзал маржондаги дурдек порлаб, одамда ҳайрат ва ҳавас уйғотадиган Фарғона шаҳри, Олтиариқ, Риштон, Ўзбекистон, Қува, Бешариқ туманларини кўриб, мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида бутун юртимиз қатори Фарғона вилояти тарихида ҳам илгари ҳеч кўрилмаган буюк ўзгаришлар амалга оширилаётганидан кўнглимиз ғурур-ифтихорга тўлади.
Таъкидлаш керакки, бундай ўзгаришларнинг энг муҳим натижаси одамларнинг турмуши, онгу тафаккури, уларнинг ҳаётга қараши ўзгараётгани, эртанги кунга бўлган ишончи тобора ортиб бораётганида намоён бўлмоқда. Шу маънода, бугунги Фарғона – кўнгли обод инсонлар диёри, десак, хато бўлмайди. Бошқача айтганда, вилоятининг ҳусну таровати унинг одамларини ҳам гўзал қилиб юборди. Айниқса, воҳа ёшларининг ғайрат-шижоати, орзу-ўйлари, спорт оламидаги дадил қадамлари бизни ниҳоятда қувонтирди.

Қадр учун курашамиз

Бугунги мамлакатимиз турли соҳаларда, жумладан, спорт оламида улкан ютуқларни қўлга киритаётгани, спортчи ёшларимиз Ватанимиз бароғини жаҳон майдонларида баланд кўтариб келаётгани билан, ҳеч шубҳасиз, ҳар бир юртдошимиз фахрланади. Айни пайтда бу ёшлар қўлга киритаётган ютуқларининг боиси нима, деган савол ҳам кўнглимиздан кечса, ажаб эмас.
Бизнингча, миллий ғурур, она юртга, фидойи халқимизга бўлган муҳаббат, бобомерос орият, ғурур туйғуси, муқаддас Ватанимиз тимсоли бўлиб ҳилпирайдиган давлатимиз байроғини боши узра баланд кўтариб, дунёга намойиш қилиш орзуси бу ёшларга беқиёс куч-қувват бермоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб болалар спорти ривожига алоҳида эътибор қаратилгани натижасида юртимизда узоқни кўзлаб олиб борилаётган яна бир устувор йўналишнинг бугунги кунда қандай ҳаётбахш натижалар бераётганини кўплаб мисолларда кўряпмиз. Бу борада Президентимиз томонидан 2002 йил 24 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида»ги ҳамда 2004 йил 29 августда имзоланган «Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлар алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Биргина Фарғона вилояти мисолида бунга ҳар томонлама ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ҳозирги пайтда вилоятда таълим олаётган 688 минг нафар ўқувчининг 213,4 минг нафари мунтазам равишда сгюрт билан шуғулланаётгани ана шу ҳужжатлар асосида олиб борилган ишлар, яратилиган қулайликлар шарофатидандир. Айниқса, вилоятда бокс, стол тенниси, миллий кураш, спорт гимнастикаси, сузиш, шарқона якка кураш турлари ёшлар ўртасида жадал ривожланмоқда.
Эътибор беринг, 1991 йили вилоятда атиги 17 та стадион бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 46 тага, футбол майдонлари эса 759 тага етди. Шу даврда 33 та замонавий теннис корти барпо этилди. Тошлоқ, Учкўприк туманларида, Қувасой шаҳрида марказий стадионлар, Қува туманида соғломлаштириш маркази, Фарғона шаҳрида «Истиқлол» теннис мажмуаси, «Кимёгар» мажмуаси каби ўнлаб спорт иншоотлари барпо этилгани ёшларни спортга кенг жалб этишда янги уфқлар очди. Бу борада «Нефтчи» профессионал футбол клуби қошидаги болалар ва ўсмирлар мактабида амалга оширилган ишлар, яратилган шарт-шароитлар таҳсинга лойиқ.
Фарғона олимпия заҳиралари спорт коллежини эса том маънода истиқлол берган имкониятлар рамзи дейиш мумкин. 2003 йилда замонавий андозалар асосида қурилган, жаҳон стандартларига мос ҳолда жиҳозланган бу муҳташам коллеж бугун бўлғуси чемпионлар масканига айланган. Ўтган йили коллеж ўқувчилари мамлакат мусобақаларида 50 та, халқаро беллашувларда эса 3 та олтин медални қўлга киритгани ҳам шундан далолат беради.
Белбоғли кураш бўйича Сабоҳат Шералиева, Азизбек Эргашев, боксчи Ўктам Раҳмонов, Машҳур Рўзиев, Муҳиддин Раҳмонов, белбоғли кураш соҳасида Муҳиддин Абдулаҳадов, Дадажон Эргашев, Азизбек Эргашев каби ёшлар келажакда юртимиз шаънини ҳимоя қилишга қодир бўлиб камол топмоқда.
Сўнгги беш йил мобайнида ўндан ортиқ фарғоналик белбоғли кураш усталари Осиё, жаҳон чемпиони бўлиб, олтин ва кумуш медалларни қўлга киритишди. Жумладан, бағдодлик Аҳмаджон Жўрақулов икки карра жаҳон чемпиони бўлди. Абдулла Мамаюсупов, Фозил Умурзоқов, Зоҳиджон Исмоилов, Шаҳодат Шералиева, Дилшода Юнусова каби спортчи ёшларнинг ортидан юзлаб издошлар етишиб келаётгани миллий спортимизда «Фарғона белбоғли кураш мактаби» деган таърифнинг пайдо бўлиб, шуҳрат топишига замин яратмоқда.
Шуни алоҳида мамнуният билан таъкидлаш керакки, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Фарғона вилояти спортчилари энг нуфузли халқаро мусобақаларда мунтазам қатнашиб, миллий спортимиз ютуқларини янада оширишга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Масалан, 2010 йили Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида ўтказилган Осиё спорт ўйинларида қатнашган боксчилар Элшод Расулов биринчи, Ўктам Раҳмонов иккинчи, таэквондочи Акмал Эргашев учинчи, шахматчи Нафиса Мўминова эса иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган футбол бўйича ўсмирлар чемпионатида қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси эришган катта муваффақиятда мустақил республикамиз терма жамоаси таркибида тўп сурган фарғоналик ёш футболчилар Нодир Камолов, Равшан Ҳайдаров, Муҳсим Убайдуллаев, Давлат Ёрбеков каби ўғлонларнинг ҳиссаси катта бўлганини юртимиздаги футбол мухлислари яхши билишади.
Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги муносабати билан Бешариқ туманининг Рапқон қишлоғидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бокс бўйича ўтказилган халқаро турнирда қатнашдик.Бу мусобақада 1995-1998 йилларда туғилган 200 нафардан зиёд ёш боксчи 7 вазн тоифасида куч синашди. Республикамизнинг бир қатор вилоятлари ва қўшни давлатлардан келган ёш боксчилар ўртасидаги кураш ниҳоятда қизғин кечди. Ёш ўғил-қизларимизнинг шижоат ва маҳорат билан беллашганини кўриб, бокс бўйича ҳам юртимизда янги спортчилар авлоди шаклланиб келаётганига ишонч хосил қилдик.
Бугун ушбу болалар спорт мактаби ва унинг филиалларида спортнинг 4 тури бўйича мингга яқин ўғил-қиз шуғулланмоқда. Бу мактабнинг асосчиси Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ таълими аълочиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси, халқаро тоифадаги ҳакам Рустам Мажидов фидойи, мураббийликни ҳаётининг мазмунига айлантирган инсон.
–Биласизми, бойлик, обрў-эътибор, уй-жой, мол-мулк дегандек – буларнинг ҳаммаси керак, аммо инсон ҳаётида меҳрнинг ўрни бошқача. Одам қанча яшамасин, меҳрга тўймайди, – дейди Рустамжон. – Мураббий учун энг кераклиси меҳр, сабр-тоқат, доимий изланиш, қатъий интизом. Меҳрли инсонга, мураббийга шогирдлар эргашади, унинг этагини маҳкам тутади.
Мана, кўриб турибмиз, ўғил-қизларимизнинг соғлом, билимли, ақлли, кучли бўлиб камол топиши учун барча шароитлар яратилган. Биз бундан унумли фойдаланмасак, ким деган одам бўламиз. Юртимиздаги имкониятларга ён-атрофимиздаги қўшниларимиз ҳавас билан қарамоқда. Мана шу ҳавас бизга янада кўпроқ куч-қувват, ғурур бахш этади. Айни пайтда катта масъулият ҳам юклайди.
Дарҳақиқат, Рустам Мажидов раҳбарлигидаги ўнлаб мураббийларнинг фаолияти туфайли кейинги йилларда Рапқон бокс мактабидан Азиз Раҳмонов, Зоҳид Султонов каби жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиқди. Бугун уларнинг изидан бораётган Равшан Абдуназаров, Олим Алиқулов, Шоҳжаҳон Эргашев, Баҳром Фозилов, Довуд Рустамов каби ёшлар мамлакатимизда ўтказилаётган мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой эгаллашмоқда.
Рустамжоннинг падари бузруквори Аҳмадалиҳожи ота беш ўғил, беш қизни тарбиялаб камолга етказган, 40 нафардан зиёд набира ва эваралар қуршовидаги пири бадавлат инсон. Бизни ҳайратга солгани – аввало отанинг қадди-қомати, етмишдан ошган бўлишига қарамасдан, вужудидан куч ёғилиб турган алпомиш келбат инсонларни эслатиши бўлди. Суҳбатидаги самимият эса чеҳрасидаги улуғликка монанд.
–Яратганга беадад шукр, мендек оддий деҳқон одам фарзандларимга мустақиллик ато этган имконият боис шундай эъзозу эътирофларга мушарраф бўлдим. Рости, Рустамжондаги спортга бўлган кизиқишни кўриб, орзу-ўйларига шерик бўлиб, ёнига кирдим. Чекка қишлоқда алоҳида бокс мактаби ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу мактаб ўрни бир пайтлар ташландиқ жой эди. Ўғилларимни, набираларимни ёнимга олиб, аввало бу жойни ободонлаштирдик. Кичик бино ёнига катталари қўшилди. Туман, вилоят ҳокимлиги кўллаб-қувватлади. Энг муҳими, барчасининг асоси – муҳтарам Юртбошимизнинг болалар спортига шахсан ўзлари раҳнамолик қилаётганида, деб биламан.
Биласизми, ҳозир Рапқонда қайси оилада ўғил бола туғилса, боксчи туғилди, дейишади. Боксчиларнинг алоҳида ўз ички интизоми бўлар экан. Бирон дақиқа вақтини бекорга ўтказмайди. Биров билан муштлашмаслик, ҳеч кимни калтакламасликка сўз беради. Барча ота-оналар учун ўғил-қизининг соғлом, иродали ва бақувват бўлиб ўсаётганини кўришнинг ўзи катта бахт. Бугун республикамизда ота-оналар ана шундай бахтни тўлиқ ҳис қилиб яшаяпти.
Шуни алоҳида ифтихор билан қайд этиш керакки, бугун вилоятда Фарғона, Қўқон, Рапқон бокс мактаблари мавжуд. Вилоятда нафақат бокс, спортнинг барча турлари ривожи учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида вилоятдан 27 нафар жаҳон, 18 нафар Осиё чемпиони ва совриндорлари етишиб чиқди.
Ҳозирги кунда вилоятда 3 нафар Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устаси, 17 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 80 нафар спорт устаси, 2120 нафар спорт усталигига номзод бўлган мураббий ва спортчи фаолият олиб бораётгани бу заминнинг спорт соҳасидаги салоҳиятидан далолатдир.

