Читать онлайн книгу «ВАТАН МАНГУ МАКОН» автора РАВШАНОВ ПОЁН

ВАТАН МАНГУ МАКОН
РАВШАНОВ ПОЁН






П О ЁН Р А В Ш А Н О В




В А Т А Н М А Н Г У М А К О Н

























П О Ё Н Р А В Ш А Н О В



В А Т А Н М А Н Г У М А К О Н


Д Е В О Н














2020 йил








Назмиёт соҳир санъат, нафосат ва фасоҳат ташувчисидир. Қалбий кечинмалар тараннуми бадиий малоҳати ҳаётга, гўзалликка, маънавий камолотга ошуфта этади. Ғазал кўнгилларнинг тилмочи, у бахшида этадиган руҳий завқнинг қиммати беқиёс. Мумтоз адабиётимизнинг дурдона арконларидан бўлган лирик жанрлар инсоний кечинмаларни мухтасар тарзда, аммо, теран ифода этишга қодир. Ғазаллар, рубоий тўртликларнинг ҳаётийлиги, кўнгиллар мулки эканлиги бадиий талқинда аксини топади.
“Ватан мангу макон” девони мундарижасидан жой олган лирик жанрлар соддалиги, тарҳи тозалиги, ҳикматосорлиги, бадиий жилоси, мавзу рангбо-ранглиги билан ўзига хос малоҳат касб этган.

ТАҚРИЗЧИЛАР: НАФАСХОН ШОДМОНОВ,
филология фанлари доктори.

РАЪНО САЙДУЛЛАЕВА,
Қарши Давлат университети ўқитувчиси.







НАЗМИЙ БЎСТОНДА
Кўнгилга тўкканим бу гапларни жуда олдинлар айтишим вожиб эди. Сабаби, Поён Равшанов билан 1964 йилнинг қишида, Қарши шаҳрида, педагогика институтимизнинг ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида биринчи танишган, битта ҳужрада бирга яшаган, қадрдонлашган мен бўлган эдим. Унинг мумтоз адабиётни чуқур билишини, ғазалларни жуда ёқтиришини фақат дарслари воситасида эмас, ўзаро суҳбатларда, баҳслар мисолида яхши билардим. Ўзи ҳам ихчам шеърларни бадиҳа тарзида тўқишга, ўрнига тушириб айтишга моҳир эди. Бундан ярим аср муқаддам тўқиган ана шундай тўртликлари, шеърлари ҳали-ҳозирга қадар давраларда эслаб юрилади. Шундай бўлса-да, Поён Равшановнинг бирга ишлаганимизнинг 15-20 йилларида шеърий китоблар чиқаришга қунт қилганлигини эсламайман. Газеталарда, ҳар ҳолда, шеърлари босилиб турарди. Бу йилларда у ижодга эмас, илм-фанга астойдил берилган бирин-кетин китоблар нашр эттирган эди.
Иттифоқо, унинг “Малика Кенагас ойим ёхуд амир Насруллонинг ўлими” /2000/ деган қиссаси Тошкентда, “Шарқ” нашриётида чоп этилди. Шу ажойиб асарнинг иловасида Поён Равшановнинг шеърларидан ҳам намуналар берилди. Қиссага “Илм ва ижод мартабаси” деган салмоқли сўзбоши ёзган атоқли шоир Абдулла Орипов бир жиҳатга аҳамият бериб, жуда ўринли шундай деган эди:
“Поён Равшановнинг насридан-ку хабарим бор эди-я, аммо шу яқин-орада шеърларига кўзим тушмаганди. Тўртликларини ўқидим ва қониқиш ҳосил қилдим. Ҳақиқий олимона, ҳикмат билан суғорилган сатрлар диққатни жалб этмай қолмайди. Тўртликлар ёхуд рубоийлар деймизми, булар узоқ вақт муаллифнинг ўз мулки бўлиб келган. Катта ҳаётий тажрибага, кенг қамровли билимга эга бўлган шоирнинг назмиёти пинҳон қолиб кетиши ҳам камтарликдан эмас. Назмий-фалсафий мушоҳадалар, шубҳасиз, ўз ўқувчиларини топмай қолмайди. Шу жиҳатдан, бу журъатни қутлаш жоиз, деб биламан”.
Қадрдоним, ҳамкасбимнинг “Авлоднома” деган мемуар асари /2017/ нашр этилгач, унинг адабиётга, хусусан, шеъриятга муҳиблиги ўрта мактабда, ўқувчилик йилларида бошланганини, шоирлик орзуси бўлганлигини билдим. Бундан ҳайрон қолмадим. Ўзи ошкор қилмаса ҳам, зуваласида бадииятга ошуфталик яққол кўзга ташланиб турарди.
Поён Равшанов 1991 йилдан ҳозирга қадар 10 та қисса, 4 та роман, 11 та шеърий тўплам-девонлар нашр эттирди. Унинг “Умид уммони”, “Карвон қўнғироғи”, “Нахшаб қиссаси”, “Қалб мулки”, “Темурбек ва амир Ҳусайн қиссаси”, “Сайқал”, “Ёниқ туйғулар”, “Яхшиликнома”, “Назмий минтақа”, “Садафмулк” ва “Садоқат манзили” тўпламлари Тошкентда, марказий нашриётларда босилди ва ўқувчилар қўлига етиб борди. Қиссалар, романлар ва девонлар сони 25 тадан ошади, деган яхши ниятим бор. Сабаби, шу яқинда Поён Равшанов ўн биринчи шеърий китобини – “Ватан мангу макон”ни нашрга тайёрлади.
Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов вақтида таъкидлагани сингари, Поён Равшановда дунёқараш уфқи кенг, ҳаётий тажриба, маҳорат кўлами улкан. Унинг янги тўпламига киритилган исталган ғазални, мухаммас, тўртликларни олингда, танқидий таҳлил қилинг. Шунда мусаннифнинг бадиий заковати кўз ўнгингизда гавдаланади. Аминманки, сизда қониқиш пайдо бўлиб, навбатдаги варақларни очишга эҳтиёж сезасиз. Сабаби, шеърлар оддий, равон, бадиияти юксак, тили ширин. Ғазалларни мутолаа қилиб, уларда ўртага қўйилган мавзунинг юрагингизга яқинлигини, ўзингиз ҳам шу фикрда, шу тўхтамда, ҳатто, айтишга чоғланиб турганингизни ҳис қиласиз. Қандайдир романтизм нисбалари, баландпарвозлик ҳашамлари эмас, ҳаёт воқеа-ҳодисотларининг ҳаққоний бадиий тасвири чизгилари меҳр ва илиқлик уйғотади.
Шоир бир ўринда дейди:
Ё лоқайд, ё тиним билмайин яшаб,
Кимдан саҳро, кимдан гулзор қоларкан.
Лирик қаҳрамон иссиғ-совуғ кўрган, тажрибаси катта. Унинг ички кечинмалари талқинида замондошларимизнинг мужассамлашган фикр-ўйлари бўртиб туради. Муҳими, девон назмиётининг марказий мавзуси – яхшилик, юртга тинчлик, элга бахт-саодат, юртдошларга саодат туйғуси асос қилиб олинганидадир. Бу мавзулар бадиий мулоқоти ҳар куни зарур, улар эскирмайдиган, қадри тобора ошадиган ҳаётий ришталарни ўзида жамулжам этиши билан ажралиб туради.

Камол Очилов
адабиётшунос олим.






АЖРАЛМАС ҲАМРОҲИМ ПЕШОНА ТЕРИМ

Ғ А З А Л Л А Р

Беғубор хилқат, эварам Миродил хотирасига
бағишлайман.                  лайман.
Муаллиф.


ҚАРОРИМ

Ҳаётда шошилиб, келган шу ерим,
Ажралмас ҳамроҳим пешона терим.

Узоқ йўл босибман, ўйласам бу кун,
Орқада қолдириб сўқмоқлар, бурим.

Энг оғир маррадан ўта олмадим,
Мен ортда, бақога йўл олди ёрим.

Тез ўтди навниҳол, мардона чоғлар,
Йўқотишлар бўлди-ҳасратим, зорим.

Қисматин яшайди бандаси, ахир,
Ҳамдларим, шукронам – қалбимда борим.

Фарзандлар бахтини тиладим Ҳақдин,
Набиралар сафда, қаторда норим.

Қўлимда тебраниб турибди қалам,
Тарихдан ёзмоқлик бўлди шиорим.

Душманим авжида, ёнида шайтон,
Тўғаноқ солади чалиб барорим.

Этагин тутганман сабру бардошинг,
Отамдай азиздир номуси орим.

Аллоҳга таваккул, тақдирдир, Поён,
Насибича яшаш, ижод – қарорим.

Г У Л Ж А Б И Н

Сулув қизнинг қиёси гулжабиндур, гулжабин,
Хиром этса солланиб, ифтихор айлар замин.

Сарви қомат дилрабо шаҳримизда ягона,
Кўчасига тизилиб шайдолар бошлар азмин.

Гулгун сочи, ой юзи, зулфи тори чамани,
Савдо солур ошиқнинг бошига оғир, вазмин.

Назокат ҳам карашма, фасоҳатли шеваси,
Шоир аҳли лутфини ашъор қилурлар тазмин.

Лобар, хушрўй, оқила, одоб, ҳаё мусаллам,
Интилади билимга, китобдан топар мазмун.

