Читать онлайн книгу «ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА» автора РАВШАНОВ ПОЁН

ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА
РАВШАНОВ ПОЁН

ПОЁН РАВШАНОВ







ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА











ПОЁН РАВШАНОВ






ҚАШҚАДАРЁ ТОМОНЛАРДА

(Шеърлар, мухаммаслар)









2020 йил
Тоза ташбеҳлар, лирик қочиримлар шеърнинг безаги. Кўнгилдан оқиб чиқаётган дил садосига ҳикматлар маъно, туроқлар қофиядош сўзлар оҳанг бахш этади. Мавзулар қамрави, бадиият устуворлиги, ҳаётий талқин, муносиб услуб, ҳайратли ечим назмиёт манзараси ифодасидир.
“Қашқадарё томонларда” тўплами мундарижасидан мазмун-моҳияти билан ўқувчини бефарқ қолдирмайдиган, қалбларда акс-садо берадиган, мушоҳадага чорлайдиган шеърлар ўрин олган. Дунёқараш уфқи кенглиги, ижодиётдаги тажриба сатрларда равон товланади, мутолаага даъват этади, кўнгилларга илиқлик олиб киради. Аслида, шеъриятнинг маънавий матлаби шунда эмасми?

Тақризчилар:                   Нафасхон Шодмонов,
филология фанлари доктори.
Раъно Сайфуллаева,
Қарши Давлат Университети ўқитувчиси

















КАМОЛГА ЮЗ БУРМОҚ МУДДАО, ШИОР

ВАТАН МАНГУ МАКОН

Ҳисобин билмайман, минг-минг аждодим,
Турон диёрини жой қилган муқим.
Бобом, ота-онам деган нажоти,
Энди, навбат, яшаш меросий ҳақим.

Эсимни танибман, уйим ватаним,
Улғайганим сари кенгайди сарҳад.
Аму, Сайҳун аро ошъён имконим,
Диёрим жаҳонда кера олган қад.

Ўқидим тарихни, ниҳоят фузун,
Милод ортда қолар, тош асри нима?
Тамаддун кечмиши, жафолар узун,
Ёвлар юртимиздан бўлган хомтаъма.

Ялангтуш, баҳодир туркийлар доим,
Қиличда сақлаган озодлик, эркни.
Босқин юз берганда турганлар қоим,
Муҳофаза қилиб ўзликни, кўркни.

Туркнинг бош бўғини, ўзбекмиз қадим,
Ёғий келди-кетди, собит шу элим.
Истиқболга бардам отяпмиз одим,
Муқаддас тутади юртин миллатим.

Ўзбекистон маъво тақдирга битган,
Бунда туғилмоқлик Аллоҳдан имкон.
Авлодлар томири кўп олис кетган,
Шукрона, ҳамдким, Ватан мангу макон!





ШИОР

Камолга юз бурмоқ муддао, шиор,
Фаол бўлсин йигит абжир, тадбиркор.
Ғайратли ўғлонни қўллайди диёр,
Улғайиб, бўлажак албатта саркор.

Ғужуринг, ғайратинг ишонч уйғотар,
Эрта умидида билмайсан тиним.
Тузган режаларинг ҳавас қўзғотар,
Билимнинг амали бахш этар қўним.

Насиҳатим, мудом олдингга интил,
Журъатни ёқтирар биз билган ҳаёт.
Машаққат ўтади, тўқ бўлса кўнгил,
Ижобат топади, шубҳасиз, ният.

Дунё қадим дарслик, сабоқ бардавом,
Бобма-боб ўрганиш ойдинлар йўлни.
Яхшилик келтирар ташланган қадам,
Тўғрилик, диёнат ёритар йўлни.

Ишини ўнглаган ҳурмат топади,
Насиҳат тинглаган ҳурмат топади.
Бугундан қаноат туйганлар эрта,
Замондан қолмайин олға чопади.

Давримиз шитоби тутқич бермайди,
Рост ташлар қадамни довқур оқиллар.
Ютуқлар бир ерда муқим турмайди,
Файзли ҳаракатни ҳушлар, маъқуллар.

Диловар йигитсан, набирам, яша,
Авлод ифтихори сизлардек ёшлар.
Яхшилик тилагим дейман ҳамиша,
Поён, доим бўлсин омонда бошлар.



МУВОЗАНАТ

Дарду ғам вазнини ўлчаб бўлганда,
Оғиррроқ келарди Ердан юз карра.
Яхшилик тарқалиб, олам тўлганда,
Умримиз узайиб, билмасди марра.

Маймун ва нажжор нақлини эсланг,
Ё, айиқ “беминнат хизматин”, дейлик.
Аллоҳ ато қилган ақлимиз тусланг,
У қолиб, кучдадир амалу бойлик.

Ҳар кўйга солади томоқ ташвиши,
Эҳтиёж матлаби ортар кун сайин.
Кўзни ўйнатади маишат, айши,
Манфаат болалар нафсдан атайин.

Аждаҳо бўлади нафси аммора,
Йўлдан қайтаролмас тўсиқ ва тўғон.
Гирдобдек домига тортар тобора,
Иттифоқ бўлади ҳаром ва ёлғон.

Азият чекади юрт ва кулбалар,
Ночорлик, юпунлик шундан сабаби.
Мувозанат оғиб, ўртар шубҳалар,
Давога иложсиз дили кабоби.

Гап кимнинг қўлида тошу тарози,
Тўғри йўл тутишда Ҳақнинг ойини.
Фуқаро бўлмасин десанг норози,
Тенг кўрмоқ керакдир фақир, бойини.

Дарвоз лангар чўпи монанди ҳаёт,
Эҳтиёт тутишга боғлиқдир ҳолат.
Ёмонга босмайлик, яхшилик мурод,
Мувозанат бўлсин абад адолат.



ХОТИРА

Дарвоза олдида ўтирибди чол,
Кўча сокин, бунда ўтиб-қайтиш кам.
Нарида болалар ўйнашар хушҳол,
Копток тепишади чувлашиб бардам.

Жонига тегмайди, аксинча ҳавас,
Қўшилиб кетгиси келар ўйинга.
Болалик ёдига тушади элас,
Хотира жонланар ўтган сайинга.

Қишлоқ орти эди, ястанган дала,
Пастликда тўқайзор, оқарди дарё.
Мактабдан сўнг уч-тўрт ён қўшни бола,
Кеч тушгунча бирга, ҳумордек гўё.