Энг муҳими, ғалабага ишонч

Мен Рапқон қишлоғида ўтаётган халқаро турнирга меҳмон бўлиб келган, бокс бўйича 15-16 яшар ўсмирлар ўртасида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати олтин медали соҳиби Ойбек Шарипов билан суҳбатлашдим.
Бу навқирон йигитнинг қадди-қоматидан тортиб, ўзини тутиши, суҳбати, камтарлиги, самимиятигача ҳавас қилгулик. Бутун вужудидан ишонч ёғилиб турган Ойбекка боқиб, чиндан ҳам, юртимиз ёшлари ҳар томонлама баркамол бўлиб ўсаётганига ишонч ҳосил қиламиз.
Албатта, жаҳон чемпиони бўлиш бир сакраб чиқиб оладиган нарвоннинг боши эмас. Узлуксиз меҳнат, машаққат, ётиш-туришдан тортиб, овқатланишгача – барчаси қатъий интизом асоида олиб борилиши шарт. Ойбек Шарипов республикамизда ўтказилган ўнлаб мусобақаларда ғолиб бўлиш билан бирга 2010 йили Боку, Туркия, Украина шаҳарларида ўтказилган халқаро мусобақаларда ҳам олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган.
– Боксчи учун энг муҳими ғалабага, ўз кучига бўлган ишонч, – дейди Ойбек. –Агар боксчи ўзига ишонса, рингда ўзини худди ўз уйидагидек ҳис қилади. Биз оғир вазн тоифасидаги боксчилар рингга мусобақа охирида кўтарилдик. Рақибим Қозоғистон вакили Дидар Тўлаган эди. Қозоғистонликлар уни оёққа қалқиб қўллаб-қувватлашди. Унинг вазни 100 килодан ортиқ. Рости, ҳаяжонландим. Чунки қўлимда жароҳатим бор эди. Аммо Ўзбекистон аҳли мени кузатиб тургани, ортимда Ватаним, ота-онам, буюк Юртбошим борлигини ёдга олдим, қолаверса, шу чемипионатга келолмай қолган, мен билан бирга шуғулланган тенгдошларим кўз олдимга келди. Кутилмаганда вужудим кучга тўлди. Фақат ғалаба ҳисси билан рақибга ташландим ва ғолиб бўлдим.
Бошим узра ҳилпираб турган байроғимизни кўрганда, мадҳиямиз янграганда, тўғриси, кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Менинг ғалабам туфайли 50 га яқин мамлакат ўртасида биз – ўзбекистонликлар умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгалладик.
Мен ғолиблик шоҳсупасида туриб, юртимизда спортга, айниқса болалар спортига шу қадар катта эътибор кўрсатаётган Президентимиз олдида юзим ёруғ бўлганини ҳис қилдим. Отамнинг кўзида қувонч ёшларини кўрдим. Тошкент аэропортида кутиб олган онажоним шодликдан йиғлар эди. Насиб этса, олимпиада ўйинларида ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилишга ваъда бераман.
Албатта, бундай ҳаяжонли дамларни ушбу мусобақада иштирок этган Ойбек Шариповнинг сафдошлари 57 килограмм вазнда олтин медаль соҳиби бўлган Алиёр Норалиев, 60 килограмм вазнда кумуш медални қўлга киритган Исроил Мадраимов, бронза медали соҳиблари Улуғбек Абдуқаюмов, Акбаржон Мелиниёзов ҳам дил-дилдан ҳис қилишди. Ойбек, Алиёр, Акбаржон – Қўқон бокс мактабидан Улуғбек эса Фарғона шаҳридан.
Шу ўринда муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг «Ёшлар тарбияси, баркамол авлод деганда, биз Ўзбекистоннинг буюк келажагини назарда тутамиз» деган сўзларини эслаш ўринли деб ўйлаймиз. Чиндан ҳам, бугунги навқирон авлодимизнинг жаҳон майдонларида эришаётган ҳар бир ғалабаси, мустақил ҳаёт сари қўяётган ҳар бир қадами бизнинг буюк келажагимизга бўлган ишончимизга ишонч, ғайратимизга ғайрат қўшмоқда. Бундай ёшлар билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Ҳурликнинг ҳаққи бордир,
Юртнинг ҳар ўғлонида!
Йигитнинг кўрки – ордир,
Қадри оқса қонида.
Меҳрида оташлари,
Ўзбекистон ёшлари.
Эллараро юрт шонин,
Бошида баланд тутган.
Ўзбекнинг ҳар ўғлонин,
Майдонда олқиш кутган.
Метиндек бардошлари,
Ўзбекистон ёшлари.
2011 йил
