Атрофида парвона муҳаббат саболари,
Номаларда муҳиблар битар юракнинг рамзин.

Поён Равшан ҳавасда гулжабин саботига,
Тилаб унга саодат, ёзди ҳайратда назмин.


ОҚ ТОЛАЛАР

Сунбул сочларингда кўрдим оқ толалар,
Зил кетди юрак, қилдим маюс нолалар.

Кўз ўнгимда жонланди ўн саккиз ёшинг,
Товонга оқарди қора шалолалар.

Зулф қомандингга асир, нолон кўп эрди,
Тори беназиринга бўлиб волалар.

Саболар ошуфта, эсарди парвона,
Соч ёйсанг ифорга тўларди далалар.

Юрсанг қўш аждаринг ортда тўлғонарди,
Қўрқиб ваҳмдин кўздан оқарди жолалар.

Қирқ кокилинга боғланганди қирқ ошиқ,
Ол яноғингдин хижил эди лолалар.

Шоҳи, атлас безамишди сарви қандни,
Яхши ният, тумор таққанди холалар.

Оҳ, бу сочлар, пайкарларга орзу бўлган,
Бир бор тутмай, доғда қолдик бўз болалар.

Йиллар ўтди, бошда қиров, Ҳожи Поён,
Дер, қора сочдин йироқ бўлсин балолар.

СЎЗИНГГИЗ

Шириндир, шакардир,болу асал сўзинггиз,
Бахш этар жонимга жон филмасал сўзинггиз.

Муҳтарам, мўътабар, одоб ҳаёда лобар,
Фасоҳат сафида тортар ясол сўзинггиз.
Масиҳо нафаси тарсога инъом турур,
Тириклик меҳвари, малҳам мисол сўзинггиз.

Лаъли лаб каломин дерлар нақди дурафшон, Кўнгилни шоҳ айлар аҳли висол сўзинггиз.

Муҳташам шевада ибора ғоят равон,
Ҳикматдин иқтибос қилгай ўсол сўзинггиз.

Ўргансин нозанинлар лутф санъатин сиздан,
Чун, гўзаллар демиши ҳам гўзал, сўзинггиз.

Баҳра топур диллар яхши гапдин, эй, Поён.
Куйланмаган, наздимда, бир ғазал сўзинггиз.

ДУРАФШОНИМ

Қашқадарём, Кешу Насаф дурафшоним менинг, Ўзбекистон, Турон юртим шараф-шоним менинг.

Жайхун,Сайхун, яшил водий, баланд тоғлар, Пойканд сари тўлиб оқар Зарафшоним менинг.

Тошкент, Термиз,Қўқон Хива, Нукус ҳам Бухоро, Самарқанд, Фарғона Жиззах, Андижоним менинг.

Навоий, Наманган, Гулистон, Қарши жонажон, Муаззам шаҳарлар эрур тани жоним менинг.

Ифтихор айлагум ота юртим, она диёр,
Муқаддас тўкилган бунда киндик қоним менинг.

Кипригингга гард қўнмасин, яшна азиз Ватан,
Садқа бўлсин пойингга тоза виждоним менинг.

Оғушингда топди камол, фидо сенга Поён,
Нисор этгум равнақингга бор имконим менинг.
ИФТИХОР

Додлама, додлама, дод саси галди
Қаршининг чўлидан ёр саси галди.
Қўшиқдан
Яйради бу кўнгил, дилафкор келди,
Манзилим чиройи мафтункор келди.

Қад керган бинолар кўзнинг қувончи.
Уйғонган боғларга кўрк, виқор келди,

Минг – минглаб кентлари, ривожда воҳа,
Қарши ҳам Шаҳрисабз ифтиҳор келди.

Қишлоқлар ободдир йўлимиз равон,
Ризқи насибада чун барор келди.

Муҳташам бинолар, тўйхона гавжум ,
Висол оқшомига суманбар келди.

Улуғланг юксалган Қашқадарёни,
Меҳнатда зафари, хушхабар келди.

Севди азиз юртин Ҳожи Поён Равшан,
Мадҳин айтиб толмас, жон нисор келди.

НИГОҲ

Жон олур ибо билан боқғувчи хумор нигоҳ,
Кор қилмас дилхастага таққани тумор нигоҳ.

Солмайин назарини куйдирди ўшал сулув ,
Ёзганим номаларга етмагай шумор, нигоҳ.

Шайдолик шулми эрур, Мажнун сўрди аҳволим,
Кўп экан ишқ йўлида бўлмишлар бемор, нигоҳ.

Солланиб ўтар ёндан, хиромдан хижил товус,
Томоша айлар қуёш, тун илҳақ қамар, нигоҳ.

Қадди басти сарв озод, эгнида яшил кабо,
Таманно қилдим висол, йўқ асло самар, нигоҳ.

Дедимки фидойингман, Қаршида танҳо ошиқ,
Лаб тишлаб, нозланиб, жавобдан кўз юмар, нигоҳ.

Инсофга келур охир, умидим, Поён Равшан,
Ғамза ҳам озорига садқаман, севар, нигоҳ.

ГУЛЛАРИНГ

Яшнаб турибди ҳамон ундирганинг гулларинг,
Ғунча боғлаб ўсмоққа кўндирганинг гулларинг.

Кўзни олар муғжалар шода -шода тизилиб,
Сада райҳон бўйини дўндирганинг гулларинг.

Гулқайчи олиб қўлга, ораста айлаб сафни,
Барг остидан тиконни синдирганинг гулларинг.

Субҳидамда саралаб, келтириб даста- даста
Нафосатга ҳайратни индирганинг гулларинг.

Гулзор ичра оразинг гулни ҳижил этадур,
Мендек шайдо боғбонни ёндирганинг гулларинг.

Чирой берган гўшага сўлмас ўшал чаманинг,
Хушбўйидан оламни тўлдирганинг гулларинг.

Поён Равшан мафтуни, сенсан раъно, Садафим.
Ёнда бўлиб ҳамиша тиндирганинг гулларинг.


МОҲИТОБ
Моҳитоб, сени кўриб, қарор йўқ турарда ҳам,
Бемажол қотдим бу кун, ҳолим йўқ юрарда ҳам.

Чиройинг сеҳри надур, салобати лол айлар,
Шунчамасди шоҳ Темур Оқсарой қурарда ҳам,

Кеш гўзали таърифий, мозийлар берур дарак,
Сабза шаҳр санами бор “Саббаи сайёр”да ҳам.

Васлинга толибдурман караминг аямагил,
Иноят кил, дилбарим, фидойинг севарда ҳам.

Барча чирой жам бўлиб, мумтозлик бахш этибдур,
Чун Поён адашмас кимга кўнгил қўярда ҳам.

НИМА ҚИЛДИНГ

Эй қадрдон, ҳаётингда арзир нима килдинг,
Кеча, бугун, ёинки, ҳозир нима қилдинг?

Ортда колди йиллар, илдам ўтмоқда кунлар ,
Мусанниф тарих айлаб ёзур, нима қилдинг?

Яхшилик килдинг кимга қачон, қайда, қандай,
Кўрдими ночор нафдин хузур, нима қилдинг?

Кишиким бўлса сахий, тўғри, адолатли,
Ниятин элу улус сезур, нима қилдинг?

Хасадга асир каслар, охир, топгай завол,
Ёмонлар тўғри йўлдин озур, нима қилдинг?

Сарҳисоб айла умринг, кеч эмасдур савоб,
Сидқидил тавба эрур маъзур, нима қилдинг?

Явмул жазо муқаррардур, эй Ҳожи Поён,
Ўйлаб кўрсам, қилмишлар эзур, нима қилдинг?!

Ф И Д О Л А Р
Табиатдин топгунг танга даволар ,
Дардга малҳам тоза оби ҳаволар .

Шикаста кўнгилга етгазгай ором,
Субҳидам таралган дилбар наволар.

Мусоҳиб топгилки суҳбати жонон,
Ўзаро эҳтиром бўлсин раволар.

Гулларни дастала хушбўйли, ифор,
Очгил деразангни кирсин саболар.

Қутилгил ўйлардан, назаринг тозарт,
Қолиб кетсин ортда маҳзун нидолар.

Яхшилик қилғилу яхшилик кутгил,
Дилингни яйратар мамнун садолар.

Ёмонлик қилганга ёмонлик етар,
Қилмиш қайтиб тезда қилғай адолар.

Камолга кафилдир атворинг, Поён,
Тўғри йўл тутади жонга фидолар.

ХУШДАМ
Яхши одам суҳбати хуш дамдир, хуш дам,
Сомиъ бўлиб эшитсанг гар, шунчалар кам.

Нозу неъмат, ризқ – рўзи покиза, ҳалол,
Пазанданинг таоми хуш таъмдир, хуш таъм.

Давра тузгил, анжуман,ўрласин ҳайрат,
Беназирдир рағбати дўстлар бўлса жам.

Ҳасадгўйлар бебаҳра ҳаёт завқидан,
Атрофида изғийди сарсар издиҳом.

Оламга боқ, уфқининг охири йўқдир,
Кенглик қалбга бағишлар ғурур ва илҳом.

Дўст- ёронга боғлагил кўнгил ройини,
Улоқтиргил аразу киналарни ҳам.