Мол боқиш баҳона бўларди кўпда,
Ўтин териш ёҳуд ўт ўришлар ҳам.
Ўйиннинг тури мўл эди тўпда,
Ким абжир эди-ю, ким эди илдам.

Юмушни қойиллаб, ўйнашар эди,
Эрталаб ўқишга чопишар эди.
Дарсларда талаблар қийинроқ эди,
Билмасанг, қулоқдан чўзишар эди.

Эсига олдида, кулимсиди чол,
Ва, деди, “тез ўтди навниҳол чоғлар”.
Болалар шовқинин туймади малол,
Ёшлигин қайтарди кўзи қароғлар.







СУЛҲ

Хафақон булутлар қўзғолмас жойдан,
Тоғлар болиш бўлиб, елка тутади.
Изғирин хонага қамалиб олган,
Бўроннинг ўғлидан совчи кутади.

Хурпайган чумчуқлар бўғотда қатор,
Хушламаслар очкўз қўшни қарғани.
Гоҳо танбал мушук пойлар, кўз тутар,
Миёвлаб ҳурқитар қора йўрғони.

Сукунат, мудрайди юпун дарахтлар,
Ариқ сувларида муздан дарпарда.
Неча бир жонзодлар инда карахтлар,
Жисми йўқ кийимлар осилган дорда.

Инграниб эшиклар очилар ночор,
Мўрилар қурумни пуфлар ҳавога.
Бўрига қўзичоқ келади дучор,
Иссиқ жой, тулкилар бошдир савдога.

Оқ чойшаб ёпиниб ухлайди кеча,
Аёз қовуради ўт ёқмай музни.
Қишлоқ ўртасида қоравул кўча,
Қўйнига яшириб босилган изни.

Булутни сургилаб қараб қўяр ой,
Юлдузлар ортида, сезилмас уни.
Оғилда онасин эмсам дейди той,
Чўзилган сари ялдонинг туни.

Тўнишган булутлар акса уради,
Водийни қоплайди сахарда туман.
Коинот соатдан вақтни сўради,
Элчилар жўнайди қуёшга томон.

Сулҳ бўлди, тугади фасллар арази,
Киришди сепини ёзишга баҳор.
Ёришди Онанинг – Ернинг орази,
Очилиб-сочлиб қилди дил изҳор.
ҲУЗУР

Соғинч туйиб яшар севгувчи одам,
Интизор кутади яхши дамларни.
Покиза ниятда қўяди қадам,
Кўнглидан чиқариб армон, ғамларни.

Яқинларин кўрса, бағрига босар,
Учраса танишлар, илиқ саломи.
Жон-дилдан берилиб суҳбатлар қурар,
Ором бахш этади дўстлар каломи.

Нолиган бўлади кимдир турмушдан,
Кимдир соғлигидан қилар шикоят.
Шунда мисол олиб ҳаёт, ўтмишдан,
Ранжиган кимсага берар кифоят.

Ўзида муаммо кам эмас, талай,
Бошидан кечирган қанча маломат.
Муҳаббат сақлади уни, ҳарқалай,
Ишончи, ғурури этди саломат.

Оламга келсан бир бор, азизим,
Бу кунлар ғанимат, қадрига етгил.
Аҳли замондошга айлагил таъзим,
Меҳру оқибатнинг йўлини тутгил.

Сўнса ишқ оташи юракда магар,
Яшашдан, ҳаётдан бўлурсан безор.
Оламни, одамни сева бил, жигар,
Бардавом бўлажак умрингга ҳузур.







ОЛАМ РАВИШИ

Алмашади ўрин кеча ва кундуз,
Эргашади соя нурнинг ортидан.
Оқлик-қораликда зиддият сўнгсиз,
Милён йилдир қиёс ранглар шартидан.

Бир оғиздан чиқар ширин, аччиқ сўз,
Бир палакдан ўнар турлича қовун.
Найза йўқ қилади, бутлайди бугиз,
Бодом бергай мева икки хил навъий.

Одамзод шакли бир, тийнат рангба-ранг,
Кимнинг феъли тоза, кимнинг ичи занг.
Ким мулоқот, нафсда айлар хангуманг,
Кимга олам кенггу, кимга эса танг.

Курраи Заминда турфа салтанат,
Саройда тинмайди кураш – тожу тахт.
Халоват билмайди, изғир манфаат,
Измига тушганлар қирпичоқ, карахт.

Чиройга маҳлиё ўтар санамлар,
Молини мақа тбон сотар тожирлар.
Камбағал кўзидан аримас намлар,
Нарвонсиз юлдузни урар абжирлар.

Ҳайратга солади олам равиши,
Иссиқ қайтиб яна, куннинг совуши.
Қанчалар ёқимли булбул хониши,
Барибир, тотлидир ёрнинг товуши.

Ибтидо қачондан, интиҳо қайда,
Яхшилик, ёмонлик мувозий ҳамон.
Таназзул ўрнида тараққий пайдо,
Барисин қучоққа сиғдирар замон.



САБАБ

Ўйингоҳ қалқийди, лиқ тўла одам,
Томоша кўради мухлислар масрур.
Улар эрта ташвишидан хотиржам,
Кўнгил очмоқликдан топишар ҳузур.

Гаровлар тикади, баҳслар боғлашар,
Оилалар борар, ёшлар жамулжам.
Кексалар, косиблар, шунда жам шаҳар,
Футболми, теннисми, улар- чун ҳашам.

Биотлон ё регби, муштлашув, кураш,
Маҳорат, жасорат синови, санъат.
Мақсаддир жаҳонга довруқни тараш,
Рональда, Зайдину Мессида талъат.

Маҳобат муаззам ўйингоҳларда,
Завқ-сурурга тўлар бунда жамоат.
Қайси бир элларда мудрар туйғулар,
Қориннинг ғамига мусобақа ёт.

Рўзғорнинг бутлиги ҳаётий мезон,
Кўнгилга сиғади шунда томоша.
Эртаси ғуборлар фикрида тўзон,
Бир тўғрам нон топса, йўқ ортиқ нашъа.










ЭҲТИЁТ ШАРТ

Фалокат ғимирлар оёқ остида,
Баъзан кутмаганинг бўлади содир.
Ёмонлик бижғиган одам пастида,
Кайфият бузишга юзсизлар қодир.