КЎЗ ЮМСАМ,
КЎНГЛИМДА ВАТАН КЎРИНДИ















УЛУҒ МАҚСАДЛАР САРИ ИШОНЧЛИ ҚАДАМ

Барчамиз гувоҳ бўлиб келаётганимиздек, 2020 йилда илгари тарихимизда кўрилмаган мураккаб синов ва машаққатлар кўп бўлди. Айни вақтда бу йил халқимизнинг қудрати ва салоҳияти, донишмандлиги, мардлиги ва матонати ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлган йил сифатида тарихда қолади, десак, асло муболаға бўлмайди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жаҳон миқёсидаги энг олий минбар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи ҳам, ҳеч шубҳасиз, халқимиз, Ватанимиз ҳаётидаги энг ёрқин тарихий воқеалардан биридир. Қарийб йигирма дақиқа давом этган, лекин ўзининг чуқур маъно-мазмуни, таҳлилий руҳи, минтақавий ва глобал миқёсдаги энг долзарб муаммоларга конструктив ёндашуви ва аниқ-равшан ечим ва таклифларни илгари сургани билан бу нутқ асрларга татигулик аҳамиятга эга эканини бугунги кунда нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки халқаро эксперт ва кузатувчилар ҳам эътироф этишмоқда.
Мазкур нутқни катта эътибор ва ҳаяжон билан тинглаб, қалбларимиз қанчалик ғурур-ифтихорга тўлган бўлса, у ҳақда билдирилаётган холис фикр ва мулоҳазалар, ҳаққоний эътирофларни эшитиб, кўнглимиз янада тоғдек кўтарилмоқда. Бу – янги Ўзбекистонимизнинг дунё майдонидаги яна бир улкан ютуғи бўлиб, бунинг натижасида халқаро ҳамжамият, турли давлатлар, хорижий сармоядор ва ишбилармонлар, бизнес оламининг кўзга кўринган намояндалари ўртасида мамлакатимизга, биз билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш ва интилиш янада ортишини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта.
Яқинда ўз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаган жонажон Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, маданий соҳаларда эришаётган ютуқларини ана шу сана муносабати билан атрофлича сарҳисоб қилиб олдик. Президентимиз энг улуғ ва энг азиз байрамимиз муносабати билан сўзлаган нутқида бу борадаги энг муҳим йўналишларга тўхталиб, олдимизда турган вазифаларни янада аниқ-равшан белгилаб берди.
Мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар, ишга туширилаётган янги-янги ижтимоий-иқтисодий объектлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг кўлами мамлакатимиз ҳақиқатан ҳам ўз тараққиётининг бугунги янги босқичида маррани ниҳоятда баланд олгани ва кўзлаган манзилларига албатта етажагини яққол намоён этмоқда.
Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясидаги тарихий нутқини бутун халқимиз қатори мен ҳам чуқур ҳаяжон билан тинглаб, минтақамиз ва глобал миқёсдаги муаммолар бўйича илгари сурилган янги фикр ва ташаббуслардан жуда тўлқинландим. Айниқса, бир ижодкор сифатида буюк бобомиз Алишер Навоий тили – ўзбек тили давлатимиз раҳбари тимсолида бутун йигирма дақиқа давомида жаҳон минбарида халқаро тил, халқаро мулоқот воситаси бўлиб турганидан беҳад қувониб, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Чунки ўзбек тили, миллий маданиятимиз, адабиётимиз ва санъатимизнинг шуҳратини дунёга таратиш не-не улуғ устозларимизнинг ушалмас орзуси, армони бўлиб келган эди. Шунинг учун бу нутқ нафақат биз – ўзбекистонликлар, айни вақтда бутун туркий олам учун чинакам маънавий байрам бўлди. Мен қаттиқ ҳаяжондан, бамисоли узоқ йиллар йўқотиб қўйган энг қимматли бойлигимизни топгандек, яйраб кетдим, кўзимда қувонч ёшлари, шукрона ёшлари пайдо бўлди.
Маълумки, Алишер Навоий бобомиз дунё ижодкорлари ичида энг кўп – 26 мингдан зиёд сўз ишлатиб, она тилимиз бениҳоя бой ва таъсирчан тил эканини амалда исботлаган. Шу боис чексиз ғурур билан: “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам”, деб таъкидлаганлар. Ул буюк аждодимиз туркий қавмларни бир адабий тил воситасида янада яқинлаштирган бўлсалар, муҳтарам Президентимиз ушбу нутқи билан дунёнинг барча мамлакатларида яшаб келаётган миллатдошларимиз қалбида ягона тил, ягона Ватан туйғусини кучайтириб, уларни маънавий жиҳатдан янада муштарак қилдилар.
Жаҳон халқлари минбарида она тилимизнинг 75 йил мобайнида илк бор бундай мағрур янграши бу – янги Ўзбекистоннинг овози, ташаббуслари дунёни тобора кўпроқ қамраб олаётганидан далолатдир.
Юртбошимиз ўз нутқида олтита муҳим масалага тўхталиб ўтди. Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва дунё миқёсидаги сиёсий жараёнларда тутган ўрни, геосиёсий аҳамияти янада чуқур ифода этилгани, қўшни мамлакатлар билан ўзаро тинч-тотув яшаш, азалий дўстона ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар, хотин-қизлар масаласи, глобал иқлим ўзгаришлари, жумладан, Оролбўйи ҳудудидаги мураккаб экологик вазиятни юмшатиш, Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатишга доир фикр ва ташаббуслар беқиёс аҳамиятга эгадир.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги вақтда коронавирус пандемиясини бартараф этишнинг энг асосий шарти барча мамлакатларнинг жипслашуви, ўзаро ишонч ва келишув негизида ҳаракат қилиш ва самарали ҳамкорлик эканини алоҳида таъкидлади.
Ушбу нутқда мамлакатимизда сўнгги тўрт йил мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Хусусан, жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланаётгани, мамлакатимизда демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олганига эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистонда гендер тенглик сиёсати устувор масалага айлангани, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият бутунлай ўзгариб, мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилгани, мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қабул қилингани айтилиб, уларнинг моҳияти ва аҳамияти очиб берилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан Президентимиз ташаббуси билан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилгани, 50 минг инсоннинг ҳаёти, тақдири, ҳуқуқ ва манфаатлари мамлакатимизда шу тариқа давлат ҳимоясига олингани қанча-қанча ватандошларимиз, уларнинг оиласи, фарзандлари қалбига сўз билан ифода этиб бўлмайдиган хурсандчилик олиб келди.
Юртимизда яна бир муҳим соҳа – диний эркинлик борасидаги вазият ҳам кескин яхшиланиб, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратган яна бир масала – жамиятимизда судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар, коррупцияга қарши муросасиз курашнинг янги босқичга кўтарилганидир.
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилиб, биринчи марта қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримиз бутун дунёга очиқ эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбари юртимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этиши, шу боис ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, БМТ раҳбариятини яна бир бор Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу юксак даъват сайёрамиздаги нуфузли сиёсатчилар томонидан олқишланмоқда. Чунки ёшларнинг тақдири – бу дунёнинг келажаги ва тақдири демакдир.
Мени бениҳоя тўлқинлантирган яна бир таклиф Президентимизнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорликда 2021 йилда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси бўлди.
Барчамизга яхши аёнки, халқимиз азалдан меҳмондўстлиги, юксак инсонпарварлик фазилатлари билан ҳурмат-эътибор қозониб келади. Эл-юртимизнинг ана шундай олижаноб қадрият ва анъаналари, бизнинг қандай буюк тарихимиз ва маданиятимиз борлиги, эл-юртимизнинг миллий қиёфасини дунёга танитиш, шу асосда маданий дипломатияни, туризм соҳасини ривожлантиришдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда зикр этилган анжуман, ҳеч сўзсиз, муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бундай форумларга биринчи навбатда илм-маърифат ва маданият намояндалари, олиму фузалолар, санъат аҳли, ижодкорлар келади. Табиийки, улар ўз юртларига бориб, анжуман давомида кўрганларини ўз юртдошлари ўртасида тарғиб қилади. Хивадек асрлар синовидан ўтиб келаётган мўъжиза шаҳарни кўриш, очиқ осмон остидаги инсон ақлу заковатининг ёрқин тимсоли бўлган, кўҳна тарихдан ҳикоя қилаётган турфа мажмуаларни, осори атиқаларни томоша қилиш, бу ерда қадимий Шарқ нафаси, тарихи ва фалсафасини ҳис этиш дунёдаги қанча-қанча одамлар учун ширин орзудир. Бундай халқаро форумларнинг юксак савияда ўтказилиши эса ана шундай орзумандлар сонининг янада ортишига сабаб бўлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган яна бир муҳим таклиф – “Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини’’ қабул қилиш ҳақидаги ташаббус ҳам бугунги замон ва тараққиёт талаблари руҳига мослиги билан алоҳида ажралиб туради.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Президентининг БМТдаги бу галги нутқи ва унда кўтарилган масалалар ҳам ўта долзарблиги, халқимиз, Ватанимиз, ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва келажагимизга дахлдорлиги билан бениҳоя улкан қимматга эгадир.
Албатта, қисқа вақт – йигирма дақиқага яқин вақт ичида минтақамиз ва дунё тақдирига дахлдор бундай улуғвор ғоя ва ташаббуслар, амалий фикр ва таклифларни илгари суриш учун юксак донишмандлик, узоқни кўзлаб фикр юритиш, интеллектуал тафаккур салоҳияти, жасорат, кенг ва саховатли қалб керак, энг муҳими, ўз халқи ва мамлакатининг равнақи, соғлиги-омонлиги ва саодатини ҳар қандай нарсадан устун қўйиб, шу йўлда бутун борлиғини бериб ҳаракат қилаётган том маънодаги миллий етакчи, юрт йўлбошчиси бўлиш лозим.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиймосида биз билан бирга бутун дунё аҳли яна бир бор ана шундай жонкуяр ва донишманд раҳбарни кўрди ва Ўзбекистон ўз етакчиси билан бирга улуғ мақсадларига албатта етишига ишонч ҳосил қилди.

(“Янги Ўзбекистон” газетасининг
186-сони, 2020 й.)