Ҳикмат изла, тинчима, эй Ҳожи Поён,
Шод юрмоқлик қайда-ю, қайда ғурбат, ғам.

КУНЛАР

Яхшими, ёмонми, ўтяпти кунлар,
Маюслар кўп бунда, бордир мамнунлар.

Дунё бу, ҳам ўжар, ҳам сокин уммон,
Синоат,мубҳамдир, хаттоки, тунлар.

Сукунат ўрлайди, босилмас шовқин,
Жимжитлик қаърида, ўчмайди унлар.

Кундузлар қисматнинг бозори қайнар,
Кечани эгаллар арвоҳлар, жинлар.

Бойликка букканлар бойисам, дейди,
Бир пулга илинжда қомати нунлар.

Нодон айшда шодон, кулфатда дона,
Унутилиб борар Фарҳод, Мажнунлар.

Кунлар қариб борар, эй Ҳожи Поён,
Пешонага тушган қатор ажинлар.

ЕТИЛИБСАН
Тасанно, эй нозанин, бебаҳо етилибсан,
Ҳусн малоҳатингга йўқ интиҳо, етилибсан.

Ҳайрат қиларди Юсуф зебо ул жамолингга,
Рашкда ёнарди куйиб Зулайҳо, етилибсан.

Юзингда нур жилваси, хира тортади офтоб,
Сунбул сочинг давлатинг, дилрабо етилибсан.

Муяссар бўлмиш камол, эрур Қарши маконинг,
Кўрсин оразинг Зуҳра , малиҳо, етилибсан.

Қадди – бастинг санубар, таърифида тиллар лол,
Ақлу хушу ҳаёда солиҳа, етилибсан.

Кўрган барча ошуфта , ром айлайди чиройинг,
Шоир тўқир шошилиб бадиҳа, етилибсан.

Сен каби хушрўяни кўрмади Поён Равшан,
Васлинг зорини солма андуҳа, етилибсан.

ФИДОЛАРДАН
Оромим топаман тонгги наволардан,
Муждалар кутаман субҳу саболардан.

Булбулга ҳавасим тотли нафасидан,
Назокат сайқали ул дилраболардан.

Гулзорга боқаман , яшнар турфа чаман.
Ҳайрат- ғунча кийган яшил қаболардан.

Мушавваш ҳаёлим эсар сарин еллар,
Масрурлик етадур савту садолардан.

Таманно лочиндек учади чарх уриб,
Кўнгил мастонадур майу бодалардан.

Эзгин- эзгин , хазин келар қўшиқ саси,
Дунё безор бўлди ошиқ адолардан.

Висоли бор экан, ажабдур айрилиқ,
Олам кўнгли ярим ёрдан жудолардан.

Ҳожи Поён, бу кун армон, на этурсан,
Эрсанг ҳамки умринг бўйи фидолардан.

ТАСАДДУҚ

Азизам, мунисам, жоним фидо, тасаддуқ,
Ҳижронинг ғамида бўлдим адо, тасаддуқ.

Топмадим тасалли ўқиб неча қиссалар,
Сабил қолди васли висол, ваъда, тасаддуқ.

Парисан, пайкарсан, мен содда ошиқ, гулим,
Айладинг бир зумда ўздан жудо, тасаддуқ.

Телбараб Мажнунваш ахтардим изинг нетай,
Бермадинг фарёдима бирор садо, тасаддуқ.

Тахайюл қадаҳи қўлда, эрурман сархуш,
Майсиз майхонада дерман Худо, тасаддуқ.

Бу риндми ё дарвеш, кўрганлар зикрим қилур,
Ишқинг мазҳабида борман гадо тасаддуқ.

Умримда сен ила кечди бахтли онларим,
То тирик Поён, Садафим, фидо, тасаддуқ.

ҚАРШИ ГЎЗАЛИ

О, Қарши гўзали, шаҳрим гўзали,
Сен ҳақингда хаёл сурмоқ мазали.

Қалдирғочнинг қанотидек қошларинг,
Пайкон отур киприкларинг жазоли.

Ноз- истиғнонг куйдирадур қалбимни,
Санамларга шулдир тақдир азали.

Парвойинг йўқ йўлингдаги мен зорга,
Аксга олиб, ағёр бўлди ризоли.

Ошиқлардан қолган ҳикмат рост турур,
Эрмиш чирой садоқатла низоли.

Васлинг умидида ўртаниб, ёниб,
Майхона масканим шароб-бўзали.

Нозанин париваш, инсоф йўлин тут,
Лутфинга бахшида Поён ғазали.

КЎНГИЛ
Кўнгил иши муаммо, ечолмадим,
Гарчи оғир жумбоғи, кечолмадим.

Истаги недур, билмам, тунлар бедор,
Лек сулув ҳақида сўз очолмадим.

Ўртанар, армони кўп, дарди ичда,
Бўшдир бағрим, севгини қучолмадим.

Чокари эрурман вожибдир амри ,
Рағбатидан хижилда куч олмадим.

Бошлади тахайюлга, кездим, кўрдим,
Юрди гулшан саҳнида, ҳеч қолмадим.

Узатди гул дасталаб ул чамандин,
Моҳитоб юрган йўлга, оҳ, сочолмадим.

Поён Равшан чиқмас қалби ройидан,
Сабаб шулким, тақдирдан қочолмадим.

ҚАНОТ
Қайрилмасин шунқор, қарчиғайнинг қаноти,
Илкис суринмасин ботирнинг минган оти.

Асил йигит танти бўлар, қайтмас лафзидан,
Ҳар ишида аён жўмардликнинг исботи.

Одам борки, бордир ҳасад, бордир яхшилик.
Ният олға бошлар гарчи кўпдир захмати.

Элинг улуғ, эл билан бўл, томиринг теран,
Фидоий фарзандга доим юртнинг заҳмати.

Анжуман истагил, бўлсин фозиллар йўлдош ,
Дунёни англатар орифларнинг суҳбати.

Заволга бошлар, йўлинг ўнгла, ёмондин қоч,
Қозон қорасидир, тезда юқар тухмати.

Қутлуғ айла қадаминг, одоб ақлинг билан,
Синалган Ҳожи Поён айтмиш насиҳати.

ВИСОЛИНГ

Висолинг ўйлабон тинмай хаёллар сурдим,
Тасаввур тонгида гўё ёнингда турдим.

Тушимда эмасдур, десам содир ўнгимда,
Юзингга термулиб масруру шодон турдим.

Садафим, пайкарим, туҳфа этдинг табассум,
Бошим кўкка етди, ўзни фалакда кўрдим.

Унсиз мулоқотда англадинг нечук ҳолим,
Илтифот шарпасидан қувнаб, кўкрак кердим.

Тақдирга қойилман, насибидир тахайюл,
Яратгандан илтижом, орзу дийдор дардим.

Қанийди бир нафас қўлингдан тутсам, ёрим,
Кўрмаган бахтим қайтиб, кетар юрак зардим.

Ҳаёлнинг оғуши ширин нақадар, Поён,
Ҳаётда тасалли борига шукрим дердим.
ЎЙИМИЗ
Манзил ҳаёлда йўқ, ташвиш ўйимиз,
Икки бўлса деймиз битта қўйимиз.

Қориннинг ғамида кечади кунлар,
Қиш олди , жам эмас кўмир, қийимиз.

Фарзандлар бўй етган, тўй истар кўнгил,
Феълимиз кенг, аммо тордир уйимиз.

Йўриғин топамиз, иложсиз ўлим,
Бир куни янграйди чалар куйимиз.

Яшагил, эй қадрдон, ғамсиз , шодланиб,
Аллоҳ подшоҳ эрур , берур ройимиз .

Ўзлигинг бисотинг, ҳавасга лойиқ,
Болта кесолмайди мурти мўйимиз.

Куйманиб яшаймиз, эй Хожи Поён,
Бировдан кам эмас басту бўйимиз.

ШАМ
Охирлаб боряпти шамнинг пилиги,
Хира тараляпти ёғду- ёруғи .

Шукрона насиба – дастурхон тўкин,
Паловхон устида гўштнинг илиги.

Шу кунларга етмоқ бир давлат экан,
Гоҳо ёқмас айрим чоллар қилиғи.

Нуроний кексалар парили дерлар ,
Мужассам тотувлик бунда тўлиғи.

От ўрнин той босар – кўнгил тўқлиги ,
Зангламағай, албат, жўган сўлиғи.

Норларинг қаторда таратса донгни ,
Яратгандан насиб эрта йўриғи.

Сенга етганлар бор, етмаган, Поён,
Ҳасаднинг ортингда тузди чориғи.

САБОҚЛАР
Қисматга боғлайди нодон гуноҳларини,
Ҳаётдан олмагаган, вале, сабоқларини .

Билоғон санайди ўзин яна бировлар,
Харомдан тиёлмас аммо томоқларини.

Либосин ўзгартар кунда сатанг киборлар,
Бечора яширар тўнда ямоқларини.

Журъатсиз ошиқлар қолур кўчада сарсон,
Солмагай дилрабо унга нигоҳларини.

Лоқайдлар ўтказар кунин беҳуда, чакки,
Фидолар ишидан чоғлар думоқларини.

Гарчандки, тақдирни бўлмас ўзгартиб, тузиб,
Оқиллар билади нима қилмоқларини.

Қаловлар топилар, шукри бўлмаса канда,
Тушуниб турибсиз Поён демоқларини.