Ким хато қилмайди, қоқилмайди ким,
Ахир, фаришталар яшамас ерда.
Бағрикенг бўлмаса бандаси токим,
Пойгакда қолади, ўтолмас тўрга.

Жиззаки, мижғовлар, кеккайма, худбин,
Қадринг қайдан билар, фаросати йўқ.
Ёнигда пайт пойлаб юради бадбин,
Энсани қотирар кексада қилиқ.

Савия бўлмаса, насиҳат бекор,
Билганин қилади бировлар фақат.
Тўғрини тан олмас, қилади инкор,
Пашшадан фил ясаб, тўзғитар тоқат.

Таънанинг тошини отади ногоҳ,
Минг хил айбни тўқиб, осар бўйинга.
Шайтонга дарс берар, бўлингиз огоҳ,
Илондек чақади кириб қўйинга.

Яхши деб билганинг дўст ила таниш,
Башара кўрсатар қалтис чоғларда.
Ўзингдан қолмагил, иш тушмоқ ноҳуш,
Эҳтиёт шарт экан ришта боғларда.







МУСОҲИБ

Яшаш истак бўлса кўнгилни тўқлаб,
Бекорчи ўйлардан қутилсанг, қани.
Бора олсанг эди дўстларни йўқлаб,
Уйнишин бўлмоқдан борми бир маъни.

Майда ташвишларга қилдинг кўп ружу,
Вақтинг ўтказмоққа топдинг ё нажот.
Бўйра бўлиб қолма, бордир иложи,
Юрмоқлик, кўрмоқлик, ҳамсуҳбат ҳожат.

Саксондан ошганлар, сизга ҳавасим,
Қоматни тик тутган, тетиксиз, бардам.
Шикоят йўқ, соғлик қилмайди босим,
Насиҳат вобаста, берасиз ёрдам.

Ғанимат биласиз ўтган ҳар кунни,
Мусоҳиб гурунггин қумасайсиз доим.
Либослар озода, ҳуш кўриб тунни,
Қадрдонлар олдига чиқасиз қоим.

Даврага ҳавасим, хоҳлайман жуда,
Бир оғиз сўзингиз, борурман жадал.
Ўзинг билан ўзинг қолмоқ беҳуда,
Ториққан кексага анжуман бадал.










МАЛИКА ОЙЧУЧУК

Ҳайрату ҳавасим сизга Кенагас ойим,
Исмингиз эшитиб хонлар тургандир қойим.
Шаҳрисабз малаги, кўкдан тушган фаришта,
Ҳуснингиз фаравонбермиш қодир Худойим.

Мулкгирлик қасдида ёғий, юртда таҳлика,
Қалъалар бўлибдир тобеъ, қудратда якка.
Маслаҳат қурмиш донишлар – офият сулҳда,
Ойчучук Қўқонга, шохга бўлсин малика.

Никоҳ ўқилибди шунда, балқмиш тўлин ой,
Раҳимхон маҳлиё, мафтун этмиш ҳушчирой.
Кўрмаган дунё бу янглиғ сулув, пайкарни,
Арзигай бахшида олам хирожжи атай.

Ҳушрўялар юрти эрур Қўқон, Марғилон,
Ойчучук жамоли барин айлади нолон.
Фарғона, Наманган, Чодак боғлади ҳавас,
Кенагас гўзали тенгги йўқ суқсур, жонон.

Саройда фитналар тиним билмайди бир зум,
Ойчучук ақлига қойил қолмоқлик лозим.
Кулфатлар ичраким топди тахт узра йўлни,
Набира хон бўлди, неча аъён мулозим.

Қўқону Шахрисабз, тоға-жиянлик шундан,
Малика боғлаган ришта бардавом чандон.
Бу Турон юртида томир кетгандир чуқур,
Мозий оша миллат келмиш қариндош, қадрдон.







ЗАРУР

Менда ҳам кўнгил бор, орият, ғурур,
Бегона демасман шодмонлик, сурур.
Бошимдан ўткардим мусибат оғир,
Одам бўлиб қолмоқ ҳамиша зарур.

Имой-эътиқодинг соф бўлсин мудом,
Орқага кетмасин қўйилган қадам.
Кексалар юрисинлар ёшлардай бардам,
Одам бўлиб қолмоқ ҳамиша зарур.

Насибки айлабди каттакон амал,
Элнинг хизматидан топа ол камол.
Чаманга эврилсин гул фаслинг ҳамал,
Одам бўлиб қолмоқ ҳамиша зарур.

Қалбингда лиммо-лим меҳру муҳаббат,
Мардона ўзингсан, бўлгил саломат.
Оиланг, юртингдан келадир роҳат,
Одам бўлиб қолмоқ ҳамиша зарур.

Бедов ҳам қоқилар адашса йўлдан,
Водийнинг ҳосилин кутмагил чўлдан.
Обрўни, иззатни чиқарма қўлдан,
Одам бўлиб қолмоқ ҳамиша зарур.

Ўзин устин билар андеша қилмас,
Бойиган қўшнисин назарга илмас.
Калта ип, таассуф, бойловга келмас,
Одам бўлиб қолмоқ ҳамиша зарур.

Ўйлагил, бу дунё ҳаммадан кечар,
Вақт деган ҳакам бор, муаммо ечар.
Қилмиш учун шарбат ё захар ичар,
Одам бўлиб қолмоқ ҳамиша зарур.



МУЛОҲАЗА

Неки ўтди бошдин, ўзимгадир тан,
Қусурлар то ҳозир қийнайди виждон.
Мустабил даврида эврилган замон,
Кофирлик авжида эди шу важдан.

Эътиқод, мисоли бултурги ҳудра,
Бенамоз эдилар ҳамма бир сидра.
Тилидан ор қилган кўпайгаан эди,
Жанозасиз кетди қанчалар мурда.

Пайғамбар мероси, динимиз ислом,
Унгача сиғиниш бўлмаган маҳкам.
Буддавий, Зардуштий сўндилар тамом,
Қуръони каримдан мангулик аҳком.

Аллоҳ қалбимдадир, шукрона дейман,
Ҳар куни илтижом – мустаҳкам иймон.
Гуноҳлар қилурман билибми-билмай,
Истиғфор айтурман чекиб пушаймон.