МУНАВВВАР РАНГИНГДА ВАТАН ЖАМОЛИ

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида Рамз – бир ғоя, тушунча, ходиса кабиларни ифодаловчи, эслатувчи шартли белги, ишора дея таьрифланади.
Зеро, инсон азал-азалдан бу оламда ўзини борлигини, мавжудлигини исботлашга уринади. Бунинг учун тинимсиз ҳаракат, интилишдан тўхтамайди. Ўз номини танитиш, бирор аниқ белгиси, қирраси билан намоён бўлиш у учун муҳим. Ҳаттоки мана шу қиёфа у учун ор-номус тимсолига айланиб кетган. Табиийки, бу сифат улар тузган халқу давлатнинг қиёфасига, рангу рўйи, орзу-интилишлари, асрий армонлари ва нурли келажакка боққан нигоҳларига ҳам кўчади.
Давлат рамзлари ҳақида гап кетганда, илк дафъа кўз олдимизга турфа байроқлар келади. Улар юксакда мағрур ҳилпираб, бутун башариятга Ер шарида мамлакатлар ҳасби ҳоли бўлиб жилоланиб туради. Шукрки, уларнинг сафида биз учун алоҳида қадру қимматга эга, сарбаланд, кўрсак, кўзимиз яшнайдиган, кўнглимизда фахру ифтихор балқийдиган бир гўзал байроқ бор. Биз учун у энг чиройли, энг мукаммал ва ягона туғ, туғро! Чунки у бир халқнинг шаъну ғурури, ор-номуси рамзидир!
Бу жонажон Ватанимиз, мустақил Ўзбекистонимизнинг байроғи!
Самоланган кўнглимиз ифтихор нури бўлиб кўкда порлаган муқаддас туғимиз бундан 29 йил аввал – 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган. Бу жафокаш ўзбек халқининг, яна унга елкадош, дўсту биродар бўлиб, бир оила бўлиб, шу ҳудудда аҳил-иноқ, тинч-тотув яшаётган 130 миллату элатларнинг улкан тарихий ғалабаси иниъкосидир!
Байроғимиз шаклан бир мато, байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган, оқ рангли эннинг четларидан қизил ҳошиялар ўтказилган тўғри тўртбурчак шаклидаги мато. Аммо унинг шамойили, унинг маънавий-руҳий қиёфасини сўз билан таърифлаб бўлмайди. У кўзимизнинг нури, танимизнинг қуввати, мақсадларимизнинг порлоқ машъали бўлиб, юксак марраларга чорлаб туради. Унга қараб биз ўзимизнинг борлигимизни, шу каҳкашонли дунёда 200 га яқин мамлакатлар ичида ўз ўрнимизга эгалигимизни англаймиз!
Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. Буюк аждодларимиз азал-азалдан озод ва ҳур яшашга интилган, бу йўлда молию жонини аямаган. Тарихда бунга истаганча исбот ва далиллар бор. Халқимиз минг йиллар мобайнида бошидан қанча-қанча босқину, қирғин баротларни, дилозорликларни ўтказди, бироқ уларнинг ҳеч бирига кўникмади, кўнмади. Аксинча, “ҳур туғилғон”ини (Чўлпон) англатиш учун курашиб келди. Бунинг энг яқин, энг ёрқин далили – ўтган аср аввалидаги жадиларимизнинг миллий озодлик учун қилган саъй-ҳаракатларидир.
Улар аслида бутун бир миллатнинг ички дунёсини, ички орзуларининг манзараси бўлиб майдонга чиққандилар. Гўё вужудан бир байроққа айланиб кетган юртнинг жасур ўғлонлари мисолида Ўзбекистон замини ҳеч қачон ёвга бўйсунмаслигини, ҳеч қачон тобе бўлмаслигини, аксинча мустақилликка интилаверишини, ҳурриятга бўлган ташналигини қондирмагунча тўхтамаслигини исбот этди.
Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг пештоғида кўпсонли суверен мамлакатлар қаторида озод Ўзбекистон байроғи ҳам бўйма-бўй, қадма-қад туриб ўзини намоён этяпти. Булар ҳақида ўйласам, ҳар гал жадид боболаримизнинг орзулари ижобат бўлганидан, тўккан қонлари оқланганидан, халқимиз тортган азобу уқубатлар беиз кетмаганидан кўнглим равшан тортади, кўзларимда севинч ва шукроналик ёшлари пайдо бўлади.
Бундан ўттиз йил аввал бир алп йигит ёки дилбар қизимизнинг жаҳон майдонида Ўзбекистон байроғи остида спорт мусобақаларида иштирок этишини тасаввур қилиш қийин эди. Истиқлол ато этган давру давронни қарангки, бугун бунинг аксини тасаввур қилиш мушкул. Спортчиларимиз дунёнинг энг нуфузли, энг улкан спорт анжуманларида манаман деган мамлакат вакилларидан қолишмаслигини, ғалаба учун ҳақдор эканини такрор-такрор исбот қиляпти. Бугун ўғил-қизларимиз орасида минглаб чемпионлар бор. Уларнинг ҳар бир ғалабаси учун байроғимиз кўкка бўйлаб, мадҳиямиз жаранг сочганини, сочаётганини ва сочажагини ўйласам, томирларим ғурурдан жимирлаб кетади.
Фақат спорт эмас, илм-фан, маданият ва адабиёт, ҳарбий соҳаларда эришаётган ютуқларимиз рамзи бўлиб ҳам байроғимиз сарбаланд кўтарилмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, буни амалга ошираётган йигитларимиз, қизларимиз томирида қандай улуғ аждодларимиз қони оқаётганини ҳис қилсангиз, ишончингиз янада мустаҳкамланади.
Байроғимиз Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлиги, меҳнатсеварлиги, серҳаракатлиги, бағрикенглиги, очиқкўнгил эканидан, энг муҳими, тинчликпарварлигидан дарак бериб туради. Байроққа нисбатан халқимизнинг муқаддас қадрият деб қараши, ниҳоятда юксак ҳурмат кўрсатиб, эҳтиёткорона муносабатда бўлиши ҳам таҳсинга сазовор ҳолатдир. Шу боис ҳам миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туради. Шунингдек, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ўзбекистон аталмиш чаманзор шаъни, халқи ор-номусини акс эттиради.
Келинг, қисқача байроқдаги ранглар ва шакллар мазмунига тўхталсак. Мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганига ишора бўрса, яшил ранг гўзал табиати ҳамда жаннатмонанд диёр бор давлат эканимиз рамзидир. Бу ранг аслида халқларнинг навқиронлик, умид ва бахтиёрлиги тимсоли ҳисобланади. Байроқдаги қизил чизиқлар эса давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро бирлашиб, бир мушт бўлиб, бир тану бир жон бўлиб, мардонавор меҳнату ғайрат қилаётган юртдошларимиз томирларида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.
Тарихда ҳам байроқ билан боғлиқ кўплаб таъсирчан воқеотлар бор. Бу ҳақида гап кетганда, кўпинча Шайх Нажмиддин Кубронинг жасорати кўз олдимизга келади. Унинг буюк қаҳрамонлигидан ларзага келамиз! Кубронинг ватан байроғини маҳкам чангаллаб жон бергани замирида тафаккур ўзанларига сиғмас маънолар борлигини илғаб, титраб кетамиз. Ҳалигача бу воқеалар бизни жасоратга ундайди, қалқитади, қайнатади. Худди шундай манзараларни бошқа тарихий қаҳрамонларимиз ҳаёти ва фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар сафида Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Собир Раҳимов каби ўнлаб саркардаларимиз қаҳрамонликлари бор. Бугун эса Ватан байроғини ўпиб, қасамёд қилаётган аскарларимиз тимсолида ана ўша ёвқур боболаримиз тажассумини кўргандек бўламиз! Бу йигитлар Ватан байроғини кўзига суртиш, уни тўтиё қилиш асносида Ватани учун талаб этилса, жонини фидо қилишга тайёр эканини англатади.
Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга тимсоли бўлиб, ҳамиша баланд-баландларда ҳилпираб турсин! Чунки биз унда захматкаш, меҳмондўст, жонажон хаоқимизни, истиқболи порлоқ янги Ўзбекистонимизни, бир сўз билан айтганда, Она Ватанни кўрамиз!

Дунё майдонида юртим тимсоли,
Мунаввр рангингда Ватан жамоли,
Миллатим ғурури, элим камоли,
Кўзимга кўрк берган, кўксимда тоғим,
Ази,з муқаддассан, менинг байроғим.

Мовий, мангу осмон, оби-ҳаётсан,
Сен тинчлик рангисан, оппоқ баётсан,
Ям-яшил навқирон умид, нажотсан,
Аждодлар қонидан оққан ирмоғим,
Азиз, муқаддассан, менинг байроғим.

Ярим ой ҳурлигим, бахтим дилномам,
Ўн икки юлдузим, қадим йилномам,
Навқирон ёшдаги ёруғ солномам,
Бошимда балқиган қадрим, қароғим,
Aзиз, муқаддассан, менинг байроғим.

Сен Кубро кўксидан чиқмаган жонсан,
Сен Темур туғисан, абадий шонсан,
Ўзбегим қўлида улуғ имконсан,
Боболардан мерос сабрим, сабоғим,
Азиз, муқаддассан, менинг байроғим.

Ўғлону қизларинг шоним деб тутгай,
Қандоқ яшай сени бошимда тутмай,
Нечун қувонмайин, нечун фахр этмай?
Эй ота маконим, она тупроғим,
Азиз, муқаддассан, менинг байроғим.

(“Янги Ўзбекистон” газетасининг
222-сони, 2020 й.)