XУШ КЕЛДИНГ
Марҳабо, хуш келдинг, юртимга баҳор ,
Оламни яшнатиб, бердинг, кўрк, оҳор.

Саврнинг жоласида бурчоқлар ўйнар,
Бўтана сувлардан ҳайқирар анҳор.

Қирларда майсалар чайқалар нафис,
Боғларда қийғос гул,тоғларда виқор .

Хушилхон қўшиқни бошлабдур булбул,
Шўх-шан қизлар сочга баргаклар тақар .

Ошиқ кўнгилларда мастона сурур,
Севиб – севилмоқлик ёшларга ёқар.

Табиат уйғонган, яшнаган борлиқ,.
Илҳом жўшиб, Поён, қилдим дил изҳор.

СЕНДА СЎЗИМ БОР
Кечиргил, муҳаббат, сенда сўзим бор,
Эллик йил кўнгилда сақлабман зинҳор.

Эҳтимол, нафратинг ё ғашинг келар,
Тағин пайдо дебон бу номард, беор.

Қалбимдан жой олдинг ўша маҳаллар,
Маст айлаб севгидан, бахш этдинг виқор.

Танитган санаминг паризод эди,
Сулувлар бариси олдида чокар.

Мафтуни, шайдоси бўлгандим тамом,
Ундан бўлак, дердим, бариси бекор.

Дафтарлар тўлдириб, изҳор битардим,
Жавобин кутардим, бетоқат, хумор.

Бир энлик мактубин кўзимга суртиб,

Ўқирдим такрорий тонггача бедор.

Ёз эди жилмайиб, ёнимга келди ,
Деди , “тўйим эрта, йўқ энди дийдор”.

Музлади вужудим , лол бўлди тилим.
Бўлмасанг муҳаббат, бунчалар ғаддор.

Йиғлаган ишқимга юпанч, йўқ нетай,
Хазон бўлган боғдан кутмаслар самар.

Йиллар кечди, Поён, битмас жароҳат,
Севги ўлмас экан, муҳаббат пойдор.

ПАРИШОН ЎЙЛАР
Паришон ўйларим жамладим бир зум,
Уммондан чиққандек , қирғоқда ўзим.

Хордиқни истадим нафасим ростлаб,
Чорлабон уйқуни юмаман кўзим.

Сукунат бағрига бораман сингиб,
Ғужғон чорлоқлар ҳам жим, қилмаслар базм.

Паналаб, кузатиб тургандай кимдир,
Шундай туйилдими бу, ҳақиқат, жазм?

Фаришта шарпадир, ўнгимда ўзинг,
Жилмай тур, юкиниб қилайин таъзим.

Атаган куйимни чаламан, шошма,
Қайсидир бурчакда, ғилофда созим.

Кўзимга кўчирай оразинг, дилбар,
Майли, пинҳон қолсин асраган розим.

Сочилган тахайюл жам бўлди тағин,
Лек тушнинг тилсимин қилолмадим ҳазм.

Мушавваш ичрамен, бенаво Поён,
Насрдан ором топар, гоҳо ёзиб назм.

ВИЖДОН

Мушавваш онларда ҳаёл паришон,
Бенаво айлади муттасил ҳижрон.

Озурда кўнглимнинг баҳраси сўнган,
Қувонч бадар кетган, жойидир пинҳон.

Амаллар зиддона унутгум ўзим,
Битиклар эрмагим, овунчдир, ишон.

Парвона бўлсам-да , шукрим десамда,
Бағрим бутунликдан бермаслар нишон.

Шу ҳолим душманим кўролмас, бироқ,
Дафъи учун асти қийнамасман жон.

Чоралар, тадбирлар, имкон ҳам бордир,
Абадий қулф экан айрилиқ кишан.

Қийнайди ҳаёли соғинчга дўниб,
Поён, бу, Садафинг қумсаган виждон.

ДАРИҒ
Хажрига бардошим етмади, дариғ,
Ғуссалар юракдан кетмади, дариғ.

Бўзладим йўлида, куйдирди фироқ,
Дилдаги жароҳат битмади, дариғ.

Кутганим шулмиди умрим сўнггида ,
Тилаклар, ялинчлар ўтмади дариғ.

Кечаги яшнаган гуллар энди йўқ,
Қайтиб барг ёзмади, битмади дариғ.

Қўлимда рўмоли, сурати, қолди,
Куним қора, тонглар отмади, дариғ.

Ризо бўл, кетади малика, шоҳлар,
Кўнишга юрагим ботмади, дариғ.

Ҳар лаҳза ёдимда ул меҳрибоним,
Садафдай аёлим ўтмади, дариғ.

Нола-ю афғоним хазоним, Поён,
Далдалар қўлимдан тутмади, дариғ.

ЙЎЛИНГ ЎНГЛАР
Шайтон кирган кўнгилларда шайтоний ўйлар,
Турқи бузуқ, чуркаб борар юзи, ранг – рўйлар.

Олиб измига, ҳар куйга соладир иблис,
Малай бўлган унга ёлғон, беибо сўйлар.

Нафсининг жилови аввал кетади қўлдан,
Ишратга бўктириб яна ноз ила куйлар.

Шайтонлик қилади, чорлар мисоли пайкар,
Ҳар қилиқ қилади, анқир дўзахий бўйлар.

Кечирар имондан, ҳатто ота-онадан,
Ҳалолни тепкилар, ҳаром -харишни қўллар.

Васвасага солар, шафқат надир, билмайди,
Ҳидоят, диёнат сари бекитар йўллар.

Одамзот душмани шайтони лаъин,
Вайрон бўлди ундан содда, беҳисоб диллар.

Ҳожи Поён, қалбда Аллоҳ бўлсин, тавба қил,
Бисмиллоҳ деб қадам қўйгил, Ҳақ йўлинг ўнглар.

ИНСОФ БЕРСИН

Инсоф берсин Ҳақнинг ўзи яхши- ёмонга,
Эврилсин бандалар иши неклик томонга.

Осойиш барқарор, тинчлик ҳукмини суриб,
Салтанат қўлини чўзсин қадди камонга.

Одамдай яшасин одам, муҳтожлик сабил,
Норизо тош отмасин чун кимса замонга.

Диёнат бошласин поклик, сабру бардошга,
Кўз тегмасин яшнаб турган боғу чаманга.

Улғайсин ёш яланг дуркун, камолга, етиб,
Ривож, равнақ учун бел боғлабон ватанга.

Муҳаббат сеп ёйсин, кўп ўтсин тўйу ҳашам,
Мусобақа, улоқ ярашадир маконга.

Тандурустлик арзир тамаддун юксалса гар,
Янгиликлар кашфи бўлсин тадқиқ имконга.

Хақ берсин осойиш, Поён, мамлакат, элга,
Чиқсин қуёш, ойи нурин сочиб Инсонга!


КЎРМАДИМ

Ошиқи шайдода сабру тоқат кўрмадим,
Дўсту қадрдонда меҳру оқибат кўрмадим.

Дунёнинг равишин билмоқ мушкул, эй рафиқ,
Толиби илмларда аҳсан сабот кўрмадим.

Бенаво мискинда шукру тоат на қилғай,
Давлатманд касларда Ҳаққа рағбат кўрмадим.

Кибру ҳаво сели бузғай тамкинлик уйин,
Ўзни мақташдан ортиқ маҳобат кўрмадим.

Дил айтганин тил демаса зулматдур дунё,
Мунофиқ сўзин асло ижобат кўрмадим.

Мўъминлик ойини келмиш азалдин вожиб,
Аҳли давронда иймонга даъват кўрмадим.

Инсон умрин зийнатидур халоллик, Поён,
Пок булмаган жойни мутлоқ обод кўрмадим.

ҲАЁТ ЖОВИДОН

Ҳаёт беназирдир, ҳаёт жовидон,
Билмай камлик надир, яшасанг хандон.

Кўркамдир боғотлар,тоғлар, водийлар,
Туғилган маъвомни севарман жондан.

Дарёлар, анҳорлар, чаман, бўстонлар,
Бағрига тортади кунданда кундан.

Бепоён саҳролар, қумлоқлар, даштлар,
Чорванинг макони улуғвор майдон.

Тупроғи унумдор, хосияти бор,
Ер ости бойликка, маъданларга кон.

Юртдошлар довқурдир, эзгулик матлаб,
Қизлари суқсурдир, хушрўя, жонон.

Ўзбекистон танҳо, таъзимим, Поён,
Аллоҳ давлатида шариф беармон.

ҚАДАМКИ БОСИБСАН
Қадамки босибсан, ҳамроҳдир, кулфат,
Хатойингни кутади, пойлайди туҳмат.

Шарти шул,эҳтиёт, огоҳ, ҳушёр бўл,
Йўқ жойдан ортдириб олмагил заҳмат.

Ҳалоллик мақсад қил, яхшилик ўйла,
Тўғрилик келтирар ҳамиша раҳмат.

Ёмонга ёндашма, ғуруринг сақла,
Самара келтирар астойдил меҳнат.

Дўст- душман танигил, турланар одам,
Номард ичгич бирла бўлмагил улфат.

Ғийбатдан узоқ бўл, диёнат пешла,
Аллоҳ даргоҳидан етишар роҳат.