Дуолар ижобат топади албат,
Ҳақнинг карамидан кўтарилар қад.
Аллоҳнинг қулиман деган ҳар банда,
Иккала дунёсин айлайди обод.

Соғлиқ, хотиржамлик тиладим, Эгам,
Манзилим осуда, ҳам этгил кўркам.
Мағфират қилғилу паноҳда асра,
Мушкулни осон қил, ҳаётим бекам.

Умримда ортимдан қолмади ҳасад,
Тўхматлар зиёда боғлади фасод.
Поён Равшан, дейман, яхшилик файзли,
Ёмонлик, барибир, топади касод.



ФАЗИЛАТЖОНГА

Муҳаббат боғида унган муаттар гулсан,
Тароват мулкида танҳо покиза дилсан.
Оқила, ҳулқи ҳуш, адаб малаги, ширин,
Хонадон файзга тўлур сен яйрасанг, кулсанг.

Тилагим бахтингдир субҳи сахарда мудом,
Ой юзинг кўрганда ғамлар бўлади адам.
Кўзимнинг нурисан, бувинг таққан туморлар,
Руҳимиз равони, сен ила боримиз бардам.

Ўзингсан меҳрибон, бўлғин соғу саломат,
Орзуинг муҳайё, омад бўлсин давомат.
Бу ҳаёт боғида қучгил сара чечаклар,
Ойдин йўл истагим, кўрмагил зиён-захмат.

Ифорли райҳонсан, матлаб тоза ғунчалар,
Дилингдир беғубор, ёрқин ойу кунчалар.
Диловар, дилситон, садоқат мудом ҳамдам,
Отангга, онангга қадринг баланд бунчалар.

Жонимдан азизсан, ўзинг суюк дилбандим,
Кўнглим кўтарувчиман, меҳри зўр шакархандим.
Турмуш йўлларида ҳамроз эрур Миркомил,
Фарзандинг Миродил эди жигар, пайвандим.

Оламдир ҳудудсиз, баланд пасти муқаррар,
Яхшилик кунлар кўп, иссиқ-совуғи такрор.
Феълларга яраша эврилар вақту замон,
Доно бўл, суюкли, ҳурмат этсинлар изҳор.

Онамдай ораста, сабринг момонгдай, билдим,
Онангдай бағри кенг, отанг таърифин қилдим.
Яратган қўлласин, бахтинг барқарор этсин,
Камолингдан, Поён бобонг, қувончга тўлдим.



МИРОДИЛ ХОТИРАСИГА
21.X.2018 – 12.IV.2019 й.
Кимдан нима ўтаётир, билмайсан, киши,
Лойқайдмиз, ўйлаб кўрмаймиз бу ҳақда сира.
Каттадир, кичикдир бордир бирор ташвиши,
Юракда жамланар қувонч, андуҳдан яра.

Шаклу шамойилим кўрган хотиржам, дейди,
Англамас, вужудим кемирар фиғон, ғамлар.
Тақдир хонадонга тағин мусибат уйди,
Оғир, гўдак эварадан айрилган дамлар.

Тилим лолдир, қўлим шолдир, қилолмам таъриф,
Қуюқ соч, чарос кўз, инжу лаб, ўғлон маъсум.
Тошқанд, Самарқанд борилди даъво ахтариб,
Ёдгор бўлиб қолди ундан майин табассум.

Олти ой яшадинг дунёда, қўзим нетай,
Митти юрагингга сиғмади зид бу ҳаёт.
Миродил, эварам, кечир, садағанг кетай,
Ғуборлардан қилолмадик сени эҳтиёт.

Сен эдинг беғубор, покиза, тоза хилқат,
Баҳордай оламни поклаб, яшнатиб кетдинг.
Сабр, умид берсин сизга Миркомил, Фазилат,
Насиб, ўрнини тўлдирар, Аллоҳ бағри кенг.










ҚОПҚОН

Яратган Эгамдан миннатдор ўзим,
Дилимда, тилимда шукрона, ҳамдим.
Муқаддас даргоҳдан кўп эрур қарзим,
Паноҳда сақлади, иноят кўрдим.

Бўридан қўрқмагил, йўлбарсдан, шердан,
Айиқ ҳам, қоплан ҳам туғдирмайди хавф.
Душманинг келмайди олис бир ердан,
У ёнда, биргадир, сира билмас авф.

Ҳасаддан газаклар ҳар қандай низо,
Манфаат кураши билмас муроса.
Дўстингми, яқининг бўлмайди ризо,
Қилсангда қўлдан келганин роса.

Каттадир, кичикдир бўлса амалинг,
Бириси кўролмас, тўлғониб чиқар.
Куйинар бастингдан, ўртар камолинг,
Иғво хирмонига гугуртни чақар.

Ривоят эмас бу, аччиқ ҳақиқат,
Бошимдан ўтганин қилдим ҳикоя.
Наҳот, одамзодда пасткашлик қат-қат,
Муқаддас хилқатга солгувчи соя?

Йиртқичлар ўрмонда, жунглилар узоқ,
Вуҳушлар ичдадир, кўрмаймиз, аммо.
Тишламас, ғажимас, қўяди тузоқ,
Қопқондан қутилиш эса, муаммо.







ЖОҲИЛ

Бу ҳақда ўйласам, фиғоним ошар,
Кўнгли бўш бўлмасам, бунчалар, дўстлар?
Таниш билиш кўрсам, эҳтиром жўшар.
Учратиб қоламан гоҳида пастлар.

Амалдор бириси, яқинда кўрдим,
Ички дунёсини билибман қайдан?
Ўқисин дедимда, китобим бердим,
Нописанд қўл чўзди ўтирган жойдан.

Муқова расмига қараган бўлди,
Китоб нима ҳақда, қайда эътибор.
Боғданми-тоғданми гапирди, кулди,
Ишонч сўнди, жоҳил экан бу раҳбар.

Мусанниф билади китоб азобин,
Ёзиш тоғ ушатмоқ сингари қийин.
Кўрдим тилда ўқинг деган каззобин,
Унингча, билимнинг қиммати тийин.

Орифлик, заковат ўзига фойда,
Савия юксалар ҳам дунёқараш.
Қоқилмайди анжуману иш жойда,
Унга басдир сочини силлиқ тараш.