МАЪНАВИЙ МЕРОС – МАНГУ ХАЗИНА

Қайси жамият, қайси тузум ва қандай давлат бўлишидан қатъи назар, у ерда, аввало, инсон қадр топса, ўзини эркин ҳис қилса, фаровон турмуш соҳибига айланса, ҳаётидан рози яшаса – табиийки, бундай жамиятда тинчлик барқарор, тараққиёт бардавом бўлади.
Тафаккур қилсак, Парвардигор ўз гўзаллиги эътирофи сифатида табиатни, ўз қудратининг тимсоли сифатида инсонни яратганини англаймиз. Одамга ато этилган неъматларнинг аввалида унинг азизу мукаррамлиги туради. Чунки инсонга насиб бўлган ақлу тафаккур, иймон-эътиқод, меҳру муҳаббат, илму ҳикмат, ҳаё-ибо ҳеч бир жонзотда йўқ. Шунинг учун ҳазрат Навоий инсонни шундай улуғлаган:
Тўрт унсур, етти кўк, олти жиҳот,
Нодиру олий асоси коинот.
Барчасидан ашраф ул инсон эрур,
То камолидан ҳирад ҳайрон эрур.

Бу дунёнинг бор нозу неъматларини Яратган инсон учун бунёд этган, айни пайтда улар она табиатнинг маҳсули бўлиб яралган. Тараққиёт, бунёдкорлик эса ўша ақлу заковатнинг бир маҳсули. Шунинг учун ҳам тафаккур эгаларига бешикдан қабргача “илм излаш” буюрилган.
Айни пайтда, инсон бўлиб яшашнинг ўз қонуниятлари бор. Табиат измига бўйсуниш, унга қарши бормаслик – бу қонунларнинг аввали. Биз ёзилган ва ёзилмаган қонунлар ҳақида фикр юритамиз-да, уларга гоҳ бевосита, гоҳ билвосита амал қиламиз.
Назаримда, ҳақиқат ва адолатга бўлган кучли интилиш, мазмунли ҳаёт орзуси, истаги тафаккур ривожланган жамиятларда биринчи бўлиб шаклланган. Ҳалол ва пок яшаш учун, айни пайтда ўзини ишончли ҳимояси учун қонун шаклидаги ҳуқуқий асослар ихтиро қилинган, одамлар, жамият давлат амал қиладиган, бўйсунадиган қоидалар ишлаб чиқилган. Шу маънода айтсак, қонун бу инсон қадрининг синмас, ёнмас қалқони.
Қонунчилик соҳасида катта тажриба тўплаган мамлакатлар эса фурсатлар келиб, давлат ва халқнинг ҳуқуқий паспорти, қонуний ташриф қоғози бўлмиш – конституцияни яратишга муваффақ бўлди. Бугун, ҳеч шубҳа йўқки, ҳар бир давлатнинг юксак юридик кучга эга бўлган Асосий қонуни, барча жорий қонунларнинг асосига айланиб улгурди.
Агар бир оз шоирона ҳаяжон билан ифода этсак, Конституциямиз – миллатимиз, халқимиз, давлатимиз қадри учун Қонун тимсолида қўйилаётган ҳайкал. Янги тамаддун истиқболига ёқилаётган чироқ. Бинобарин, доно халқимизда “замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” деган пурмаъно нақл бор. Янги Ўзбекистонимизни янги имкониятлар оламига олиб чиқиш, ривожланган давлатлар сафида, тенглар ичра тенг бўлиб тараққий топиши учун Конституциямизга бир қатор ўзгартишлар киритишни даврнинг ўзи ҳам жиддий талаб этяпти. Бу муҳим жараённи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз бахт-саодати, фаровон ҳаётини ўйлаб, ҳамиша ўз вақтида киритаётган хайрли ташаббусларининг мантиқий давоми деб баҳоласак, ўйлайманки, тўғри бўлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан 20 июнда бўлиб ўтган учрашувда таъкидлаганидек, “Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз”. Зеро, биз мана шундай ўзгаришларга тайёр ва асосийси, янада яхши шароитларда яшашга муносиб халқмиз.

Миллий урф-одатларимиз – миллий ўзлигимиз

Эркин фикр – хаёлига, оғзига келган сўзни демак эмас. Балки бу ақлий ва маънавий хуррам яшашга берилган имконият деб ўйлайман. Чинакам эркин фикрни ким айтади? Маънавий пок инсон айтади. Унинг Яратган олдида ҳам, элу юрт олдида ҳам ҳамиша юзи ёруғ. Биз миллат сифатида бир жиҳатимиз – яъни миллий урф-одатларимиз асоси, тамал тоши покликка қурилгани, ҳалол ниятдан яралгани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Шу боис, мен янгиланаётган Конституциямизда миллий урф-одатларимиз ва маънавий меросимизни сақлаш борасида олдимизда турган вазифаларга, миллат фарзанди сифатида бурчимизга ўз муносабатимни билдирсам.
Аввало, шуни айтиш жоизки, урф-одат деганда, кундалик турмуш тарзимизга сингиб кетган, кези келганда такрорланиб турадиган хатти-ҳаракат, аксарият аҳоли томонидан қабул қилинган хулқ-атвор қоидалари тушунилади.
Фақат бизнинг халқимизга, миллатимизгагина хос бўлган гўзал ва бетакрор қадриятлар – миллий урф-одатларимиз қадимдан таркиб топган миллий анъана, одат, расм-русум, таомил, маросимларимиз силсиласида яшаб келаётир. Буюк халқларнинг азалий анъанасига айланиб қолган ҳар бир маросим миллийлик қобиғидан чиқиб, умуминсоний қадрият сифатида баҳоланади. Аслида ҳам бир одам ёки олим эзгу ниятда яратган маънавий, маърифий, илмий бойлик ўз-ўзидан умумбашар бойлигига айланади. Тили, дили, турмуш тарзи бир-бирига яқин бўлган қўшни халқларни бирлаштиради. Умумбашарий одатлар қардош миллатлар орасида бир-бирини боғловчи кўприкларни вужудга келтиради.
Албатта, бу маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаб, келажак авлодларга безавол етказиш ҳар биримизнинг ҳам инсоний, ҳам фарзандлик бурчимиз. Аммо шуни унутмаслик жоизки, замон шиддат билан илдамламоқда. Яъни кеча янгидек, долзарб бўлиб туюлган ихтиро ёки фикр бугун қарийб ўз аҳамиятини йўқотиб, янгиланишни, бутунлай такомиллашувни талаб қилмоқда. Биз давр билан ҳамнафас одимлашни истар эканмиз, бу омилни асло унутмаслигимиз лозим. Айнан шу жойда ҳаёт биздан боболар тили билан айтганда “етти ўлчаб бир кесишни” ҳам талаб қилади. Шошмашошарлик билан, енгил-елпи ўй-хаёлга бориб, қадимий урф-одатларимизни хаспўшлашимиз керак эмас. Аксинча, уни бугунги замон илму маърифати нурига йўғириб, барча давр ва умуминсоният учун заруратини англаб, келажак авлодларнинг қўлига ҳам, дилига ҳам, тилига ҳам тутмоғимиз зарур.
Зеро, миллий анъаналаримиз, қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат каби олижаноб туйғуларни шакллантириш, уларни “оммавий маданият” хуружларидан асраш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий тараққиётига ўз ҳиссасини қўшаётган иқтидорли ва истеъдодли ижодкорлар, ижтимоий фаол навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб вояга етишлари, жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кўмаклашиш билан боғлиқ моддага зарурат бордек.
Бунинг амалдаги исботини яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида ёрқин намоён этди. Янги Ўзбекистон ёшлари муҳтож бўлиб турган қайсики соҳа бор, бирортаси давлатимиз раҳбари назаридан четда қолмаган. Президентимиз томонидан ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг кўлами шу даражада улуғвор.
Янги Ўзбекистон ёшларидан эса эвазига фақат бир нарса сўраляпти. Ватанга садоқат билан тинимсиз ўқиб-изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан тўхтамай, қўлни-қўлга бериб, бир байроқ остида Янги Ўзбекистон қудратига – Учинчи Ренессанс бунёдкорларига айлансин! Академик шоиримиз Ғафур Ғулом айтганларидек:
Сиз ахир осмонни олмоқ бўлсангиз,
Не учун елкамни тутиб бермайин.
Жонкуяр Президентимиз бутун вужуди билан ушбу оташин сатрларнинг амалий ижрочисига айланганини нафақат тадбирда иштирок этган 220 минг нафар навқирон авлод вакиллари, балки 17 милллиондан зиёд Ўзбекистон ёшлари ҳамда уларнинг ота-оналари ҳам эътироф этмоқда.