Синовлар кўп, Поён, бардошли бўлгил,
Ҳақ ёлғиз қолдирмас, шу муҳим жиҳат.

СЕНИ ЭСЛАБ
Сени эслаб бирдан ҳаёлга ботдим,
Ўйлаб ёлғизлигим, харсангдек қотдим.

Кўпмиди гуноҳим шунчалар, билмам,
Тахайюл тушовлаб, бемажол ётдим.

Хайру хуш қилмадинг, кетдингда бординг,
Йўлингга интизор кун-тунлар кутдим.

Турналар неча бор қайтдилар юртга,
Кўзим тўрт йўлингда, фироқда йитдим.

Кулбамга сиғмайин, сафарлар қилдим,
Дарду аламим Шош, Андижон элтдим.

Ортимдан қолмади ҳижрон соядай,
Таассуф, Қаршига ҳамроҳсиз қайтдим.

Ёлғизлик эзади, ёлғизлик оғир,
Анжуман қизирди ёнингда пайтим.

Ортиқча сезяпман ўзимни сенсиз,
Дийдор қумсаб Поён, ушбуни битдим.

ҚЎЙ ЭНДИ
Қўй энди, синамай қўяқол, дўстим,
Майли, сўрмай кўзни ўяқол, дўстим.

Мен, десанг, ўрмонни оралаб ўтдим,
Қанча шоқол кўрдим лоақал, дўстим.

Ҳамроҳлар ёнимда анча, кўп эди,
Лек лафзда турмоқлик чун маҳал, дўстим.

Сунъий гапим йўқдир, тўғрисин дейман,
Узрим, теккан бўлса гап саҳал, дўстим.

Фойдангни истабон айтилган пандим,
Буздими сел бўлиб ё пайкал, дўстим?

Бу ёшда насиҳат кор этмас, аниқ,
Ўжарга ҳаёмас ҳам соқол, дўстим.

Ҳожи Поён айтдим юракдан сўзим ,
Балким, туюлар сенга қўпол, дўстим.

МУДОМ
Ҳайратнинг завқини туймаган одам,
Қошу қовоғингдан қор ёғар мудом.

Тинглашни билмайди суҳбат аҳлини,
Фойда тегмас ерга босмайди қадам.

Ўзгалардан ўзин қўяди устун,
Мақтанар даврада яна дамо-дам.

Гўё у билади, бошқалар нодон,
Умрида китобга бўлмаган ҳамдам.

Беписанд кеккайма, шубҳали чунон,
Хешим катта, – дейди, – фалонча қудам.

Соялаб умрини ўтказар шундай,
Суянчиқлар унга бердими ёрдам?

Ўзгани пеш қилма, ўзингча яша,
Кашф этгил оламинг, бўлурсан бардам,

Худкомлар бор экан шаҳрингда, Поён,
Хулоса қилмагил, дунё деб, бекам.

ДЕГАЙМАН

Фироқингдан, нигорим, дардим қатор дегайман,
Ғам – аламдан аҳволим ҳар кун бадтар дегайман.

Қоматим нун, жигарим хун, чекарман сассиз ун,
Қўймоғимда қадамим минг бир хатар, дегайман.

Само узра кўз тутдим, топай дебон изингни,
Саволимнинг жавоби раддин кутар дегайман.

Баҳор қайтди, қиш келди, бақо сақлар сукунат,
Ойлар, йиллар шу таҳлит бир- бир ўтар, дегайман.

Қорайтириб кунларни офтоб этак йиғади,
Зулматида тонг отмай тунлар ўртар дегайман.

Хаста диллар нолиши сўниб борар сийнада,
Далла дунё бепарво, этак силтар, дегайман,

Ёқоси хўл бул Поён субҳидамда бўзлади,
Бенавога Оллоҳдан нусрат етар, дегайман.

МЕН ЭДИМ

Йигитликда кўкрак кериб, алпдай турган мен эдим,
Олтмишгача суринмасдан, жавлон урган мен эдим.

Олийгоҳда, илму фанда ўнглаб сўқмоқ, йўлимни,
Хушвақтликда, дўстлар, давру даврон сурган мен эдим.

Бахтдан бўлиб, рўзғор тиклаб ҳам фарзандлар насиби,
Ёрим меҳри тажаллиси , қандин урган мен эдим.

Дунё кездим, сафар қилдим, Мағриб ила Машриқда ,
Макка билан Мадинада нурни кўрган мен эдим.

Аллоҳ паноҳ берди, шукр, қайтдим саҳро – биёбондан,
Шўро даври диёнатга юзин бурган мен эдим.

Қалам берди қўлга эгам, ёздим талай китоблар,
Бадиият ҳам тарихдан дастгоҳ қурган мен эдим.

Лашкар жамлаб, Ҳасад бирдан ташландику, ёронлар,
Ноҳақликда бадарғада мискин, ҳайрон мен эдим.
Тақдир ,билмам, эврилдими юзин буриб, кўк кийиб .
Яқинларим кетиб, ғам хасратда вайрон мен эдим.

Ҳожи Поён умид узмас даргоҳидан тоабад,
Яратгандан умрим бўйи неклик сўрган мен эдим.

ЁРОНЛАР

Таваллом кўп даргоҳига, ёронлар,
Ғам аламдан сийнам бўлди сўзонлар.

Кутмаганда хазон етди боғимга ,
Кўз очирмас ғужғон ўйнаб тўзонлар.

Тоза эрмас ғубор босган осмоним.
Чорламайди ибодатга азонлар.

Чаман бўлиб яшнаганда бу олам,
Кўзак келмай тушди барги хазонлар.

Мунгли нола эшитилар олисдан,
Сувлар оқмай, қақраб қолган ўзанлар.

Юмрон қотиб турар чиқмай инидан.
Ишрат қилар четда сассиқкўзанлар.

Ажабо, мозийнинг қаърида аҳъён,
Мовароуннаҳр деб куяр Бўзанлар.

Сурувни бўлибон қувар бўрилар,
Ҳамжиҳат бўлганлар – марра ўзганлар.

Олис йўл босибман ўнқир- чўнқирли,
Жазога мустаҳиқ элни бузганлар.

Хожи Поён Равшан, мозий шаҳиддир,
Узоқ бормас Ҳақдан нуқта узганлар.
КИМСАЛАР

Қайдан пайдо бўлди тўймас кимсалар,
Амал этагини қўймас кимсалар.

Уруғи, авлодин танимас биров,
Ёмонликдан асло тоймас кимсалар.

Оллоҳ насиб этган омад, барорни,
Йўқса номин киши сўрмас кимсалар.

Шукрона зиддига танимай Ҳақни,
Бойликдан ўзгани кўрмас кимсалар.

Етгани мансаблар даҳмаза, катта,
Тўғри йўлдан бормас, юрмас кимсалар.

Нафсидан қоқилди, бўлмади сабоқ,
Бировга суяниш ормас кимсалар.

Пора олиш – бериш – умри мазмуни,
Текин бўлса, оёқ босмас кимсалар.

Қачонгача қўллар зўри, эгаси,
Сир очмай, қулоғин осмас кимсалар.

Панжара ортига келтирди феъли,
Тузоққа тушди-ку тушмас кимсалар.

Ҳожи Поён, бунда гуноҳкор кимдир,
Олғирга ён босиш- ишмас кимсалар.

ОМАД

Хақдин иноятдир омад, бахтнинг ташрифи,
Омади юришган бўлур элнинг шарифи,

Бандаси меҳридан эрмас бенасиб, қуруқ,
Ҳамду шукрин айтган улуғ даргоҳ зарифи.

Диёнат, ҳалоллик тамал- саодат давом,
Муждаки яхшидир турфа хилдир таърифи.

Ҳасаддир раҳнагар, пойлар некларнинг йўлин,
Иғво-ю тухматлар тўғригўйнинг ҳарифи.

Шайтон, жинлар лашкар тузиб қувлайди бахтни,
Омад қочқин, ғарибликка тушгай орифи.

Ортида ғурбатдир, омад қололмас муқим,
Қайтмоғи қийиндир, бўлсин қанча маъруфи.

Истабон бахт-омад яшар одамлар, Поён,
Етмоқ мушкул, кетмоқ енгил экан таърифи.

ДИЛ БОШҚА
Дил бошқа, тил бошқа -писмиқнинг ўзи,
Махлиё айлайди ваъдаси, сўзи,

Гўёки, адолат матлуби, танти,
Нечундир, ваъз айтса, ўйнайди кўзи.

Пуч ёнғоқ улашиб, қўйин тўлдирар,
Иши тушган ундан бўлмайди рози.

Амалда турибди, ёнда туллаклар,
Қор тагида қолган олдинги изи.

Кўнгилга хуш келар хирмоннинг чўғи,
Сийламади, афсус, табиат кузи.

Гапни улаб, вақтни чўзмоқлик мумкин,
Бўшаб борар, лекин, қозиқ, илдизи.

Ишончин тилкалар аввал яқинлар,
Пора зуғумидан айлаб норози.

Писмиқнинг топгани не эди ўзи,
Харомдан чуркаган нурсиз орази.

Хожи Поён, балки инсоф етишар,
Тўғри сўзни ибрат қилса бирози.

УМИД
Умид билан яшар ҳар битта одам,
Шундай бўлиб келган ҳозир, муқаддам.

Уй бўлса, оила, бола- чақаси,
Кимсаки , кўнгли тўқ босади қадам.