Мунғайиб столида қолди китобим,
Эсиз, дедим, чекдим қаттиқ пушаймон.
Бўлганди тарихни билсин, матлабим,
Оми замондошла, нетай, яшайман.

Муҳиблар асарни топарлар излаб,
Бу юртда донишлик азалий одат.
Замона даъваткор маърифат кўзлаб,
Билимдан етгани шараф, саодат.



ВИЖДОН ДОҒИ

Виждонни пуллабсан бунчалар арзон,
Ҳам қўшиб сотибсан ғурурни, орни.
Жисмингга қарагил, етибди ларзон,
Қўлдан чиқарибсан бисотда борни.

Номуси туфайли одамдир хилқат,
Беназир ақлидан оламга сарвар.
Унга яратилмиш бу очун, неъмат,
Мукаммал яшаш-чун дунёда бир бор.

Ризқ излаб тинимни билмас чумоли,
Бардавом ҳаракат охир барокат.
Ўз ўрнин топмоқлик ният тамали,
Тўғрилик, ҳалоллик маҳсули роҳат.

Нопоклик мақсуднинг боши берк йўли,
Тезда ром бўлади бойлик ва амал.
Курсига етдими, узаяр қўли,
Атрофин шайтонлар этади қамал.

Шоҳлар ҳам кўрмаган ҳашамати бор,
Фақат, етишмайди ёнда садоқат.
Ҳар куни эшитар хушомади бор,
Бугунги мақтовлар эрта омонат.

Тушга кирди бир кун сотилган виждон,
Ғазабнок ташланиб, бўға бошлади.
Ўзлик, ғурур, номус, яъни уч қадрдон,
Собиқ хўжасининг кўзин ёшлади.

Уйғонди, эздику тушдаги озар,
Сотиб олай деди ўзлик, ғурур, ор.
Ахтарди, йўқ экан бундайин бозор,
Топилмаскан қайтиб, йўқотса бир бор.

Қасрига ўт тушди бир куни, не тонг,
Амал орқа бурди кутмаган чоғда.
Ҳолини сўрмади биронта, аттанг,
Виждон ёлғиз ташлаб кетганди доғда.
ТАЪЗИМ
Профессор: Рустам Сулаймоновга
Яхшилар яхшиси, сизга раҳматим,
Бағри кенг, фидоий, улуғ инсонсиз.
Унутмабсан ишим, чеккан заҳматим,
Илму фанга нисор этгувчи жонсиз.

Менку бир омади юрмаган банда,
Мозий тирқишидан бўйладим бекор.
Интилдим, об-ҳаво қилмадим фанда,
Йўлда кўзанларга келдимку дучор.

Олийшаън қопқага деганда етай,
Таъмирга бекилди муҳташам сарой.
Ноумид ёндимда орқага, нетай,
Дардим кимга айтай, қаерга борай?!

Тақдирдан ризойдим, гарчи йўқ чора,
Ёзмоқ, ўқимоғим, шу бўлди юпанч.
Ҳазрати Темурга сиғиндим, зора,
Руҳидан пайсалу топай деб қувонч.

Ёш эди саксонга қолмоқда ёвуқ,
Узоқлаб кетмади биргина ижод.
Юришим, ишимни кўрмай мувофиқ,
Бекитдилар йўлим, йўқ эди нажот.

Юрарим суқмоқни босганди алаф,
Унутиб қўйгандим умид манзилин.
Қўнғироқ қилдингиз Худо ёрлақаб,
Яхшиликка йўйдим тақдир ҳазидин.

Вайрона кўнглимни обод этдинггиз,
Фанимиз қасрига қилдингиз даъват.
Мардона устозсиз, қўл узатдингиз,
Жўш урди юракда шукрона, ҳайрат.

Аллоҳ ато эса, ташриф насибдур,
Одамийлик буюк, улуғвор, азим.
Тушимни жўрган ҳазрат Юсуфдир,
Эҳтиром Поёндан, қилғайман таъзим.
ЎЙЛАР

Тарк этмас ҳаёллар узайган тунлар,
Варақлаб чиқаман умрим дафтарин.
Орқада қолибди саноқсиз кунлар,
Бир-бир ўтказаман тасмадан барин.

Енгил кечмагандир болалик чоғлар,
Ота-она борки, ташвиш бегона.
Ёнда турар мисли суянар тоғлар,
Меҳрибон, мушфиқу, ғамхўр, ягона.

“Болалик уй-бозор”, дейишмас бекор,
Ўн фарзанд бир кўрпа, улғайдик, ўсдик.
Қишлоқ пасти дарё, узоқмас анҳор,
Томир ёзган эди ёшликда дўстлик.

Мактаб битди, бордим Самарқанд томон,
Юрагим қолдириб бир қизга, лекин.
Укам Абдулладан ҳурсандман ҳамон,
Зиммага олганди кўнглимнинг сирин.

Ҳамалда тикланди безакли ўтов,
Гўшанга, севганим, майин табассум.
Бахтнинг нашидаси юракда лов-лов,
Хотира ёдимда жонланар маъсум.

Бир лаҳза тин олиб, ўйлайман тағин,
Ёмон яшамадик, сулола пайдо.
Фарзандлар безади умримиз боғин,
Набиралар суюк, айлаган шайдо.

Иссиқлар, совуқлар ўтказдик бошдан,
Ёмонлик орқада қолди сулайиб.
Ҳамрозим яралган эди бардошдан,
Садафойим йўлдош бўлди ажойиб.

Тахайюл портлади, кўз олдим қора,
Бу галги ҳамалда ташлаб кетди ул.
Уч йилки сийнамда битмайди яра,
Ҳижрон найза санчар мисли ясовул.
ОҚИМ

Ёш ўтиб, севгидан сўз очмоқ абас,
Ҳижрону ёлғизлик ёвлашар пинҳон.
Хотира мулойим, шафқатсиз эмас,
Юракдан бир оқим ўтади чунон.

Суҳбатдош бўлади мудроқ туйғулар,
Кўнгил сўраб гоҳо эҳтирос.
Эслатиб туради ўзин қайғулар,
Туганмас айрилиқ қолдирган мерос.

Дарвешдек қўл силтаб кетгинг келади,
Тахайюл тайёра, учмоққа шайдир.
Силагар андеша, пандлар қилади,
Бормоқчи бўлганинг боролмас жойдир.