Маънавий тараққиёт – маънавий маъмурлик

Юртбошимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобидаги маънавий тараққиёт бўлими мазкур фикрлар билан очилади: “Менинг назаримда, инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи – маънавият чироғи бор. Бу чироқнинг бошқалардан фарқи шуки, у инсоннинг онги ва тафаккурини ёритади, қалби, виждонини уйғотади, одамийлик ҳиссини кучайтиради.
Ўзбекистоннинг янги уйғониш даврини яратишга киришган эканмиз, ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгида ана шундай маънавият шуъласи порлаши ва у бизни эзгу ишларга ундаб, юксак масъулият туйғуси билан яшашга даъват этиб туриши зарур”.
Дарҳақиқат, масъулият туйғуси билан яшаган инсон миллатнинг бойлиги, иймон-эътиқодда мустаҳкам, маънан етук инсон тимсолидир. Шу ўринда айтиш лозимки, маънавий мерос – маънавий тараққиёт маҳсули. Инсон ақл-заковати билан яралган тафаккур ёғдуси. Буюк аждодларимизнинг тафаккур ёғдуси бугун бутун оламга ва одамлар қалбига ўз нурини таратмоқда. Дилларни дилларга, элларни элларга маънавият риштаси ила боғлаяпти. Ҳушёрликка, бирдамликка чорлаяпти.
“Жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя Конституциямизнинг туб моҳиятида янада кенгроқ акс этмоғи керак. Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида “Мамлакатимизнинг кейинги даврга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида албатта маънавий-маърифий ислоҳотларга алоҳида бўлим ажратилиши даркор, деб ҳисоблайман. Ўзбекистоннинг 2022-2032 йилларга мўлжалланган маънавий тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиши ва уни давлат сиёсатининг таркибий қисмига айлантиришни талаб қилмоқда”, дея бежиз айтмаган.
Шунинг учун ҳам бу йўналишда миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, хусусан, буюк боболаримиз ва мутафаккирларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларини асраш, уларни келгуси авлодларга замонавий таъсирчан усулларда етказиш каби хайрли ишларни янада кенгроқ миқёсда амалга ошириш лозим. Буюк олимларимиз, ёзувчи ва шоирларимиз ҳаёти ҳамда илмий ва адабий меросларини ўрганишга, ўргатишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шуни унутмаслик жоизки, маънавий меросларимиз ёшлар таълим-тарбияси ёки миллат сифатидаги салоҳиятимизни эмас, балки халқимиз хавфсизлигини, тинчлигини мустаҳкамлаш ва одамларнинг ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ҳамда ўзаро англашув каби омиллар шаклланишига ҳам хизмат қилади.
Янгиланаётган Конституциямизда миллий урф-одатларимиз ва бой маънавий меросимизни сақлаш борасида модда борлигини инкор этмаган ҳолда, бир таклиф киритмоқчиман.
Зеро, маънавий мерослар типига буюк ёзувчи ва шоирларимизнинг дастлабки машқларидан то камолот касб этгунига қадар бўлган фаолиятига машъал тутган матбуот, яъни газета ва журналларни ҳамда бадиий ва илмий китобларни ҳам киритиш мумкин. Уларнинг ўрнини бутунлай электрон шакллар эгаллашига, келгуси авлод китоб ва матбуотни фақат тарихий кўрсатувлар ҳамда музейларда кўришдек аянчли ҳолатга тушиб қолишдан сақланиш лозим.
Бунинг учун янги Конституциямизга айнан матбуот ва китобларнинг тақдири, эртанги ва ундан кейинги кунлари билан боғлиқ муҳим ва аниқ модда киритиш жоиз.
Шу ўринда яна Президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали анжумандаги фикрлари ёдимга тушади. Уларнинг қанчалар узоқни кўзлаб айтилган даъват эканини эътироф қилмасак, адолатдан бўлмас: “Ёшларнинг таълим олишига эътибор қаратиш билан бирга китобхонликни янада кучайтиришимиз зарур. Шу мақсадда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳар бир кўча кесимида китобхонлик танлови, “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинларни йўлга қўяди. Бундай танловлар ҳар ҳафтада – маҳалла кесимида, ҳар ойда – туман миқёсида ва ҳар чоракда вилоят даражасида ўтказиб борилиши керак. Бу орқали 2 миллионга яқин ёшлар қамраб олинади.
Шу билан бирга, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар бир мактаб кутубхонасига камида мингтадан янги бадиий адабиётларни етказиб беради”.
Мамнуният билан шуни айтиш керакки, Конституциямиз умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби қонуний асосларни ўзида мужассам этган ҳамда мавқеини бугун ҳам сақлаб келмоқда. Шунингдек, халқимиз фаровонлигини янада оширишнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб қолмоқда.
Шу улуғ мақсадлардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни ҳам бермоқчи эдим: Биринчиси – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган, аммо уни мустаҳкамлаш, янада таъсирчан аҳамиятини ҳосил қилиш учун имло билан боғлиқ модда ёки банд киритиш; иккинчиси – юртимизда Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами каби байрамлар сирасига Тил байрамини ҳам киритиб, ҳатто дам олиш куни сифатида белгилаш;      учинчиси – миллий урф-одатларимизнинг қайта тикланиши, муҳофаза қилинишида, шунингдек, маънавий меросимизни асраб-авайлаш, бойитиш ва халқимизга етказишда Бош қонунимизнинг ўрни беқиёс бўлмоғи зарур.
Мухтасар айтганда, нафақат буюк аждодларимиз, балки яқин ўтмишдаги ватандошларимизнинг ҳам етти ухлаб тушига кирмаган дориломон замонда яшаш бахти бизга насиб этиб турибди. Ҳур фикрли инсон учун нимаики зарур бўлса – ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий-сиёсий, маънавий-маърифий соҳада кундан-кунга яхши имкониятларга эга бўлиб боряпмиз. Биздан фақат шу кунларнинг қадрига етиш, шунингдек, барқарор тинчлигимизни янада мустаҳкам тутиш, аҳиллик, бирдамлик, эртанги фаровон ҳаётимизни таъминлашда ўз ўрнимиз, ўз қадримиз билан яшаш, янгиланаётган Конституциямиздаги инсонпарвар ғояларга содиқ қолиш сўраляпти. Шунчаки сўралаётгани йўқ, балки бу жараёнда фаол иштирок этишимиз, ўз келажагимиз учун дахлдор илғор таклифларни илгари суришимиз, ҳамиша уйғоқ ва сергак бўлмоғимиз илтимос қилинмоқда. Бу жиҳатдан давлатимиз позицияси бугунги демократик тамойилларга ҳам, умуминсоний тамойилларга ҳам тўла жавоб беришини айтиш жоиз. Дунё тарихида неча бор тамаддунларга доя бўлган маърифатпарвар миллатимиз бу залворли вазифани ҳам юксак даражада адо этишига шубҳамиз йўқ.

(“Янги Ўзбекистон” газетасининг
133-сони, 2022 й.)





ИСМИНГДА ИФОР БОР, ОЗОДЛИК!

Озодлик исмидаги ифорни туюш учун қишлоқда яшаб кўриш керак. Эрта тонгда бири биридан кеч қолмаслик илинжида эшиклари олдига сув сепаётган келинчакларни кузатганмисиз? Улар эшиклари олдига сув эмас, тонгдек тиниқ чеҳраларидан нур сепаётганига ўхшайди. Бу сулувлар сочиб-сочиб сепаётган сувнинг овози шодликнинг, қувончнинг овози, тўғрироғи, озод қалбнинг овози.
Сув сепилган, супурилган ҳовлилардаги гўзалликни кўриш, ифордан маст бўлиш учун қишлоқда яшаб кўриш, жилла қурса меҳмонга келиб тунаб қолиш керак. Бир бўйрагина ерга ҳам турфа райҳонлар-у, анвои гулларни сиғдирган, уларга атиргулни қўриқчи қилиб тонг елларига ифор улашиб, жаннат насими эсаётган ҳовлиларда тўйиб-тўйиб нафас олишнинг ўзи бир бахт. Бу бахт туққан еринг, туғилган заминингдаги катта ҳарфларга сиғмайдиган БАХТ!
Жимжимадор сиёсий сўзларсиз ҳам киндик қони тўкилган Момо Ерни ўз жони қадар севгувчи, асрагувчи одамларни қишлоқнинг ҳар бир хонадонидан топсангиз бўлади. Яшнаб турган райҳонларининг бир шохи бевақт сўлиса, ўз жонини юз марта чимчилаб оладиган 84 ёшли Онамга Ватанни севишни ўргатиб бўларканми? Кўзларига нур ато этувчи гулу райҳонларидаги гўзаллик, келинлари супуриб-сидириб, файзу таровати дилини балқитиб юборадиган ўз ҳовлисидаги чирой онажонимни ёшартириб турган бўлса не ажаб? Озод юртнинг обод остонасига ҳар киши ҳавас билан қадам қўяди. Озод юртнинг обод хонадонидаги бахт ҳуррият берган бахтдир.
Бизлар бўлмасак ҳам Яратган ўзи сепиб қўйган гуллар ҳар баҳор оламга чирой бахш этиши бор гап. Аммо ёзнинг чилласида гулзорнинг, экинзорнинг гуркираб туриши учун қўлингдан кетмон тушмаслиги, дилингда меҳр булоғи қайнаб туриши керак. Гул кўнгилга сиғмоғи, қўлларга ярашмоғи учун хонадонингда, элу юртда тинчлик барқарор бўлмоғи лозим. Агар қўшнинг азадор бўлса сен унинг ёнидан бир қучоқ гул кўтариб ўтишга ийманасан. Демак, гулнинг чиройи, гулзорнинг чиройи бу Озодлик ато этган ободликнинг, тинчликнинг, хотиржамликнинг чиройидир!
Паркентга ташриф буюрганлар яхши билишади, шу тоғли туманнинг ҳудудига киришингиз биланоқ катта йўлнинг икки ёқасидаги гулларнинг ифори димоғингизга уради. Паркент шаҳрини оралаб ўтиб йўлингиз Заркент қишлоғига тушса сиз ҳайрат осмонида учасиз. Наҳотки, Ўзбекистонимизда шундай поёнсиз узумзорлар борлигидан бехабармиз, деган ўй кечади дилингиздан. Сувсиз, лалми қирларда бунёд этилган токзорлардаги гўзаллик кўзни қамаштиради. Беихтиёр инсон қудратига тасанно дейсиз. «Бўларкан-ку!» деган хитоб бўғзингизни куйдириб садо беради. Дабдурустдан ёдингизга ҳассос шоиримиз Эркин Воҳидовнинг «Узум» ғазалидаги ушбу мисралар келса ажабмас.
Офтоб машшотаси
Ток сочини нурдек тараб,

Зангининг бўйнига осмиш
Шодаи маржон узум.