Ташвишлар кунда бор , ишонч ҳам маҳкам,
Ижобатда кутар эртани бардам.

Шу тахлит кун ўтар, ойлар ва йиллар,
Лек, барин тутмади орзудаги дам.

Амали, бойлиги бўш қолган эмас,
Эгаллаб олишган олғирлар илдам.

Мадад бор, чўққини кўзлашар улар,
Нияти хазина ўмариш, алдам.

Йўл топса, Аршни ҳам кўчмас мулк қилар,
Йўқ! Фиръавн мисоли бўлурлар адам!

Ошқинлаб кетмагил, дунё ҳисобли,
Қаноатда, Поён, тамкинлар мудом.


ҚАНИ
Кечаги савлатинг амал, виқоринг қани,
Оламда танҳоман деган иқроринг қани.

Маҳобат бинолар, улов, мулозаматлар,
Хўжа кўрсин учун берар ахборинг қани.

Яшиндай забт этдинг мансаб чўққиларини,
Амал бўлди ўйин, энди бароринг қани.

Мулкинг тўлиб- тошди, бойлик, пулинг ҳисобсиз,
Бир йўла айрилдинг, эҳ, донг тараринг қани.

Ишонч ларзон еди, эл аро обрў поймол,
Ҳисоби нечук, етказган зараринг қани.

Кўзга қўндириб ойнак, гердайиб юрмоклар
Қамоқ ҳужрасида мулзам тураринг қани.

Саволлар ёғилар, лолсан, тилингни тишлаб,
Кўрмаган кунингни, ажаб, кўраринг қани.

Ўтгани эвази, қолган умринг заволи,
Бу дунёга одам, кайта келаринг қани.

Ҳожи Поён, дедим, ҳалол фуқаро яхши,
Бойлик сиртмоғида, эй нафс, ўларинг қани.

МИРОҚИ
Эзди ҳижрон, эзди ёрнинг фироқи,
Кўнгил ёз деб, чорлар сўлим Мироқи.

Тоғлар қалқон, боғлар бўстон, нафосат,
Гуллар қийғос, булбул бунда сайроқи.

Пайкал яшил, мевалар мўл, сув зилол,
Ширин ўрик, узумнинг қизил, оқи.

Дарё бўйи сурин, хордиқ маскани ,
Турна кўзли, шаффоф эрур булоғи.

Таомлари сархил, тотли, мазали,
Хисори қўйлари семиз, бўрдоқи.

Тераклари соқчи мисол қад керган,
Нурафшондир тунлар, ўчмас чироғи.

Хуш чиройдан сийлагандир табиат,
Манзаридан қувнар кўзнинг қароғи.

Таровати эл- улусни ром этган,
Келар бунда юртнинг яқин йироғи.

Мироқида хуморинг ёз, эй Поён,
Гўзал маскан васли доим сўроғи.

ЕТГУМ
Умидвор бандаман, яхшилик кутгум,
Тонгда хуш хабарга қулоғим тутгум.

Ва, инсоф тилайман яхши – ёмонга,
Юрагим амрини назмимда битгум.

Яратмоқ йўлида юртда ҳаракат,
Фидоийлар васфин тараннум этгум.

Юртимда офият бебаҳо неъмат,
Аҳли байтим ила ризқимни тотгум.

Эварам бешикда, эрта улғаяр,
Карвоним йўлдадир, мақсадга етгум.

Набирам таҳсилда қўнғироқ қилар,
Эртани ўйлабон, қувонмай, нетгум.

Шукримда барқарор мен Поён Равшан,
Насибича яшаб, қадамим отгум.

БИЛМАДИ

Ўксик кўнглим асло юпанч билмади,
Ғариб бўлди қайтиб, қувонч келмади.

Бу юрак яримдир, вужудим ярим
Қўлимда паймонам синди, тўлмади.

Ҳурматдан нолимам, камим йўқ айтсам,
Бахтимдан айрилиб, бахтим кулмади.

Ҳамонки, тинч ётмас кўҳна ҳасадлар,
Наҳанг рақибларим тирик, ўлмади.

Ё Аллоҳ, нокаснинг қўлин калта қил,
Зиён бермас деган ишонч қолмади.

Читтакки, тепада чирқирар, тинмас.
Йўлга банд солмоқдан сира толмади.

Иблисга муҳтожлик айлама, Эгам,
Майли Поён, рағбат, нишон олмади.

Сиҳат берсанг, ушбу ажринг кифоя,
Қарғаларга қулинг назар солмади.

НАСИБ ЭТСА
Насиб этса Аллоҳ, иқбол кулади,
Ҳар банда ким турур, ўзи билади.

Имдоди бўлмаса, юз очмас бахтинг,
Омад чекинади, юрак тўлади.

Шукрона дегайсан, магар, астойдил,
Ризқинг мўл, амал юкуниб келади.

Ҳақни танимаслар худо безорлар,
Сув кўрмаган ажриқ мисол сўлади.

Ҳузур бахш этади тотли бир ҳаёл,
Эгам яхшиларга дучор қилади.

То ҳозир йўлим ўнг, асрасин ўзи,
Ҳоҳласа душманим забун бўлади.

Ким бўлдим, изимдан хорижмас, Поён,
Заҳматда синалган раҳмат олади.

САРОБ

Бойлик саҳросида жимирлар сароб,
Тилло тоғлар бўлиб, ғимирлар сароб.

Кундузлар уфқингда ўғирлаб ором,
Тунлари тушингда шивирлар сароб.

Омадинг келганда нафсинг қўлтиқлаб,
Хомтаъма сарига хуморлар сароб.

Ҳалоллик йўлидан қайтариб тамом,
Дейди, пора мўмай, қиморлар, сароб.

Сарсари кезарлар нечовлар сарсон,
Пулга очофатлар – беморлар, сароб.

Кўзларга тутилган кўринмас парда,
Ортидан қолмай, кўз юмарлар, сароб,

Амалу- бойлик бу саробдир, чопма,
Қулзум бўлиб, Поён, ютарлар сароб.
БОР
Чўққига чиққаннинг тушиши ҳам бор,
Масаллиқ қозонда пишиши ҳам бор.

Фидоий, бурчини англаган инсон,
Равнаққа ҳиссасин қўшиши ҳам бор.

Ёғлик жой олганлар, тўймаслар эса,
Хазинадан бисот ташиши ҳам бор.

Ақлини пешлаган, нафсин тийганлар,
Мансаб довонидан ошиши ҳам бор.

Саводи чалароқ, таянчи зўрлар,
Амалда сел каби тошиши ҳам бор.

Таъмагир тўсатдан қопқонда қақшаб,
Пушаймондан бошин қашиши ҳам бор.

Порадан тўпланган беҳисоб бойлик,
Тешиб чиқиб, албат, сасиши ҳам бор.

Виждонли бошлиққа минг бир тасанно,
Кўксига нишонлар тақиши ҳам бор.

Тўғри бўл ҳаётда кўпнинг қатори,
Хожи Поён айтар хоҳиши ҳам бор.

ЖОНИМДА
Бўлмадингда шодлик кунимда, жоним,
Ой бўлиб балқмадинг тунимда, жоним.

Билурсан, ҳаётим кечмади осон,
Қийин бўлган сенга ёнимда, жоним.

Чидаш оғир эди туҳмат тошига,
Далда бердинг мушкул онимда, жоним.

Ортда қолди бари, иблис, шоқоллар,
Жароҳати эса, танимда жоним.

Сен кетдинг, қаламим суянчим бўлди,
Насри, назми оқди қонимда, жоним.

Кенагас малаги Ойчучук бўлиб,
Товландинг, туш эмас, ўнгимда жоним.

Қиссамни ўқирлар, чекинар андуҳ,
Қувончда сиғмайман тўнимда, жоним.

Бағишладим сенга яхши дамларим,
Дедим Поён, Садаф жонимда, жоним.

ЖИЛОЛАР
Қора сочга оралабди кумуш толалар,
Белдан қуйи тушган кўркка бериб жилолар.

Икки зулфинг орасида балқир тўлин ой ,
Тунни ёғду айлаб, таратади шуълалар.

Ўрим- ўрим арғамчиси бандга олади,
Ҳар торига асир эди қанча волалар.

Қулоч- қулоч қора сочнинг таърифин қилиб,
Куйланарди эл ичида қўшиқ, яллалар.

Ортда қолди неча ошиқ, висол бенасиб,
Ортда қолди ҳазин куйга дўниб нолалар.

Довруғ солиб уйлантирди амалдор ўғлин,
Тўйдан кейин қора сочлар бўлди маллалар.

Тўлқин отган шаршарага чимлар босилди,
Елка узра бир тутам соч бўлди адолар.

Қора сочнинг баҳоси йўқ ҳусни малоҳат.
Эслаб қўяр, Хожи Поён, ҳамон фидолар.

ОЙБАЛАНД

Бунчалар чиройли исминг Ойбаланд,
Ёғду сочар юзинг мисли ой монанд.

Қуршовга олади қайрилма қошинг,
Мужгонинг ўқларин отгувчи команд.

Сийнага шуъладир қуралай кўзинг,
Нигоҳ туташганда дил бўлар пайванд.

Сидирға атласдан ярашган куйлак,
Харир рўмол бошда, этмиш аржуманд.