Кўнгил кўчасида кўпдир ағёрим,
Қўлтиққа тинмайин пуркайди сувлар.
Билурлар, қайттмайди энди баҳорим,
Пишонг бермоқликка устадир қувлар.

Бўлибман ўйларнинг тутқин, асири,
Ҳунарин кўрсатар ҳавоий сароб.
Ичдаги “меним”нинг ғулув, таъсири,
Фикратни измига солади авраб.

Ғайбона майлимни ёқтириш дема,
Қалб мулкин тарожи эмасдир ўйин.
Қирғоққа етяпти мен тушган кема,
Орзуйинг кутмайди, бўлолгин бўйин.

Ўйлар кишанидан бўшанмоқ оғир,
Узайиб кетади қоронғу тунлар.
Ҳаёл ҳақиқатга беролмас тағйир,
Кўрпа тортиб бошга, хўрсинар унлар.



МАКТУБ

Ассалом алайкум, ёздим мактубим,
Соғинчли саломим етказсин сабо.
Пинҳона қолмасин дилда хитобим,
Тўсмасин йўлимни андеша, ибо.

Қолмади бардошим ишқингда куйиб,
Барибир, изҳорга етмади журъат.
Узлатда яшадим, санамни суйиб,
Йиллар ўтиб борди кўргузиб суръат.

Майлингни сезурман, эмассан бефарқ,
Ва лекин, йўлимиз тушмади яқин.
Билмассан, мен ишқнинг уммонига ғарқ,
Қучоқлаб чўкяпман муҳаббат юкин.

Кузатиб турибди бепарво ғаввос,
Бу қулзум ямлаган мендек қанчалар.
Ўзгадан нажотни қилмам мултамас,
Нидом тиғдек учсиз қалбга санчилар.

Садо бер, қўлинг чўз, қодирсан ўзинг,
Бир сира бошимни олгил тизингга.
Жон бахш этар нигоҳ, чақнаган кўзинг,
Ҳаётни кашф этгум боқиб юзингга.

Туну кун ўйлайман васли висолинг,
Сарвидек қаддингни, офтоб жамолинг.
Шаҳримда кўрмадим ҳусни мисолинг,
Чеҳраси тобону ҳушҳулқ аъмолинг.

Саодат эшитмоқ бир оғиз калом,
Жавобсиз қолмасин изҳорим нома.
Муҳибинг Поёндан самимий салом,
Лутфингга кўз тутиб, эрур хомтаъма.



ТУТАШМАС ЙЎЛЛАР

Дунёда йўллар кўп, сўқмоқлар яна,
Тармоқлаб кетгандир шаҳримда, ҳатто.
Манглай чизиқлари тақдир, анъна,
Кесишмайди сира амал, исботда.

Гўзалим, Барчинни эслатар жисминг,
Қаддингдан хижилдир сарви санубар.
Гавҳардир тиллодан узукка исминг,
Бош эгар Ширинлар учрашса агар.

Чарос кўзларингдан оҳу ҳавасда,
Товус ҳайрат қилар юрсанг хиромон.
Мушк-анбар таралар хушбўй нафасда,
Ялдо туни сочинг, ой юзинг тобон.

Сўзласанг лутфингдан чечак очилур,
Ибода, адабда назокат беҳад.
Ҳилолнинг рашкидир юзингдаги нур,
Тобонлик баҳсидир муаммо жиҳат.

Сифатинг васфида қай бирин айтай,
Толмайди қаламим таърифда ҳеч ҳам.
Севиб қолармидим Фарходдек, нетай,
Кўрганим, билганим бўлганда мубҳам?

Ушалмас орзуйим, туташмас йўллар,
Сен юрар кўчангдир менга терс томон.
Умиддай туташса йўллар ҳам диллар,
Қалбдан ўчмагайдир таманно ҳамон.







БАҲС

Яхшилар кўп ёнда, тортмас эътибор,
Самимий бўлурлар салом-аликда.
Ёмонлар белгили, диққатинг ортар,
Ажралиб туради совуқ қилиқда.

Яхшилик кутамиз, одатда, дўстдан,
Кўнгиллар тўқлиги таниш-билишдан.
Ахир, дарахт қурир айрилса пўстдан,
Тўшак татимайди айро болишдан.

Ишхона, чиқишар жўралар бўлар,
Бири опа, бири сингил, дугона.
Вақт келар, жамоа ҳайратда қолар,
Дўстлашган ёвлашар мисли бегона.

Яқин ичдан билар кимнинг кимлигин,
Зарра бўлсин ютуқ, қўзғайди ҳасад.
Ниқоблаб келади барча шумлигин,
Ўзига йўл очар, ҳамкасбга касод.

Ён-вердан яхшилик келиши қийин,
Қиёлмас инсонинг сафарда сина.
Мансаб, бойлик талош бўлиши тайин,
Ошкор бўлар охир кўп йиллик кина.

Кутмаган кишидан яхшилик етар,
Бир сабаб, тушгандир сенга ихлоси.
Биргина саломдан ғуборлар кетар,
Ва, якун топади мавзунинг баҳси.







БЕБУРДЛИК

Эҳ, ошно, дардларим вулқондай ўчган,
Тубда ўрлар гулхан, вужудим олов.
Билмадим, лафз, омад қайларга кўчган,
Қорни ёқмоқ учун топилмас қалов.

Бошлаган ишимда кутмаган якун,
Тақа-тақ бекилган борар манзилим.
Ҳамкорим даврадан чиқади секин,
Ростга айланади айтар ҳазилим.

Бизга қолса, қишда топилмайди қор,
Мақолнинг ижроси кўндаланг доим.
Ановлар қучгани ҳамиша барор,
Ҳасадга бепарво лек бунда ройим.

Аллоҳ қийганидан бўлмайди ортиқ,
Бурдингни бебурдлик – ҳаромга бурма.
Пулдор ваъдабоздан нек усти йиртиқ,
Фалакдаман дея бекор қандингни урма.

Йўқ демоқ жавоби менга буткул ёт,
Сўз берсам, бажармоқ ё қилмоқ одат.
Аҳдининг устидан чиқмаслик уят,
Тутруқсиз бойларни дуч қилма, ҳаёт!

Вақтида кўрмаган, ўлгудай хасис,
Бир сабаб бойиган давлатни талаб.
Оғирдир уларга эл қўяр ташхис,
Фақат суянчиғи туради қўллаб.