Тоқи ишком мисли осмон
Ҳар тараф юлдуз сочур,
Воҳ ажаб, бу не синоат,
Ер узум, омон узум.

Қирқ йилдан зиёд хўжаликка раҳбарлик қилиб тоғлар бағрида юзлаб гектарларда кўрки кўзларга сиғмас узумзорлар бунёд этишга бош-қош бўлган, Худо раҳмат қилгур Тоживай ота Ризаев кўксига юртбошимиз бекорга олтин юлдуз қадаб қўймаганлигига иймон келтирасиз. Қаҳрамон ота руҳи покига дуо қилиб, қўш қўллаб юзларингизни сийпайсиз. Шу қишлоққа кириб келаётиб ҳам катта йўл ёқасига арчалар, ноклар орасига экилган атиргулларга кўзингиз тушади. Кўксингизни куйдириб, дилингиз тубидан шукрона ҳайқириқ келади. Ери гул, осмони гул, ерида узум, осмонида узум бу юрт кимнинг Ватани? У сизники, у бизники, азиз Ватандош! Келинг, унинг тинчлигига, меҳру-муҳаббатимизни, қадру-садоқатимизни тумор қилиб тақайлик, токи битта гули, бир чимдим майсаси, бирон ниҳоли бевақт сўлмасин. Ободлик озодликнинг меваси. демак, озод юрт остонаси гулзор бўлади, елларининг этагини жаннат ифорлари тутган бўлади.
Шу йилнинг июнь ойи охирларида Фарғонанинг Чимёнида дам олаётган бир улфатимизни зиёрат қилиш мақсадида 8-9 қадрдонлар учта енгил машинада Водий сафарига чиқдик. Ёшлари олтмишдан ошган, аммо ўзи йигитлардек хушбичим, ғайрати танасига сиғмайдиган Паркентда «Топил дўхтир» номи билан шуҳрат қозонган акамиз сафар аввалидаёқ бир гапни таъкидлади:
– Водийни ниҳоятда гўзаллашиб кетгани ҳақида кўп эшитяпман. Келинглар, бир кеча дўстларимиз уйида бош қўяйлик. Гуллар шаҳри Наманганни шошмасдан бир айланайлик.
Хоразмча қилиб айтганда биз ёшуллимизнинг гапига кўндик. Тонгда Қўқон бозорига етиб бордик. Жаннат меваларининг ҳаммаси шу боғзорда. Иссиқ ноннинг исидан сармаст бўлиб нонушта қилдик. Қўқонда, Марғилонда, Тошлоқда ҳам бир нарсага иймон келтирдик. Водий-яшиллик олами, гўзаллик олами! Бу ўлкада бир туп терак кессалар ўрнига ўн туп экадилар. Раҳматли Муҳаммад Юсуф «Оқ терак ўлкам» деганда хўп топиб айтган экан.
Тошлоқда тунадик, Ёзёвон оша Наманган сари йўл олдик. Наманган шаҳрини бамайлихотир кўриш учун шофёрларимизга ҳазил аралаш бир таклиф айтдим. «Тўқсон ёшли нуроний машинада шошмасдан юрганда қанча тезлик билан юрса шундай ҳайдайсизлар. Токи нигоҳимиздан ҳеч нарса қолиб кетмасин, томоша томошадай бўлсин!» Шундай бўлди ҳам.
Наманган шаҳридаги ободлик кўзларга сиғиши душвор эди. Наманганликлар чеҳрасидаги мамнуниятдан масрур бўлганимиз шубҳасиз. Намангандаги озодалик уйида бахти бор одамларнинг этакларидан кўчаларга тўкилган гўзалликка ўхшарди. Улуғвор иморатлар дунёга бўйлаётган мустақил Ўзбекистоннинг бўйини кўрсатарди. Наманганнинг катта боғида хушсухан, хуш тавоъзе мезбонларнинг азиз меҳмони бўлдик. Йўлда келар эканмиз, дилдан ўтгани шу бўлди.
Бугун она Ўзбекистонимизнинг қайси бурчига борманг, оламшумул бунёдкорликларининг шоҳиди бўласиз. Яшнаётган гўшаларни, уни яшнатаётган фидойи инсонларни кўрасиз. Улар ўз Ватанига, халқига бўлган муҳаббатини жарангдор сўзларда эмас, балки пешона терида деб биладилар. Кам гапириб, кўп ишлайдилар, ОЗОД ўлкани ОБОД кўришни истайдилар. Уларнинг қўллари гул, тилаклари гул…
Ўзбек деҳқонининг бошидаги дўпписига ҳам, белидаги белбоғига ҳам миллатнинг орияти қўшиб чатилган. У бу дунёга нолиш учунмас, оламни яшнатгани, гуллатгани келган. Зеро, эл-юрт хирмонига унинг қадоқ кафтларидан тўкилган олти миллион тоннадан зиёд дон шу Ватанда истиқомат қилаётган халқнинг ризқу-насибаси, қут-баракаси ахир.

Черта билсанг кўнгилнинг торига нима етсин,
Аҳдига вафолининг орига нима етсин,
Майли оқ нон, қора нон, борига нима етсин,
Ғурур ҳатто қушнинг ҳам саратонда силласи,
Деҳқонига дармондир, Ўзбекистон ғалласи.

«Мустақиллик нима берди», деганлар ўн беш йил бурун дунё пештоқига қўйилган ўзбек нарвонининг биринчи поғонасидан туриб кузатсалар, ҳеч шубҳасиз ўн бешинчисига етганларида Яратганга беадад шукур қилиб юборадилар. Аксинча бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки озод одам, хонадони, юрти ободонлиги ҳақида ўйлайди. Остонасига гул экади, райҳон экади.
Яна онам эккан райҳонларга қайтгим келди. Жаннатий ифорларини елларга сочиб ётган шу райҳонлар пойига тиз чўкким, ям-яшил баргларига лаб босгим, онажон, онажонларим, дея шивирлагим келди.
Наздимда шу райҳонларнинг ҳар бир баргида райҳон экиб дунёдан ўтиб кетган минглаб ўзбек оналари менга боқиб тургандек. Элнинг озодлигини, юртнинг ободлигини олқишлаётгандек. Беозор, ёқимтой еллар уларнинг хуш дуоларини Ўзбекистон узра таратаётганидек. Йўқ, йўқ, аслида ҳам шундек! Зеро, руҳлар ўлмайди. Улар шод бўлса элда осойишталик, қут-барака, меҳру оқибат зиёда бўлур. Бизнинг озод Ўзбекистонимизда шундай…
Жафокаш юртбошимиз қабрларида адолат кутиб ётган миллатимизнинг не-не пири комилларини, азизу авлиёларининг руҳларини шод қилдилар. Бу шодлик шамоли бугун дунё бўйлаб эсяпти. Шу боис ҳам ўзбекни дунё танияпти. Бу юртни соғинганлар дунёнинг ҳамма бурчида борлиги бугун барчага аён. Бу борада ҳеч ким ҳазрати Бобур бобомиздек ўхшатиб байт айтмаганлар:
«Бизни соғинганни соғинмоқ керак».