Юришинг хиромон, уйғун назокат,
Жонфизо табассум, лазиз шакарханд.

Ойбаланд, Ойбаланд, мақоминг баланд,
Ишқим изҳор қилмоқ бераётир панд.

Поён дер, гўзалдир исминг ҳам жисминг,
Васлингнинг насиби орзуйим ҳарчанд.

БАРОР
Орзу насиб, шукрона, кутганим келодур,
Васфини меҳрим ила битганим келодур.

Йилларки, тунни тонгга улардим орзиқиб,
Ташрифига ниҳоят, етганим келодур.

Иқболим кулса дейман, ниятим даст бериб,
Ҳурматин доим баланд тутганим келодур.

Ушалса кошки умид умрим поёнида,
Ёшлик чоғлар кўйидан ўтганим келодур.

Ағёр бузди ором, йўллар кетди йироқлаб,
Кўзим тўртдир бу кунда, кетгганим келодур.

Сабрим экдим, мева кутдим, узмадим кўнгил,
Малак англаб, жон нисор этганим келодур.

Ҳожи Поён, Яратгандан иноят етар,
Бисмиллоҳ деб сўзласам, айтганим келодур.

ТИЛАК
Ғубор ариб, насиб, дилда кадар қолмағай ,
Омад кулиб, эзгин ўйлар, озор қолмағай.

Замона тинч, осойишта, бунёд, яхшилик,
Адолатнинг самараси – хор-зор қолмағай.

Тотув бўлса фароғатда яшар одамлар,
Меҳр- шафқат бағрида ора бузар қолмағай.

Миллат кўрки қадру қиммат, ғурур, диёнат,
Виждон ғолиб , ришват, ишни чўзар қолмағай.

Жаҳон бўйлаб довруғ солиб ўзбек шуҳрати.
Кўролмаслар лол-у, тубан назар қолмағай.

Ҳожи Поён мамнун эрур юрт камолидан,
Таъриф қилсам дилда малол асар қолмағай.

ЁР ДЕГАНИ
Ёр дегани бераҳм, асло шафқат кутмангиз,
Васл истаб оқшомлар кўчасидан ўтмангиз.

Парвоси йўқ, айлаб нозу фироқ, зор этар,
Мажнун бўлиб тағин хунобалар ютмангиз.

Ишқ дардидан оғир ситам очун кўрмабдур,
Дўст- душманга хаста дилни изҳор этмангиз.

Тўлин ойдек жамолидан ёниб, ўртаниб,
Куну тунлар ошиқона хатлар битмангиз.

Магар жонни фидо қилмоқ эрур аҳдингиз,
Жон қадрига етмаганга жонни тутмангиз.

Асир бўлиб муҳаббатнинг домига, эй дўст,
Поён янглиғ хориб, оёқлардан йитмангиз.

ЖОНАЖОНИМ
Меҳрим сингган ўзингсан, ватан, жонажоним,
Маконим, киндик қоним томган, жонажоним.

Боболарим, момоларим, уруғ- аждодим,
Бағрингда ўниб, камол топган жонажоним.

Ота- онам тупроғингни табаррук билган,
Фарзандлар манглайидан ўпган жонажоним.

Такягоҳим, муқаддасим, азиз суюгим,
Фидо бўлмоқ меросий ўтган, жонажоним.

Туркий диёр, Ўзбекистон жаҳонда машҳур,
Нуфуси иқболини кутган жонажоним.

Улуғ юртим, камарбаста ҳар ўғил- қизинг,
Шаънингга нисор жон ила тан, жонажоним.

Баланд хилпирасин байроқ, нурафшон эртанг,
Келажакка чунг одим отган, жонажоним.

Йўлинг оқдир, барокатли, ниятинг қутлуғ,
Адолатли юрт узоқ кетган, жонажоним.

Зарра бўлсин, ҳисса қўшсам, бахтим шундадир,
Поённинг тақдирига битган жонажоним.

ЙИГИТ ШАЪНИ
Ёр васлига етганлар армони йўқ, бахтиёр,
Қутлуғ бўлар қадамлар, шодланар элу диёр.

Муҳаббатнинг наҳридан оқади тўлиб зилол,
Қанот қоқар тилаклар, эртанинг кўрки шиор.

Севмоқлик, севилмоқлик чароғон айлар йўлни ,
Ҳамроз бўлмоқ абадий бўлади эзгу қарор.

Икки қалбда жўш урар, меҳру вафо булоғи,
Ўчмас дилда аланга – садоқат мангу шарор.

Лайли, Ширин ҳавасда, оҳу кўзларда ёши,
Фарҳод ила Мажнунлар ишқда топмади барор.

Омадини қучганлар завқли ўтар кунлари,
Насиб этар бешик ҳам, тилда алла-ю алёр.

Хожи Поён дуода бахтин топган ёшларга,
Йигит шаъни сарбаланд ёр бўлса севган дилдор .

ИФТИХОР

Қоматинг ҳам талъатинг, йигит, бунча беназир,
Камтарлигинг, хуш ҳулқинг бисёр мақтовга арзир.

Салом- алик, эҳтиром, қўлинг доим кўксингда,
Мулоқотинг мулойим, дағаллар тортар таъзир.

Очиқ чеҳра, бағри кенг, ҳурмат қилар жамоа,
Суҳбати тотли бирам, дўстлар давраси қизир.

Моҳир жуда касбига, танти, лафзли, ўқийди,
Иш бошласа режалаб, меъёрига етказур.

Ҳавас, ҳасад ёнма-ён, ёқо йиртишар баъзан,
Сабру бардош кўрсатур, ҳаётда шиор маъзур.

Орияти, шаънини, ўзлигин асрар жуда,
Оиланинг қопқоси, қалқондир сергак нозир.

Ифтихордир ватанда, Ҳожи Поён, йигитлар,
Эл ишига бел боғлиқ, фидодир, мудом ҳозир.

ЭҲТИРОМИМ БОР

Эҳтиромим қозонган дўсту суҳбатдошим бор,
Болаликдан ажралмас ҳамрозим, қардошим бор.

Мактаб даври, ёшликда боғланди маҳкам ришта,
Ҳавасландим ижодга, захматга бардошим бор.

Олтмиш йилки қўлимдан тушмади қоғоз- қалам,
Назмиёт деб аталган нозик таъб сирдошим бор.

Кенгроқ олиб даврани, бўйладим мозийга ҳам,
Минг йилларни қаритган тарихим, қўрдошим бор.

Кенагас маликаси, Амир Темур қиссасин,
Айтиб толмас насриёт, содиқ бир йўлдошим бор.

Илму- фан анжуманда белгилик бўлди жойим,
Рисолалар битибман,гоҳида эслашим бор.

Ҳожи Поён, иқтидор иноят эрур Ҳақдин,
Шукрким, етмишга яқин асарим- дардкашим бор.

КЎП
Айро тушди йўлимиз, дилда армонларим кўп,
Биров билмайдир, менинг ғамдан хирмонларим кўп.

Нола-афғон ичимда, фироқ ўти куйдирар,
Сароб отлиғ саҳрода орзу- жайронларим кўп.

Мажнун имлар ёнига, қум устида капаси,
Борай десам тўғоноқ жангал, ўрмонларим кўп.

Канори йўқ ўйларим оқиб борар ўзаниб,
Шукрким, йўлим ўнглар ичкуяр сарбонларим кўп.

Мақсудга етиб бўлмас, надомат, қайғу бирлан,
Насибки, ортдан келар ишонч карвонларим кўп.

Мунаввар бўлсин уфқи, Аллоҳ ўзи қўлласин
Набиралар келажак, юзи тобонларим кўп.

Умрим поёнида тақдирим шул, Ҳожи Поён,
Ўзимни овутарга назмий овонларим кўп.

ЯНА
Насибки, боғланса узилган ришта яна,
Дийдор дариғ тутмаса ул фаришта яна.

Кўргузиб раҳминки , сўрса гар қалбим розин,
Севгим изҳорин қилардим шу ёшда яна.

Кўрмадим оразини, кечди орадин йиллар,
Ҳижрон азоблари бор экан бошда яна.

Тасодиф бахтким , йўқлаб ёруғ бўлди туним,
Кўксим тоғ-у, бўлди виқор юришда яна.

Сен ўшасан , ёшлик, муҳаббат,тенгсиз чирой,
Ҳамон суқсур ўзинг даврон суришда яна.

Сарвидек қоматинг, ҳуснинг мафтуни менман,
Ойни хижил этгунг чирой тўлишда яна.

Қизғанма лаҳзаларни, ёнингда бўлмоқ орзум,
Яшаш маъниси гулим, ўйнаб кулишда яна.

Ишқ кечмиши манзарин эсла, Поён Равшан,
Гап, юрак амрин паризод қилишда яна.

МУҲАББАТ

Муҳаббат васфини қўймадим тилдан,
Ўзингдан бошқасин суймадим дилдан.

Онажонинг сени маҳлиқо туққан,
Чиройинг андоза олгандир гулдан.

Кўнглимни боғладим, ўртади васлинг,
Чиройли таърифинг эшитсам элдан.

Ишқимдан масрур эканман нодон,
Танланган гулимни чиқардим қўлдан.

Армонлар тўкилди, бермади ором,
Нечун қайрилдим, эй воҳ, ярим йўлдан?