Бири, иккинчиси, учи туширди,
Даставвал ваъдалар, сўнг қуён бўлиш…
Билмадим, Аллоҳим, ким йўлдан урди,
Бурчимни бажардим, арзирми нолиш?

Аҳдидан қайтарми виждонли, айтинг,
Довруқ деб чираниб, қилурлар хитоб.
Қораси ўчади излаган пайтинг,
Уради бебурдни муқаддас китоб!
ГУМОН

Хўш, мендан нималар истайсан, айтгил,
Амал йўқ, бойлик йўқ, нафақа фақат.
Ёмонлик дейсанми? Ёнингдан кутгил,
Худбин феълга кимдир қилолмас тоқат.

Яхшилик жавоби ҳамиша чакки,
Ёдингга солмағим асло эп эмас.
Кимсага нафсида етади дакки,
Кўндаланг бўлади олдида қафас.

Эсларсан айтганим тўғри гапимни,
Ўсишинг кўзлабон қилганман барин.
Оғдириб олибсан энди тўқимни,
Туҳматга чўлғабсан раҳмат изҳорин.

Фалончихон бўлиб кирдими эсинг,
Муроса қилдингми ановлар билан?
Буқаламун экан бунчалар тусинг,
Калосдан етишса наҳотки илон?

Эски гуноҳларни курамоқ осон,
Айби йўқ айбдорни айлабон нишон.
Иш келмас қўлидан, дастак шу, ишон,
Навбат-навбат тегар муштарак ошъён.

Муқаддас даргоҳга бариси аён,
Бегуноҳ бандага етмагай жазо.
Бўхтонки ноўрин келтирар зиён,
Қуръони каримдан етишар сазо.







ЁНИМДАСАН

Эшитиб овозинг, сапчиб уйғондим,
Ўғлимиз исмини айтиб чорланг.
Яна тушми, рўё, мунгли тўлғондим,
Руҳият савтидабир зум порладинг.

Бу ҳолни англадим неча, неча бор,
Хасталик чоғларим безовта руҳинг.
Ёнимда бўлишинг сездим муқаррар,
Етишмади фақат жисмонан йўғинг.

Безовта қилмайсан, лекин эҳтиёт,
Парвона бўласан бу кулбам аро.
Бир ёқли алоқа, шу экан ҳаёт,
Ташрифу мулоқат тушдадир зора.

Қадринг ўтаётир қадамба-қадам,
Мен шундай нотавон, шунчалар ожиз.
Ким бўлур ярмидан айрилган одам,
Қаддини керолмас шоҳ бўлсин ҳаргиз.

Шукрона, фарзандлар, келинлар, қизим,
Набиралар ўкситиб қўйганлар эмас.
Шулар бор, кўксим тоғ, ёруғдир юзим,
Ука-сингилларга меҳрибонлик хос.

Азизам, сен йўқсан, бир камим шундан,
Тамалсиз, муаллақ, қолдим омонат.
Ёнигга етмоқлик ўйим кундан-кун,
Бургутда ўсмайди қирқилган қанот.

Ҳамдим кўп, қўлимдан тушмади, қалам,
Овунчим хотиранг ёзишда тинмай.
Мисралар қатида туганмас алам,
Қўлимдан не келар тақдирга кўнмай.



ОРИЯТ

У шоир эди атоқли ҳам эрка,
Саройда ҳурматин топганди жуда.
Шеърлари нашрида ривож, барака,
Хорижда таржима бўлди гоҳида.

Ҳеч осон бўлмаган истеъдод учун,
Йўқ эди вақтида яшашга макон.
Ҳасадлар ёпишиб, кўрсатган кучин,
Эл дарди қалбига руҳ берган елкан.

Мустабид тузумнинг девори баланд,
У қўрқмай ёзолди эрк деган сўзни.
Қизил салтанатдан етгани газанд,
Ҳақни ёқладида, оқлади тузни.

Юртини севарди онаси каби,
Оқарди юракдан оташин изҳор.
Маҳлиё боқарди кўкнинг кавкаби,
Назмиёт бобида эди устувор.

Эҳтиром кутдирмай қучоғин очди,
Мустақил юрт тақди кўксига юлдуз.
Яна амал берди, бисотин сочди,
Кошона, оила, ўсди ўғил-қиз.

Ҳасадлар минғирлаб қолганди йўлда,
Энг кичик суҳбатдош ҳокимлар эди.
Қайга борса иззат, ҳушомад мўл-да,
Сафодан, мақтовдан боши чиқмади.

Гап қалашиб, етди керакли жойга,
Ўнғариб қўйишди секин ковушин.
Ошкор камситишда бошланди пойга,
Ўчирмоқ бўлдилар наъра, товушин.

Аламда жон берди денгиз ортида,
Ёзди армонларин, бўшатди юрак.
Хоки келтирилди учоқ бортида,
Ориятга таҳсин дейилмоқ керак.
ҚУДРАТ

Китобни ўқиғил мунтазам, шошмай,
“Саодат” сўзининг тагига чизгил.
Ва, ёпиб қўймағил ўн бетдан ошмай,
Кунлик мутолаа режасин тузгил.

“Кириш”лар бўлади кўпинча саёз,
Денгиз ҳам қирғоқдан нарида чуқур.
Шеърлар мажмуидан тузилар баёз,
Ҳафсала қиссаси эринмай ўқир.

Асарни қучоқлаб, топасиз дўстни,
Инқишоф этасиз ўзгача олам.
Тагига етасиз ёлғону ростни,
Жозиба бағишлар бадиий калом.

Ақлан ва маънан юксалиш сизда,
Нутқингиз фасоҳат чархидан ўтар.
Эшитган маънони англайди тезда,
Билимдон инсонни давралар кутар.

Бахт сари элтади жамланган билим,
Нафосатга шайдо айлайди ашъор.
Ўқиган донишманд, маданий, ҳалим,
Дилида ҳамиша яхшилик шиор.

Дўст каби китобни танламоқ лозим,
Олди-қочдиларга бўлманг ишқибоз.
Фикратни бойитар асарга таъзим,
Тарихий таснифлар ёзилмиш мумтоз.

Азалдан қиссахон, ғазалхон ўзбек,
Навоий, Бобурлар мероси давлат.
Қанча алломалар ўтишган буюк,
Маърифат бу юртда бардавом қудрат.