Шу тобда ўзбекнинг меҳмондўстлиги, Ўзбекистон дастурхони кўз олдимга келди. Ўзбекистон дастурхони олам аҳлининг кўзини яшнатадиган, дилини яйратадиган файзли дастурхон. Битигимизнинг шу нуқтасида дилимизда бир ўтинч пайдо бўлди, азиз ҳамюртим! Айтмишларки, кўпчилик бўлиб, хуш ниятда Худойимдан тиласанг сўрмишларинг ижобат бўларкан.
Келинг, ният қилайлик она Ватанимиздаги тинчлик-осойишталикка, элимиздаги қадру қиммат, меҳру муҳаббатга, Ўзбекистон дастурхонидаги қут-барака, файзу тароватга кўз тегмасин.
Ёт элларда боболари диёри бўлмиш Ўзбекистонни соғинган ватандошларимиз, мустақиллик йилларида адашиб, алданиб юртдан чиқиб кетиб, бугун оҳи ўзга тупроқларни ўртаб ётган ҳамюртларимиз диллари пора-пора бўлиб нимани соғинадилар, биласизми? Менимча, тонгда супурага оқ тилаклар сочиб ун элаётган ўзбек аёлини, тандир тафтидан юзлари лов-лов ёниб нон узаётган оналарни, иссиқ нондан кафтлари куйиб, кишмиш, ҳусайни узумлари билан нонушта қилаётган ўзбек боласини, тонгда сув сепилган остоналарни, райҳон иси гуркираб ётган ҳовлиларни, оқшом ийманибгина боласига алла айтаётган ёш келинчакларнинг майин овозларини соғинади. Бу юртда соғинадиган масканлар, гўшалар эса беҳад бисёр.
Гоҳида олдимиздан оққан сувга суқланиб нигоҳ ташламаймиз. Бу бани одамга хос одатдир. Ёнимиздагини йўқотиб қўйгандан кейин Яратганга ёлборамиз, бепарволигимиз учун Худодан уялгандек бўламиз. Ҳарқалай инсонмиз, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам уйғонган виждонни, кўз очган иймонни олқишлаб қўймоқ жоиз. Ватан бизларсиз ҳам ўз номида, ўз гўзаллигида тураверади. Аммо биз шу Ватанга нима учун келдик? Ортимиздан қабримизгача олқиш бўлиб борадиган эзгуликлар эгасимизми? Ўз элинг ҳақида ўйламай гапириш уят. Уят эса ўлимдан ёмон. Бир ниҳол экишга қурбинг келмаса, борини қуритма, бир ғишт қўёлмасанг, қўйилганини нуратма. Албатта, янги-янги насиҳатгўйларга ҳеч ким муҳтож эмас. Лекин асрлар оша насиҳатдан ҳикматга айланган тилаклар борки, улар яшаб келяпти. Уларни дилингда ўз-ўзинг учун қайтарсанг ҳам кўнгил кўзинг очилади, хушёр тортасан, инсонлигинг ҳақида ўйлайсан.
Ҳожаси учун қулининг қадри унинг занжирида. Озод бўлган қул ҳожасига эмас, аввал ана шу занжирга нафрат билан қарайди. «Минг лаънат, сенга» дейди. Қайта шу занжирни кўрмаслик учун жонини тикади.
Бизнинг ҳурриятимиз, озодлигимиз ҳам жонимиз қадар азиз турсагина унга ҳар ўткинчи чанг солавермайди. Келинг, ҳурматли элдошим, Соҳибқирон Темур бобомиз тутган адолат тарозусининг бир палласида жонимиз, ўзгасида озодлигимиз турсин. Шу ният дилда барқарор бўлса бизларни ҳазрат Соҳибқироннинг руҳи поклари қўллагай. Ободлик изимиздан эргашиб юргай. Гўзаллик бизни ўз чаманларига бошлагай. Биз гулларга, гуллар бизга ярашгай.
Яна сўзимиз аввалидаги озодликнинг ифорини туйиш учун қишлоқда яшаб кўриш керак деган фикрнинг чироғига мой қуйсак. Одам қишлоқда яшаса ёз чилласида яланг оёқ тупроқ кечиб юриш бахтига муяссар бўлади. Чангни хуш кўрмайдиган кимса «тупроқ кечиш ҳам бахтми», дея чимирилиши мумкин. Аслимиз гил, борар жойимиз гил бўлгач товонингда қайноқ тупроқ тафтини сезиш волиданг бағрига бош қўйгандек оромбахшдир.
Мени шоир қилган шу тупроққа тиз чўкаман, мен тикилсам менга боламдек талпинган майсаларга қўл чўзаман, менга покликни ўргатган булоқлар қошида бошим хам. Менинг қондошларим, менинг тобуткашларим, ҳамқишлоқларим миннатли ёғли таомдан кўра пешонаси терини ялаб, озодлигига шукур қилгувчи одамлардан айро яшаш – демакки, бу дунёда мен учун ёлғон яшашдир. Улар бойликка суянмайдилар. Улар меҳрга, оқибатга таянадилар. Улар бозорма бозор юриб ризқ ахтармайдилар, аксинча, Момо Ер бағрида ризқ яратадилар. Тиллашса пуллари билан эмас, ниҳоллари, токзорлари, боҚлари билан тиллашади. Ўкинса ўроғига ўкинади, жаҳли чиқса ток қайчисида чилпийди шу жаҳлни. Суянса кетмонига суянади. «Она» деса Момо Ер уларга «болам», дейди. Демак, шундай одамлар ичида яшолмаган шоир ўзидан ўпкалансин.
Энди ёзсам бу ёғига сўзларим шеър бўлади. Мен бир калом айтай, Ватандош! Сиз ҳам жўр бўлинг!

Исмингдан айланай, Озодлик,
Исмингда шодликнинг жилваси.
Ерда ҳам, кўкда ҳам ободлик,
Халқимга буюрсин ҳаммаси!

(***)














БИЗ ТИНЧЛИККА ТИЛАКДОШМИЗ

Яхши яшаш орзуси инсонни ҳеч қачон тарк этмайди. Аслида муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, инсон бу дунёга бахтли яшагани келади. Бахтнинг бешигини эса эзгулик тебратади. Эзгу ниятга эш бўлган одамнинг чеҳраси ҳам қуёшдек порлаб туради. Шу маънода биз бу дунёга эзгулик учун келган миллат, олам аҳлига ҳам яхшилик тилаб яшаётган халқмиз. Зеро, бир майизни қирқ бўлиб ейишга одатланган эл, Яратгандан ўзига тилаган хуш ниятларни ўзгаларга ҳам раво кўриб яшаш табиий, албатта. Бу фазилат бизларга бобомерос ва биз улуғ аждодларимизнинг асрлар оша яшаб келаётган анъаналари, қадриятлари билан фахрланамиз.
Яна шуни комил ишонч ва алоҳида ифтихор билан айтамизки, жорий йилнинг 17 июль куни Президентимиз томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорининг ҳар бир сўзи, ҳар бир бандида халқимизга хос бўлган ана шу бағри кенглик, тантилик, шарқона ҳикмат уфуриб турибди.
Ҳур фикр – онгу тафаккуримизда товланган нур. Бу нур учун имконият эшигини мустақиллигимиз очгани барчамизга аён ҳақиқат. Аслида одамзот бахти унинг инсоний ҳақ-ҳуқуқи ва қадр-қиммати борлигини билиб яшашдан бошланади. Шукурким, ўтаётган 24 йил бу борада бизнинг қалб кўзимизни очди. Биз аввало ўзимизга, ён-веримизга, қўшни давлатлар, дунё халқлари ахволу руҳиятига тийрак боқишни, тўғрироғи, онгу тафаккуримиздаги ўзгаришлар боис тўғри баҳолашни ўргандик.
Ҳеч бир яхшилик, ҳеч бир бунёдкорлик осмондан тушмаслигини, темир интизом, ҳалол меҳнат, илму ҳикмат ҳар бир инсонни шахс сифатида камол топтиришини, жамиятдаги мусаффо муҳитни оқил ва одил одамлар яратишини, улуғ аждодларини эъзозлаб яшаган халқ авлодларидан иззат кўришини, миллат ёшларига берилган имконият, яъни ҳеч кимдан кам бўлмайдиган баркамол авлодни тарбиялаш – буюк келажакка қўйилган ишончли қадам эканлигини мустақилликка эришгач янада теранроқ англадик. Яна англаганимиз шу бўлдики, топганинг ўзингга буюрсагина қаддингни тик тутиб яшайсан. Қўли пастга тушиб кетган инсоннинг руҳи ҳам оёқ остида бўлади. Шу боис, мулк эгаси – сўз эгаси.
Шунинг учун ҳам қарорда таъкидлаб ўтилганидек, «мустақилликка қадар мамлакатимизда умуман мавжуд бўлмаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғини ишлаб чиқараётгани, мазкур тармоқда жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи меҳнат қилаётгани» муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқил ва доно сиёсатнинг меваси эканлигини эндиликда нафақат ўз халқимиз, бутун дунё аҳли эътироф этмоқда.
Яна бир аён ҳақиқат – инсоннинг қадри аввало ўз оиласидаги, маҳалла-кўй, жамиятдаги ўрни билан баҳоланади. Биз бугун эришаётган ютуқлар кўп бор эътироф этилаётганидек, аввало заҳматкаш халқимизнинг ҳалол меҳнати, тинчлигимиз, хотиржамлигимиз, диёримиздаги 130 миллат-элат аҳлининг иноқлиги, меҳру муҳаббати, етти ўлчаб бир кесиб, босқичма-босқич олиб борилаётган оқилона бошқарув эвазига қўлга киритиляпти.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/pages/biblio_book/?art=69386158) на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.