Муҳаббат йироқлаб, кетди-ку узоқ,
Ҳаловат топмадим водий-у, чўлдан.

Ўтмишим қаритиб, келганим шу ер,
Изларинг топмадим ўнг ила сўлдан.

Бағримдан қўймасман севгимни, Поён,
Айро тушмоқ зулмат сендек ҳилолдан.

НЕ КЕТДИ

Парво айлаб, боқсанг моҳрўй, сендан не кетди,
Олам узра татир хушрўй, сендан не кетди.

Ҳаловат йўқ кеча-кундуз висолинг қумсаб,
Ором бермас саробли ўй, сендан не кетди.

Баҳоналар шунча кўпми, эслай демадинг,
Ойбарчиндан қолган бу куй, сендан не кетди.

Ағёрнинг тошлари бошга тегди пайдар – пай,
Ҳижронда заъфарон ранг – рўй, сендан не кетди.

Меҳримсан, мунисам, кўзга суртганим ўзинг,
Маҳлиё айлаган сарв бўй, сендан не кетди.

Адувлар ишидир ора бузмоқ, пайкарим,
Ўтган гапга нуқтани қўй, сендан не кетди.

Шодмон кунлар йўлдош бўлсин ниятга, Поён,
Севгини деб янграсин куй, сендан не кетди.

ҚАРШИ ТОМОНЛАРДА

Ҳаво қайноқ эрур Қарши томонларда,
Қуёш нурин сочган ҳамма замонларда.

Фалак яқин келган, ёғду сомон йўли,
Само иши йўқдир шубҳа – гумонларда.

Уч минг йилдан ошган тарих, қадим Нахшаб,
Низо, қирғин, орзу бўлган омонларда.

Қон тўкилган маъво элга муқаддасдир,
Ҳикмат бунда юртни севган имонларда.

Қаршиликнинг юрагида ҳарорат бор,
Қаддин керар ота манзил чаманларда.

Меҳру ҳурмат бунда, сахий, олийжаноб,
Ғурур баланд кекса, ёши, санамларда.

Қалбнинг меҳри манзили бу, оташ баланд,
Бағри тортар, Поён, ушбу замонларда.

ЭМАС

Сени яхши кўрганлар кўп, менчалик эмас,
Ортдан қолмай юрганлар кўп, менчалик эмас.

Чиройинг эй сулув, уйғотар дилда ҳайрат,
Сенга шайдо бўлганлар кўп, менчалик эмас.

Қора қошнинг, қора сочнинг рангги илоҳий,
Ялдо ҳавас қилур, бироқ, тунчалик эмас.

Қизил куйлак, заррин нимча, ҳарирдан рўмол,
Қадлар долга дўнди, аммо нунчалик эмас.

Ғунча лабинг, қийғоч кўзинг жон офати, гул,
Куйган бари мендек – бағри хунчалик эмас.

Назокатинг ақлим олур, бол эрур сўзинг,
Ваъдаларга бевафолик бунчалик эмас.

Поён Равшан толмас таърифда, эй маҳвашим,
Самари учрашган ул бир ончалик эмас.

ҲОҲЛАРИМ

Журмим кўп, Аллоҳим, кечиргил гуноҳларим,
Ё раб, раҳмингдан тиндиргил оҳу воҳларим.

Қийин кечди ҳаёт мустабид замонида,
Элим қаторида таъқиқ эди хоҳларим.

Фаол эди, фидо эди ота – боболар,
Ҳурриятни кўролмади кўп ҳамроҳларим.

Ҳаж ниятим даст берди, бисёр ҳамд – шукронам,
Мунаввар айлади йўлим офтоб, моҳларим.

Иноят бўлди билганим қилмоққа рақам,
Парвона турди ёнда мудом илҳоҳларим.

Бу олам зийнати тинчлик , адолат, ҳурмат,
Дилимда фаровон Ҳаққа эъзоз сақларим.

Мен Ҳожи Поёнман, юртдош, йўллайман салом,
Сиз қалбдан жой олган азиз дилҳоҳларим.

ДЕЙМАН
Умримиз ҳамиша фарахда ўтса, дейман,
Насиб айёмимиз сиҳатда кутса дейман.

Осойиш бўлсин юртда, оила тинч, обод,
Фарзанд, набиралардан қувонч етса, дейман.

Бу ҳаёт экан ҳам мусаффо, ҳам ғуборли,
Дилга чўккан ғамлар йўқ бўлиб кетса дейман.

Меҳмон бўлсанг, мезбон , ўртада ҳурмат афзал,
Анжуманда яхшилар номинг тутса, дейман.

Яратган қўлласа, тебраниб турса қалам,
Мусанниф асарни чиройли битса, дейман.

Қийин демай, бардош билан ишлаган мардум,
Ҳалол меҳнат нонин, оқибат тотса дейман.

Бағрин очди тарих, элинг деб ёздинг равон,
Давлат кўксинг узра бир нишон тоқса, дейман.

Эй Поён, таъмани қўй, соғ бўл, саломат бўл,
Бахтдир китобларинг ўқилса, ёқса дейман.

АЙТГИЛ

Эслаш айбми ишқий тарихни, айтгил,
Бир дам сўзлашайлик, ёнимга қайтгил.

Йўллар кесишмади тақдирлар мисол,
Унут бўлиб кетди ваъдалар буткул.

Машрабни кўрай деб, пойладим йўлин,
Қаландар эдим-у, топмадим качкул.

Шайтонлар парвона, тутқазди шароб,
Авраб, бу дунёдан, дедилар кечгил.

Озурда юрагим турғайдай жавраб,
Тинмайин ўқдирди-севганинг қучгил.

Найлайин, оқ қушим учгандир қачон,
Ҳислардан бўшаган хароба кўнгил.

Ўнггу сўл қирғоқда турибмиз икков,
Ҳаёл шивирлайди, дарёни кечгил.

Оқимдан қўрқмайман, хавотир сендан,
Бир оғиз десангчи, этикни ечгил.

Поён Равшан севги, дейди мукаррам,
Қалби даъват қилур, ғазални битгил.


ШАЙДО

Мен гўзалнинг, гўзалликнинг шайдоси,
Чиройга мафтунлик даҳр қоидаси.

Аллоҳ берган жамол айлар парвона,
Зуҳраси, Барчини, Ширин, Лайлоси.

Гулзорда ғунчалар тўлишар ҳар он,
Барг остида пойлар тикон балоси.

Маҳвашлар ҳуснидан нурланар олам,
Таманно талаблар ортар ноласи.

Нигоҳи сиёсат, лутфи салтанат,
Анори етилган, лаблар гилоси.

Муҳаббат боғлайкўр, чекинма ранждан,
Чечаклар ундирар ишқинг жоласи.

Нафосат ҳайратдур, эй ошиқ Поён,
Ўзин сева олган хушрўй фидоси.

ИШОН

Чирой абад қолмас, тарк этар, ишон,
Тақдир нури бир бор ярқ этар, ишон.

Қулочга сиғмаган тим қора сочлар,
Тутам қолиб, бўйинни тутар, ишон.

Хушомад тинади, илтифот сўзлар,
Муҳаббат изҳори ҳам битар, ишон.

Юрагинг амрига қулоқ сол, албат,
Кутмаган бир қучоқ хуш кутар, ишон.

Ғамзалар ўрнида афзалдир вафо,
Қош қолар охир, ўсма кетар, ишон.

Истиғнонинг малоли, шикваси бор,
Жабр- жафо ортса, увол етар, ишон.

Бу ҳавас манзили вайрон, оқибат,
Изига қайтмас, ҳаёт ўтар, ишон.

Ҳожи Поён, ихлосим баланд, зимдан,
Оқила ҳусндан завқим ортар, ишон.

КИФОЯТ
Кутганим шулмиди сендан, айтгил, муҳаббат,
Эй, ошиқ аҳлига билмовчи раҳму шафқат.

Чиройга ошуфта айладинг аввал бошдан,
Жозиба бахш этди дилрабо сарви қомат.

Вомиқ, Узро келиб ишқдан ўргатди сабоқ,
Лайли васлида зор Мажнунга чўл мақомат.

Фарҳод, Ширин дебон тоғда қазиди ариқ,
Ёсуман мардликка қила олмади тоқат.

Шукрона, замона ўзгарди хўблик томон,
Тоҳирдек тилимда асло йўқдир шикоят.

Мақсудга етмоқлик ижобат Ҳақдин, албат,
Мозийдан ҳам, бугундан кўпдир ҳикоят.

Ишқимни бағримга босиб яшабман, тингла,
Охирги фурсатлар ҳижрон эзди ниҳоят.

Поён Равшан ҳасратини эшит, ҳуржамол,
Сезганг бўлсанг дилда севгим, басдир, кифоят.

ШУНДАДИР

Кел, эй дилрабо истагинг, обод шундадур,
Насафдин халаф ул Қарши, рабод шундадир.

Нахшаб махзун турар, мозийдан ўқиб китоб,
Тарих кўрмагани бахтким, абад шундадир.

Саодат матлабинг фаровон бунда, эй жон,
Муҳаббат боғида камёб омад шундадир.

Дилинга жо айла, манзилу, кентлар гўзал,
Кошоналар сафда, қадду қомат шундадир.

Бу чирой ҳайратим, ташбеҳин топдим осон,

Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию (https://www.litres.ru/pages/biblio_book/?art=69386263) на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.