ИНОЯТ

Қувончларга ташна эрур зор кўнглим,
Тушовда беором ҳаёл бедовим.
Ломакон мулкида мунисам, мунглим,
Оғушига олган тунлар ўйловим.

Ҳаловат улашар қўнғироқ саси,
Ғуборли кундузим ёришар гўё.
Ёлғизлик дунёнинг мангу гадоси,
Тириклик буржида муайян рўё.

Эминда, ёлчибон яшай олмадим,
Оёғим қобартти юрганим йўлим.
Амалдор, бадавлат, афсус бўлмадим,
Керилиб юришга калтайди қўлим.

Қоғозу қаламни мўътабар билиб,
Ёзишни саодат атабман, эвоҳ?!
Давлатманд ёзмаслар мийиғда кулиб,
Жаҳонга солурлар шоҳона нигоҳ.

Миллиард ёрмоқлар кимларга чақа,
Хорижда саройлар, йўқ, ҳисоби йўқ.
Ҳайрият, кифоя бизда нафақа,
Маошга қуриб қолмайди сўлиқ.

Ижоддан муддао ўзи не турур,
Олтинми, кумушми… Писандга илмас.
Шоирга, адибга, бас, етар ғурур,
Калта ипки, гарчи, бойловга келмас.

Тақдири насибдан ким ютар, билмам,
Борларнинг ошиғи олчидир бу кун.
Тирикман, ёзишни лек канда қилмам,
Аллоҳ инояти шундадир тўкин.



ЖАРАЁН

Аямай ишладим, аяшдиларми,
Тайёрдим жонимни қилмоққа нисор.
Суриндим, йиқилдим, суяшдиларми,
Кишига керакдир далда, ғамгусор.

Тарихни варақланг, бунга мисол кўп,
Инкорни пеш қилар мудом фалсафа.
Бечора ҳолига тушган қанча хўб,
Танимай қўйганлар дўсту ҳамсафо.

Ҳашамат, назокат кераги йўқдир,
Анжуман, ҳайъатлар истамас кўнгил.
Қалтайиб, соғ юрса бас, кўнгли тўқдир,
Руҳи равон, сўрса укалар, сингил.

Кимларда боқувда эски ҳасадлар,
Яшаб турганингга куярлар ичи.
Жам бўлса, қўзғошар фисқу фасодлар,
Болалаб кўпайган қасд ила ўчи.

Улардан ўлиб ҳам қутилмоқ қийин,
То иблис бор экан, яшарлар аниқ.
Иғво, бўҳтон, туҳмат – қуроли тайин,
Эсга келмас дўзах гулҳани ёниқ.

Қулоққа чалинар бадбин қилмишлар,
Тасалли айтурман ўзимга ўзим.
Ёмон эмас, дейман, қилганим ишлар,
Элимнинг олдида ёруғдир юзим.

Курашдан безганман, бўлсинлар ғолиб,
Дунёни кўтариб кетмаслар, охир?!
Кун келар, ажалга бўлурлар мағлуб,
Аллоҳ қудратини қилажак зоҳир.



ТАШРИФ

Бахтнинг этагини тутганлар, айтинг,
Иқболни энтикиб кутганлар, айтин.
Шоҳона асарлар битганлар, айтинг,
Мақсудига комил етганлар, айтинг.

Осон бўлмагандир саодат йўли,
Ранжитгандир, балким, рақобат йўли?
Текис эмас, одамзод сабот йўли,
Ҳам жозибали, ҳам синоат йўли.

Ёнма-ён сиз билан келяпман бу кун,
Йўл юриб, нимадир биляпман бу кун.
Омадни ахтарув қиляпман бу кун,
Гоҳо йиғлаб, гоҳо куляпман бу кун.

Узанган сўқмоғим тўсдилар атай,
Қароқчи зўрайиб, ўсдилар, атай.
Камонин ҳозирлаб, пўсдилар, атай,
Умидим чинорин кесдилар, атай.

Адашдим сарсона, саҳрода, чўлда,
Манзил сароб эди ўнг ила сўлда.
Ҳамду сано, шукрим ифода тилда,
Ҳавони чангаллаб турардим қўлда.

Бахтимни изладим, етмадим, бироқ,
Парвона, аҳдимдан қайтмадим, бироқ.
Мултамас шевасин айтмадим, бироқ,
Ёпишиб, баридан тутмадим, бироқ.

У саҳий, донишманд, билади саъйим,
Истаса, бехато топади жойим.
Юз бурса, ташрифга чиқарман қойим,
Иноят манбаи қодир Худойим.



ЧИНОРЛАР

Шаҳар кўчасини безади чинор,
Қаддини кўтарди осмонга мағрур.
Саф чекди яшилтўн пўрвиқор минор,
Саратон чиллада сояси сурур.

Азамат қоматда ёйилган шоҳлар,
Писандга илмайди оташ нафасни.
Ердан қувват олиб, гуркираш хоҳлар,
Чидами қўзғотар дилда ҳавасни.

Мушкулдир ниҳолга иссиқ иқлимда,
Ташналик бир сира, туфроқ заранг, денг.
Маҳорат, тажриба, гап бор билимда,
Парвариш эҳтиёж муҳаббатга тенг.

Ўн йилда улғайди, кечди ўттиз йил,
Қаршига кўрк берди юз минглаб чинор.
Юрганлар завқ олар, соя-салқин йўл,
Толиқиш бегона, масофа ўнар.

Ишга тушди бир кун арра, болталар,
Бир бошдан кесилди чинорман деган.
Ўтинлик пулидан тўлди халталар,
Бойиб қолди неча муздини еган.

Бировлар экдилар, яхшийди ният,
Шаҳримиз ораста эди жуда ҳам.
Бировлар кесдилар, виждон учун ёт,
Кўчалар яланғоч, энди файзи кам.







ХАТАР

Аввало, ўзимга ёқишим лозим,
Бошқадан не учун ўпкалаш хожат?
Ҳурматим қилганлар, сизларга таъзим,
Яхшилар сабабки, яшайди нажот.

Орада кўп эрур иззат талаблар,
Нечовлар ҳисоблар шахсини ноёб.
Кимлар амал олар товон ялаблар,
Анов юрар жамоа кўзин бўёб.

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/pages/biblio_book/?art=69386269) на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.